Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 10 / Аудитор хабарномаси

Аудиторлар қонуни янгиланади

Ҳозирда «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг кўриб чиқиши учун киритилган. Унда таклиф этилаётган, Президентнинг 26.11.2010 йилдаги ПҚ-1438-сон қарори ва Президентнинг 14.01.2011 йилдаги фармойишини бажариш мақсадида тайёрланган янгиликлар аудит соҳасини янада такомиллаштиришга, амалдаги Қонунни бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ва халқаро амалиёт билан мувофиқлаштиришга йўналтирилган.

 

2000 йилда қабул қилинган «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири муайян даражада илгари амал қилган, аудиторлик фаолиятини тартибга соладиган меъёр ва қоидаларни тизимлаштириш ва ўша пайтда ягона қонунчилик базасини яратиш имконини берди. Унга 2002–2009 йиллар мобайнида киритилган ўзгартиришлар аудиторлик фаолиятини тартибга солишнинг айрим механизмларини такомиллаштириб, уларни умумқабул қилинган халқаро принципларга мувофиқлаштириш имконини берди.

Ҳозир киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар, хусусан, Қонунни қўллаш соҳасини аниқлаштиради ва баъзи бир асосий тушунчаларни белгилайди. Чунончи, 1-модданинг иккинчи қисмини қуйидаги таҳрирда баён этиш таклиф қилинди:

«Банклар ва бошқа кредит ташкилотларини аудиторлик текширувидан ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки томонидан белгиланади». Бошқа кредит ташкилотларига, хусусан, микрокредит ташкилотлари киради. Чунончи, Президентнинг ПҚ-1438-сон қарорини бажара бориб, Марказий банк 2012 йил июнда Микрокредит ташкилотларида аудит текширувларини ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлади (МБ бошқарувининг АВ томонидан 17.07.2012 йилда 2379-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарори билан тасдиқланган).

Шуни таъкидлаш лозимки, банкларда аудиторлик текширувларини уларни ўтказиш ҳуқуқига Марказий банк томонидан бериладиган сертификатга эга бўлган аудиторлик ташкилотлари ўтказа оладилар. Юқорида тилга олинган 2379-сон Низомда микрокредит ташкилотини текшириш учун бундай талаб мавжуд эмас.

Қонун лойиҳаси билан аниқлаштирилаётган тушунчага кўра аудиторлик текшируви деганда молиявий ҳисобот ва бошқа молиявий ахборот тўғрилиги ва бухгалтерия ҳисоби тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мослигини аниқлаш мақсадида хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳисоботини ҳамда у билан боғлиқ молиявий ахборотни аудиторлик ташкилотлари томонидан текшириш ҳисобланади.

5-«Аудитор ташкилоти» моддасига киритилаётган, халқаро тажрибани акс эттирадиган қўшимчалар аудиторлик фаолиятининг асосий қоидаларига риоя этилишини таъминлайди, уларга кўра аудитор ўзи ишлаётган фақат битта аудиторлик ташкилотининг муассиси (иштирокчиси, акциядори) бўлиши мумкин, унинг раҳбари эса фақат унинг учун мазкур аудиторлик ташкилоти асосий иш жойи ҳисобланган аудитор бўлиши мумкин. Бундан ташқари, битта аудиторлик ташкилоти бошқа аудиторлик ташкилотининг муассиси бўла олмайди.

16-«Аудиторлик текшируви ўтказишдаги чекловлар» моддасидаги ўзгартиришлар ҳам ушбу мақсадларга хизмат қилади. Уларга кўра аудиторлик ташкилоти ходими бир вақтда хўжалик юритувчи субъектнинг ходими ҳисобланса, унда текширув ўтказишга ҳақли эмас.

Аудиторларнинг хориждаги жамоат ташкилотлари аудиторларга маслаҳатлар бериш билан мадад кўрсатадилар ва уларга ҳуқуқий ёрдам берадилар, уларнинг профессионал мажбуриятларини бажаришлари ва хизматлар сифатини назорат қиладилар, бирлашма аъзолари ўртасидаги низоларни ҳал қиладилар ва ҳоказо. Республика жамоат бирлашмаларининг фаолиятини халқаро стандартларга мувофиқ мақбуллаштириш, касбни ривожлантиришда уларнинг аҳамиятини ошириш, шунингдек хизматлар сифати учун аудиторларнинг масъулиятини кучайтириш қисмида Президентнинг кўрсатмаларини амалга ошириш ва бирлашмаларнинг фаолиятини такомиллаштириш учун Қонунга тегишли қўшимчалар киритиляпти.

Қонун лойиҳаси мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиладиган хўжалик юритувчи субъектлар тоифаларининг рўйхатини ҳам янгилайди. Амалдаги Қонуннинг 10-моддасига кўра устав фондида давлатга тегишли улуш бўлган хўжалик юритувчи субъектлар мажбурий аудиторлик текширувидан ўтишлари керак. Ушбу талаб давлат унитар корхоналари ҳамда фонд ва товар биржаларига татбиқ этилади деган аниқлаштиришни киритиш таклиф қилиняпти.

Амалиётда ташкилот аудиторлик ва, мисол учун, консалтинг хизматлари кўрсатишни режалаштириб, ўз номини «аудит» сўзи ёки унинг ҳосилалари билан рўйхатдан ўтказган ҳоллар юзага келиб туради. Кейинчалик бирор-бир сабабларга кўра аудиторлик фаолиятига лицензия олмай, гарчи аудит хизматларини кўрсатмаса ҳам, ўша ном билан ишлашда давом этаверади. Бу эса аудиторлик хизматларининг буюртмачиларини чалғитади. Бундай вазиятларга қуйидаги янги меъёр йўл қўймаслиги керак: «Аудиторлик ташкилотининг фирма номи «аудиторлик ташкилоти» сўз бирикмасини ўз ичига олиши ва бошқа аудиторлик ташкилотларининг фирма номига ўхшаш бўлмаслиги керак. Мазкур модданинг талабларига жавоб бермайдиган юридик шахс ўз номида «аудиторлик ташкилоти» сўз бирикмасидан фойдаланишга ҳақли эмас».

Ўзбекистонда аудитнинг ривожланиши Қонун меъёрларининг бошқа қонунлар ва меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларнинг талабларига мувофиқ бўлишини талаб қилади. Булар, хусусан, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида», «Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида»ги қонунлардир. Шу муносабат билан мазкур қонун лойиҳаси билан тегишли ўзгартиришлар киритиш назарда тутилмоқда.

4-модданинг тўртинчи қисмида аниқлаштирилишича, аудиторнинг ёрдамчиси сифатида ишланган вақт қонун ҳужжатлари билан белгиланган тартибда аудитор малака сертификатини олиш учун зарур бўладиган иш стажига қўшилади. Ушбу ўзгартиришнинг киритилиши амалиётда аудитор малака сертификатини олиш учун талабгорнинг иш стажи фақат олий таълим муассасасини битиргандан кейин ҳисобга олиниши туфайли юз берадиган ихтилофларга барҳам беради.

Қонунни суғурта соҳасидаги қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш учун 5-модданинг еттинчи қисмига қуйидаги жумла қўшилади: «Бунда аудиторлик хизматларини кўрсатиш шартномаси фақат аудиторлик ташкилотининг масъулиятини суғурталаш полиси мавжуд бўлгандагина тузилиши мумкин». Полис аудиторлик ташкилоти – тадбиркорлик фаолияти субъектининг номига берилади.

Аудиторлик ташкилотлари кўрсатадиган хизматлар рўйхатига (Қонуннинг 17-моддаси) «қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда тафтиш комиссияси (тафтишчи) функцияларини амалга ошириш» киритилиши таклиф қилинмоқда, бу эса «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонун 45-моддаси иккинчи қисмининг меъёрларига мувофиқ келади.

20-модданинг биринчи қисмида аниқлаштирилишича, аудиторлик текширувини ўтказмай тузилган ёхуд аудиторлик текшируви натижалари бўйича тузилса-да, лекин аудиторлик текшируви давомида аудитор (аудиторлар) томонидан олинган ва ўрганилган хўжалик юритувчи субъект ҳужжатлари мазмунига мувофиқ бўлмаган аудиторлик ҳисоботи ва аудиторлик хулосаси фақат суднинг қарорига кўра сохта тузилган деб тан олинади. Шу тариқа «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддаси ва Аудиторлик ташкилотлари тўғрисидаги низомнинг 22-бандида назарда тутилган меъёрларнинг қўлланиши аниқлаштирилади.

Қонун лойиҳасида бошқа ўзгартириш ва қўшимчалар ҳам назарда тутилган. Депутатларнинг таъкидлашларича, уларнинг қабул қилиниши аудитнинг қонунчилик базасини халқаро қоидалар ва стандартларга мувофиқ такомиллаштириш имконини беради, аудиторлик текширувининг ролини оширади.

Ҳозирги вақтда қонун лойиҳаси биринчи ўқишда қабул қилинди. Энди уни такомиллаштириш иши олиб бориляпти, уни муҳокама қилиш давомида депутатлар билдирган таклифлар таҳлил қилинмоқда.

Равиль СОБИРЖОНОВ, Мавлуда НИШОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

депутатлари.

 

Прочитано: 2517 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика