Олий ҳарбий божхона институтида «Соғлом авлод учун» халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда «Соғлом авлод – миллат келажаги пойдевори» мавзусида маънавий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда мустақиллигимизнинг илк йиллариданоқ соғлом авлод тарбияси энг устувор вазифа деб белгиланиб, баркамол авлодни тарбиялаш масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Зеро, Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганларидек, «Ҳар қандай инсоннинг энг мўътабар орзуси, астойдил интилган асосий мақсади – соғлом, баркамол авлодни тарбиялаш, ҳар томонлама комил инсонни вояга етказишдан иборат»дир.
Истиқлолнинг дастлабки йилларида, аниқроғи 1993 йил 4 март куни «Соғлом авлод учун» ордени таъсис этилиб, ўша йилнинг апрелида эса «Соғлом авлод учун» ҳукуматга қарашли бўлмаган халқаро хайрия жамғармасини ташкил этиш бўйича Вазирлар Маҳкамаси қарори қабул қилинган.
Эътироф этилганидек, соғлом авлодни тарбиялашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, маънавияти бой, ахлоқий етук, ақл-заковатли, юқори билимли, жисмонан соғлом, уйғун ривожланган шахсни камол топтириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш Жамғарма фаолиятининг асосий мақсади ҳисобланади.
Тадбирда иштирок этган «Соғлом авлод учун» жамғармаси Тиббий-ижтимоий марказ мутахассислари Сияра Джамбекова ва Насиба Гаппаровалар ёш авлоднинг саломатлигини таъминлашга, оналик ва болаликни муҳофаза қилишга, болаларнинг жисмоний, интеллектуал ва ахлоқий ривожи учун қулай шароитларни яратишга йўналтирилган лойиҳалар хусусида батафсил маълумот бердилар. Малакали мутахассислар «Репродуктив саломатлик», «Қариндошлар ўртасидаги никоҳнинг салбий оқибатлари» ва «ОИВ/ОИТС нима?» мавзуларида маъруза
ва мавзуга оид слайд ва фильмларни намойиш этишди.
Нурбек САЛОМОВ.