Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 10 / 2013 йил – Обод турмуш йили

Тиббий хизмат сифати ошиб, аҳоли саломатлиги янада мустаҳкамланмоқда

«Обод турмуш йили» Давлат дастурининг*  учинчи бўлимида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини янада ривожлантириш, жумладан, тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий ташхис қўйиш ва даволаш ускуналари билан жиҳозлаш, касалликларнинг олдини олиш, илғор тиббиёт технологиялари ҳамда даволаш усулларини татбиқ этишни кенгайтириш, тиббиёт ходимлари меҳнатини моддий ва маънавий рағбатлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар белгиланган.

Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси ва вилоятлардаги кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларини қуриш ҳамда реконструкция қилиш режалаштирилган. Ушбу муассасаларда ўрнатилган янги асбоб-ускуналар негизида илғор ташхис қўйиш ва даволаш технологиялари жорий этилади.

Ўзбекистонда микронутриент танқислигининг олдини олиш ва бартараф этиш, яъни истеъмол тузини йодлаш, унни тўйинтириш, темир, фолий кислотаси ва А витаминини саплементация қилиш бўйича дастурлар амалга оширилмоқда. Ҳар йили поливитамин комплексларини харид қилиш учун бюджет маблағларини ажратишни кўзда тутадиган Давлат дастурини амалга ошириш доирасида 2013 йилда 400 минг нафардан зиёд ҳомиладор аёлнинг соғлиги мустаҳкамланади.

Туғиш ёшидаги аёллар, болалар ва ўсмир қизларни «Соғломлаштириш ҳафталиклари»ни ҳар ойда ўтказишни давом эттириш кўзда тутилмоқда. Ушбу тадбирлар давомида барча ҳудудларда мамлакатимиздаги етакчи ихтисослаштирилган марказлар, илмий-текшириш институтлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртларининг юқори малакали мутахассислари ва профессорлари хотин-қизлар ҳамда болаларни даволайди ва маслаҳатлар беради.

 2013 йилда Ижтимоий ташаббусларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан ҳамкорликда «Соғлом она – соғлом бола» ва «Соғлом ёшлар» лойиҳалари амалга оширилади. Биринчи лойиҳанинг мақсади ўсмир қизларга тўғри овқатланиш, гигиена ва камқонликнинг олдини олиш соҳасида тиббий маълумотлар бериш, шунингдек, ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни репродуктив саломатликни сақлаш, туғруққа тайёрланиш ва бир ёшгача бўлган болани парваришлаш масалалари бўйича хабардор қилишдан иборат. «Соғлом ёшлар» лойиҳаси эса ОИВ/ОИТС, гиёҳвандлик, жинсий йўл билан юқадиган инфекциялар ва сил касаллигининг олдини олишга доир таълим услублари ҳамда дастурларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга йўналтирилган. 15 ёшдан 25 ёшгача бўлган ўғил-қизлар «Соғлом ёшлар» ҳаракатига тренинг-семинарлар, маслаҳатлар бериш ва ёшлар ижтимоий акцияларини, жумладан, «Биз – соғлом ҳаёт тарзи тарафдоримиз!» республика ижодий танловини ўтказиш орқали кенг жалб этилади.

 «Ҳаёт учун!» ассоциацияси ва «Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми» жамғармаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан биргаликда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида

хотин-қизлар ўртасида онкологик касалликларнинг олдини олиш бўйича комплекс чора-тадбирлар, шу жумладан, «Ҳаёт учун!» хайрия форум-марафонини ва бошқа ижтимоий акцияларни ўтказиши режалаштирилган.

 Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Европа Иттифоқи/ЮНИСЕФнинг «Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш хизматларини такомиллаштириш. II-босқич» қўшма лойиҳаси, ЮНФПА, Глобал фонд, KfW банки каби халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик доирасида оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида меҳнат қилаётган 18 минг нафар тиббиёт ходими ўз малакасини оширади. 2013 йилда тиббий ёрдам кўрсатишнинг барча босқичларида болаларга ташхис қўйиш ва уларни даволаш бўйича ЖССТ/ЮНИСЕФнинг замонавий технологиялари ҳамда жаҳон стандартларини жорий этиш лойиҳалари ҳам ҳаётга татбиқ этилади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда оналар ва чақалоқлар ўлимини янада камайтириш бўйича Мингйиллик ривожланиш мақсадларига эришишга хизмат қилади.

Жорий йилда касалликларнинг 70 фоизидан ортиғини ташкил қиладиган инфекция билан боғлиқ бўлмаган сурункали хасталикларнинг олдини олишга қаратилган профилактика чора-тадбирларини кучайтириш соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришнинг яна бир муҳим йўналишидир. Биринчи навбатда, бу чора-тадбирлар юрак касалликлари, инсульт, саратон, сурункали респиратор хасталиклари ва диабетни келтириб чиқарадиган сабаблар – спиртли ичимликлар ҳамда тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш, кам ҳаракатланиш ҳаёт тарзи ва нотўғри овқатланишга қарши курашишга қаратилади.

 «Обод турмуш йили» Давлат дастурида аҳолига маслаҳат бериш ва ташхис қўйиш, профилактика ҳамда тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ҚВПлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир бир қатор чора-тадбирлар кўзда тутилган. Мисол учун, «Саломатлик-3» лойиҳасини амалга ошириш доирасида ҚВП, оилавий поликлиникалар ва туман тиббиёт бирлашмаларининг

5 100 нафар шифокори ва 12 500 нафар ходимини сайёр курсларда ўқитиш режалаштирилган.

Шунингдек, дастурда аҳолининг юқори технологик ихтисослашган тиббий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга доир чора-тадбирлар ҳам белгиланган. Масалан, 2012 йилда кардиожарроҳлик бўлими ташкил этилган. В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган хирургия маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология маркази, кўз микрохирургияси ва урология марказида ўта мураккаб ва технологик даражадаги операцияларни ўтказиш кўлами янада кенгайтирилади.

Ўзбекистонда санитария-эпидемиологик барқарорликни таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилаётгани туфайли мустақиллик йилларида мамлакатимиз ҳудудига карантин қилинадиган ва ўта хавфли инфекциялар кириб келиши ҳамда тарқалишига йўл қўйилмади. Аҳолини, айниқса болаларни эмлашга алоҳида эътибор берилмоқда. 2013 йилда Миллий эмлаш тақвимига мувофиқ 2,5 миллион болани профилактик эмлаш режалаштирилмоқда. Вакциналарни сотиб олиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги бошқа вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Атроф-муҳит гигиенаси бўйича миллий ҳаракат режасини, биринчи навбатда, экологик жиҳатдан ноқулай ҳудудларда амалга оширишда фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, ичимлик суви ва очиқ сув ҳавзаларидаги сув сифатини мониторинг қилиш ҳамда уларнинг лаборатория назорати кучайтирилади, ичимлик суви сифатининг кимёвий ва микробиологик кўрсаткичлар бўйича санитария назорати тизими жорий этилади.

2013 йилга мўлжалланган Инвестиция дастурида 143 тиббиёт объектини барпо этиш ва реконструкция қилиш, кунига 10 145 кишини қабул қиладиган амбулатория-поликлиника муассасаларини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Уларни ташхис қўйиш ва даволаш бўйича жаҳон стандартларига мувофиқ жиҳозлаш ҳамда қайта жиҳозлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда Инвестиция дастурига киритилган бешта инвестиция лойиҳаси асосида умумий қиймати 40,5 миллион АҚШ долларига тенг тиббиёт асбоб-ускуналарини харид қилиш ва етказиб бериш режалаштирилган. Шу мақсадда хорижий шериклар билан ҳамкорликда амалга оширилаётган қатор лойиҳалар ва дастурларни рўёбга чиқариш давом эттирилади.

«Обод турмуш йили» Давлат дастури соғлиқни сақлаш миллий тизими ва унинг барча йўналишларини янада ривожлантиришга доир  кенг кўламли чора-тадбирларни ўз ичига олган. Уларнинг амалга оширилиши эса аҳоли саломатлиги ва фаровонлигини, демак, мамлакатимиз равнақини таъминлаш Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналиши эканлигининг яна бир ёрқин далилидир.

 

*Ўзбекистон Республикаси Президентининг 14.02.2013 йилдаги ПҚ-1920-сон қарори билан тасдиқланган.

ЎзА материали асосида тайёрланди.

Прочитано: 4027 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика