Norma.uz
Газета СБХ / 2013 год / № 4 / Солиқ солиш

2013 йилда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларининг ўзгариши тўғрисида, шунингдек солиқ солишнинг айрим масалалари бўйича АХБОРОТ

Давлат солиқ қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг 2013 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида»ги ПҚ–1887-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2013 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги, шунингдек солиқ ҳисоботини тақдим этиш даврийлиги қисқартирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–343-сонли ва 2012 йил 29 декабрдаги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги ЎРҚ–345-сонли қонунларига мувофиқ, 2013 йилда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкаларидаги асосий ўзгаришлар, шунингдек солиқ солишнинг айрим масалалари тўғрисида маълум қилади.

I.  Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича

1.  Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 7-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкаси 2012 йилги даражасида – 9 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Тижорат банклари учун ҳам ставка 2012 йилги даражада – 15 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Хизмат кўрсатиш соҳаси корхоналари учун пластик карталар қўлланиб ҳақ тўланган ҳолда кўрсатилган хизматлар ҳажми бўйича белгиланган ставка 10 фоизга камайтирилиши сақланиб қолинди.

2.  Экспорт қилувчи корхоналар учун фойда солиғи бўйича 2012 йилда амал қилган, реализациянинг умумий ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган товарларнинг (ишлар, хизматларнинг, уларни бажариш, кўрсатиш жойидан қатъи назар) эркин алмаштириладиган валютадаги экспорти улушига боғлиқ ҳолда солиқ солишнинг регрессив шкаласи сақланиб қолинди, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ–1871-сон Фармони билан тасдиқланган рўйхатдаги хом ашё товарлари мустасно. Экспорт улуши:

–  сотишнинг умумий ҳажмида 15 фоиздан 30 фоизгача бўлганда, белгиланган ставка 30 фоизга пасайтирилади;

–  сотишнинг умумий ҳажмида 30 фоиз ва ундан кўп бўлганда, белгиланган ставка 50 фоизга пасайтирилади.

3.  Аукционлар ўтказишдан, гастроль-концерт фаолияти билан шуғулланишга лицензияси бўлган юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромад олувчи юридик шахслар учун фойда солиғи ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 35 фоиз миқдорида белгиланди.

4.  Ўзбекистон Республикаси резидентларига дивидендлар ва фоизлар кўринишида тўланадиган даромадларга солиқ ставкаси 10 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

 

II.  Жисмоний шахслардан

олинадиган даромад солиғи бўйича

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг кам ставкаси 1 фоизли пунктга пасайтирилди, ўртача ва энг юқори ставкалари эса 2012 йил даражасида сақланиб қолинди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 8-иловасига мувофиқ қуйидаги миқдорларда тасдиқланди:

 

 

Солиқ солинадиган даромад

Солиқ ставкаси

энг кам иш ҳақининг беш бараваригача миқдорда

даромад суммасининг 8 фоизи

энг кам иш ҳақининг беш бараваридан (+1 сўм) ўн бараваригача миқдорда

беш баравар миқдордан солиқ + энг кам иш ҳақи миқдорининг беш бараваридан ошадиган сумманинг 16 фоизи

энг кам иш ҳақининг ўн бараваридан

(+1 сўм) ва ундан юқори миқдорда

ўн баравар миқдордан солиқ + энг кам иш ҳақи миқдорининг ўн бараваридан ошадиган сумманинг 22 фоизи

 

Бунда солиқ солинадиган даромадлар гуруҳлари бўйича солиқ солиш шкаласи йил бошига – 2013 йил 1 январга белгиланган энг кам иш ҳақи (79  590 сўм) миқдоридан келиб чиқиб аниқланади ва йил давомида энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарганда қайта кўриб чиқилмайди.

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини ҳисоблаб чиқариш мақсадида энг кам иш ҳақи миқдори йил бошидан ортиб борувчи якун билан (йил бошидан бошлаб тегишли даврнинг ҳар бир ойи учун энг кам иш ҳақи суммаси) ҳисобга олинади.

Белгиланган ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланган ва бюджетга тўланиши лозим бўлган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммаси, солиқ солинадиган даромадлардан 1 фоиз миқдорида ҳисоблаб чиқарилиб фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига ўтказиладиган ҳар ойлик мажбурий бадаллар суммасига камайтирилади.

 

III.  Ягона солиқ тўлови бўйича

1.  Ягона солиқ тўловининг ставкалари микрофирмалар ва кичик корхоналар учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 9–1-иловасига мувофиқ, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари учун 9–2-иловасига мувофиқ ҳамда корхоналарнинг алоҳида тоифалари учун 9–3-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

Иқтисодиётнинг барча тармоқларидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2012 йилги даражада – 6 фоиз миқдорида сақланиб қолинди, бундан 9–1-илованинг 2–10-банд­ларида назарда тутилганлар мустасно.

