Хизматлар сифатини назорат қилиш – аудиторлик фаолиятини ислоҳ қилишнинг долзарб масалаларидан бири. Аудитор профессионализми юқори даражада тутиб туриш учун унинг зарурлиги тўғрисида 220-сон Халқаро аудит стандарти «Аудитда иш сифатини назорат қилиш» ҳам гувоҳлик беради. Ушбу ҳужжат стандартларни белгилайди, умуман фирма аудиторлик ишининг ҳам, аудиторлар ва уларнинг ёрдамчилари аудиторлик текшируви ўтказилаётганда амалга оширадиган таомилларнинг ҳам сифатини назорат қилишга доир тавсиялар беради.
Ўзбекистонда аудит сифатини назорат қилишнинг ички фирма тизимини ташкил этиш ва унинг фаолият юритишига доир асосий талаблар 5-сон Миллий аудит стандарти (МАС) «Аудитор иши сифатини назорат қилиш»да1 келтирилган. Унга кўра аудитор иши сифатининг назорати аудит стандартлари ва республикамизда аудиторлик фаолиятини тартибга соладиган бошқа меъёрий ҳужжатларнинг талабларига риоя этилишини текшириш учун қўлланадиган ташкилий чоралар, услубиятлар ва таомиллар тизимини назарда тутади.
5-сон МАСда аудитор иши сифати назоратининг қуйидаги турлари очиб берилади: асосий аудиторнинг ўз ассистентлари иши устидан, аудиторлик ташкилотининг аудитор иши устидан назорат қилиши ва ташқи назорат.
Асосий аудитор аудит бажарилиши учун тўлиқ жавобгар бўлади. Аудиторлик текшируви чоғида у ассистентлар ишини доимо назорат қилиши ва йўналтириб туриши керак, ассистентлар уларнинг жавобгарлиги ва ўзлари бажараётган таомилларнинг вазифалари, корхона фаолияти ҳамда аудитнинг моҳияти, ўтказиш вақти ва миқёсига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳисобдаги эҳтимолий муаммолар тўғрисида хабардор қилинишлари лозим. Аудиторнинг ёзма дастури аудиторлик ваколатларини беришнинг муҳим элементи ҳисобланади.
Аудиторлик фирмасининг аудитор ишини назорат қилиши, биринчидан, мазкур мижозда аудиторлик режаси ва аудит ўтказиш дастури асослилигини муҳокама қилиш ва текширишдан, иккинчидан, ташкилий-этик аудиторлик қоидаларига қатъий риоя этишдан, учинчидан, баъзи фирмаларнинг ҳисобот ишончлилигини бошқа аудитор аудиторлик хулосаси берганидан ке-йин мижоз учун бепул қайта текширишларидан иборат бўлади.
Аудиторлар иши сифатини жамоат ташкилотлари ташқи назорат қилишлари мумкин. Халқаро аудиторлик ташкилотларининг ваколатхоналарини бош компаниянинг сифатни назорат қилиш тизими учун жавоб берадиган алоҳида гуруҳи текширади. Халқаро амалиётда сифатни назорат қилишнинг қуйидаги шакллари фарқланади:
- тўғридан-тўғри;
- билвосита;
- дастлабки;
- кейинги.
«Grant Thornton» МЧЖ аудиторлик ташкилоти бош компания ўтказган ички назорат тизими баҳоланишидан муваффақият билан ўтди. Баҳолаш чоғида умуман ташкилотнинг фаолияти ва ходимларнинг аудиторлик хизматларини кўрсатиш чоғидаги ҳаракатлари у ўтказаётган аудиторлик текширувларининг Халқаро бухгалтерлар федерацияси талабларига жавоб берадиган, «Grant Thornton International»да белгиланган услубиятга ҳамда Ўзбекистоннинг аудиторлик фаолиятини тартибга соладиган меъёрий ҳужжатларига мувофиқлиги ўрганилди.
Ходимларнинг мустақиллик, ҳалоллик, объективлик, махфийлик ва профессионал этикага риоя этиши; ўз вазифаларини лозим даражада бажариши учун зарур билим, маҳорат ва кўникмаларга эга бўлган кадрлар билан таъминланганлиги; аудиторлик топшириқларининг муносиб малакага эга ходимларга топширилиши; аудитнинг бажарилиши ва бажарилган ишнинг сифат талабларига мувофиқлиги текширилиши; ходимларнинг зарурат бўлганда аудиторлик ташкилоти ичида ҳамда ундан ташқарида тегишли маслаҳатлар олиши; мижозларни танлаш ва уларга рад жавоби бериш таомилининг ишлаб чиқилиши ҳамда қўлланиши; иш сифатини назорат қилиш ички фирма тизимининг ишончлилиги ва самарадорлигининг мунтазам текшириб борилиши; зиммаларига қўйилган мажбуриятларни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган ходимларга нисбатан зарур чоралар кўриш масалаларига алоҳида эътибор берилди.
Шу даражадаги қатъий баҳолашдан ўтиб, сифатнинг назорат қилиниши аввало аудиторлик ташкилотининг ўзига зарур деган хулосага келдик. Айни шу сабабли унинг раҳбари аудит бошланишига қадар аниқ текширув раҳбари ва аудиторларни тасдиқлаб, буни аудитнинг умумий режасида акс эттириши керак. Улар эса ўз навбатида текширув иштирокчиларининг профессионал қобилиятларини таҳлил қилишлари, ўзларига топширилган ишларни режалаштиришлари ҳамда йўналтирувчи кўрсатмалар, бажарилган ишларнинг жорий назорати ва текширилишининг ўзига хос жиҳатлари ҳамда ҳажмини белгилашлари шарт. Аудиторлик гуруҳи раҳбари унинг ташкилотида ўрнатилган, мазкур текширувга айни мувофиқ келадиган иш сифатини назорат қилиш воситаларини қўллаши керак. Аудиторлар ва уларнинг ёрдамчилари ўртасида топшириқларни тақсимларкан, у ижрочилар ушбу ишни лозим даражада бажариш учун зарур бўлган ҳамда текширилаётганларнинг билим, маҳорат ва кўникмаларидан қолишмайдиган билимлар, маҳорат ва кўникмаларга эгалигига ишонч ҳосил қилиши керак.
Аудиторлар ва уларнинг ёрдамчиларига бериладиган йўналтирувчи кўрсатмалар уларнинг вазифалари ҳамда улар бажариши керак бўлган таомилларнинг мақсадлари тўғрисидаги ахборотини ўз ичига олади. Кўрсатмаларни тайёрлаётганда аудитнинг умумий режаси ва уни ўтказишга вақт сарфи ҳисоб-китобларини эътиборга олиш керак. Ушбу кўрсатмаларнинг ҳаммасини аудит дастурида баён этиш лозим.
Ижрочилар ишининг жорий назорати раҳбарлик кўрсатмалари ва ходимлар бажарган иш текширилишини назарда тутади. Бунда бажарилаётган ишнинг аудит дастурига мувофиқлиги: дастур ва унинг натижалари лозим даражада ҳужжатлаштирилганлиги; текширув давомида юзага келган барча муҳим хулосалар муҳокама қилинганлиги ва аудитор хулосаларида акс эттирилганлиги; аудиторлик таомиллари ўз мақсадига эришганлиги; аудиторнинг хулосалари олинган натижаларга боғлиқлиги ва иш натижалари аудитор фикри учун асос бўлиб хизмат қилишига асосий эътибор қаратилиши керак.
Иш натижаларини текширувчи ходимлар текширилаётган иш ҳужжатларига ўз имзоларини ёки осон идентификация қилинадиган шартли белгини қўйишлари шарт. Зарурат бўлганда улар иш ҳужжатларида текширилувчининг ҳаракатларига баҳо беришлари, мулоҳаза, шарҳ ёки тавсияларини баён этишлари мумкин.
Аудиторлик ташкилоти раҳбарлари иш натижаларини текширишни нафақат аудитни ўтказган гуруҳ иштирокчиларига, балки зарур малакага эга бўлган бошқа мутахассисларга ҳам топширишлари мумкин. Аудиторлик ташкилоти ичидаги бундай мустақил параллель текширув йирик ва мураккаб иқтисодий субъектлар аудитини ўтказаётганда тавсия қилинади.
1МВ томонидан тасдиқланган, АВ 3.09.1999 йилда 811-сон билан рўйхатдан ўтказган.
Шоодил НОСИРОВ, «Grant Thornton» аудиторлик ташкилотининг бош директори.