Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 4 / Божхона

Чинакам бахт – ҳалолликда

Мардлик, жасорат, фидойилик эр кишини юксак зафарларга чорлайди. Божхона органларида хизматни бошлаганига тўққиз йил бўлган кичик инспектор-кинолог, катта сержант Шавкат Жумаевни эл орасида ҳурматга сазовор қилган ҳам айни шу фазилатлар бўлди. У хизмат фаолиятида эришган ютуқлари туфайли ўтган йили мустақиллик тантаналари арафасида Президентимиз Фармонига биноан «Шуҳрат» медали билан тақдирланди.

Қашқадарёнинг сўлим Ғузор туманида туғилиб ўсган Шавкат Қўқон автомобиль йўллари техникумини тугатиб, Сурхондарё вилоятига ҳарбий хизматга йўл олди. Бу йиллар давомида ҳарбийларга хос тартиб-интизом ва қатъиятга кўниккан Шавкат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларда фаолият юритишга қарор қилди ва ҳужжатларини Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси кадрлар бўлимига топширди.

Ҳа, у касб танлашда осонига интилмади, енгил йўлни танламади. Аксинча, болаликдан ўзига содиқ дўст деб билган вафодор жониворлар – итларга бўлган қизиқиши ва меҳрига таяниб, машаққатли, аммо шарафли касб эгаси – кинолог бўлишга қарор қилди. Жониворларга бўлган меҳр унга отаси – узоқ йиллар давомида қишлоқда ветеринар бўлиб ишлаган Қўлдош акадан ўтган бўлса не ажаб.

Касб сирларини пухта эгаллашга интилган ёш ходим устозларининг насиҳатлари-ю, йўл-йўриқларига амал қилди. 2004 йилда Ш.Жумаев гиёҳванд моддаларни қидириш йўналишида тўрт ойлик ўқув курсларида таҳсил олиш учун пойтахтимиздаги Миллий кинология марказига юборилди. Мамлакатимиз Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Марказий Осиёда ягона ҳисобланмиш ушбу Марказ Шавкатнинг хизмат фаолиятида ўзига хос туб бурилиш ясади.

Бу ерда замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланишни ўрганди, ҳар хил шарт-шароитларда ва турли вазиятлардаги амалий машғулотларда иштирок этди. Бунга қадар унинг итлар билан боғлиқ билимлари кўпроқ ҳаётий кузатувлари асосида шаклланган бўлса, бу ерда билимлари ҳам назарий, ҳам амалий жиҳатдан янада мустаҳкамланди.

Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси «Қарши-Керки» чегара божхона постида фаолият кўрсатиб келаётган қаҳрамонимиз касб маҳоратини аъло даражада ўзлаштирди деб айтишга тўлиқ асосимиз бор. Узоққа бормайлик, 2011 йил давомида Ш.Жумаев томонидан ҳамкасблари билан ҳамкорликда ноқонуний тарзда сақланаётган ҳамда сарҳадларимиз чегарасидан олиб ўтишга уринилган 3 турдаги 30 граммга яқин гиёҳвандлик моддалари фош қилинди.

2012 йилда эса 6 ҳолатда Ш.Жумаев иштирокида ноқонуний сақланаётган 68 туп наша ўсимлиги, 3,6 грамм марихуана ҳамда 1,29 грамм героин гиёҳванд воситалари аниқланиб, ушбу ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилди.

2011 йил 11 апрель. Қарши шаҳри, Ўзбекистон кўчаси. Кўча четида божхоначилар томонидан яширин кузатувга олинган «Москвич» автомашинасида Т.Туев навбатдаги мижозини кутар эди. Ниҳоят, мижоз келди. Шу заҳоти тезкор тадбир ҳам «старт» олди. Ш.Жумаев ўзига бириктирилган вазифани бажаришга киришди: Рей лақабли хизмат итини ишга солди. Эгасига садоқатли Рей бир зумда автомашина салонининг кўз илғамас бўшлиқларига 4 дона гугурт қутиларда салкам 26 грамм марихуана моҳирлик билан яширилганини аниқлади.

2011 йил 5 август. Қарши темир йўл контейнер майдони. Божхоначилар хорижга кўчиб кетаётган Д.Муслимовнинг уй-рўзғор буюмларини ўрнатилган тартибда божхона кўригидан ўтказишди. Исни бехато олган Рей бу гал ҳам ишончни оқлади: меҳмонга отланган фуқаронинг буюмлари орасидан 3,3 грамм гиёҳванд моддалари чиқди.

2012 йил 23 июнь. Косон тумани. Божхоначи ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари ҳамкорлигида олдиндан олинган тезкор маълумотлар асосида Б.Диёровнинг хонадони холислар иштирокида кўздан кечирила бошланди. Ш.Жумаевнинг Линда лақабли хизмат ити кўмагида бир зумда ушбу хонадонда 68 туп наша ўсимлиги етиштирилаётганлиги фош қилинди.

– Ҳеч бир эзгу иш бесамар кетмас экан. Мустақиллигимизнинг 21 йиллиги арафасида Президентимиз Фармони билан давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири – «Шуҳрат» медалига сазовор бўлганимни илк бор эшитганимда, отамнинг болаликдан қулоғимизга қуйиб келган ўгитларини ёдга олдим: «Ҳалол меҳнат кишига чинакам бахт келтиради!».  Президентимиз, давлатимиз томонидан билдирилган ишончни оқлаб яшаш бундан кейин ҳам ҳаётим мазмунига айланиб бораверади.

Шавкат нафақат ўз касби орқали, балки намунали ва мустаҳкам оиласи билан ҳам кўпчиликка ўрнак. Бугунги кунда у турмуш ўртоғи Замирахон билан биргаликда бир ўғил ва бир қизни тарбиялаб, вояга етказмоқда.

Ҳусен ТАНГРИЕВ,

                                                                                                                                  ДБҚ Матбуот хизмати катта инспектори.

Прочитано: 2537 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика