Кўп квартирали уйдаги жой эгаси ҳисобга олиш асбобларига ўрнатилган пломбаларнинг бут сақланиши учун жавобгардир. Пломбани бузиш ҳисоблагич ишига рухсатсиз аралашиш деб баҳоланиши мумкин. Бу эса жавобгарликни келтириб чиқаради – жарима тайинланиши муқаррар. Аммо пломба тасодифан шикастланган ҳолатлар ҳам мавжуд. Бундай вазиятда нима қилиш керак? Пломба бузилганлиги тўғрисида дарҳол бошқарув компаниясига хабар бериш керак. Бундай ҳаракатлар истеъмолчини қўшимча харажатлардан қутқариши мумкин. Россиянинг «Ньюс УКХ» портали ҳолатни аниқ мисол билан тушунтиради, унда фуқаро судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.
Квартира эгасининг ёш фарзанди тасодифан иссиқ сувни ҳисобга олишнинг индивидуал ускунасидаги антимагнит пломбани узиб олган. Жой мулкдори дарҳол бошқарувчи ташкилотга мурожаат қилди. Унинг айтишича, пломбанинг бузилиши тасодифий бўлган. Шунга қарамай, БК бу ҳолатга жиддий ёндашди ва ота-онани 92 000 рубль миқдорида жарима билан жазолади.
Жой мулкдори БКга нисбатан даъво аризаси билан судга мурожаат қилиб, жавобгарни қайта ҳисоб-китоб қилишга ва «ГВС» тизимига «рухсатсиз аралашув» учун қарздорликни квитанциядан чиқариб ташлашга мажбур қилишни талаб қилди.
Туман суди истеъмолчининг даъвосини қаноатлантиришни рад этди. Бироқ апелляция инстанцияси даъвогарнинг талабларига рози бўлиб, биринчи инстанция ҳал қилув қарорини бекор қилиб, янгисини қабул қилган ва даъво талабларини қаноатлантирган. Суд БКни тўлов ҳужжатларидан 92 000 рубль миқдоридаги ҳисоб-китобларни чиқариб ташлаб, қайта ҳисоб-китоб қилишга ва суд харажатларини қоплашга мажбур қилган.
БК апелляция ажрими устидан шикоят қилди:
1. Истеъмолчи ҳисобга олиш ускунасининг ишига рухсатсиз аралашганлик учун жавобгар бўлади.
2. Жавобгарлик истеъмолчининг назорат пломбаси ва антимагнит пломба индикаторини бузганлиги тўғрисида хабар беришидан (ёки хабар бермаслигидан) қатъи назар юзага келади.
3. Қонун пломба бузилганлиги ҳолати тўғрисида хабар бериш каби жавобгарликдан озод қилиш асосини назарда тутмайди. Акс ҳолда, ҳисобга олинмаган сув истеъмоли учун тўлов юкини ККУдаги бошқа жойларнинг мулкдорлари ўз зиммаларига олади, бу эса Россия Федерацияси Фуқаролик кодексига зиддир.
4. Пломбанинг йўқолиши даъвогарнинг виждонсизлигидан далолат беради. Ҳисобга олиш асбобига магнит таъсир этганлигини антимагнит индикаторни кўздан кечиришда тасдиқлаш ёки рад этиш мумкин. Бироқ даъвогар томонидан пломба йўқотилганлиги сабабли антимагнит индикаторни кўздан кечириш имкони бўлмади.
Кассация суди жавобгарнинг истеъмолчининг жавобгарлиги тўғрисидаги важини рад этди. Суд қуйидаги ҳолатларга эътибор қаратди:
• далолатнома БК томонидан режали текширув давомида эмас, балки даъвогарнинг ўзи ҳисоблагичдан магнитга қарши пломба узилганлиги тўғрисида хабар бериши муносабати билан тузилган бўлса;
• шикастланиш аниқлангандан сўнг, мулкдор зудлик билан бу ҳақда тегишли хизматга хабар бериб, истеъмолчи зиммасига юклатилган мажбуриятни бажарган;
• иш бўйича даъвогар томонидан ГВС истеъмолининг ҳақиқий ҳажми тўғрисидаги маълумотларнинг бузиб кўрсатилганлиги ва ушбу хизматнинг ҳисобга олинмаган истеъмоли тўғрисидаги далиллар мавжуд эмас.
