Олий Мажлис Қонунчилик палатаси пенсияларни тайинлашнинг проактив тизимига ўтиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилгани ҳақидаги маълумот аҳоли ўртасида кўплаб саволларга сабаб бўлди. Улардан баъзиларига «Норма» эксперти Зафаржон Хўжаев тушунтириш беради.
– Пенсия тайинлашнинг проактив тизими нимани англатади?
– 2024 йил 1 январдан фуқароларга давлат пенсияларини тайинлаш тартиби ўзгартирилди. Хусусан, давлат пенсияларини тайинлаш учун амалдаги тартибга қўшимча равишда Давлат хизматлари маркази ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали ҳам мурожаат қилиш имконияти яратилди (31.10.2023 йилдаги ПҚ-353-сон, 1-б. «а» кичик б.).
Пенсияларни тайинлашнинг проактив тизими – фуқароларга пенсия ёшига тўлганда ариза топшириш талаб этилмайдиган тизим бўлиб, у 2025 йил 1 мартдан ишлай бошлайди (31.10.2023 йилдаги ПҚ-353-сон, 1-б. «б» кичик б.). Бу фуқароларга пенсия тайинлаш бўйича давлат хизматлари сифатини сезиларли даражада оширади ва ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этади.
Бу шуни англатадики, ёшга доир пенсиялар иш стажи, иш ҳақи ва бошқа маълумотлар асосида ҳисобланади. Бу маълумотлар тегишли вазирликлар ва идоралар ўртасида Пенсия жамғармаси ахборот тизими орқали ахборот алмашинуви воситасида олинади. Эслатиб ўтамиз, пенсияни тайинлаш (қайта ҳисоблаш) учун зарур маълумотлар қуйидагилардан олинади (13.10.2022 йилдаги 592-сон ВМҚга 1-илова 11-б.):
• жамғариб бориладиган пенсия тизимидан;
• Пенсия жамғармасига ўтказилган суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг марказлаштирилган электрон реестридан;
• фуқароларнинг иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестридан, «ЯММТ» ИДАК (my.mehnat.uz) ва бошқа вазирлик идораларининг ахборот тизимларидан.
– Ҳозирдан одамлар пенсия тури, унинг миқдори, тайинлаш муддати, унга ҳисобланган пенсия тўлови шакли тўғрисида СМС-хабарномалар олишмоқда. Кўрсатилган сумма ҳар доим ҳам кутилган миқдорга мос келмаяпти. Бунинг сабаби «ЯММТ» ИДАКда маълумотларнинг йўқлиги бўлиши мумкин. Бундай ҳолда киши пенсияга чиқишдан воз кечиши мумкинми?
– Ҳа, проактив шаклда тайинланган пенсиядан воз кечиш ва ишлашни давом эттириш мумкин. Кейинчалик унинг мурожаатига асосан пенсияни қайта ҳисоблайдилар ва давлат пенсия таъминоти тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган муддатларга мувофиқ тайинлайдилар (31.10.2023 йилдаги ПҚ-353-сон, 2-б.).
Ортиқча ташвишлардан қочиш учун жисмоний шахслар ўз ташаббуси билан «ЯММТ» ИДАКга ўзларининг ўтган даврлардаги ишлари ҳақидаги маълумотларни мустақил равишда киритишлари мумкинлигини эслатиб ўтиш зарур. Бунда киритилган маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси органлари томонидан ёзув киритилган пайтдан бошлаб ўн беш кун мобайнида верификация қилиниши (тасдиқланиши) лозим. Ишламайдиган фуқаролар ўзларининг меҳнат дафтарчасидаги меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларини «ЯММТ» ИДАКка киритиш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимларига мурожаат қилишлари мумкин. Бу ўринда маълумотлар жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами орқали киритилади (5.12.2019 йилдаги 971-сон ВМҚга 1-илова 54-б.).
Иш стажи тасдиқланган тақдирда, пенсияни қайта ҳисоблаш Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан белгиланган тартибда амалга оширилади. Ўзини ўзи банд қилганлар ҳам шуни билишлари керакки, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини беришда меҳнат органлари улар ҳақидаги маълумотларни гувоҳнома берилган санадан бошлаб 3 кундан кечиктирмай «ЯММТ» ИДАКга киритадилар.
«ЯММТ» ИДАКда сақланадиган бу маълумотлар жисмоний шахснинг пенсия ҳисоблаш учун меҳнат стажига тегишли бандлик даврини киритиш учун асос бўлади. Бунда берилган вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини тақдим этиш орқали тасдиқлаш талаб этилмайди (5.12.2019 йилдаги 971-сон ВМҚга 1-илова 55, 57-б.).
Стажни киритиш ҳақида батафсил маълумот олиш учун туман бандликка кўмаклашиш марказларига ёки (71) 200-70-30 рақамли қўллаб-қувватлаш хизматига мурожаат қилишни тавсия этамиз.
– Барча киритилган маълумотлар верификация қилиниши (тасдиқланиши) лозимлигини ҳисобга олган ҳолда, архив маълумотномалари ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқдами?
– Ҳа, 2005 йилгача бўлган архив маълумотномалари ўз аҳамиятини сақлаб қолади, чунки бу давр учун барча архив маълумотлари «ЯММТ» ИДАКда акс этганига 100 фоиз ишонч йўқ.
Маълумот учун!
Боқувчисини йўқотганлик пенсияси ўқувчи ва олий таълим муассасалари талабаларига бутун ўқиш даврида, лекин 23 ЁШГА ТЎЛГУНЛАРИГА ҚАДАР тўланади.