МЧЖ (ягона солиқ тўлови тўловчиси) 1,5493 га майдонли ер участкасида жойлашган ишлаб чиқариш базасига эга.
2012 йил 1 апрелдан 1 га ер участкаси ижарага берилган.
Ягона солиқ тўловини ҳисоблаб ёзишда, энг кам ер солиғининг
3 баравари ҳажмидаги базавий миқдорни ҳисобга олганда, ижарага берилган ер участкаси ҳисоб-китобга киритилмаган.
ЯСТнинг базавий миқдоридан ижарага берилган ер участкаси чиқариб ташланадими?
Р.Ишмуҳамедова,
«Такстел» МЧЖ бош бухгалтери.
– Ягона солиқ тўловининг энг кам миқдори киритилиши муносабати билан ягона солиқ тўловини ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга1 кўра, ЯСТнинг энг кам миқдорини ҳисоблаб чиқарганда:
Солиқ кодекси (СК) 280-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ солиқ солиш объекти сифатида қаралмайдиган;
СК 282-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ солиқ солинмайдиган ер участкаларидан ташқари, мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқида юридик шахслар томонидан фойдаланиладиган ер участкалари ҳисобга олинади.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқадики, ЯСТнинг энг кам миқдори – ер участкаси эгаллаган майдондан келиб чиқиб ҳисобланадиган ер солиғининг 3 баравар суммаси ҳисоб-китобида сиз ижарага берувчи сифатида ижарага бериладиган ер участкаси майдонини ҳисобга олишингиз шарт эди. Ер участкангизнинг умумий майдонидан (1,5493 га) келиб чиқиб ер солиғининг 3 баравар суммасини ҳисоблашингиз керак эди. ЯСТнинг ҳисоб-китоб суммаси ер солиғининг 3 баравар суммасидан кам бўлган тақдирдагина у қўшимча ҳисобланади.
Бироқ ҳатто тушумдан келиб чиқиб ҳисобланган ЯСТ суммаси ЯСТнинг энг кам миқдоридан ошса ва сиз тўловни тўғри тўлаган бўлсангиз, ҳар қандай ҳолда ҳам ер солиғи 3 баравар суммасининг хато ҳисоб-китобларини тузатишингиз зарур. Солиқ текшируви бошланишигача хатолик мустақил тузатилган тақдирда сиз солиққа доир ҳуқуқбузарлик учун жавобгарликдан озод этиласиз, бундан пеня тўлаш мустасно (СКнинг 109-моддаси).
1МВ, ИВ ва ДСҚнинг АВ томонидан 3.03.2011 йилда 2203-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган.
Жавобларни экспертимиз Игорь АИПКИН тайёрлади.