– Қўшниларимиз орасида кўп болали оила бор. Фақат оила бошлиғи ишлайди. Улар қандайдир ижтимоий ёрдам олиш учун қаерга мурожаат қилишлари мумкин?
– Низомга (21.10.2021 йилдаги 654-сон ВМҚ билан тасдиқланган) мувофиқ, оила аъзоларидан ҳар қандай муомалага лаёқатли вакил доимий ёки вақтинчалик яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Бунда бир шартни ёдда тутиш керак. Оила кам таъминланган деб эътироф этилиши керак.
Болалар нафақасини ва моддий ёрдамни тан олиш, тайинлаш ва тўлаш тўғрисидаги қарор «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» АТ («Ягона реестр» АТ)да шакллантирилади ва қабул қилинади.
Агар ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган ўртача ойлик жами даромад минимал истеъмол харажатлари миқдоридан ошмаса, оила кам таъминланган деб эътироф этилади.
Оиланинг кам таъминланган деб эътироф этилганлигини тасдиқлаш тегишли маълумотнома билан таъминланади. У ЯИДХП орқали тақдим этилади. Маълумотнома оила кам таъминланган деб эътироф этилган пайтдан бошлаб 12 ой давомида амал қилади. Маълумотнома бериш учун йиғим ундирилмайди.
Бундан ташқари, қуйидаги ҳужжатлар тўпламини йиғиш зарур:
• ариза берувчи ва оила аъзоларининг паспорти ёки ID-карталари (фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли қайтарилади);
• чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг яшаш гувоҳномалари, фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномалари ёки ID-карталари ҳамда яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги тўғрисида қайд варағи (бунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан ушбу ҳужжатларнинг нусхаси олиниб, асли аризачига қайтарилади);
• болалари васийлик остида бўлган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органининг қарори нусхаси;
• оиланинг мавжуд мол ва паррандалари тўғрисидаги маълумотлар;
• ариза берилган санадан олдинги 3 ой ичида тижорат банкларидаги ҳисобрақамларининг қолдиқлари ва пул ўтказмалари тўғрисида МБ томонидан «Ягона реестр» АТга ариза берувчи ва оила аъзолари номига маълумот тақдим этиш тўғрисида ариза, ариза берилган санада 18 ва ундан катта ёшдаги ариза берувчининг барча биргаликда яшовчи муомалага лаёқатли оила аъзоларининг имзолари билан тасдиқланган.
Оилани кам таъминланган деб эътироф этиш ва унга болалар нафақасини ёки моддий ёрдамни тайинлаш рад этилиши мумкин бўлган мезонлар белгиланган. Улар ичида:
• оиланинг ҳар бир аъзосига тўғри келадиган бир ойлик ўртача жами даромад миқдорининг ошиб кетиши;
• кўчмас мулк ҳуқуқларининг давлат реестрида рўйхатга олинган биттадан ортиқ кўчмас мулк объекти ёки бир ёки ундан ортиқ нотурар жой мавжудлиги;
• қонунчиликка мувофиқ ёки бош ишончнома асосида рўйхатга олинган, техник ҳолати соз бўлган:
– ишлаб чиқарилган муддати 7 йилдан кўп вақт ўтмаган енгил автотранспорт воситаси;
– ишлаб чиқарилган муддати 15 йилдан ошмаган юк автотранспорт воситаси, автобус, микроавтобус, экскаватор, трактор, комбайн, юк автомобилларининг тиркамалари ва ярим тиркамалари, автокранлар ва бошқа қурилиш техникаси;
– жами икки ва ундан ортиқ енгил ва юк ташувчи автотранспорт воситалари, микроавтобуслар, шунингдек турли қишлоқ хўжалиги ва қурилиш техникасининг автотранспорт бирликлари.
– Мен бир неча йилдан бери пенсиядаман. Вақтида мен ўриндош бўлиб ишлаганман. Пенсияни расмийлаштиришда менинг бу ҳолатим ҳисобга олинмади ва ўриндошлик бўйича иш ҳақи тўғрисидаги маълумотномани олишмади. Менинг ўртача ойлик иш ҳақим миқдори етарли эканлигини айтишди. Ҳозир пенсияни қайта ҳисоблаш учун мурожаат қилишим мумкинми, ахир бу миқдор аллақачон ошиб кетган-ку?
– Ҳақиқатан ҳам, 2023 йил 1 январдан пенсия миқдори 12 ПҲБМдан келиб чиқиб ҳисобланади. Агар сиз 2023 йилгача пенсияга чиққан бўлсангиз, пенсиянгиз 10 ПҲБМдан ҳисобланган.
