Бугун мамлакатимизда 29 банк, уларнинг 826 ҳудудий филиали ва 2 300 дан ортиқ мини-банклар, 9 000 дан зиёд банк инфратузилмаси ҳамда 84 банкдан ташқари кредит ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда.
Президентимиз Ислом Каримов томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси Ўзбекистон банк-молия тизимини янада мустаҳкамлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Унда мазкур тизимни янада мустаҳкамлаш, хусусий банклар ва хусусий мулкка асосланган лизинг, суғурта компаниялари, кредит уюшмалари, микромолиявий ташкилотлар каби молия институтлари фаолиятини ташкил этишнинг қонунчилик асосларини шакллантириш ҳисобидан банк-молия соҳасига хусусий капитални жалб қилишга доир чоралар кўриш зарурлиги белгиланган.
Шу муносабат билан 2012 йил 18 декабрда Ўзбекистон Республикасининг «Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуни кучга кирди. Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг юридик департаменти директорининг ўринбосари Жаҳонгир НУРМУРОДОВ Миллий ахборот агентлиги – ЎзА мухбирига янги Қонунни жорий этиш ва амалда қўллаш механизмлари ҳақида сўзлаб берди.
– Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мамлакатимизда мустақил миллий банк-молия тизимини ташкил этишга қаратилган ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда, – дейди Ж.Нурмуродов. – Бу борада кўрилган чора-тадбирлар натижасида мамлакатимизда халқаро стандартлар талабларига мос ва бугунги кунда изчил ривожланиб ва такомиллашиб бораётган замонавий молия моделини шакллантиришга эришилди.
Вашингтон шаҳрида жойлашган Халқаро валюта жамғармасининг янги тадқиқотлари ҳисоботининг натижаларига кўра, мамлакатимизда 100 минг нафар одамга тижорат банкларининг 48 хизмат кўрсатувчи бўлими тўғри келмоқда, 1 000 кишига омонат шартномалари сони бўйича кўрсаткич 1 026 тани ташкил қилади. Ўзбекистонга ушбу кўрсаткичлар бўйича юқори баҳо берилган ва шу сабабли мамлакатимиз Марказий Осиё давлатлари орасида банк бўлимлари сонига кўра етакчи ўринни эгаллади.
2012 йилда мамлакатимиз 27 тижорат банки, жумладан, саккизта хусусий банки етакчи халқаро рейтинг агентликларининг юқори «барқарор» рейтингларига эга бўлгани ҳам диққатга сазовор. Молия ташкилотларининг молиявий барқарорлигини кучайтириш ва уларнинг базасини узоқ муддатли ресурслар бўйича кенгайтиришга оид кўрилган чора-тадбирлар натижасида иқтисодиётнинг реал сектори, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини молиялаш суръати тезлашди.
Экспертларнинг фикрича, тижорат банкларининг инвестиция ва кредит фаоллиги бўйича фаолиятида ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Масалан, 2012 йилда иқтисодиёт реал секторига йўналтирилган кредитлар салмоғи 30,6 фоизга ўсди. Ажратилган кредитлар 86,3 фоизининг манбаини тижорат банкларининг ички ресурслари ташкил қилади. Бунда тижорат банкларининг кредит портфели сифатини яхшилашга доир тенденция ўсиб бораётганини қайд этиш жоиз. 3 йилдан ортиқ муддатга берилган узоқ муддатли, яъни инвестиция кредитлари улушининг кўпайгани бунинг исботидир. 2000 йилда кредит портфели умумий ҳажмида узоқ муддатли кредитлар 35 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йил якунлари бўйича бу кўрсаткич 75 фоизга етди.
Давлатимиз раҳбарининг 2000 йил 21 мартда қабул қилинган «Банк тизимини янада эркинлаштириш ва ислоҳ қилиш борасидаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонининг 10-бандига мувофиқ, вазирликлар ва идopaлap, маҳаллий ҳокимият ва бошқарув органлари раҳбарларининг тижорат банклари ва уларнинг филиаллари фаолиятига, шу жумладан филиалларнинг раҳбар ходимларини тайинлашга аралашишлари, банк маблағлари ҳисобидан турли хил тўловлар ва бадалларни талаб қилишлари ман этилган. Назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи органларнинг банк-кредит портфели ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқариш бўйича банкларнинг фаолиятига аралашишлари тақиқланган. Бу чекловлар янги қонунга хусусий банклар ва молия институтлари фаолиятига аралашмасликнинг кафолатлари сифатида киритилган.
Шуни таъкидлаш керакки, «Хусусий банк ва молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги қонунда ушбу субъектларни текшириш тартибига аниқлик киритилган. Назорат қилувчи органлар томонидан ўтказиладиган хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятини текширишлар қонун ҳужжатларига мувофиқ назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли органнинг қарорига биноан режали тартибда кўпи билан беш йилда бир марта амалга оширилиши мумкин.
Ушбу Қонуннинг 1-моддасига мувофиқ, унинг мақсади хусусий банк ва бошқа хусусий молия институтлари ҳамда улар фаолиятининг кафолатлари соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Хусусий банк ва молия институтларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, банк-молия соҳасига хусусий капитални жалб қилиш учун шарт-шароитлар яратиш, банк хизматлари ва бошқа молиявий хизматлар бозорида рақобатни кенгайтириш ҳамда мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш унинг асосий вазифалари ҳисобланади.
Қонуннинг 3-моддасида хусусий банклар ва молия институтларига таъриф берилган. Масалан, устав фондида (устав капиталида) муассислар (иштирокчилар) бўлган жисмоний шахсларнинг улуши камида эллик фоизни ташкил этиши лозим бўлган банклар ва бошқа кредит ташкилотлари, суғурта ташкилотлари, шунингдек, фақат молиявий хизматлар кўрсатувчи бошқа юридик шахслар хусусий банк ва молия институтлари ҳисобланади. Қонунда хусусий банк ва молия институтлари тадбиркорлик субъектлари экани қайд этилган. Устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган юридик шахслар, давлат органлари, шунингдек, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари, жамоат фондлари ва диний ташкилотлар хусусий банк ҳамда молия институтларининг муассислари (иштирокчилари) бўла олмайди.
Мазкур ҳужжатнинг 10-моддасида давлат хусусий банк ва молия институтларига моддий-техника, молиявий, меҳнат, ахборот ресурсларидан ва бошқа ресурслардан фойдаланиш учун тенг имкониятлар яратилишини, уларнинг тадбиркорлик фаолияти эркинлигини ҳамда ҳуқуқий жиҳатдан муҳофаза қилинишини кафолатлаши қайд этилган.
13-моддада эса хусусий банк ва молия институтларининг фаолиятига аралашмаслик кафолатлари мустаҳкамланган. Мисол учун, давлат органлари, бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахсларининг хусусий банк ва молия институтларининг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақи йўқ.
Мазкур Қонуннинг тўртинчи боби хусусий банк ва молия институтларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилади. Унга биноан қонун билан қўриқланадиган сирлар, ишбилармонлик обрўйи, интеллектуал фаолият ҳимоя қилинади, текширувлар ва уларни амалга оширадиган шахсларга нисбатан талаблар чекланади.
Масалан, 17-моддада хусусий банк ва молия институтлари ўз ишбилармонлик обрўйига путур етказадиган маълумотларга, агар бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, раддия берилишини суд орқали талаб қилишга ҳақли. Мисол учун, хусусий банк ва молия институтларининг ишбилармонлик обрўйига путур етказадиган маълумотлар оммавий ахборот воситаларида тарқатилган бўлса, уларга нисбатан раддия айни шу оммавий ахборот воситаларида берилиши лозим. Агарда ташкилотдан олинган ҳужжатда шундай маълумотлар бўлса, бундай ҳужжат алмаштирилиши ёки чақириб олиниши керак. Бошқа ҳолларда раддия бериш тартиби суд томонидан белгиланади.
Мухтасар айтганда, ушбу қонун хусусий банк ва молия институтлари учун тенг шароитлар яратиш, уларнинг фаолиятига тааллуқли давлат кафолатлари тизимини янада кучайтириш имконини беради. Бу чоралар, ўз навбатида, рақобатни кенгайтириш, банк ва бошқа молия хизматлари бозорида мижозларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, энг юксак халқаро стандартларга жавоб берадиган замонавий бозор инфратузилмасини ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга хизмат қилади.
ЎзА материали
асосида тайёрланди.