Янги Товарлар номенклатураси жорий этилганидан кейин биз билан божхоначилар ўртасида ТИФ ТН, айниқса кимёвий маҳсулотларга доир коди хусусида хилма-хил фикрлар пайдо бўлмоқда. Контрактга ўзгартиришлар киритишга тўғри келмоқда, бу эса яна сансалорликлар ва ортиқча харажатлар дегани. Агар божхона бизга «Ўзбекэкспертиза» кўрсатган кодга рози бўлмаса, божхона кодни қатъиян қабул қилиши учун кимга мурожаат қилишимиз мумкин? Нима учун божхонанинг ўзи бундай хулоса бермайди?
МЧЖ декларанти.
– Ўқувчиларимизнинг худди шу каби саволларига газетамиз бир неча марта жавоб берган. 2012 йилнинг октябрида Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятини тартибга солишга доир чора-тадбирларни давом эттириш тўғрисида» қарори (10.09.2012 йилдаги ПҚ-1816-сон) билан Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолиятининг Товар номенклатураси янги версияси жорий этилганидан кейин хатда кўрсатилган муаммолар яна долзарб тус олди.
Ҳақиқатан ҳам, олиб кирилаётган товарнинг тезкор божхона расмийлаштируви учун БЮДни Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага1 кўра тўғри тўлдириш, унда бир қатор маълумотларни кўрсатиш муҳимдир. Улар орасида – товар номи, тавсифи, ТИФ ТНга кўра унинг классификация коди бор. Вазифа енгил эмас.
Шу сабабли улар олдиндан қарор чиқаришлари учун махсус сўров билан божхоначиларнинг ўзларига мурожаат қилиш осонроқ ва ишончлироқ бўлади. Ушбу таомилни ўтказиш Божхона кодекси (БК)нинг 114–116-моддалари ва «Давлат божхона хизмати тўғрисида»ги Қонуннинг (29.08.1997 йилдаги 472-I-сон) 3, 6-моддаларида назарда тутилган. Ушбу таомил Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий фаолият Товар номенклатурасига мувофиқ маҳсулотларни таснифлашда божхона органлари томонидан дастлабки қарорлар қабул қилиш тартиби тўғрисидаги низом2 (бундан кейин – Низом) билан тартибга солинган.
Дастлабки қарор таомили маҳсулотни олиб киришдан ва унинг божхона расмийлаштирувидан олдин божхона органларининг муайян товар позициясида унинг таснифига доир хулоса олиш, демакки, божхона божи, акциз солиғи ставкаларининг миқдорини олдиндан белгилаш имконини беради. Дастлабки қарор, БКнинг 114-моддасига кўра, божхона органлари учун мажбурий бўлиб, қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида амал қилади.
БОЖХОНАГА ҚАНДАЙ МУРОЖААТ ЭТИЛАДИ
Дастлабки қарор олиш учун ДБҚ ёки корхонангиз жойлашган жойдаги ҳудудий божхона органига товарлар таснифига доир ёзма сўровнома юбориш лозим. Унда ташкилот номи, унинг жойлашган жойи, раҳбарнинг фамилияси, исми-шарифини кўрсатиш керак. Шунингдек товарни батафсил тавсифлаш лозим: унинг тўлиқ тижорат ва фирма номи, асосий техник ва тижорат тавсифлари қайд этилади. Масалан, нимага мўлжалланганлиги, стандарти, нави, русуми, модели, артикули, келиб чиқиши, ўрови (уларнинг тавсифи, оғирлиги ва миқдорлари). Сўровда дастлабки қарорни қабул қилиш учун зарур бўлган барча маълумотлар бўлиши керак. Шу сабабли сўровга товарларнинг намуналари ва нусхалари, уларнинг фотосуратлари, расмлари, чизмалари, тижорат ҳужжатлари ва товарлар тўғрисидаги зарур маълумотларни ўз ичига олган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши лозим. Масалан, лаборатория тадқиқотларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган лабораториялар ва бошқа ташкилотлар мутахассисларининг ТИФ ТНга мувофиқ уларни таснифлаш учун зарур товарларнинг мазкур намуналари (нусхалари) тадқиқ қилиниши натижалари билан бирга маълумотномалар ҳамда гувоҳномаларнинг асл нусхалари. Сўровда дастлабки қарор қабул қилиниши учун тўлов киритилишини кафолатлаш зарур.
Маълумот учун! Дастлабки қарор қабул қилиниши учун тўлов миқдори – 50 евро эквиваленти – Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида» қарори (30.04.1999 йилдаги 204-сон) билан белгиланган.
Сўров у божхона органига келиб тушган кундан бошлаб 20 кун мобайнида кўриб чиқилади. ТИФ ТНга асосан товар кодини белгилаш бўйича низоли вазиятлар юзага келганда ва уларни ҳал қилиш қийинлашганда у товарларнинг нусхалари (намуналари) ва тегишли ҳужжатларни тегишли тадқиқотлар ёки синовлар ўтказилиши учун Жаҳон божхона ташкилотига юбориши мумкин. Бироқ бунда дастлабки қарор чиқариш муддати 90 кунга қадар узайтирилади.
Қарор қабул қилинганидан кейин аризачига 3 кун ичида бу ҳақда ёзма шаклда хабар қилинади. Хабарномада божхона органи банк ҳисобрақамининг реквизитлари ва дастлабки қарор қабул қилиниши учун тўлов киритиш муддатини кўрсатади.
1 ДБҚ томонидан тасдиқланган, АВ томонидан 3.11.1999 йилда 834-сон билан рўйхатдан ўтказилган.
2ДБҚнинг АВ томонидан 20.11.2002 йилда 1190-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.