Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 10 / Қонун кучга кирди

Қонун ҳужжатларини тайёрлаш тартиби қандай?

Президентимиз Ислом Каримов томонидан тақдим этилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида қонунийликни таъминлашнинг янги ва янада самарали механизмларини яратиш, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қонунларга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлишини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

 

Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, 2012 йил 24 декабрда «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири тасдиқланди.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги қонунчилик бош бошқармаси бошлиғи Нодиржон ЖЎРАЕВ Ўзбекистон Миллий ахборот агентли-ги – ЎзА мухбирига мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти, қонун ижодкорлиги жараёнини такомиллаштириш борасидаги янгиликлар ҳақида қуйидагиларни гапириб берди:  

Янги таҳрирдаги қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сифатини янада ошириш, унинг мазмунига қўйиладиган асосий талабларни белгилаш ва самарали ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Қонун асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тушунчаси, уларнинг турлари ва ўзаро нисбати аниқлаштирилди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат – мазкур қонунга мувофиқ қабул қилинган, умуммажбурий давлат кўрсатмалари сифатида ҳуқуқий нормаларни белгилашга, ўзгартиришга ёки бекор қилишга қаратилган расмий ҳужжатдир.

 

ҚОНУН ҲУЖЖАТИ РЕЖАЛАШТИРИЛАДИ

Қонундаги муҳим янгиликлардан бири – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашни режалаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилганидир. Қонуннинг

17-моддасига биноан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи ёки ишлаб чиқувчи орган лойиҳаларни тайёрлашни олдиндан режалаштиради. Бунинг моҳияти шундан иборатки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи (ишлаб чиқувчи) органлар ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солиш ёки қонун ҳужжатлари нормаларини такомиллаштириш мақсадида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашнинг жорий йил ва истиқболга мўлжалланган режа ёки дастурларини тасдиқлайди. Кейинчалик мана шу режа ёки дастур асосида ўз фаолиятини ташкил қилади. Бу ҳужжатларнинг сифатини оширишга хизмат қилади.

 

ҚОНУН ҲУЖЖАТИ ЛОЙИҲАСИНИ ТАЙЁРЛАШ ТАРТИБИ

Кейинги босқичда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш тартибига риоя этилади. Бу жараёнда норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлаш тўғрисидаги таклиф кўриб чиқилади ва уни тайёрлаш ҳақида қарор қабул қилинади. Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда қонун ҳужжатларининг ҳолати, қўлланиш амалиёти, ижтимоий муносабатларни тартибга солишга салбий таъсир кўрсатаётган нуқсонлар ва зиддиятлар, ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга бўлган ижтимоий эҳтиёж, қонун ҳужжатларининг самарадорлигига таъсир этувчи сабаблар ҳамда шароитлар аниқланади.

Бу жараёнда жамоатчилик фикрини ва халқаро тажрибани ўрганиш масалаларига ҳам қонунда алоҳида эътибор берилиб, бир қатор янги қоидалар ўрнатилди. Хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш тартиби белгилаб қўйилди. Қонунга мувофиқ бундай муҳокама манфаатдор давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда бошқа ташкилотлар вакиллари, олимлар ва мутахассислар иштирокида ўтказилади. Бунда муҳокама иштирокчилари лойиҳа матни билан олдиндан таништирилади.

Жамоатчилик муҳокамасида лойиҳа юзасидан билдирилган таклифлар ва мулоҳазалар ишлаб чиқувчи томонидан албатта кўриб чиқилиши ва натижаси бўйича тегишли маълумотнома тайёрланиши керак. Ўз ўрнида, муҳокама материаллари норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи органга кўриб чиқиш учун киритилади. Халқаро тажрибани ўрганиш борасида эса халқаро ҳужжатлар ва чет эл мамлакатлари қонун ҳужжатларини ўрганиш ва натижаси бўйича қиёсий жадвал тайёрлаш тартиби ўрнатилди. Бундай қиёсий жадвалсиз киритилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилмайди.

ҚОНУН ҲУЖЖАТИ ЭКСПЕРТИЗА ҚИЛИНАДИ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ҳуқуқий, иқтисодий, молиявий, экологик ва бошқа турдаги экспертизадан ўтказиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, экспертизадан муваффақиятли ўтган қонун келажакда барча талабларга жавоб бера оладиган тўлақонли ҳужжат бўла олади. Шу боис қонунда мана шу жиҳатлар ҳам тартибга солиниб, бу борада ҳам янги қоидалар киритилди. Хусусан, экспертлар сифатида норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини тайёрлашда бевосита иштирок этмаган ташкилотлар, шахслар жалб қилинади. Маҳаллий ва хорижий олимлар, мутахассислар ҳам бу жараёнда иштирок этиши мумкин. Экспертлар норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасига баҳо беришда мустақилдирлар ва улар экспертиза ўтказишни топширган органнинг нуқтаи назари билан боғлиқ бўлмайди.

 

ҲУҚУҚИЙ ВОРИСЛИК МЕХАНИЗМИ

Яна бир янгилик – вазирликлар, давлат қўмиталари ёки идоралар томонидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан ҳуқуқий ворислик механизмининг мустаҳкамланганлигидир. Яъни, қонунга мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи берилган идора қайта ташкил этилса, ҳуқуқий ворисга ўз ваколати доирасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиш ҳуқуқи билан бирга илгари қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, уларнинг амал қилишини тўхтатиб туриш ва тугатиш ваколатлари ҳам ўтади.

 

МАНСАБДОР ШАХСЛАРНИНГ МАСЪУЛИЯТИ

Қонунда вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари тегишли ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун асос бўлмаслиги ва ҳуқуқий оқибатларга олиб келмаслиги, шунингдек, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларининг мансабдор шахслари давлат рўйхатидан ўтказилмаган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни амалга жорий этганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланди. Бу нормаларнинг киритилиши мансабдор шахсларнинг ушбу соҳадаги масъулиятини янада ошириши шубҳасиз.

 

ЭЛЕКТРОН ШАКЛЛАР ВЕБ-САЙТЛАРДА ЭЪЛОН ҚИЛИНИШИ ШАРТ

Вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари матнларининг электрон шакллари уларнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиниши шартлиги белгиланганлиги фуқароларнинг қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида тезкор ахборот олишида муҳим аҳамият касб этади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар расмий манбаларда чоп этиш орқали эълон қилинади. Бундай манбалар сирасига «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси», «Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларининг тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, «Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати қарорларининг тўплами» киради. Бундан ташқари, вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг расмий нашрлари вазирликлар, давлат қўмиталари ва идораларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари эълон қилинадиган расмий манбалар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг расмий нашрлари мазкур органларнинг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалар бўлиб ҳисобланади.

 

Янги таҳрирда қабул қилинган қонун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг сифатини яхшилашга, қонунлардаги тафовутлар бартараф бўлишига, такрорийликка йўл қўймасликка, бошқа ҳужжатларга ҳавола қилиш ҳолатларини камайтириш учун ҳуқуқий асос яратди. Бу уларнинг мавжуд қонунларга, социал-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар эҳтиёжларига мос бўлишини таъминлаш билан бирга адлия органларининг мазкур соҳадаги фаолиятини янада такомиллаштириш, қонун ижодкорлигига оид ишлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.     

 ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 3448 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика