Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 10 / Тарафдор ва қаршилар

Ҳисоб учун ким жавоб беради?

«Солиқ ва божхона хабарлари» газетасининг саккизинчи сонида эълон қилинган «Директор – бошлиқ, калтак ҳам унинг бошида синади» ҳамда «Хато қилган одам жавоб беради» сарлавҳали мақолалар билан е-gazeta.norma.uz сайтида «Ҳисоб учун ким жавоб беради?» мавзуида мунозара бошладик.

Сайтимизга кириб мазкур мақолаларни ўқиганлар сони 600 нафардан ошди. Улар томонидан билдирилган шарҳларнинг бир қисмини газетамизнинг бугунги сонида эълон қилиш билан муҳокама этилаётган масала юзасидан сизларни фикр-мулоҳазалашишга даъват этамиз. Зотан сизларнинг фикрингиз, нуқтаи назарингиз асосида ишлаб чиқиладиган амалий таклифлар норма яратиш ташаббуси ҳуқуқига эга бўлган давлат ва жамоат тузилмалари эътиборига етказилади.

 

2013-02-19, _меҳмон:

– Тўла-тўкис қўшиламан! Унча-мунчани писанд қилмайдиган, бепарво, ҳаммасига лоқайдлик билан қарайдиган директорлар ҳам бор, шундайларнинг жатига бухгалтердан кўпроқ талаб қилишади, унга жарима ҳам солишади.

 

2013-02-19, _меҳмон:

– Билимсиз, ношуд бухгалтерларининг хатоси учун иш яхшилик билан тугаган тақдирда ўз чўнтагидан пул тўлайдиган, баъзан эса бизнес ишидан маҳрум бўлиб, йиллаб панжара ортида ўтирадиган директорлар, айниқса ёш директорлар кам дейсизми? Гап ким кўпроқ айбдор эканлигида эмас, балки ҳар ким ўз хатоси, қилмиши, ўй-нияти учун жавоб бериши жоизлигидадир. Қонун ҳужжатларида раҳбарлар билан бухгалтерия хизматининг масъулият ва жавобгарлик соҳасини аниқ белгилаб қўйиш лозим. Қолаверса, директорлар ҳеч бўлмаганда, бухгалтерия ҳисоби бўйича бошланғич билимга эга бўлмоғи даркор.

 

2013-02-21, _меҳмон:

– Пулини тўлаган кўнгли тусаган қўшиқни талаб қилади деган гап бор. Директор арзонроқ тушишини кўзлаб ишга ёллаган бухгалтернинг маошидан қандайдир даражада тежамкорликка эришар, аммо бундай бухгалтернинг «нағма-ю машқлари» ҳам маошига яраша бўлади. Баъзан битта бухгалтер 5-6 та фирма ишини олиб бораётганига дуч келамиз. Бу алфозда рисоладагидек ҳисоб юритиб бўлармишми? 5 та фирманинг ҳисобини барча БҲМСларга мувофиқ олиб боришга унча-мунча одамнинг қурби етмайди, аниқроғи бунинг иложи йўқ. Лекин бундай фирмаларнинг директорларини маошдан тежаб қолинган нақд фойда қизиқтиради, холос. Аммо кейинроқ жарима тўлаш, қўшимча ҳисоблаб чиқарилган солиқларни тўлаш билан боғлиқ шундай харажатлар кўндаланг бўладики, асти қўяверасиз.

Яна бир гап. Айтайлик, сен ишига пишиқ, билимдон бухгалтерсан. Директор эса ноқонуний операция ўтказасан деб туриб олади, хоҳласанг-хоҳламасанг ҳаммасини у айтгандек қилишинг керак. Ёки кимдир (!) ишдан кетиши лозим.

Директор ўз бухгалтерининг жўяли маслаҳатларига кўниш учун, қолаверса, бухгалтер хатоликка йўл қўйган бўлса, уни тузатиш учун ҳам бухгалтерия ҳисобини билиши зарур.

 

2013-02-21, _Шароф Рўзметов деган меҳмон:

– Мазкур мақолалар, менинг фикримча, корхона раҳбарлари билан бухгалтерлари ўртасида ҳам молиявий, ҳам ахлоқий йўналишда муносабатларни янада мураккаблаштириб юборди.

Бухгалтер бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот юритиш тартиби тўғрилиги учун жавоб бермоғи керак. Раҳбар эса бухгалтерия ҳисоби ва ҳисобот юритиш тартиби тўғрилигини назорат қилиб бориши шарт.

