Ўзбекистонда шаҳар аҳолиси улуши 50%дан ошди. Яқин йилларда бу кўрсаткич яна ўсиши кутилмоқда. Айниқса, замонавий шаҳарсозлик режалаштируви, муҳандислик ва транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, яшил ҳудудлар ва тарихий-маданий мерос объектларини асраб-авайлаш масалалари долзарб аҳамият касб этмоқда.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев танишган урбанизация ва шаҳарсозлик соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини оширишга оид тақдимотда айтиб ўтилди, деб хабар беради president.uz.
Аҳоли пунктларининг атиги 29%и бош режалар билан қамраб олинган
Ўзбекистонда 8 604 та аҳоли пунктидан 2 506 таси (29%) бош режалар билан қамраб олинган. 2026 йилда яна 154 та, 2027 йилда эса 144 та аҳоли пункти учун бош режалар ишлаб чиқилиши режалаштирилган. Мавжуд бош режаларнинг 1 044 таси электрон шаклга ўтказилган.
Шу билан бирга, алоҳида ҳудудларни ривожлантириш бўйича мастер-режаларнинг ягона ҳисоби юритилмаяпти. Улар бош режалар билан боғланмаган, бу эса ҳудудларни комплекс ривожлантиришда қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Шундан келиб чиқиб, бош ва мастер режалар билан ишлашнинг янги тизими таклиф этилган бўлиб, у қуйидаги босқичларга бўлинади: маълумотларни жамлаш ва актуаллаштириш; рақамлаштириш; мониторинг тизимини яратиш; комплекс ахборот-таҳлил тизимини шакллантириш.
Ушбу жараён доирасида шаҳарсозлик ҳужжатларининг ягона электрон реестри юритилади. Рўйхатдан ўтказилмаган ҳужжатлар юридик кучга эга бўлмайди.
Ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш
Таъкидланганидек, ноқонуний ва ўзбошимчалик билан қурилишлар қилиш, муддатларни сунъий равишда узайтириш, ер участкаларидан самарасиз фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар сақланиб қолмоқда. Амалдаги жарималар кутилган натижани бермаяпти. Бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкцияларни кучайтириш таклифи билдирилди.
Улушли уй-жой қурилиши масалалари
Сўнгги йилларда улушли иштирок асосида кўп қаватли уй-жойлар қуриш ҳажми 2,5 баравар кўпайиб, ўтган йили 11 миллион квадрат метрдан ошди. Шу билан бирга, бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар сони ҳам кўпайган. Биргина ўтган йилнинг ўзида уч мингга яқин фуқарога 668 миллиард сўмлик зарар етказилган. Шу муносабат билан улушли қурилиш лойиҳаларини тартибга солиш, фуқароларнинг маблағларини ҳимоя қилиш ва қурилиш жараёнларининг шаффофлигини таъминлашни назарда тутувчи «Улушли қурилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Эскроу-ҳисоблар жорий этилмоқда
Улушли қурилишни молиялаштиришнинг янги механизми – эскроу ҳисобварағи жорий этилмоқда. Бундай тизимда харидорларнинг маблағлари ваколатли банкдаги махсус ҳисобварақларда сақланади ва қурилиш ишлари якунлангандан кейингина қурувчига ўтказилади. Эскроу тизими тўртта асосий қоидага асосланади. Эскроу-ҳисобварақларга келиб тушган маблағлар кредиторларнинг ундирувига қаратилмайди. Инвесторлар ва қурувчилар фақат ваколатли банклар орқали ишлайди. Маблағлар қурувчига топшириш далолатномаси имзолангандан сўнг ўтказилади. Шартнома бекор қилинганда, улушдор маблағи тўлиқ ҳажмда қайтарилади.
«Uy-joy» ягона ахборот платформаси
«Uy-joy» ягона ахборот платформаси муҳим ўрин тутади. Унда барча қурилиш жараёнлари очиқ электрон тарзда акс эттирилади. Бугунги кунда эса битта қурилиш объекти бўйича маълумотлар бир нечта ахборот тизимларида юритилади. Бир-бири билан боғланмаганлиги сабабли улар тўғрисидаги маълумотлар тарқоқ ҳолда шаклланади.
Реновация
Мамлакатимизда 1991 йилгача қурилган 17 мингта уйлар ўрнига замонавий, энергия тежамкор, зарур инфратузилма билан таъминланган кўп қаватли уйлар қуриш мумкинлиги таъкидланди. Президент томонидан «Шаҳарсозлик реновацияси тўғрисида»ги Қонун (10.06.2026 й. ЎРҚ-1149-сон) имзоланди, у 12.12.2026 йилдан кучга киради. Унда реновация ҳудудлари, аҳоли розилигини олиш, компенсация ва кўчириш тартиблари, инвесторлар мажбуриятлари ва давлат органлари ваколатларини аниқ белгилаш назарда тутилган.
Реновация лойиҳалари ҳисобига эскирган уй-жой фондини янгилаш, аҳоли учун хавфсиз ва қулай яшаш шароитларини яратиш, муҳандислик-коммуникация тармоқларини модернизация қилиш, яшил ҳудудлар ва ижтимоий инфратузилмани кенгайтириш режалаштирилган.
Мутахассислар тайёрлаш
Соҳа учун кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди. Тошкент геодезия ва картография техникумини Урбанизация, геодезия ва кадастр техникуми этиб қайта ташкил этиш, Тошкент архитектура-қурилиш университетида «Замонавий урбанистика ва агломерацияларни бошқариш» факультетини очиш таклиф этилмоқда.
