Ташкилотимиз раҳбари кўргазмаларда қатнашиш учун тез-тез чет элга хизмат сафарига бориб келади. Хизмат сафари учун самолёт чиптаси ташкилот ҳисобидан олиб берилади. Хизмат сафари учун олдиндан аванс тўлови тўланмайди. Ҳисоб-китоб раҳбар келганидан сўнг бухгалтерияга тақдим қилинган ҳужжатлар (меҳмонхона квитанцияси, валюта алмаштирган бўлса, банк чеки)га асосан сарфланган суммалар қоплаб берилади ва ҳар бир кун учун ўрнатилган норма доирасида суткалик харажатлар суммаси тўлаб берилади.
Раҳбар рози бўлса, ҳисоб сиёсатида кўрсатилган бўлса, хизмат сафарига бориб келинган ойнинг охирги куни ойлик иш ҳақига қўшиб хизмат сафари суммасини тўлаб берса бўладими? Бунда солиқ оқибатлари юзага келмайдими?
– Хизмат сафарига юборилган шахс хизмат сафаридан қайтиб келганидан кейин уч иш кунидан кечиктирмай бўнак олинган валютада бўнак ҳисоботи тақдим этади (Низом, 43-б., АВ рўйхат рақами 2730, 19.11.2015 й.). Бухгалтерия тақдим этилган хужжатларни текшириб, қонунчиликда, жамоа шартномасида келтирилган меъёрларга асосан кунлик харажатларни ҳисоблаб, бўнак ҳисоботини тасдиқлаш учун раҳбарга тақдим этади. Агар ҳисоб-китоблар бўйича ходим ортиқча харажат қилган бўлса, корхона уларни қоплаб бериши лозим бўлади (Низом 50-б.). Низомда ташкилот ортиқча сарфланган пулни банкдан олиши учун керакли хужжатларни тақдим этиши кўрсатиб ўтилган (Низом 52-б.). Лекин ҳозирги кунда ташкилотлар асосан ходимнинг пластик картасига пул ўтказиб бериш йўли билан харажатларни қоплаб беришмоқда. Низомда ходимга неча кунда харажатлар қоплаб берилиши лозимлиги айтилмаган бўлса ҳам, бўнак ҳисоботи тасдиқланган кундан бошлаб ходим ортиқча сарфланган харажатларни қоплаш берилишига ҳақли бўлади. Бухгалтерия ҳисобида ҳам бўнак ҳисоботи тасдиқланган кунда ходим олдида қарздорлик тан олинади.
Иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пуллик компенсация) билан бирга тўлаши шарт (МК 333-м.).
Яъни, агар ходимга тўлаб берилиши лозим бўлган тўловлар кечиктирилса, у пуллик конпенсация олишга ҳақли. Саволдаги ҳолатда раҳбар ўз ҳоҳиши билан хизмат сафари бўйича ортиқча сарфланган харажатларни ойлик билан бирга тўлаб берилишига рози бўлган. Шунинг учун бу ерда ташкилот ҳуқуқбузарлик содир этгани йўқ. Лекин келажакда МК ва Низомга асосан тўловларни имкон қадар ўз вақтида амалга оширишни тавсия қиламиз.
Агар хизмат сафарига оид тўловлар қонунчиликда белгиланган меъёрлар асосида амалга оширилган бўлса, хизмат сафарига юборилган шахсда солиқ оқибатлари юзага келмайди (СК 369-м. 3-қ. 8-б.).
Дилором Саидова, «Норма» эксперти.