Бировга ишониш яхши, аммо уни текшириб боришни ҳам унутмаслик лозим. Бухгалтер робот ҳам, машина ҳам эмас. Тирик жон, у ҳам хатоликларга йўл қўйиши мумкин. Шуниси ҳам борки, бухгалтерия ва солиққа доир қонун ҳужжатларимиздаги ўзгаришларни тўлиқ кузатиб, билиб бориш қийин. Бухгалтернинг ишини раҳбар назорат қилиб турса, қайта-қайта текширишдан эринмаса, бухгалтер ўз ишига янада масъулият билан қарайдиган бўлади.

Кундалик амалиётда эса нуқул бир хил гапни такрорлашади: «Сенга нима учун ҳақ тўлаяпман? Сен ҳаммасини билишинг лозим! Менга маслаҳатчи ёки аудиторнинг нима кераги бор?».

Аммо бухгалтерлари малакасини оширишидан манфаатдор корхона раҳбарлари ҳам бор. Улар бухгалтерия ҳисобини юритиш бўйича дастурлар сотиб олишади, бу соҳадаги янгиликлардан бохабар бўлиб туришади, компьютерда бухгалтерия ҳисоби юритишни ўрганиб, ўз хизмат хоналаридан чиқмаган ҳолда корхонанинг молиявий ҳолатини зийраклик билан кузатиб боришади. Бундай раҳбарлар жавобгарлик талаб қилинадиган кезлари бухгалтерларни ўзлари учун қалқон қилишмайди, жавобгарликдан бўйин товлашмайди ҳам.

Дарвоқе, жавобгарликка жалб этиш хусусида. Раҳбар ва бухгалтер – мансабдор шахс, бинобарин улар ҳаммаси, яъни қилинган ёки қилинмаган ишлар учун жавоб беришади, айни бир вақтда айби қонунда белгиланган тартибда аниқланмагунга қадар улар айбсиз деб ҳисобланадилар. Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўз айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас.

Айбдорлик борасидаги барча шубҳалар, агар уларни бартараф этиш имкониятлари тугаган бўлса, гумон қилинувчи (айбланувчи, судланувчи) фойдасига ҳал этилмоғи лозим. Бу гап қонунни қўлланишда келиб чиқадиган шубҳаларга ҳам тааллуқли. Амалиётда эса раҳбар ва бухгалтер асосан текширув далолатномаларига ўз розиликларини билдирадилар, шу сабабли ҳам уларни жавобгарликка тортадилар.

 

2013-02-22, _меҳмон:

_Шароф Рўзметов деган меҳмонга:

– Гумон қилинувчи ўз айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмас қабилида Конституциядан иқтибос рўкач қилиш шарт эмас. Аслида, бундай ҳолатда унинг айбини тезроқ исботлаб берадилар. Ҳозир гап бунда ҳам эмас. Директор билан бухгалтер муносабатлари қонунчилик йўли билан аниқ белгилаб қўйилмоғи, бухгалтерия ҳисобини таъминлаш ва шу сингари ишларда кимда қандай ҳуқуқ ва мажбурият борлиги аниқ таърифлаб берилмоғи лозим деб ўйлайман. Бухгалтер ходимлар билан ишлаш бўлими, иш юритувчиликдан, умуман югурдаксимон ишлардан батамом ҳоли этиб қўйилмоғи лозим.

Умуман олганда, оғриқли, долзарб мавзу кўтарилган. Газета бу масалани кўтариб, менимча, хайрли иш қилибди.

 

2013-02-22, _Андрей деган меҳмон:

– Кўпинча раҳбарга бухгалтер тўланаётган «беш танга» учун бир вақтнинг ўзида ҳам ҳуқуқшунос, ҳам солиқ маслаҳатчиси, ҳам бухгалтер ишини қилиши лозимдек туюлади. Шартномалар тузиш ҳуқуқшуноснинг ваколат доирасидаги ишдир. Солиқ ва бухгалтерия ҳисоби ҳам бутунлай бошқа-бошқа нарса. Солиқ ҳисобини тўғри юритиш учун бухгалтердан ҳам кўра кўпроқ ҳуқуқшунос бўлмоқ лозим (солиқ солинадиган база миқдорини фоизлардаги ставкага кўпайтиришни мактаб ўқувчиси ҳам яхши билади, солиқ солинадиган базани ва у ёки бу ставкани қўлланиш ҳуқуқини аниқлаш эса анчагина мураккаб иш). Бухгалтернинг вазифаси дебет-кредит тузишни ўрнига қўйишдан иборатдир. Буни қонун ҳужжатларида аниқ-тиниқ қилиб ёзиб қўйиш даркор. Бугунги кунда бизда «Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонун амал қилиб турибди, бухгалтернинг мажбуриятлари ва жавобгарлиги доирасини белгиловчи қонуности ҳужжатлари эса йўқ.

 

2013-02-22, _машинист деган меҳмон:

– Кўтарилган мавзу чиндан ҳам долзарб. Бироқ мақолаларда негадир андишага бориб, фикрни очиқ баён этишдан тортинишган кўринади («ЯСТ бўйича база тўғри аниқланмаган», «ЯИТ бўйича имтиёзларни қўллаб бўлмайди», «Даромад солиғини ҳисоблаб чиқишда хато қилинган», «ҚҚС бўйича тўланмай қолган миқдор ...ни ташкил этди»), баъзан эса ошириб, ҳаммаси чалкаштириб юборилган («ҳалол ва эҳтиёткор директор, кичик фирма муассиси баъзан яхши бухгалтерга ўзи бизнесда топадиганидан ҳам кўпроқ ҳақ тўлайди» ёки «директорнинг иш куни сотув ва харидларни ташкил этиш, ходимларни бошқариш, маркетинг билан шуғулланиш, ўнлаб шошилинч вазифаларни ҳал этиш билан ўтади»). У, яъни директор бу ишларни бухгалтер зиммасига оширмайди деб ўйлайсизми? Мисоллар келтиринг-чи дейдиган мард топилса эди деб ҳайқиргинг келади. Ҳаммамиз шуни яхши биламизки, ҳар қандай қоидабузарлик ва қонунбузарлик нотўғри қабул қилинган ҚАРОР самарасидир (бу иш қанчалик қонуний равишда қилинган-қилинмаганлиги эса бутунлай бошқа масала). Қарорни директор қабул қилади. Бироқ одатда масалани ҳал этишнинг бир неча варианти кўриб чиқилади. Бухгалтер ҳар бир вариантнинг юзага келиши эҳтимоли бўлган оқибатларини айтади. Аммо юқорида айтилганидек, қарорни бухгалтер қабул қилмайди.

Умуман олганда, бу давра суҳбатида атрофлича муҳокама этиладиган мавзудир.

Сўнгсўз ўрнида. Бу йўсиндаги ишни спортнинг жамоавий турига муқояса қиламан. Бунда ҳар хил хусусиятли талайгина кишиларнинг якдиллиги, бирлиги билангина натижага эришилади. Олдинга қўйилган мақсадга эришилган тақдирдагина бутун жамоа киритган улушига мутаносиб равишда мукофот олади. Журналистларга интервью бериш ва суратларга тушиш эса асосан жамоа сардори ёки шон-шуҳратга эришган юлдузлар чекига тушади. Иш чаппасига кетиб, жамоа қуйи лигага тушиб кетгудек бўлса, калтакнинг каттагина қисми жамоа сардори ёки баобрў (юлдуз) ўйинчига тегади. Бу ишда ҳам шундай бўлмоғи лозим. Директор бошлиқ сифатида, биринчи шахс тариқасида кўпроқ имтиёзларга (даромадлар, хизмат сафарлари, курортларга йўлланмалар) эга бўлиши ва бошқа ҳар қандай ходимга нисбатан КЎПРОҚ ДАРАЖАДА жавоб бермоғи лозим. Қўл остидаги бухгалтер нўноқроқ мутахассис эканлигини вақтида пайқай олмаганлиги учун ҳам у жавоб беради.

 

2013-02-22, _газетхон деган меҳмон:

– Жуда керакли мақола бўлибди. Энди ўз фикрларимни баён этсам.

1. Директор аудит масаласида тежамкорлик қилмаслиги керак. Ҳеч бўлмаса, уч йилда бир марта корхонада аудиторлик текшируви ўтказилмоғи даркор. Ўз қадрини биладиган бухгалтер бу ишни албатта ёқлайди. Мабодо у аудит текшируви ўтказилишига қарши бўлса, бу нарса ҳисоб борасида ҳаммаси рисоладагидек эмаслигидан далолат беради.

2. Директор бош бухгалтерга, тўпорироқ қилиб айтганда, ҳақ-ҳуқуқсиз мавжудот деб қарамаслиги лозим. Улар ўртасидаги ўзаро муносабат ҳамкорлик, шериклик йўсинида йўлга қўйилиши зарур. Директор ҳам, бош бухгалтер ҳам ўз нуқтаи назарини зуғум билан ўтказишга уринмаслиги керак. Бош бухгалтерлар ўзларини кўпинча Солиқ кодексини ёзгандек катта тутадилар ва директорларни чалғитиб қўядилар (айни шунинг учун ҳам аудит керак). Директорнинг қонунга хилоф проводкаларни содир этишга мажбурлаши эса янада ачинарлидир. Бундай ҳолларда бухгалтер ўз фикр-мулоҳазаларини ёзма равишда тақдим этиш билан ўзини хатоликдан ҳоли этган бўлади, лекин бухгалтерларнинг аксарияти раҳбарият билан муносабатни бузишдан чўчийди ёки ишдан шартта бўшаб кетади.

3. Директорлар кўпинча майда-чуйда нарсалар борасида тежамкорлик қилмоқчи бўладилар. Маълумотномалар, қўшимча дастурлар, юридик маслаҳатлар жамланган китобларни сотиб олиш учун пулни қизғанадилар. Бундай қараганда, корхона учун ана шундай харажатлар арзимаган нарса, бироқ бухгалтер учун унинг бир ойлик, баъзан эса икки ойлик маошига тенг харажатлардир. Оқибатда бухгалтерлар у ёки бу ҳаракат тўғрилигига оид керакли ахборотларни «мисқоллаб» йиғадилар, баъзан эса бундай ахборотларсиз, таваккалига иш тутадилар.

Ҳисоб иши тўғри йўлга қўйилган бўлса, вақти-вақти билан текшириб турилса, ёлланиб ишлаётган ходим – бухгалтерга нисбатан яхши муносабат кўзга ташланса, ЖШДС ва бошқа солиқлар бўйича нотўғри ҳисоб-китоб қилинганлиги учун бухгалтердан қонун бўйича қатъий талаб қилиш мумкин бўлади. Шу сабабли ҳам бухгалтер қаердадир кимдир ниманидир бюджетга кам бериши учун эмас, ҳисобнинг аниқ ва тўғрилиги учун жавоб беради.

 

2013-02-22, _Равшан деган меҳмон:

– Аудиторлик амалиётимда шундай оқкўнгил, ҳалол директорларни ҳам учратганманки, улар соддалик ҳамда ишонувчанлик туфайли бўлса керак, ғирт нодон, лўттибоз, кўзни шамғалат қилиб чув тушириб кетишга мойил бухгалтерларни ишга олишган бўлади. Аксинча маккор директорларни ҳам кўрганманки, улар ниҳоятда батартиб, ҳалол бухгалтерларни қонига ташна қилиб юборишади.

Бугунги кунда ўрта маълумотли бухгалтерларнинг ковушини тўғрилаб қўйиш тамойили қарор топди ҳисоб. «Ақлли» гаплар гапирадиган одамлар кўпайиб кетган. Улар учун асосийси – иши юришиб турган тадбиркорнинг бошини гангитиб, ғаразли мақсадга эришишдир. Ундан мўмайгина пул ундириб, ҳар хил важ-карсонлар билан, айтайлик, «чет мамлакатга жўнаб кетаётирман, битта-ю битта холам касал бўлиб ётиб қолдилар, бераётган маошингиз мени қониқтирмаяпти, сиздагига нисбатан дурустроқ ҳақ тўлайдиган бошқа иш топдим» сингари баҳоналар билан «сирпаниб» қоладилар.

Бу синалган усул. Уларнинг хатти-ҳаракатида фирибгарликнинг яширин шакли мужассам. Негаки улар доғда қолдирмоқчи бўлган жабрдийдаларини бехато топадилар ва бойлигини тийин-тийинигача қоқиб оладилар. Суриштирсангиз, тайинли маълумотлари ҳам йўқ.

Бундай ҳолларни меҳнатга жойлашиш эмас, фирибгарлик дейиш мумкин. Зийраклик, кузатувчанлик орқалигина уларнинг аниқ башарасини кўриш мумкин. Чунки ҳар қандай фирибгар ҳам қандайдир майда-чуйда ишда қоқилади.

Директорларга бундай кимсалар билан меҳнат шартномасини етказилган зарарлар ва йўл қўйилган камчиликлар учун жавобгарлик муфассал баён этилган ҳолда тузишни маслаҳат берган бўлар эдим. Шартномани бажариш бобида қаттиқ туриш керак. Бухгалтер ҳисоботни топширмадими, иш ҳақидан ушлаб қолиш, хатоликка йўл қўйдими, мўмайгина пул ундириш керак. Бухгалтернинг ишини бошқа бухгалтер ёки аудитор қайта текшириб кўриши мумкин.

Айби исботлаб берилдими, зарарни тўласин. Судлашишга тўғри келадиган ҳоллар учун меҳнат шартномасининг бир нусхасини директор, айтайлик, ўз уйида сақламоғи шарт. Бундай одамлар хашаги очилиб қолганда, оби-дийда қилиб, бошқаларнинг раҳмини келтиришнинг пири бўлиб кетадилар.

Бундай пайтда ҳаммаси директорнинг ўзига боғлиқ. Унга раҳми келса, индамай қўя қолади. Йўқса фирибгарни қилмишига яраша жазо олишини таъминлайди. Яхши директор бундай бухгалтерни етказилган зарар учун товон олмаган ҳолда ишдан бўшатиши ҳам мумкин. Фирибгарларга эса айни шу нарса керак. Фақат яхшиликни кўзлайдиган директор бундан хулоса чиқариб, бухгалтерия ҳисоби билан ишлашга янги одамни олаётганда, аввалги иш жойидан ёзма тавсифнома келтиришини сўрамоғи шарт. Ўзи бўшатаётган анави бухгалтер тавсифнома сўрагудек бўлса, бор ҳақиқатни ёзиши лозим. Ана шунда алданиб қолган директорлар камроқ бўлади.

 

2013-02-22, _меҳмон:

– Одатда, чет эл сармояси билан таъсис этилган йирик, баобрў корхоналарда бундай муаммолар келиб чиқмайди деб ўйлайман. Бошқа барча ходимлар каби бухгалтер ҳам яхшигина маош олади, қўшимча иш ҳақи топиш ҳақида бош қотиришига ҳожат ҳам йўқ. Бошқа ходимлар сингари унинг ҳам фаолият соҳаси аниқ белгилаб қўйилган. Оқилона иш тутувчи раҳбарият ахборот билан қўллаб-қувватлаш (ихтисослашган газеталар, яхши дастурлар олиш), малакани ошириш билан боғлиқ харажатларда саховат кўрсатади. Ишга қабул қилишда жуда синчков танлов амал қилади. Шу боис бундай корхоналарда жуда билимдон, уқувли мутахассислар ишлайдилар. Лекин кичик фирмалар, чунончи қаҳвахоналар, савдо нуқталари, цехлар ва шу сингарилар нима қилиши керак? Уларнинг раҳбарларини тушунcа бўлади: улар «бундай меҳнат шароитлари»ни яратиб беролмайдилар, негаки маблағлари чекланган. Ана шунда бухгалтерия аутсорсинги мавзуси ўзини рўйи-рост кўрсатади. Унинг афзалликлари нимада-ю, кўтарилган масаланинг ечими шу бўлиши мумкинми – ана шулар ҳақида сўз юритиш мумкин.

Прочитано: 4093 раз(а)

Комментарии к статье (1)

2013-03-16 14:46:47, Гость_ИКС ИГРЕК:
АГАР 5,6 ТАШКИЛОТНИНГ ИШИНИ ЮРИТАЁТГАН БУЛСА ХЕЧ НАРСА ЭМАС ЭКАН.30,40 ВА ХАТТО 50 ТАШКИЛОТНИНГ ИШИНИ ОЛИВОЛГАНИГА НИМА ДЕЙСИЗ.ЭНГ АЧИНАРЛИСИ ХАТТО ИШ ХАКИДАН ДАРОМАД СОЛИГИНИ ТУГРИ ХИСОБЛАБ БЕРИШОЛМАЙДИ. ФАКАТ БИР ХОЛАТДА ЯНГЛИШМАЙДИЛАР.ИШ ХАКИ БЕШ МИНИМАЛАН КАМ ЁЗИЛГАН ТАКДИРДА.

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика