Президентнинг 26.06.2025 йилдаги «Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Ғазначилик хизмати қўмитаси ҳамда бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан замонавий хизматларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-105-сон Фармони имзоланди.
Ҳужжатга мувофиқ 2026 йил 1 декабрдан бошлаб:
• фуқароларнинг мавжуд иш стажи ва иш ҳақлари тўғрисидаги электрон маълумотларга асосан пенсия миқдорларини олдиндан аниқлаш бўйича «Менинг пенсиям» онлайн хизмати жорий этилади;
• пенсия таъминотига оид барча хизматлар тўлиқ проактив, электрон ҳамда интерактив шаклга ўтказилади.
Пенсия маълумотларини тўлиқ рақамлаштириш мақсадида:
• 2025 йил 1 октябрга қадар Мажбурий ижро бюроси мажбурий ижро жараёнида ундирувни пенсия тўловларига қаратишдан аввал дастлаб фуқароларни хабардор қилиш тизими жорий этилади;
• 2025 йил 1 ноябрга қадар Мудофаа вазирлиги мудофаа ишлари органларида рўйхатда турган ва пенсия тайинланаётган фуқароларнинг ҳарбий хизматни ўтаган даври тўғрисидаги маълумотларни «Рақамли ҳукумат» тизимининг идоралараро интеграциялашув платформаси орқали Пенсия жамғармаси ахборот тизимига тақдим этиш бўйича интеграция қилиш чоралари кўрилади;
• 2025 йил июль–октябрь ойлари давомида ҳоким ёрдамчилари ҳар бир маҳалладаги «маҳалла еттилиги» билан биргаликда фуқароларнинг меҳнат дафтарчаси маълумотларини туман (шаҳар) камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимлари орқали рақамлаштириш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилади.
Бундан ташқари, 2026 йил 1 августгача Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги:
• фуқароларнинг олий таълим муассасаларидаги ўқиш даври тўғрисидаги маълумотларни тўлиқ рақамлаштиради;
• давлат хизматлари марказлари орқали фуқароларнинг олий таълим муассасаларидаги ўқиш даври тўғрисидаги маълумотларни вазирликнинг электрон базасига юбориш имкониятини яратади.
Маълумот учун.
Пенсионернинг ёшга доир пенсия ТАЙИНЛАНГАНИДАН КЕЙИНГИ ОРТТИРИЛГАН иш стажи ва иш ҳақи, ногиронлик пенсиясини тайинлашда (қайта ҳисоблашда) иш стажи ва иш ҳақи сифатида ИНОБАТГА ОЛИНМАЙДИ ҳамда охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти даврига КИРИТИЛМАЙДИ.