Шунинг учун сиз яшаш жойингиздаги ПЖ бўлимига ушбу маълумотномани илова қилган ҳолда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш тўғрисида ариза билан мурожаат қилишингиз мумкин, чунки сизда пенсия миқдорини қайта ҳисоблаш учун асос мавжуд (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 126-б. «а» кичик б.).
Бунда шуни ёдда тутиш керакки, агар пенсия ҳисоблаш учун қабул қилинган асосий иш жойидаги ўртача ойлик иш ҳақи 12 ПҲБМга тенг ёки ундан юқори бўлса, ўриндошлик бўйича иш ҳақи пенсия миқдорига таъсир кўрсатмайди.
– Стажни ҳисобга олишлари учун ҳар қандай ишда ишлаш кифоя қиладими?
– Ҳа, албатта. Стажга фаолият тури, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъи назар, ходим давлат ижтимоий суғурталанган ҳолда бажарган ҳар қандай иш киради:
• 2019 йил 1 январга қадар бўлган давр учун – ПЖга суғурта бадаллари тўланган тақдирда;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар ҳисобланган тақдирда, шунингдек жисмоний шахснинг 2021 йил 1 июндан кейинги ишламаган даври учун унинг эри (хотини) меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги ўз даромадларидан ихтиёрий асосда ижтимоий солиқ тўланган давр (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 27-б.).
– 50 ёшдан олдин пенсияга чиқиш мумкинми?
– Йўқ, мумкин эмас. Ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи эркаклар 60 ёшга тўлганида ва иш стажи камида 25 йил бўлганида; аёллар эса 55 ёшга тўлганида ва иш стажи камида 20 йил бўлганида юзага келади (3.09.1993 йилдаги «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги 938-XII-сон Қонун 7-м.).
Аммо қонунчиликда пенсияни муддатидан олдин тайинлаш тартиби назарда тутилган – қуйидаги асосларга кўра меҳнат шартномаси бекор қилиниши муносабати билан ишдан бўшатилган шахсларга умумий асосларда пенсия тайинлашнинг қонунчиликда белгиланган муддатидан икки йил олдин: технологияда, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишда ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган иш ҳажмларининг қисқариши ёхуд корхонанинг тугатилиши муносабати билан.
Хусусан:
• эркаклар – 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда;
• аёллар – 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда.
Бунинг учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш ва камбағалликни қисқартириш маркази томонидан шахснинг ишсиз деб тан олиниши тўғрисида тақдимнома тақдим этиш зарур (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 12-б. «к» кичик б.).
Бундан ташқари, айрим тоифадаги шахслар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 12.05.1994 йилдаги 250-сон билан тасдиқланган рўйхатларга мувофиқ имтиёзли пенсияга чиқиш ҳуқуқига эга:
• Ёшидан қатъи назар пенсия олиш ҳуқуқини берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, ишлар, касблар ва лавозимлар 1-сонли Рўйхати;
• Умумий белгиланган ёшни 10 йилга камайтириш билан 2-сонли Рўйхат;
• Умумий белгиланган ёшни 5 йилга камайтириш билан 3-сонли Рўйхат.
Шунингдек, уруш ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахслар (илгари 5 йилга), болаликдан ногиронлиги бўлган фарзандларнинг оналари (илгари 5 йилга) ҳамда гипофизар нанизм (лилипут) ва диспропорционал пакана бўлган шахслар (илгари 15 йилга) ҳам имтиёзли шартларда пенсия олиш ҳуқуқига эга.
– Қандай ҳолларда бир вақтнинг ўзида бир нечта пенсия устамасини олиш мумкин?
– Пенсияларга устамалар қуйидаги миқдорларда белгиланади:
а) I гуруҳ уруш ногиронлари – ПҲБМнинг 150%и;
б) II гуруҳ уруш ногиронлари – ПҲБМнинг 125%и;
в) кўриш бўйича I гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар – ПҲБМнинг 100%и;
г) I гуруҳ ногиронлари – ПҲБМнинг 75%и;
д) II гуруҳ ёлғиз ногиронлари – ПҲБМнинг 75%и;
е) уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахслар – ПҲБМнинг 50%и;
ж) 1941–1945 йиллардаги уруш даврида фронт орқасида ишлаган ва ҳарбий мажбуриятларни бажарган шахслар – ПҲБМнинг 30%и;
з) вафоти ҳарбий хизмат мажбуриятларини бажариш ёки ички ишлар органларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида хизмат қилиш билан боғлиқ бўлган ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардиясида ходимларининг ота-оналарига ва янги никоҳга кирмаган бева хотинларига (бева эрларига) – ПҲБМнинг 30%и;
и) Ўзбекистон Республикаси олдида алоҳида хизматларга эга бўлган шахслар – хизматларига қараб ПҲБМнинг 100%идан 150%игача;
к) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.10.1995 йилдаги «Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида»ги 415-сон қарорига 1-иловада кўрсатилган ташкилотларда ишлаган имтиёзли пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлган артистлар, Қонуннинг 10-моддаси «г» бандига мувофиқ, ёшидан қатъи назар – ПҲБМнинг 75%;
л) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 28.10.1995 йилдаги «Ўзбекистонда театр ва мусиқа санъатини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонни амалга ошириш масалалари ҳақида»ги 415-сон қарорига 2-иловада кўрсатилган лавозимларда ва ташкилотларда ишлаган (эркаклар учун камида 25 йил ва аёллар учун 20 йил) театр-концерт ташкилотларининг артистлари ва бадиий ходимлари, театр ва мусиқа санъатининг ижодий ходимларини тайёрлаш билан банд бўлган таълим ташкилотларининг профессор-ўқитувчилар таркиби ва концертмейстерлари – ПҲБМнинг 50%и (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 101-б.).
Устамалар тайинланадиган пенсия туридан қатъи назар тайинланади. Агар пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахс бир нечта устама ҳақни бир вақтнинг ўзида олиш ҳуқуқига эга бўлса, улар қуйидаги ҳолларда бир вақтнинг ўзида тайинланиши мумкин:
• пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахсга «а» ёки «б» бандларида назарда тутилган устама ҳақ билан бир вақтда «з»–«л» кичик бандларида кўрсатилган устама ҳақлардан бири қўшиб ҳисобланиши мумкин;
• пенсия тайинлашни сўраб мурожаат қилган шахснинг танлови бўйича ушбу Низомнинг 101-банди «в», «г» ёки «д» бандларида назарда тутилган устама ҳақ билан бир вақтда ушбу Низомнинг 101-банди «е»–«л» кичик бандларида кўрсатилган устама ҳақлардан бири қўшиб ҳисобланади (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 102, 101-б.).
– Холам Ўзбекистонга доимий яшаш учун келди. Унга пенсия тайинланиши ҳақида нималарни билиши керак?
– Холангиз қайси мамлакат фуқароси экани, шунингдек у хорижий давлатда пенсия олишни давом эттираётган-эттирмаётгани аниқлаштирилмаган. Агар у хорижий давлатда пенсия олишни давом эттираётган бўлса, Ўзбекистон Республикасида пенсия тўланмайди.
Агар у собиқ СССР мамлакатларидан келган бўлса ва бу мамлакатда пенсия тўлови тўхтатилган бўлса, бу ҳолда Пенсия таъминоти соҳасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчи давлатлари фуқаролари ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги Битимга (Москва, 13.03.1992 й.) мувофиқ холангизнинг пенсия иши маълумотлари асосида пенсия тайинланади. Унга кўра 1992 йил 13 мартгача бўлган иш стажи тўлиқ қабул қилинади (Битим 6-м. 2-б. – Пенсия, шу жумладан имтиёзли асосларда ва хизмат йиллари учун пенсия олиш ҳуқуқини белгилаш учун Битим иштирокчи давлатлари фуқароларига бу давлатлардан ҳар қайсисининг ҳудудида, шунингдек ушбу Битим кучга киргунга қадар собиқ СССР ҳудудида орттирилган меҳнат стажи ҳисобга олинади).
Меҳнат стажининг қолган қисми, яъни 1992 йил 13 мартдан кейинги қисми «Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 40-моддаси талабларидан келиб чиқиб ҳисобга олинади, унга кўра чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга чет элдаги иш Ўзбекистон Республикасидаги ишга тўғри келадиган стажнинг 1/3 қисмидан кўп бўлмаган миқдорда стажга киритилади.
МИСОЛ. Чет эл фуқаросининг умумий иш стажи 40 йилни ташкил қилади, шундан 21 йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудига, 19 йил эса чет давлат ҳудудига тўғри келади. Бу ҳолда чет эл фуқаросининг чет давлат ҳудудидаги иш стажи пенсия ҳисоблаш учун 7 йил чегарасида (21 йил / 3) қабул қилинади ва умумий иш стажи 28 йилни ташкил қилади (21 + 7) (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 47-б.).
– Агар меҳнат дафтарчасида махсус стаж ҳақидаги ёзув аниқ бўлмаса (хусусан, цирк касби нотўғри кўрсатилган бўлса), бу ёзувни қандай тасдиқлаш мумкин?
– Театрлар ва бошқа театр-томоша корхоналари ва жамоаларининг артистлари айрим тоифаларининг имтиёзли пенсия таъминоти ҳуқуқини берадиган махсус иш стажи меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси) билан тасдиқланади.
Касб (лавозим)нинг номи, бажариладиган ишнинг жанрга мансублиги, хусусияти ёки иш кечган ташкилотнинг мақоми тўғрисида меҳнат дафтарчасида (электрон меҳнат дафтарчасида) зарур маълумотлар мавжуд бўлмаган ҳолларда махсус иш стажи ушбу шахсга нисбатан маълумотлар мавжуд бўлган иш жойидан берилган маълумотнома билан тасдиқланади, унда ушбу шахсга тегишли маълумотлар бўлиши лозим (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 68-б.).
– Маълумотлар «ЯММТ» ИДАКга киритилмаган ҳолларда Пенсия жамғармасига тақдим этиш мумкин бўлган маълумотномаларнинг тўлиқ рўйхати қандай?
– «ЯММТ» ИДАКда маълумотлар мавжуд бўлмаганда, жисмоний шахслар ташаббус билан ўзларининг собиқ иш даврлари ҳақидаги маълумотларни «ЯММТ» ИДАКга мустақил равишда киритишлари мумкин.
Бунда киритилган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси органлари томонидан ёзув киритилганидан кейин 15 кун ичида верификация қилиниши (тасдиқланиши) лозим (5.12.2019 йилдаги 971-сон ВМҚга 1-илова 54-б.).
Бунинг учун меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган маълумотномалар, буйруқлардан кўчирмалар, шахсий ҳисоб варақалари ва иш ҳақи тўлаш бўйича қайдномалар, меҳнат шартномалари (контрактлар), архив маълумотномалари ва бошқа ҳужжатлар қабул қилинади.
Бунда маълумотномада ишга қабул қилиш, ишда (лавозимда) ўзгаришлар ва меҳнат шартномасини асосларини кўрсатган ҳолда бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши керак. Маълумотнома ташкилот ёки архив раҳбари, шунингдек маълумотномани тайёрлаган ходим томонидан имзоланади ва маълумотномани берган ташкилот ёки архив муҳри билан тасдиқланади (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 56-б.).
– Пенсияни ҳисоблашда мукофот пулларини иш ҳақига киритиш мумкинми?
– Турли даврлар якуни бўйича тўланадиган мукофотлар, мукофот пуллар, шунингдек давлат байрамлари ва алоҳида турдаги ишларни бажарганлик учун бир марталик мукофотлар ва бошқа шунга ўхшаш тўловлар (шу жумладан ипак қурти пилласини етиштириш бўйича тўловлар ва йил якуни бўйича колхоз аъзоларига қўшимча тўловлар) қуйидагилар тўланган тақдирда ҳисоблаш ойидаги иш ҳақи таркибига киритилади:
• 2019 йил 1 январгача бўлган давр учун – суғурта бадаллари;
• 2019 йил 1 январдан кейинги давр учун – иш ҳақи шаклидаги даромадлар (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 89-б.).
Маълумот учун!
Ногиронлик бўйича пенсия тайинланганидан КЕЙИНГИ иш даври ёши бўйича пенсияни ёки ногиронлиги бўлган шахс вафот этган тақдирда боқувчисини йўқотганлик пенсиясини ҳисоблаш учун иш стажига ҚЎШИЛАДИ.
Маълумот учун!
Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган, жазони манзил-колонияларда ўтаётган маҳкумларнинг ПЕНСИЯ ТАЙИНЛАШ (қайта ҳисоблаш, тиклаш, бир тур пенсиядан бошқа турдаги пенсияга ўтказиш) тўғрисидаги аризаси бевосита манзил-колония жойлашган жойдаги Пенсия жамғармаси бўлимига ТОПШИРИЛАДИ.
Маълумот учун!
II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахснинг ёлғиз пенсионерларга мансублиги ФАКТИ Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги орқали ТАСДИҚЛАНАДИ.