Саноат соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2012 йилги даражада – 5 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Оммавий ахборот воситалари таҳририятлари, наш­риётлар, матбаа корхоналари, телерадиоузатиш компаниялари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2012 йилги даражада – 5 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Божхона расмийлаштируви бўйича хизматлар кўрсатувчи юридик шахслар (божхона брокерлари) учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

2.  Компьютер дастурий маҳсулотларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси умумий ҳажмининг камида 80 фоизини ташкил этадиган корхоналар учун 5 фоиз миқдорида имтиёзли ставкалар сақланиб қолинди.

3.  Экспорт қилувчи кичик корхоналар (микрофирмалар) учун ягона солиқ тўлови бўйича 2012 йилда амал қилган, реализациянинг умумий ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган товарларнинг (ишлар, хизматларнинг, уларни бажариш, кўрсатиш жойидан қатъи назар) эркин алмаштириладиган валютадаги экспорти улушига боғлиқ ҳолда солиқ солишнинг регрессив шкаласи сақланиб қолинди, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ–1871-сон Фармони билан тасдиқланган рўйхатдаги хом ашё товарлари мустасно. Экспорт улуши:

–  сотишнинг умумий ҳажмида 15 фоиздан 30 фоизгача бўлганда, белгиланган ставка 30 фоизга пасайтирилади;

–  сотишнинг умумий ҳажмида 30 фоиз ва ундан кўп бўлганда, белгиланган ставка 50 фоизга пасайтирилади.

4.  Гастроль-концерт фаолияти билан шуғулланишга лицензияси бўлган юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромад олувчи микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 30 фоиз миқдорида белгиланди.

5.  Қуйидаги микрофирма ва кичик корхоналар учун:

тайёрлов ташкилотлари, брокерлик идоралари (қимматли қоғозлар бозорида брокерлик фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар бундан мустасно) ҳисобланадиган, шунингдек воситачилик, топшириқ шартномаси ва воситачилик хизматларини кўрсатишга доир бошқа шартномалар бўйича воситачилик хизматларини кўрсатувчи корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 33 фоиз миқдорида белгиланди;

қимматли қоғозлар бозорида брокерлик фаолиятини амалга оширадиган корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 13 фоиз миқдорида белгиланди.

Бунда ушбу бандда кўрсатилган микрофирма ва кичик корхоналар учун солиқ солинадиган база ҳақ суммаси (ялпи даромад) кўринишида аниқланади.

6.  Озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат товарларини сотиш учун турғун савдо шохобчаларини ижарага беришга ихтисослашган (ижарага беришдан олинадиган даромад 60 фоиздан юқори бўлган) корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 2012 йилги даражада – солиқ солинадиган базага нисбатан 30 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

7.  Умумий овқатланиш корхоналари учун ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 10 фоиз, умумтаълим мактаблари, мактаб-интернатлар, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий ўқув юртларига хизмат кўрсатувчи ихтисослашган умумий овқатланиш корхоналари учун эса – солиқ солинадиган базага нисбатан 8 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

8.  Қуйидаги жойларда жойлашган чакана савдо корхоналари учун (бундан чакана дорихона ташкилотлари мустасно):

аҳолиси сони 100 минг ва ундан кўп кишидан иборат шаҳарларда – ягона солиқ тўлови ставкаси 4 фоиз миқдорида сақланиб қолинди;

бошқа аҳоли пунктларида – ягона солиқ тўлови ставкаси 2 фоиз миқдорида сақланиб қолинди;

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда – ягона солиқ тўлови ставкаси 1 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

9.  Улгуржи савдо корхоналари учун (бундан улгуржи дорихона ташкилотлари мустасно) жойлашган жойидан қатъи назар ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

10.  2013 йилнинг 1 январидан бошлаб ихтисослашган «Шаробсавдо» ҳудудий базалари учун чакана ва улгуржи товар айланмаси бўйича ягона солиқ тўлови ставкаси 5 фоиз миқдорида белгиланди.

11.  Улгуржи ва чакана савдо қилувчи дорихона ташкилотлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси жойлашган жойига қараб:

аҳолиси сони 100 минг ва ундан кўп кишидан иборат шаҳарларда – 3 фоиз миқдорида;

бошқа аҳоли пунктларида – 2 фоиз миқдорида;

бориш қийин бўлган ва тоғли туманларда – 1 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

12.  Аҳоли пунктларини бориш қийин бўлган ва тоғли туманларга киритиш Аҳоли пунктларини бориш қийин бўлган ва тоғли ҳудудлар таркибига киритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ томонидан 2008 йил 11 ноябрда 1868-сон билан рўйхатдан ўтказилган) мувофиқ амалга оширилади.

13.  Хизмат кўрсатиш соҳаси, умумий овқатланиш, чакана савдо корхоналари, шу жумладан чакана дорихона ташкилотлари учун (улгуржи савдо ва улгуржи дорихона муассасаларидан ташқари) пластик карталар қўлланиб ҳақ тўланган ҳолда сотилган товарлар (кўрсатилган хизматлар) ҳажми бўйича белгиланган ставкани 10 фоизга пасайтирилиши сақланиб қолинди.

14.  2013 йилнинг 1 январидан бошлаб барча ягона солиқ тўлови тўловчилар учун (чакана савдо корхоналари бундан мустасно) ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблашда ягона база этиб, улар эгаллаб турган ер участкаси майдонидан келиб чиқиб ҳисобланадиган ер солиғининг уч карра миқдоридаги сумма белгиланди. Бунда чакана савдо корхоналари учун айнан шу турдаги фаолиятни амалга оширувчи якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тўланадиган қатъий белгиланган солиқ суммасидан келиб чиқиб ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблаш тартиби сақланиб қолинди.

15.  Лотереялар ташкил этиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи корхоналар (мазкур фаолият тури доирасида) учун ягона солиқ тўлови ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 33 фоиз миқдорида белгиланди.

 

IV.  Қатъий белгиланган солиқ бўйича

Юридик ва жисмоний шахслардан тадбиркорлик фаолиятининг айрим турлари бўйича олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари ва юридик шахс­ни ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркорлар)дан олинадиган қатъий белгиланган солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорига 10 ва 11-иловаларга мувофиқ тасдиқланди.

2013 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича қатъий белгиланган солиқ ставкаси қуйидагича пасайтирилди (Тошкент шаҳри бундан мустасно):

вилоятлардаги шаҳарларга – 1 кв.метр учун ойига ЭКИҲнинг 0,09 дан 0,06 бараваригача;

туманлар, шу жумладан қишлоқ жойларига – 1 кв.метр учун ойига ЭКИҲнинг 0,06 дан 0,04 бараваригача.

2013 йил 1 январдан бошлаб қатъий белгиланган солиқ тўловчиларнинг барча тоифалари учун қатъий белгиланган солиқ ставкаси йил бошига – 2013 йил 1 январига белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан (79 590 сўм) келиб чиқиб аниқланади ва йил давомида энг кам иш ҳақи миқдори ўзгарган тақдирда қайта кўриб чиқилмайди.

Жисмоний шахслар томонидан якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият турлари амалга оширилганлиги ҳолатлари аниқланган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари қатъий белгиланган солиқни тегишли фаолият тури бўйича белгиланган ставкадан келиб чиқиб йиллик миқдорда бир йўла ундирадилар, бундан жисмоний шахс давлат рўйхатидан ўтмасдан фаолият кўрсатаётганлиги аниқланган санадан бошлаб ўттиз кун ичида белгиланган тартибда якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтганлиги ҳолатлари мустасно. Бундай жисмоний шахсга ҳисоблаб ёзилган йиллик қатъий белгиланган солиқ суммасини Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси томонидан белгиланган тартибда ушбу давр учун қатъий белгиланган солиқ бўйича келгусидаги солиқ мажбуриятлари ўрнига ўн икки ой мобайнида тўлаш ҳуқуқи берилади.

 

V.  Қўшилган қиймат солиғи бўйича

ҚҚС ставкаси 20 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

 

VI.  Акциз солиғи бўйича

Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқариладиган акцизли товарларга акциз солиғи ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб келинадиган акцизли товарларга акциз солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорига 12–1 ва 12–2-иловаларга мувофиқ тасдиқланди.

Акциз солиғи ставкалари республикада ишлаб чиқариладиган табиий винога – 5 фоизга, қувватланган вино, спирт, пивога – 15 фоизга, коньяк, ароқ ва бош­қа алкоголь маҳсулотларига – 20 фоизга, фильтрли, фильтрсиз сигареталар ва папиросларга – 25 фоизга, ўсимлик (пахта) ва техник ёғига – 10 фоизга индексация қилинди.

 

VII.  Сув ресурсларидан

фойдаланганлик учун солиқ бўйича

Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 13-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

2012 йилда амал қилган солиқ ставкалари 1,2 бараварга индексация қилинди.

 

VIII.  Ер қаъридан фойдаланувчилар учун солиқ ва махсус тўловлар

а)  ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ бўйича:

ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 14-иловасига биноан тасдиқланди.

Ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2012 йилда амал қилган ставкалар даражасида сақланиб қолинди.

б)  бонуслар бўйича:

2013 йилда:

–  фойдали қазилмаларни аниқлаш ва қидириш фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи учун энг кам иш ҳақининг 100 дан 10  000 бараваригача миқдорда белгиланган имзоланадиган бонуснинг энг кам ставкалари;

–  тижоратбоп топилма бонуси ставкаси солиқ солинадиган базага нисбатан 0,1 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

в)  қўшимча фойда солиғи бўйича:

Катодли мис, табиий газ, полиэтилен гранулалари, цемент (оқ цемент ва муқобил ёқилғи – кўмир асосида ишлаб чиқарилган цементдан ташқари) ва клинкер бўйича қўшимча фойда солиғи ставкалари 2012 йил даражасида сақланиб қолинди.

 

IX.  Мол-мулк солиғи бўйича

1.  Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 17-иловасига мувофиқ 3,5 фоиз миқдорида белгиланди.

Белгиланган (норматив) муддатларда ўрнатилмаган асбоб-ускуналар учун мол-мулк солиғи икки баравар ставкада тўланади.

2.  Экспорт қилувчи корхоналар учун мол-мулк солиғи бўйича 2012 йилда амал қилган, реализациянинг умумий ҳажмида ўзи ишлаб чиқарган товарларнинг (ишлар, хизматларнинг, уларни бажариш, кўрсатиш жойидан қатъи назар) эркин алмаштириладиган валютадаги экспорти улушига боғлиқ ҳолда солиқ солишнинг регрессив шкаласи сақланиб қолинди, бундан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 10 октябрдаги ПФ–1871-сон Фармони билан тасдиқланган рўйхатдаги хом ашё товарлари мустасно. Экспорт улуши:

–  сотишнинг умумий ҳажмида 15 фоиздан 30 фоизгача бўлганда, белгиланган ставка 30 фоизга пасайтирилади;

–  сотишнинг умумий ҳажмида 30 фоиз ва ундан кўп бўлганда, белгиланган ставка 50 фоизга пасайтирилади.

Бунда тугалланмаган қурилиш ва белгиланган (норматив) муддатларда ишга туширилмаган асбоб-ускуналар қийматига нисбатан пасайтирилган ставкалар қўлланилмайди.

3.  Жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ставкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 18-иловасига мувофиқ мол-мулкнинг инвентаризация қийматига нисбатан 1,04 фоиз (2012 йилда 0,9 фоиз бўлган) миқдорида белгиланди.

2013 йилда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича алоҳида ставкалар шаҳарларда жойлашган умумий майдони 200 кв.метрдан 500 кв.метргача бўлган турар жой ва квартираларга 1,1 фоиздан 1,25 фоизгача, майдони 500 кв.метрдан ортиқ бўлган уй-жой учун эса 1,35 дан 1,55 фоизгача оширилди.

Жисмоний шахслар мол-мулкининг баҳолаш органлари томонидан аниқланган инвентаризация қиймати мавжуд бўлмаганда, солиқни ундириш учун Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида 18 480,0 минг сўм миқдорида, бошқа шаҳар ва қишлоқ жойларда эса 8 030,0 минг сўм миқдорида мол-мулкнинг шартли қиймати қабул қилинади.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олувчи органларда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилмаган янги қурилган турар жойлар бўйича жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ мол-мулкнинг шартли қийматидан келиб чиқиб икки баравар миқдорида ундирилади.

Жисмоний шахслар томонидан солиқ солинадиган объектлардан тадбиркорлик фаолияти учун фойдаланилганда ёхуд улар юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берилганда, шунингдек жисмоний шахслар томонидан турар жой фонди объектлари нотурар жой фонд тоифасига ўтказилганда ёки улар томонидан нотурар жой фонди объектлари (бинолар, бинодаги хоналар) мулк сифатида харид қилинганда жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ юридик шахслар учун белгиланган ставка бўйича тўланади.

 

X.  Ер солиғи бўйича

Ер солиғи ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 19-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

2012 йилда амал қилган солиқ ставкалари 1,15 бараварга индексация қилинди.

Бунда ягона ер солиғини тўлашга ўтмаган қишлоқ хўжалиги корхоналари бўйича суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ундириладиган ер солиғи ставкаси суғориладиган қишлоқ хўжалиги ерлари учун ер солиғининг базавий ставкаси ва 19-иловадаги 1-жадвали бўйича ер участкасининг сифат характеристикаси (балл-бонитет)ни ҳисобга оладиган тузатиш коэффициентидан келиб чиқиб аниқланади.

7 ва 8-жадвалларда келтирилган ставкаларга ер участкалари жойлашган жойидан келиб чиқиб қуйидаги коэффициентлар қўлланилади: Тошкент шаҳри атрофида 20 км радиусда – 1,30, Қорақалпоғистон Республикаси пойтахти ва вилоят марказлари атрофида 15 км радиусда – 1,20, туман марказлари атрофида 10 км радиусда – 1,15, бошқа шаҳарлар атрофида 5 км радиусда – 1,10.

Ер участкаларигача бўлган масофа шаҳарлар ва туман марказларининг автомобиль йўллари бўйича маъмурий чегараларидан бошлаб белгиланади. Агар ер участкаси икки шаҳар яқинида жойлашган бўлса, шаҳарнинг юқорироқ функционал вазифасига мувофиқ келадиган коэффициент қўлланилади.

 

XI.  Ягона ер солиғи бўйича

Қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи ставкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 20-иловасига мувофиқ белгиланди.

Қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматидан келиб чиқиб ягона ер солиғини тўловчи қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари учун ягона ер солиғи ставкаси 2012 йил даражасида – қишлоқ хўжалиги ерларининг норматив қийматидан 6 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Бунда жамоат иморатлари ва ҳовлилари билан банд бўлган ерлар бўйича баҳолаш 2,0 коэффициентини қўллаган ҳолда амалга оширилади.

Белгиланган мезонларга мувофиқ ягона ер солиғи тўловчилари жумласига кирувчи балиқчилик хўжаликлари ягона ер солиғини суғориладиган ерларнинг туман бўйича ўртача норматив қийматидан келиб чиқиб тўлайди.

XII.  Жойлардаги маҳаллий ҳокимият органлари томонидан жорий этиладиган маҳаллий солиқлар ва йиғимлар бўйича

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 21-иловасига мувофиқ, 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб маҳаллий солиқлар ва йиғимларнинг чегараланган миқдорлари қуйидагича белгиланди:

1.  Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи соф фойданинг 8 фоизи миқдорида сақланиб қолинди.

2.  Транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ бензин ва дизель ёқилғисининг 1 литри учун 200 сўмдан 240 сўмга оширилди, суюлтирилган ва сиқилган газ бўйича эса 2012 йилги даражада сақланиб қолинди.

Юридик ва жисмоний шахсларга автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари орқали бензин, дизель ёқилғиси ва газ сотишда транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ нархи транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқни ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

3.  Айрим турдаги товарлар (алкоголли маҳсулотлар ҳамда қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ясалган буюмлар) билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун йиғим ставкалари сақланиб қолинган.

4.  Автотранспорт воситаларини вақтинча сақлаш бўйича пулли хизматларни кўрсатиш ҳуқуқи учун йиғим 2012 йилда белгиланган миқдорда сақланиб қолинди.

 

XIII. Бюджетдан ташқари

жамғармаларга мажбурий

ажратмалар бўйича

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Республика йўл жамғармаси ҳамда Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар объектлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 22-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

1.  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига йиғимлар ва ажратмалар ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 23-иловасига мувофиқ тасдиқланди.

2.  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш ҳажмидан мажбурий ажратмалар ставкаси 2012 йил даражасида 1,6 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

3.  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика йўл жамғармасига товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш ҳажмидан мажбурий ажратмалар ставкаси 2012 йил даражасида 1,4 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

4.  Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига товарлар (ишлар, хизматлар)ни реализация қилиш ҳажмидан мажбурий ажратмалар ставкаси 2012 йил даражасида 0,5 фоиз миқдорида сақланиб қолинди.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар бўйича хўжалик субъектларига қонунчиликда аввал берилган имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмаларга ҳам татбиқ этилади.

 

XIV.  Ижтимоий суғуртага мажбурий бадаллар ва ажратмалар бўйича

1.  Ягона ижтимоий тўлов ставкаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил  25 декабрдаги ПҚ-1887-сонли қарорининг 24-иловасига мувофиқ 25 фоиз даражада сақланиб қолинди.

Бунда ягона ижтимоий тўлов суммаси қуйидаги миқдорларда тақсимланади:

 

 

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси

24,8%

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси

0,1%

Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси Кенгаши

0,1%

 

2.  2013 йил учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тўлов кўринишидаги фуқароларнинг даромадларидан мажбурий суғурта бадаллари ставкаси 2012 йилда амал қилган 5,5 фоиз ўрнига 6 фоиз миқдорида белгиланди.

 

XV.  Солиқ солишнинг

алоҳида масалалари бўйича

1.  Юридик шахслар учун кўчмас мулкни ижарага топширишдан тушадиган даромадларни солиққа тортишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинди, унга мувофиқ мазкур даромадлар шартнома бўйича ўрнатилган ижара ҳақи суммасидан келиб чиққан ҳолда белгиланади, аммо давлат кўчмас мулкидан фойдаланганлик учун тўланадиган ижара ҳақининг энг кам ставкалари бўйича ҳисоблаб чиқилган миқдордан паст бўлмаслиги керак.

Уй-жойни ижарага берувчи жисмоний шахслар учун ижара ҳақининг ставкалари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 25-иловасига мувофиқ белгилаб қўйилган.

2.  Ундиришни солиқ тўловчиларнинг мулкига қаратиш учун солиқ қарздорлигининг энг кам миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 26-иловасига мувофиқ белгиланди.

3.  Мобил алоқа хизмати кўрсатувчи юридик шахслар (уяли алоқа компаниялари) томонидан абонент рақамидан фойдаланганлик учун тўлов 2012 йил амалда бўлган ойига 400 сўм миқдор ўрнига 500 сўм миқдорда белгиланган бўлиб, маблағлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 27-иловасига мувофиқ тақсимланди.

4.  2013 йилнинг 1 январидан бошлаб:

«Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси автомобиль газ тўлдиргич компрессор станцияларига (шу жумладан ўз балансида автомобиль газ тўлдиргич компрессор станциялари бўлган юридик шахсларга) сотадиган табиий газнинг улгуржи-сотиш нархига қўшимча равишда ҳар куб метри учун 200 сўм миқдорда солиққа тортилмайдиган махсус инвестиция устама ҳақи белгиланди.

Бунда махсус инвестиция устама ҳақи «Ўзтрансгаз» АК томонидан «Ўзбекнефтгаз» миллий холдинг компаниясининг махсус счётига ўтказилади ҳамда инвестиция дастурларига киритилган объектларни молиялаштириш, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашда, шунингдек ушбу мақсадларга жалб этилган кредитлар ва бюджет қарзларини тўлашда фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси билан ҳамкорликда махсус инвестиция устама ҳақини «Ўзбекнефтгаз» МХКнинг махсус счётига ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом ишлаб чиқилади ҳамда Адлия вазирлигидан давлат рўйхатидан ўтказилганидан сўнг солиқ тўловчилар эътиборига ҳавола этилади.

«Ўзнефтмаҳсулот» АК нефть базалари томонидан ажратилган лимитларга мувофиқ автомобиль бензини ва дизель ёқилғисини сотиш бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштириладиган ташкилотларга чакана нархларда, автомашиналарга ёнилғи қуйиш шохобчаларига эса – чегирмани ҳисобга олган ҳолда чакана нархларда амалга оширилади;

бензин ва дизель ёқилғисининг чакана ҳамда улгуржи нархлари ўртасида нефть базаларининг қўшимча нархлари ва чегирма миқдори чиқариб ташланганда ҳосил бўладиган тафовут бензин ва дизель ёқилғисини автомашиналарга ёнилғи қуйиш шохобчаларига сотилганида белгиланган тартибда нефтни қайта ишлаш заводларига ўтказилади.

5.  Давлат ҳокимияти ва маҳаллий давлат бошқаруви органларининг барча даражалардаги маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатларини шакллантиришдаги роли, мустақиллиги ва масъулиятини ошириш, маҳаллий бюджетларнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидаги улушини кўпайтириш мақсадида қуйидаги умумдавлат солиқлари ва бошқа даромадлар:

сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;

юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг тадбиркорлик фаолияти айрим турлари бўйича қатъий белгиланган солиқ;

юридик шахс бўлмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи жисмоний шахслар (якка тартибдаги тадбиркор)дан олинадиган қатъий белгиланган солиқ;

республикада ишлаб чиқариладиган пиво ва ўсимлик ёғига акциз солиғи;

давлат божлари, йиғимлар ва жарималар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 28-иловасига мувофиқ тўлиқ ҳажмда маҳаллий бюджетлар даромадларига ўтказилади.

6.  Ишловчи аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлашни иш берувчилар ҳисобига амалга оширишни назарда тутувчи тартиб 2014 йилнинг 1 январига қадар узайтирилди.

7.  2013 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга мувофиқ:

– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2009 йил 28 январдаги «Маҳаллий ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқариш кенгайтирилишини рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–1050-сон қарорининг 3-бандига аниқлаштирувчи норма киритилиб, унда ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашаётган корхоналар жумласига сотув ҳажмида ушбу товарларни ишлаб чиқаришдан тушум улуши ҳисобот даври якунлари бўйича камида 60  фоизини ташкил этадиган корхоналар кириши қатъий белгилаб қўйилди.

Амалда эса, 2009 йил 28 январдаги ПҚ–1050-сон қарори билан ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга 2014 йил
1 январгача бўлган даврда солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялари берилган бўлиб, ушбу қарорда айнан ноозиқ-овқат истеъмол товарлари ишлаб чиқарувчи корхоналар тоифасини ажратишда айрим ноаниқликлар бор эди.

– 2013 йилдан бошлаб, ягона солиқ тўловини тўловчи барча шахслар учун (чакана савдо корхоналаридан ташқари) ягона солиқ тўловининг энг кам миқдорини ҳисоблаш учун ягона база – улар эгаллаб турган ер участкаси майдонидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланадиган ер солиғининг уч карра миқдоридаги суммаси белгиланиши муносабати билан, Президентимизнинг 2010 йил 26 апрелдаги ПҚ–1326-сонли қарорининг 7-бандидан «хизмат кўрсатиш соҳаси»ни назарда тутувчи норма чиқариб ташланди.

– Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 2 июндаги 78-сонли қарори билан тасдиқланган Бинолар ва иншоотлар давлат кадастрини юритиш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-бандидан «солиқ солиш» сўзлари чиқариб ташланиб, кадастр ҳужжатлари бинолар ва иншоотлар билан фуқаролик-ҳуқуқий битишувларни амалга оширишда, уларни лойиҳалаштиришда ва бош­қа юридик ҳаракатларда ҳуқуқий, иқтисодий ва техник маълумотлар сифатида қабул қилиниши кераклиги тўғрисида аниқлаштирувчи норма киритилди.

–  Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 30 майдаги «Ўзбекистон ёшларининг «Камолот» ижтимоий ҳаракати фаолиятини ташкил этишга кўмаклашиш тўғрисида»ги 240-сонли қарорига мувофиқ шартномалар асосида ҳисобланган ягона солиқ тўловидан «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатини ривожлантириш жамғармасига ўтказиб бериладиган суммаси 5  фоиз ўрнига 8  фоиз қилиб белгиланди.

 

XVI.  Ўзбекистон республикасининг 2012 йил 25 декабрдаги ўрқ343-сонли қонунига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб:

1.  Юридик шахс хўжалик суди томонидан банкрот деб топилган тақдирда, тугатишга доир иш юритишнинг бутун даврида мол-мулк солиғи, ер солиғи, шунингдек аввал ҳисобланган ва ундирилмаган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеня ва жарималар ҳисоблаш тўхтатиб турилади.

Хўжалик судининг юридик шахсни банкрот деб топиш тўғрисидаги қарори мол-мулк солиғи, ер солиғи, шунингдек аввал ҳисобланган ва ундирилмаган солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар бўйича пеня ва жарималар ҳисоблашни тўхтатиш учун асос бўлади.

Юридик шахс банкротлиги тўғрисидаги ишни юритиш тугатилган ва унинг тўлов қобилияти тикланган тақдирда, хўжалик судининг банкротлик тўғрисидаги ишни юритишни тугатиш ҳақидаги қарори қабул қилинган санадан эътиборан, ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш амалга оширилади.

2.  Давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ тўловчининг мол-мулкига қуйидаги ҳолларда қаратилади:

– юридик шахс солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида солиқ қарзини узмаган тақдирда ва, агар ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган чораларни қўллаш натижасида мол-мулкка қаратиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан кўп бўлган суммадаги солиқ қарзи узилмай қолса;

–  жисмоний шахс солиқ қарзини узиш тўғрисидаги талабномани олган кундан эътиборан ўн кун ичида уни бажармаган тақдирда, давлат солиқ хизмати органлари жисмоний шахсдан солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ариза билан белгиланган тартибда судга мурожаат қилади, солиқ қарзи суммаси мол-мулкка қаратиш учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам миқдордан оз бўлган ҳоллар мустасно.

Ундиришни солиқ тўловчиларнинг мулкига қаратиш учун солиқ қарздорлигининг энг кам миқдорлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 25 декабрдаги ПҚ–1887-сонли қарорининг 26-иловасига мувофиқ белгиланган.

3.  Давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органига ёки судга шикоят бериш тегишинча шикоят бўйича давлат солиқ хизматининг юқори турувчи органи томонидан қарор қабул қилингунига ёки суднинг қарори қонуний кучга киргунига қадар шикоят қилинаётган қарорни ёки ҳаракатни ижро этишни, шу жумладан қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундиришни, шунингдек молиявий санкциялар қўлланилишини тўхтатиб туради.

4.  Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи суммасини, шунингдек энг кам иш ҳақининг каррали миқдорларида назарда тутилган имтиёзларни ҳисоблаб чиқариш учун энг кам иш ҳақи миқдорининг жорий йилнинг 1 январидаги ҳолати инобатга олинади.

5.  Мол-мулкини ижарага беришдан даромад олаётган жисмоний шахс, агар ушбу даромадларга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг тўлов манбаида солиқ солинмаса, белгиланган муддатларда жами йиллик даромад тўғрисида декларация тақдим этиш билан бир қаторда ижарадан даромадлар пайдо бўлган кундан эътиборан биринчи ой тугаганидан кейин беш кунлик муддатда дастлабки тарздаги декларация ҳам тақдим этишади.

Шунингдек, мол-мулкни ижарага беришдан даромадлар оладиган жисмоний шахслар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тақдим этилган дастлабки декларация асосида ҳар ойда даромад олинган ойдан кейинги ойнинг бешинчи кунигача тўлайдилар. Йил тугагач, жисмоний шахсларнинг даромадларидан олинадиган солиқнинг йиллик суммаси ҳақиқатда олинган даромад бўйича ҳисоблаб чиқарилади. Бу сумма билан йил мобайнида тўланган суммалар ўртасидаги фарқ келгуси йилнинг 1 июнидан кечиктирмай солиқ тўловчидан ундирилади ёки унга қайтарилади.

6.  Мижозларнинг ҳисобрақамларига банклар томонидан электрон масофали хизмат кўрсатиш бўйича хизматлар қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.

7.  Қўшилган қиймат солиғи, акциз солиғи, ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, транспорт воситалари учун бензин, дизель ёқилғиси ва газдан фойдаланганлик учун солиқ, ягона ижтимоий тўлов, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига ва Республика йўл жамғармасига ажратмалар, ягона солиқ тўлови бўйича ҳисоб-китоблар йилнинг ҳар чорагида уларнинг тўлов муддатлари сақланган ҳолда тақдим этилади.

8.  Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ҳисоб-китоблар йилда бир марта уларнинг тўлов муддатлари сақланган ҳолда тақдим этилади.

Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича жорий тўловларни ҳисоблаб чиқариш учун солиқ тўловчилар маълумотномаларни:

1)  сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича – жорий йилнинг 25 январигача;

2)  юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ бўйича – жорий йилнинг 10 январигача тақдим этади.

9.  Номоддий активлар мол-мулк солиғи солиш объектидан чиқариб ташланди.

Номоддий активларни солиқ солиш объектидан чиқарилиши муносабати билан улардан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам солиқ солиш объекти сифатида қаралмайди.

10.  Барча юридик шахслар учун ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлаш ва ҳисоблашнинг ягона тартиби белгиланди, яъни ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи суммасини ижтимоий инфратузилма объектларини сақлаш харажатлари суммасига камайтирмаган ҳолда белгиланди.

11.  Жисмоний шахслардан транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ «транспорт воситаларига бензин, дизель ёқилғиси ва газ ишлатганлик учун олинадиган солиқ» деб номланди.

12.  Умумбелгиланган солиқлар тўловчи микрофирмалар ва кичик корхоналар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига ва Республика йўл жамғармасига товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси миқдоридан мажбурий ажратмаларнинг тўловчиси ҳисобланмайди, бундан акциз тўланадиган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ солинадиган фойдали қазилмаларни қазиб олувчи микрофирмалар ва кичик корхоналар мустасно.

13.  Ҳаётни суғурталаш соҳасига тааллуқли шартномалар бўйича суғурта мукофотлари (бадаллари), қайта суғурта қилиш шартномалари бўйича топширилган тўловлар суммалари, шунингдек Солиқ кодексининг 150-моддаси 2 ва 4-бандларида кўрсатилган даромадлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига, Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига ва Республика йўл жамғармасига товарлар (ишлар, хизматлар) реализацияси миқдоридан мажбурий ажратмаларнинг тўлов объекти сифатида қаралмайди.

14.  Агар Солиқ кодексининг 352-моддасининг биринчи қисмида кўрсатилган ягона солиқ тўлови тўловчиларда жорий солиқ даврининг кетма-кет келувчи икки чораги давомида савдо фаолияти ва умумий овқатланиш соҳасидаги фаолият асосий фаолият тури бўлмаса, улар ушбу Кодекс 348-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган тартибга мувофиқ умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтишга ҳақли.

 

XVII.  Ўзбекистон республикасининг 2012 йил 29 декабрдаги ўрқ–345-сонли қонунига мувофиқ ўзбекистон республикасининг солиқ кодексига киритилган ўзгартиш ва қўшимчаларга асосан 2013 йилнинг 1 январидан бошлаб:

1.  Кредит уюшмалари кредит ташкилотлари сафидан чиқарилди.

2.  Солиқ қарзини ундириш учун суд ижрочилари томонидан инкассо топшириқномалари қўйилаётганда давлат солиқ хизмати органлари томонидан солиқ қарзининг шунга ўхшаш суммасига қўйилган инкассо топшириқномаларининг ижроси бекор қилинади.

3.  Тадбиркорлик фаолияти субъектлари бирлашмаларининг аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг солиқ текширувлари тадбиркорлик фаолияти субъектлари сўровига кўра мазкур бирлашмалар вакилларининг иштирокида амалга оширилиши мумкин.

4.  Давлат солиқ хизмати органи режали солиқ текшируви ўтказишнинг бошланиши ҳақида текширувни ўтказиш бошланишидан камида ўттиз календарь кун олдин тадбиркорлик субъектини текширувдан ўтказиш муддатлари ва предметини кўрсатган ҳолда, ёзма шаклда хабардор қилиши шарт.

5.  Тадбиркорлик субъекти томонидан белгиланган тартибда тақдим этилган молия ва солиқ ҳисоботини, шунингдек тадбиркорлик субъектининг фаолияти тўғрисида давлат солиқ хизмати органида мавжуд бўлган бошқа ҳужжатларни ўрганиш ҳамда таҳлил этиш асосида ўтказиладиган камерал назорат натижалари бўйича қоидабузарликлар аниқланган ҳоллардагина давлат солиқ хизмати органлари тадбиркорлик субъектларининг молия-хўжалик фаолиятини текшириш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

6.  Солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлаганидан кейин оилавий корхона иштирокчиси ихтиёрида қоладиган фойда суммаси жисмоний шахсларнинг мулкий даромадлари таркибига киради ва жисмоний шахсларнинг даромади сифатида солиққа тортилмайди.

7.  Давлат божи Ўзбекистон Республикаси фуқароларини турар жойга қайд этганлик ва рўйхатдан чиқарганлик, турган жойи бўйича ҳисобга олганлик учун, шунингдек чет давлатлар фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни турар жойга қайд этганлик ва рўйхатдан чиқарганлик учун ундирилади.

8.  Оилавий корхоналар солиқ солишнинг бошқа тартибини танлаш ҳуқуқисиз, ягона солиқ тўловини тўловчилари ҳисобланади.

9.  Ягона солиқ тўлови бўйича солиқ солинадиган база янги технологик асбоб-ускуналар олишга, сифатни бошқариш тизимларини жорий этишга, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мувофиқлигини сертификатлаштиришдан ўтказишга, лаборатория тестлари ва синовларини ўтказиш учун комплекслар олишга йўналтирилган маблағлар суммасига, бироқ солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25 фоизига камайтирилади.

Бунда солиқ солинадиган базани камайтириш юқорида кўрсатилган харажатлар амалга оширилган солиқ давридан бошлаб, технологик асбоб-ускуна бўйича эса у фойдаланишга топширилган пайтдан бошлаб беш йил ичида амалга оширилади.

Прочитано: 7118 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика