Яшаш жойини ўзгартирганларга пенсия қандай тўланади, деган саволлар ўқувчиларимизда тез-тез тушиб туради.
«Норма» эксперти Зафаржон Хўжаев тушунтиради:
– Пенсионер яшаш жойини уч ҳолатда ўзгартиради. Булар – Ўзбекистоннинг бошқа туман (шаҳри)га кўчиб ўтиш, иккинчиси – бошқа давлатга доимий яшаш учун кетиш ва учинчиси – хорижий давлатга вақтинча кетиш.
Биринчи ҳолатда – бошқа туман (шаҳар)га кўчиб ўтганда пенсия аввалги яшаш жойи бўйича шахс рўйхатдан чиқарилган ойнинг охиригача тўланади.
Бунда пенсияни тўлаш унинг пенсия йиғмажилди келиб тушгандан сўнг янги яшаш жойи бўйича ПЖ бўлими томонидан давом эттирилади. Бунда пенсияни тўлаш «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг (03.09.1993 йилдаги 938-XII-сон ЎРҚ) 59-моддасида белгиланган муддатга мувофиқ пенсия олувчининг олдинги яшаш жойи бўйича тўлов тўхтатилган вақтдан бошлаб, у ҳисобга қўйиш мақсадида мурожаат қилгунга қадар давом эттирилади (Низом 157-б., 13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова).
Иккинчи ҳолатда – бошқа мамлакатга (Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатлар бундан мустасно), масалан, Европа мамлакатларига доимий яшаш учун кўчиб ўтишда пенсия жўнаб кетишдан олдинги 6 ой учун Пенсия жамғармаси бўлимига кетиш тўғрисида ариза берилган кундаги пенсия миқдоридан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон миллий валютасида тўланади.
Бу давр ариза берилган ой учун ҳисобланган (тўланган) пенсияни ҳисобга олган ҳолда олдиндан олти ой учун пенсия тўлаш тўғрисидаги аризада кўрсатилган санадан бошлаб ҳисоблаб чиқилади.
Ўзбекистон Республикаси пенсия таъминоти тўғрисида халқаро шартномалар тузган давлатларга доимий яшаш жойига жўнаб кетгунга қадар тайинланган пенсия турар жойидан рўйхатдан чиққан ойнинг охиригача тўлиқ миқдорда тўланади (592-сон Низом 163-б.).
Маълумот учун. Пенсияни олти ой олдиндан тўлаш Ўзбекистон ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимлари томонидан автоматлаштирилган ахборот манзил тизимидан олинган маълумотлар асосида амалга оширилади:
• Ўзбекистон Республикаси фуқаросига – ариза ва маълумотлар;
• хорижий фуқарога – ариза, чет давлат визаси (агар бу зарур бўлса) ва доимий яшаш жойидан рўйхатдан чиқарилганлиги тўғрисидаги маълумотлар;
• фуқаролиги бўлмаган шахсга – ариза, чет давлатнинг визаси (агар бу зарур бўлса) (592-сон Низом 164-б.).
Тўлов пенсияни етказиб бериш (топшириш) юклатилган ташкилот орқали бир марталик тўлов қайдномаси асосида, шунингдек пенсионернинг банкдаги ҳисобрақамига нақд пулсиз ўтказиш йўли билан амалга оширилади.
Таъкидлаб ўтамиз, олдиндан тўланган пенсия суммаси Ўзбекистон Республикаси қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ пенсия тўланган даврда пенсиялар миқдорлари ўзгарганлиги муносабати билан қайта ҳисоб-китоб қилинмайди.
Агар пенсионер олти ой аввал пенсия тўлангандан кейин доимий яшаш жойига кўчиб кетмаган бўлса, унга пенсия тўланган олти ойлик давр тамом бўлгандан кейин пенсияни навбатдаги тўлаш учун мурожаат этган тақдирда, ушбу Низомнинг 163 ва 164-бандларида кўрсатилган тартибда олти ой олдиндан пенсия яна тўланиши мумкин (592-сон Низом 165-б.).
Учинчи ҳолатда, фуқаро вақтинча чет элга чиқиб кетаётганда, у Пенсия жамғармаси бўлимига Ўзбекистон Республикасида бўлмаган даври учун пенсия тўлашни тўхтатиб туриш тўғрисида ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Пенсия тўлови Пенсия жамғармаси бўлимига такроран ариза бериш орқали тикланади.
Бунда пенсионер томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган ҳисобланган пенсия суммаси ўтган давр учун пенсия олиш учун мурожаат этилганидан олдинги йигирма тўрт ойдан ошмаган давр учун тўланади (Қонун 59-м.).
Бундан ташқари, фуқаро Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлган даврда пенсия тўлаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ расмийлаштирилган ишончнома бўйича амалга оширилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси ташқарисида расмийлаштирилган ишончномага ушбу ҳужжат тузилган давлатнинг ваколатли органи томонидан апостиль қўйилиши лозим, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо бўлган давлатлар, Фуқаролик, оилавий ва жиноят ишлари бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенция (Минск ш., 1993 йил 22 январь) иштирокчилари бундан мустасно.
Бунда ишончнома берган шахс Пенсия жамғармаси бўлимларидан бирига бир йилда камида бир марта келиб тайинланган пенсияга бўлган ўз ҳуқуқини тасдиқлаши керак.
Пенсионер хорижий давлатда бўлган ва соғлиғининг ҳолатига кўра Ўзбекистон Республикасига келиш имкониятига эга бўлмаган ҳолатларда, пенсионер Ўзбекистон Республикасининг чет элдаги дипломатик ваколатхонаси ёки консуллик муассасасига мурожаат этиши мумкин ва хорижий давлат ҳудудида доимий яшаш ҳолати мавжуд эмаслиги, шунингдек пенсия ёки ижтимоий нафақа олмаслигини тасдиқлаши лозим.
Ишончли вакил пенсия тўлашга таъсир этиши мумкин бўлган ўзига маълум барча ҳолатлар тўғрисида Пенсия жамғармаси бўлимига хабар бериши шарт (592-сон Низом 147-б.).
Маълумот учун!
ПЖ бўлимларида сақланаётган ПЕНСИЯГА ОИД ҲУЖЖАТЛАР ЙИҒМАЖИЛДЛАРИ бўлим архивариуси томонидан уларни олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимларга берилади. Бунда пенсияга оид ҳужжатлар йиғмажилдларининг архивга қайтарилишини назорат қилиш архивариус зиммасига ЮКЛАТИЛАДИ.
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Алла Ромашко олиб боради.
