54 ёшда нафақага чиққанда ногиронни парвариш қилиш даврлари аёлларнинг иш стажига киритиладими?
– Йўқ, бу давр 54 ёшдан пенсияга чиққанда иш стажига киритилмайди. Чунки ушбу ёшда пенсия олиш ҳуқуқига «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (03.09.1993 й. 938-ХII-сон ЎРҚ 12-1-м., кейинги ўринларда – Қонун) 37-моддаси «а»–«г» бандларида назарда тутилган камида 20 йиллик иш стажи бўлган аёллар эга бўладилар. Яъни, 54 ёшда пенсияга чиқиш учун шу даврлардан жамланган 20 йиллик иш стажи зарур. I гуруҳ ногиронини парвариш қилиш даври Қонуннинг 37-моддаси «д» бандида назарда тутилган. Шунга кўра, у 54 ёшда пенсияга чиқиш ҳуқуқини аниқлаш учун иш стажига киритилиши мумкин эмас.
Лекин у 54 ёшдан бошлаб ёшга доир пенсияга чиқиш ҳуқуқи белгилангандан кейин иш стажига киритилади. Масалан, Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларига кўра иш стажи 20 йилни ташкил этди, бунда I гуруҳ ногиронини парвариш қилиш даври – 10 йил бор. Шунга кўра, пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажи 30 йилни ташкил этади. Қонуннинг 37-моддаси «а»–«г» бандларига кўра иш стажи 19 йилни ташкил этган тақдирда, 54 ёшдан пенсия олиш ҳуқуқи йўқ. Шунга кўра, I гуруҳ ногиронини парвариш қилиш даври ҳисобга олинмайди. Лекин у умумий асосларда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлгандан кейин, яъни 55 ёшда (19 йил + 10 йил = 29 йил) иш стажига киритилади.
Агар болалар ота-онасининг иккаласини ҳам йўқотган бўлса, уларга боқувчисини йўқотганлик пенсияси қандай ҳисобланади?
– Ота-онасининг иккаласини ҳам йўқотган (чин етим) болаларга тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияларини ҳисоблаш ота-онанинг иккаласи иш стажининг умумий муддатидан келиб чиқиб, Қонуннинг 27-моддаси «г» бандида кўрсатилган миқдорларда амалга оширилади.
Чунончи, Қонуннинг 27-моддаси «г» бандига мувофиқ боқувчисини йўқотганлик пенсияси оиланинг меҳнатга лаёқатсиз ҳар бир аъзоси учун боқувчининг пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 0,5%ига оширилади.
Ота-онасининг иккаласини ҳам йўқотган (чин етим) болаларга тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ошириш ҳар иккала ота-онанинг иш ҳақининг умумий суммасидан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг ўн икки баравари доирасида амалга оширилади.
Яъни, пенсия тайинлаш учун талаб этиладиган стаж ва талаб этиладиган стаждан ортиқча стаж учун пенсиянинг оширилиши иккала ота-онанинг умумий стажидан келиб чиқиб амалга оширилади.
Бундан ташқари, агар ота-онадан бирининг иш стажи ва иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган пенсия миқдори ота-онанинг умумий иш стажи ва иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдоридан кўп бўлса, у ҳолда ота-онадан бирининг иш стажи ва иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланган пенсиянинг энг кўп миқдори, чин етим мақоми сақланган ҳолда, мурожаат этувчининг танловига кўра тайинланади (Низом 99-б., 13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом).
Пенсионер республика доирасида бир шаҳардан бошқасига кўчиб ўтган тақдирда, у ПФга ариза ёзиши керакми ёки барча ахборот маълумотлар базаси орқали онлайн узатиладими?
– Кўчиб кетган пенсионернинг пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди Пенсия жамғармаси бўлимининг сўрови асосида почта орқали жўнатилади ёки пенсионернинг (ёки унинг ишончли вакилининг) ўзига берилади. Бунда унга пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилди билан бирга пенсияни тўлаш қайси муддатгача амалга оширилганлиги тўғрисида кузатув хати берилади (592-сон Низом 190-б.).
Кимлар муддатидан олдин пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга?
– Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига пенсия олиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг тасдиқланган рўйхатларига мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари эга бўлади:
• ёшидан қатъи назар;
• умумбелгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда;
• умумбелгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда.
Имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига уруш ногиронлари, болаликдан ногирон фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва миттилар ҳам эгадирлар.
Қуйидагилар ёшидан қатъи назар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга:
• кон саноатидаги етакчи касб эгалари бўлган ходимлар, агар улар ана шу ишларда камида 20 йил ишлаган бўлсалар;
• кўмир, маъданлар ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш бўйича бевосита ер ости ва очиқ кон ишларида (шу жумладан, кон-қутқарув қисмларининг шахсий таркибида), шахталар ва конлар қурилишида тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар, агар улар ана шу ишларда камида 25 йил ишлаган бўлса;
• учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар, улар хизмат қилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг идоравий бўйсунувидан қатъи назар, белгиланган хизмат муддатини ана шу лавозимларда эркаклар камида 25 йил ва аёллар камида 20 йил адо этганлари тақдирда;
• ижодий иш стажи камида 20, 25 ва 30 йил бўлган театрлар ва бошқа театр-томоша корхоналари артистларининг айрим тоифалари;
• 20 йилдан кам бўлмаган иш стажига эга бўлган спортчиларнинг алоҳида тоифалари (10.10.2025 й. 637-сон ВМҚ).
Қамоқдаги пенсионерга пенсия тўланадими?
– Пенсионернинг суд ҳукми бўйича озодликдан маҳрум этиш жойларида (манзил-колониялардан ташқари) бўлган вақти учун пенсия тўланмайди. Пенсионер ёки компенсация пул тўловини олувчи шахс озод бўлгандан кейин пенсия ёки компенсация пул тўлови уни тиклаш учун Пенсия жамғармаси бўлимига ариза берилган кундан бошлаб тикланади. Пенсионер озодликдан маҳрум этилганда, пенсия суднинг қонуний ҳукми кучга кирган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб тўхтатиб турилади.
Манзил-колонияда жазони ўтаётган, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган пенсионернинг жазо тури ўзгарган тақдирда, манзил-колония маъмурияти жазо тури ўзгарган куннинг ўзида Пенсия жамғармаси бўлимига бу ҳақда хабар бериши лозим. Пенсия жамғармаси бўлими манзил-колония маъмурияти томонидан берилган маълумот асосида пенсия тўловини тўхтатиб туради (592-сон Низом 159-б.).
Қўшимча равишда шуни таъкидлаймизки, 592-сон Низомнинг 63-бандига мувофиқ қамоқда бўлиш вақти, жазони ўташ вақти, шахс лавозимдан ноқонуний четлатилганлиги муносабати билан ишламаган вақт, тиббиёт муассасасида бўлиш вақти тергов органлари ёки ички ишлар органларининг маълумотномалари билан тасдиқланади ва реабилитация (оқлов ҳукми, реабилитацияловчи асослар бўйича иш тўхтатилиши тўғрисидаги ажрим (қарор) ҳақидаги ҳужжатлар мавжуд бўлганда иш стажига ҳисобланади.
Фахрий унвон учун тўловлар иш ҳақи суммасига кирадими?
– Солиқ кодексининг 372-моддасига мувофиқ фахрий унвон учун устамалар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланади, тегишинча пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақини аниқлаш учун ҳисобга олинади. Фахрий унвон учун белгиланган тўлов фахрий унвон эгасининг вафоти муносабати билан унинг оила аъзолари учун тайинланадиган боқувчисини йўқотганлик пенсияси миқдорини ҳисоблашда инобатга олинмайди (592-сон Низом 104-б.).
Докторантурада ўқиш вақтини маълумотномалар билан тасдиқлаш керакми?
– Олий таълим ташкилотларида (шу жумладан, уларда ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим муассасаларида), аспирантурада (стажёрлар тадқиқотчи-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар – изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқиш вақтлари дипломлар, шунингдек архив маълумотлари асосида берилган ва ўқиш даврлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотномалар ва бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланади (592-сон Низом 59-б.).
Ҳужжатларда бундай маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ҳужжатларда тўлиқ ўқув йили тугаганлиги кўрсатилган тақдирда, тегишли йилларда мазкур таълим ташкилотида ўқиш давомийлиги тўғрисидаги маълумотномалар ўқиш вақтининг исботи сифатида қабул қилинади.
Фарзандим туғилган ва тарбияланган давримда ҳеч қаерда ишламаганимни баҳона қилиб, у вақтларни стаж учун ҳисобга олишмади. Шу тўғрими?
– Қонуннинг 37-моддаси биринчи қисми «ж» бандига мувофиқ иш стажига фақат бола 3 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш таътилларида бўлган вақт, лекин жами 6 йилдан ортиқ бўлмаган вақт қўшилади. Бу давр иш берувчи томонидан Меҳнат кодексига мувофиқ расмийлаштирилади. Шунга кўра, аризага аёл бола туғилганидан то у уч ёшга тўлгунга қадар ишлаган ташкилот (ташкилотлар) томонидан берилган, бола уч ёшга тўлгунга қадар бола парвариши билан шуғулланган вақтни тасдиқловчи маълумотнома, бола парвариши бўйича таътил берилганлиги ва ундан қайтганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда тақдим этилиши лозим (592-сон Низом 12-б. «в» к.б.).
«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.
