Norma.uz
Газета СБХ / 2026 год / № 37 / Пенсия иши

Пенсияни қандай ҳисоблаш керак

 

Пенсияни ҳисоблаш алгоритми қандай?

 

– Пенсия ҳисоблаш қоидалари «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонун (03.09.1993 й. ЎРҚ-938-Х II-сон, кейинги ўринларда – Қонун) ва Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (13.10.2022 й. 592-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – 592-сон Низом) билан тартибга солинади.

Чунончи, пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун иш ҳақи ўтган йиллардаги иш ҳақини пенсия тайинланган кундаги иш ҳақи даражасига келтириш учун иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентларининг махсус тартибини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилади.

592-сон Низомнинг 77-бандига мувофиқ иш ҳақи ҳисобланган иш ҳақи суммасидан (солиқлар тўлангунга қадар) олинади. Ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилувчининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади. Ушбу танланган беш йиллик давр пенсия тайинлаш тўғрисидаги аризада кўрсатилади (Қонун 31-м. 1-қ.; 592-сон Низом 78-б.).

Архив маълумотлари мавжуд бўлмаган тақдирда иш стажи ва иш ҳақи миқдорини аниқлаш қуйидагича амалга оширилади:

• 2005–2016 йиллар даври учун – жамғариб бориладиган пенсия тизимига мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлардан келиб чиққан ҳолда;

• 2016–2018 йиллар даври учун – фуқароларнинг Пенсия жамғармасига ҳисобланган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиққан ҳолда;

• 2019 йил учун – фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестри маълумотларидан келиб чиққан ҳолда;

• 2020 йил 1 январдан кейинги давр учун – «ЯMMT» ИДАКда мавжуд маълумотлар асосида.

Тизимларда ушбу даврлар учун зарур маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда ёки фуқаронинг мурожаатига асосан архив маълумотномаларидан фойдаланиш мумкин.

Агар бирон-бир давр учун иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар қисман мавжуд бўлмаса, бундай даврлар учун иш ҳақини аниқлаш учун минтақавий коэффициентни ҳисобга олмаган ҳолда қонунчиликда тегишли даврлар учун белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорлари қабул қилинади.

Ой, йил чораги, ярим йиллик, йил якунлари бўйича мукофотлар, давр якунлари бўйича тўланадиган тақдирлаш пули, давлат байрамлари ва ишларнинг айрим турларини бажарганлик учун бир марталик мукофотлар, шунингдек шунга ўхшаш бошқа тўловлар (шу жумладан жамоа хўжаликлари аъзоларига пилла етиштириш бўйича тўловлар ва йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар) қуйидаги шартлар билан улар ҳисобланган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади:

• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – суғурта бадаллари тўланиши;

• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларни ҳисоблаш.

Ходим ишдан бўшаганидан кейин тўланган мукофотлар (давр якунлари бўйича тақдирлаш пули ва йиллик иш якунлари бўйича қўшимча тўловлар) меҳнат шартномаси тўхтатилган ой учун иш ҳақи таркибига киритилади.

Моддий ёрдам суғурта бадаллари ёки даромад солиғи ушлаб қолинган қисмига киради.

Иш кунлари тўлиқ бўлмаган ойлар учун (ишга кириш ёки ишдан бўшатиш муносабати билан) иш ҳақи пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг хоҳишига кўра иш ҳақи таркибига киритилади. Бунда иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар тўлиқ календарь ойлар сифатида ҳисобга олинади.

Ташкилотнинг устав капиталида (фондида) қатнашиш муносабати билан олинган даромадлар ва дивидендларни тақсимлаш тарзидаги тўловлар иш ҳақи таркибига киритилмайди.

Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган олтмиш календарь ойдаги иш ҳақининг якка тартибдаги коэффициентини қўллаган ҳолда қайта ҳисоблаб чиқилган умумий миқдорини 60 га бўлиш йўли билан аниқланади (592-сон Низом 89–91-б.).

2023 йил 1 январдан бошлаб пенсияни ҳисоблаш учун қонунчиликда пенсия тайинланадиган санага белгиланган пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг ўн икки бараваридан ортиқ бўлмаган суммадаги ўртача ойлик иш ҳақи қабул қилинади (592-сон Низом 94-б.).

Сўнгра пенсия ҳисоблаб чиқилади. Келинг, ёшга доир пенсияни ҳисоблаш мисолини кўриб чиқайлик.

Масалан, ёшга доир тўлиқ пенсия миқдори бошқа турдаги пенсиялар (ногиронлик пенсияси ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси) каби 3 та таркибий қисмдан: пенсиянинг базавий миқдоридан, талаб этиладиганидан ортиқ иш стажи учун пенсиянинг оширилишидан ва пенсияга қўшиладиган устама ҳақлардан иборат (Қонун 25-м.).

Қонуннинг 26-моддасига кўра, ёшга доир пенсия учун иш стажи эркаклар учун 25 йил, аёллар учун 20 йил бўлганда пенсиянинг базавий миқдори пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 55%ига тенг.

Пенсия тайинлаш учун талаб қилинадиган иш стажидан ортиқча ҳар бир тўлиқ йил учун (эркакларда 25 йилдан ва аёлларда 20 йилдан ортиқ) пенсиянинг базавий миқдорлари пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун қабул қилинадиган ўртача ойлик иш ҳақининг 1%ига оширилади (Қонун 27-м.).

Шунингдек, фуқароларнинг айрим тоифаларига пенсияга устама ҳақлар назарда тутилган (Қонун 28-м.) (ўртача 30%дан 50%гача). 

 

МИСОЛ. Агар эркакнинг умумий иш стажи 35 йилга тенг бўлса, талаб қилинадиган 25 йил учун ўртача ойлик иш ҳақи рухсат этилган энг юқори миқдорни, масалан, 5 652 000 сўмни ташкил этди – пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдорининг 12 баравари.

Шунга кўра, ёшга доир пенсия миқдори 3 673 800 сўмга тенг, бу ерда:

• 3 108 600 сўм – пенсиянинг базавий миқдори, яъни 5 652 000 сўмдан 55%;

• 565 200 сўм – талаб этиладиган иш стажидан ортиқ иш стажи учун пенсиянинг оширилиши, яъни 5 652 000 сўмдан 10% (35 йил – 25 йил).

 

Зафаржон ХЎЖАEВ,

«Норма» эксперти.

 

«Пенсия иши» бўлимини махсус мухбиримиз Алла РОМАШКО олиб боради.

Прочитано: 9 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2026 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика