Вазирлар Маҳкамасининг 10.10.2025 йилдаги 637-сон қарори билан Имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхати ҳамда ушбу рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
03.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ пенсия олиш ҳуқуқини берадиган ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимларнинг тасдиқланган рўйхатларига мувофиқ фуқароларнинг айрим тоифалари имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар:
• ёшидан қатъи назар;
• умумий белгиланган ёшни 10 йилга қисқартирилган ҳолда;
• умумий белгиланган ёшни 5 йилга қисқартирилган ҳолда.
Уруш ногиронлари, болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналари, лилипутлар ва паканалар ҳам имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга.
Ёшидан қатъи назар қуйидагилар имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга:
• кон саноатидаги етакчи касб эгалари бўлган ходимлар, башарти улар ана шу ишларда камида 20 йил ишлаган бўлсалар;
• бевосита ерости ва очиқ кон ишларида (шу жумладан кон-қутқарув қисмларининг шахсий таркиби) кўмир, маъданлар ва бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олишда, шахталар ва конлар қурилишида тўлиқ иш куни давомида банд бўлган ходимлар, башарти улар ана шу ишларда камида 25 йил ишлаган бўлсалар;
• учувчилар ва учувчи-синовчилар таркибига кирувчи ходимлар, улар хизмат қилган корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг идоравий бўйсунувидан қатъи назар, белгиланган хизмат муддатини ана шу лавозимларда эркаклар камида 25 йил ва аёллар камида 20 йил адо этганлари тақдирда;
• театрлар ва бошқа театр-томоша корхоналари артистларининг айрим тоифалари камида 20 йил, 25 йил, 30 йил ижодий иш стажига эга бўлганда;
• спортчиларнинг алоҳида тоифалари камида 20 йиллик иш стажига эга бўлганда.
Шунингдек, ҳужжат билан Имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар, лавозимлар ва кўрсаткичлар рўйхатига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш учун ҳужжатларни тақдим этишга доир ягона талабларни белгиловчи Низом тасдиқланди.
Корхоналарнинг рўйхатга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги таклифлари иш ўринларини меҳнат шароитлари ва жароҳатлаш хавфи бўйича жиҳозланганлиги юзасидан аттестациядан ўтказиш натижаларига кўра тасдиқланади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 13.10.2025 йилдан кучга кирди.
Лола Абдуазимова.
Маълумот учун!
Пенсия тайинлангандан КЕЙИН орттирилган иш стажи ва иш ҳақини ҳисобга олган ҳолда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш АМАЛГА ОШИРИЛМАЙДИ. Ногиронлик нафақаси бундан мустасно.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.
