Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 10 / Аудитор хабарномаси

Аудиторга хуш келибсиз деймиз

18 январда Вазирлар Маҳкамасининг йиллик мажлисида сўзга чиқиб, Президентимиз Ислом Каримов фаол инвестиция сиёсатини мамлакатимизни модернизация қилиш ва янгилаш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг энг муҳим шарти ва манбаи деб таърифладилар. Мамлакатимизда инвесторлар учун ҳам, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар учун ҳам кафолатлар ноёб тизими барпо этилган, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатимизда бизнес юритиш таомилларининг очиқ-ошкор бўлишини таъминлашга йўналтирилган комплекс дастур амалга ошириляпти.

Аудиторлик фаолиятининг такомиллаштирилиши ушбу вазифаларни ҳал этишнинг муҳим шартларидан биридир. Ўтган йилнинг охирида ўзининг Ўзбекистондаги 20 йиллигини нишонлаган аудит институти бугунги кунда ривожланишнинг янги босқичга қадам қўйди.

Мухбиримиз бу ҳақда мамлакатимизда ушбу фаолиятнинг «илк қалдирғочи» бўлган «Buxgalter-Audit» МЧЖ директори Зулфия ШАЙХИСЛОМОВА билан суҳбатлашди.

 

– Зулфия Фаридовна, сизнинг компаниянгиз мамлакатимиз аудити сарчашмаларида турган. Ҳаммаси нимадан бошланган эди?

– Бизнинг компаниямиз 1991 йилда ташкил этилган – у ўша вақтда «Бухгалтер» КК деб аталарди. 2004 йилда у «Buxgalter–Audit» сифатида қайта рўйхатдан ўтказилди.

Биринчи муассисимиз Юрий Маркович Иткин – Ўзбекистондаги молия фани соҳасида етакчи профессорлардан бири «Аудиторлик фаолияти тўғрисида» ва «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги қонунларни ишлаб чиқиш чоғида фаол қатнашган.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин хўжалик фаолиятини эски усуллар билан юритиш мумкин эмас эди, албатта. Хусусий ва акциядорлик мулки пайдо бўлиши билан муассисларнинг манфаатлари юзага келади, улар хўжалик юритувчи субъектнинг раҳбарлари бўлмасалар-да, унинг мулкдорлари ёки муассислари ҳисобланадилар ҳамда унинг фаолияти, фойда олишни ошириш ёки зарар кўришни камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида ҳамма нарсани билишни хоҳлайдилар. Ушбу ва бошқа масалалар бўйича тўлиқ ҳамда объектив ахборотни фақат мустақил аудит бериши мумкин.

Мутахассислар бошқа мамлакатлардаги аудит тажрибасини ўргандилар ва уни мамлакатимиз иқтисодиётининг ўша пайтдаги ҳолатига мослаб, «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқдилар, Ўзбекистон бухгалтерлар уюшмасини туздилар.

– Ўшандан бери йигирма йил ўтди, бозор иқтисодиётига мослашган мутахассисларнинг янги авлоди етишди. Уларнинг кўпчилиги талабалик чоғлариданоқ ўзларини аудиторлик фаолиятига тайёрлайдилар. Ходимларни қандай қоида бўйича танлаб оласиз? Улар муайян тажриба, сертификатларга эга бўлишлари керакми?

– Фирмамизга ходимларни ишга қабул қилаётганда биз махсус маълумот ёки сертификатларнинг мавжудлигига аҳамият берибгина қолмаймиз. Аввало ўз билимларини оширишни хоҳловчиларни танлаймиз. Мисол учун, бугунги кунда ходимда сертификат йўқ, бироқ салоҳият ва истиқболда ўзини аудитор сифатида кўриш истаги мавжуд. Аудиторнинг шаклланиши – узоқ давом этадиган жараён, бунда кўп нарса тажрибага боғлиқ. Инсон ўз касбини бутун умрга танлаётганлигини тушуниши керак. Бироқ: «Ҳа, мен ўз ишимнинг устасиман» дейиш имконини берадиган муайян даражага етгунча анча узоқ вақт ўтади. Зеро, институт битирувчисига, ҳатто барча курсларда таълим олган, САРга эга бўлган тақдирда ҳам, аудитор сертификати берилмайди. У ёрдамчи, бухгалтер ёки бош бухгалтер бўлиб ишлаётганда амалиётда бухгалтерия ҳисобининг барча қирраларини ўзлаштириши учун 5 йил берилади. Шу боис 5 йил ишлаш – аудитор унвонини олиш учун мажбурий шарт. Бироқ ягона шарт эмас. Сертификат олишга ҳужжатлар топширишдан аввал Молия вазирлиги тасдиқлаган дастур бўйича ўқиш, имтиҳон топшириш керак.

– Аудиторлик текшируви жараёнида сиз бухгалтернинг ишида хато топдингиз. Бу эса, албатта, унга йўл қўйган кишини ранжитади. Эҳтимол, шу муносабат билан қийинчиликлар юзага келар? Текширилаётган компания бухгалтерлари билан қандай ишлайсиз?

– Ҳатто бухгалтерлар сизни эҳтиёткорлик билан қабул қилишса-да, кейинчалик ҳузурларига мутахассис келганлиги, ундан бирор нарсани ўрганиш мумкинлигини кўрадилар, шунга яраша муносабатлари ҳам ўзгаради. Биз фош этиш ва жазолашни мақсад қилган тафтишчилар эмасмиз. Аудит солиқ текшируви ҳам эмас, бироқ кўпчилик уни дастлабки солиқ назорати деб тушунади. Тўғри, биз вақтимизнинг кўп қисмини давлат бюджети ва мақсадли жамғармалар билан ҳисоб-китоблар таҳлилига бағишлаймиз. Ҳолбуки аудит – нафақат солиқлар бўйича, балки корхонанинг бутун фаолиятига доир ҳисоботнинг тасдиғидир. Унинг хизматларига молияга дахлдор бўлган барча нарса киради. Бу эса ҳам консалтинг, ҳам самарадорлик кўрсаткичлари ҳисоб-китоби, ҳатто муайян даражада компания раҳбарияти ҳаракатлари самарадорлиги баҳосидир.

– Фаолиятингизда халқаро тажрибадан фойдаланишга тўғри келадими?

– Санкт-Петербургдаги «BSK-аудит» аудиторлик фирмаси муассисларимиздан бири ҳисобланади. Биз ўзимизда ҳам, уларда ҳам юзага келадиган муаммоларни муҳокама қиламиз. Мен уларнинг муайян масалаларни ҳал қилишга қандай ёндашишлари, бухгалтерия ҳисобининг услубияти билан қизиқаман. Агар «BSK-аудит»да янги ишланмалар пайдо бўлса, улар биз билан баҳам кўрадилар ва аксинча. Фирмаларимиз бундай ҳамкорликдан манфаатдорлар. Ҳозир Ўзбекистонда халқаро аудит стандартларини жорий этилишга тайёрланяпмиз: ходимларни улар бўйича ишлашга ўргата бошладик, ХАСни жорий этиш устида фаол ишлаётган профессионал бирлашмаларнинг лойиҳаларида иштирок этяпмиз.

Бундан ташқари, Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмасининг аъзоси бўлганимиз боис у ташкил этадиган барча семинарларда фаол иштирок этамиз. Масалан, 2011 йилда «Халқаро катта тўртлик» вакиллари – «Deloitte & Touche» МЧЖ мутахассислари иштирокида биз учун жуда фойдали семинар бўлиб ўтди. Ўтган йили ХАСни қўллаш амалиёти бўйича семинарни BDO International мутахассиси ўтказди.

– Аудит – тижорат фаолияти. Унинг мақсади ҳам – фойда олиш. Бунинг учун сиз қанча мижозларга хизмат кўрсатишингиз керак бўлади?

– Бу мижозлар сонига боғлиқ эмас – битта мижоз ҳам етарли бўлиши мумкин. Ҳужжатлар ҳажми ҳамда уларни ўрганиш ва таҳлил қилиш учун зарур вақт муҳимдир. Ўз навбатида, ҳужжатлар сони етказиб берувчилар ва харидорлар, буюртмачилар ва ижрочилар сонига боғлиқ. Ва, албатта, хизматларимиз қиймати ҳужжатлари кўпроқ бўлган компания учун юқорироқ бўлади. Яна у ташқи иқтисодий операциялар ҳажмига, муайян ностандарт вазиятларга боғлиқ. Аудит нуқтаи назаридан қурилиш фаолияти ҳам мураккаб ҳисобланади. Кўп нарса бухгалтерия ҳисобининг ҳолатига боғлиқ. Баъзан катта корхонада бухгалтерия ҳисоби тўғри юритилади, замонавий дастурий таъминотдан фойдаланилади, барча амаллар ҳужжатлаштирилган, ҳужжатлар айланиши йўлга қўйилган – унда муаммолар йўқ. Бошқа кичик корхонада эса бухгалтерия ҳисоби қўлда, пала-партиш юритилади, уни тиклашга тўғри келади. Айни шу боис биз обороти салмоқли бўлган, ҳамкорлар доираси кенг ва автоматлаштирилган ҳисоб юритиладиган объектдагига қараганда бу ерда кўпроқ вақт сарфлаймиз.

Афсуски, баъзи ташкилотларнинг раҳбарлари аудиторлик текшируви нималигини тушунмайдилар. Масалан, яқинда бизга бир компания энг паст баҳода аудиторлик текширувини жадал ўтказишни сўраб мурожаат қилди. Жадал текширув нима учун керак деган саволга шундай дейишди: «Март ойида солиқ текшируви ўтказилади. Топилган хатоларнинг ҳаммасини шу заҳотиёқ тузатамиз». Яъни жавобгарликни аудиторлик ташкилоти зиммасига юклашмоқчи, чунки жадал ишлаш оқибатида аудитор хатога йўл қўйиши мумкин. Текширув ўтказмай, фақат аудитор хулосаси керак бўладиган ҳоллар учрайди, бунда мижоз банкдан кредит олмоқчи бўлади. Гарчи аудит бизнес бўлса-да, бироқ бундай мижозларга хизмат кўрсатмаслик керак.

Айни вақтда шартнома тузишга қадар биз мижозимизнинг ҳалоллигига ишонч ҳосил қилишимиз керак. Агар унга хулоса кераклиги, текширув эса умуман талаб қилинмаслигини айтса, бизга бундай мижоз керак эмас. Биз ўз корхонасидаги ишларнинг амалдаги аҳволини билишни хоҳловчилар билан ишлаймиз. Зеро аудиторлик хулосаси айни «Аудиторнинг фикри» деб аталади ва унда молиявий ҳисобот қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келиши ёки келмаслиги тўғрисида сўзланади.

– Компаниянгизда ички назорат қандай амалга оширилади?

– Ички назоратнинг мажбурийлиги аудит тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган. Бизнинг МЧЖда у кўп босқичли. Аудитор ўз ёрдамчиларини, назорат бўйича аудитор асосий аудиторларни, раҳбар эса бутун компаниянинг фаолиятини назорат қилади. Топшириқ бериш ва унинг бажарилиши устидан назорат йўлга қўйилган. Буларнинг барчаси ички стандартларга мувофиқ бажарилади. Масалан, агар бирорта хато аниқланса, нима учун у синов балансларида акс эттирилмаган? Агар аудитор бу – харажатларнинг тўғри моддаси деб ҳисобласа, буни ҳисоб-китоблар, таҳлилий таомиллар билан тасдиқлаши керак.

– Мижозлар сизни қандай топишади?

– Йилда бир марта бўлғуси мижозларимизга компаниямиз тўғрисида маълумот берилган китобчаларни юборамиз. Бундан ташқари, маълумотнома китобларда ўзимиз ҳақимизда маълум қиламиз. Асосан бизни собиқ мижозларимиз тавсия қилишади. Биз аудиторлик хизмати кўрсатган компанияларнинг тавсия хатларига эгамиз, улар бизнинг касбий даражамизни тасдиқлайди.

– «Buxgalter-Audit» аудиторлик компаниялари рейтингида иштирок этадими?

– Рейтингни баҳолашда аудиторлик ташкилотларининг мажбурий иштирок этиши қонунда назарда тутилган. Биз ҳам буни тўғри деб ҳисоблаймиз. Бироқ баъзилар уни ўтказиш услубиятига қўшилмайдилар. Ҳаммани бажарилган ишлар ҳажмига қараб бир қаторга қўйиш сафга тизиш буйруғига ўхшайди. Бироқ ҳар доим ҳам кўплаб текширувларни ўтказиш унинг жуда яхши фирмалиги, унда сифат назорати йўлга қўйилганлигидан далолат беравермайди. Ички стандартларга мувофиқ расмийлаштирилган ишлар ҳажмлари сифатнинг ташқи назорати билан тасдиқланган сонига мувофиқ бўлиши керак. Фақат шу ҳолдагина аудиторлик ташкилотининг ҳақиқатан ҳам рейтинги юқори деб айтиш мумкин. Бироқ агар у профессионал жамоат ташкилотларининг ташқи назоратидан ўтмаса, ҳеч ким у катта ҳажмдаги ишларни қанчалик сифатли бажарганлигини айта олмайди.

Мен учун бажарилган ишлар ҳажми, сифат ташқи назоратдан ўтганлиги тўғрисида сертификат ва ходимларнинг касбий тайёргарлиги асосий мезонлар ҳисобланади.

– Сифатнинг ташқи назоратини ким амалга оширади?

– Ишимиз сифатининг ташқи назоратини биринчи марта бундан 3 йил аввал Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси ўтказди. У бизга катта ёрдам берди – биз камчиликларимиз ва бундан кейинги ривожланиш йўналишларини яққол кўрдик. Назорат якунлари бўйича услубий кенгаш кўпгина ички стандартларни қайта кўриб чиқди, бугун биз бу ишни давом эттиряпмиз.

«Buxgalter-Audit» МЧЖ икки профессионал жамоат ташкилоти – Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси ҳамда Аудиторлар палатасининг аъзоси. 2012 йил охирида бизда сифатнинг ташқи назоратини Ўзбекистон аудиторлар палатаси ўтказди. Январда бундай назоратни ЎзБАМУ амалга оширди.

– Бугунги кунда аудиторлик компаниялари ўртасидаги рақобат жуда каттами?

– Ҳа, жуда катта. У аудиторлик хизматлари нархларининг пасайишига олиб келади. Афсуски, бугунги кунда арзон аудиторни танлаш амалиёти шаклланди, бу эса аудиторлик хизматлари сифатини яхшилашга хизмат қилмайди. Шу ўринда мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиладиган корхоналарнинг устав фондида қимматли қоғозларнинг давлат пакетини бошқарадиган кўпгина давлат ишончли вакилларини сифат қизиқтирмаслигини қайд этиш лозим. Мисол учун, ўтган йили биз рейтингда учинчи ўринни эгалладик. Анча пастроқ рейтинг баҳоларига эга бўлган ва анча арзон хизматлар кўрсатувчи бошқа ташкилотлар иштирок этган тендерда ўз хизматларимизни таклиф этдик. Мижозлар кўпинча уларни танладилар. Паст нархларни танлаган корхона барча хизматлар кўрсатилишига умид қиладилар. Бу янглиш фикр. Буюртмачи унга ҳеч ким маслаҳат бермаслиги, текширув чоғида у билан ҳеч ким ишламаслиги, услубий ёрдам олмаслигини тушуниши керак. Ушбу ишлар бундан кейин кузатиб бориш учун керак бўлган вақтни ўз ичига олмайди. Биз билан ишламаган ташкилотлар қўнғироқ қилиб, муайян масалалар бўйича маслаҳат беришимизни сўраб, жорий йилда арзон аудиторлик фирмасини олганларини, бироқ у маслаҳат бермаётганлигини айтишди. Шу боис аудиторни танлаётганда тавсияномаларга қараш, аудиторлик фирмасининг аввалги мижозларига қўнғироқ қилиш, уларнинг фикрини билиш керак. Фирма бозорда қанча йилдан буён ишлаётганлиги, у ҳақда қандай фикрлар борлигига эътибор қаратиш лозим.

– Бугунги кунда кўпгина маҳоратли бухгалтерлар, аудиторлар малака ошириш курсларида шуғулланмоқдалар. Сизнинг фикрингизча, улар замонавий талабларга қанчалик жавоб берадилар?

– Кўп аудиторлар 10–15 йилдан бери ишлаб, икки-уч марта сертификат олдилар. Улар ҳар йили малака ошириш курсидан ўтишлари керак. Мен ҳам буни тўғри деб ҳисоблайман. Бироқ ушбу курсларнинг дастурлари эскирди. Ўзбекистонда бухгалтерия ҳисоби ва аудитнинг халқаро стандартлари жорий этилиши муносабати билан уларни юқорироқ даражага қайта йўналтириш керак. Мутахассислар халқаро стандартлар асосида ўз малакаларини оширишлари лозим.

Евгений НИКОЛАЕВ суҳбатлашди.

Прочитано: 2221 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика