Қандай ижтимоий таътиллар бўлади
Ижтимоий таътил – ходимга оналик, болаларни парваришлаш, таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек бошқа ижтимоий мақсадларда бериладиган таътил туридир. Ижтимоий таътил – дам олиш вақти эмас, унинг мақсади ва хусусиятлари ўзгача.
Меҳнат кодекси қуйидаги ижтимоий таътилларни назарда тутади:
1. Ҳомиладорлик ва туғиш таътили.
2. Болаларни парваришлаш таътили.
3. Таълим олиш муносабати билан бериладиган таътил.
4. Ижодий таътил.
Шунингдек, моҳиятига кўра, ижтимоий ҳисобланадиган таътиллар ҳам бор:
1. Янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга бериладиган таътил.
2. 12 ёшга тўлмаган болалар ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига, васийсига бериладиган таътил,
Жамоа келишуви, жамоа шартномасида ёки меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳужжатда қуйидагиларни назарда тутишингиз мумкин:
• бошқа ижтимоий таътилларни бериш, масалан, никоҳ тузилганлиги муносабати билан, бола туғилиши муносабати билан боланинг отасига, ходимнинг яқин қариндоши вафот этганлиги муносабати билан ва бошқалар;
• ижтимоий таътиллар давомийлигини кўпайтириш;
• ижтимоий таътилларда бўлган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи ёки унинг бир қисмини, қонунчиликда иш ҳақи сақланмайди дейилганда, сақлаб қолиш;
• ушбу таътилларни меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киритиш.
Иш берувчи ижтимоий таътил беришни рад этиши мумкинми
Ижтимоий таътил таътиллар жадвали, иш ва календарь йил билан боғлиқ эмас. У ходимда тегишли ҳолатлар юзага келган ёки келмаганлигига боғлиқ. Демак, агар тегишли ҳолатлар юзага келганлиги тасдиқланган факт бўлса, масалан, ҳомиладорлик, бола туғилиши, таълим муассасасига ўқишга кириш ва бошқа ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, иш берувчи ходимга ижтимоий таътил бериши шарт ва рад этиши мумкин эмас.
Шу билан бирга ходим ушбу ҳолатларнинг ҳақиқатда мавжудлигини тасдиқлаши лозим. Ҳар аниқ ҳолатда бу турли ҳужжатлар билан мустаҳкамланади. Масалан, кириш имтиҳонларига киритилиши ДТМ билан, боланинг туғилиши эса ФҲДЁдан олинган гувоҳнома билан асосланади.
ВАЗИЯТ. Тўй муносабати билан ижтимоий таътил тақдим этиш
«Наврўз» МЧЖ жамоа шартномасида, қонунчиликда белгиланган ижтимоий таътиллардан ташқари, тўй муносабати билан бериладиган таътил ҳам кўзда тутилган ва унинг давомийлиги 7 кун деб белгиланган.
Муҳандис-технолог И.Абдураҳмонов уйланишга қарор қилди, келиннинг ота-онаси эса бўлажак келин-куёвларга Бали оролига тўй саёҳатига чипталар совға қилишди. И.Абдураҳмонов иш берувчига бўлажак тўй ҳақида маълум қилиб, ижтимоий таътил сўраганида, иш берувчи ҳозир муҳим лойиҳа устида иш бораётгани ва И. Абдураҳмонов ишда керак бўлишига асосланиб, рад жавобини берди.
Иш берувчи саёҳатни бошқа саналарга кўчиришни таклиф қилди. Иш берувчининг ҳаракатлари қонунийми?
Йўқ, агар ходимда ижтимоий таътил олиш учун асослар пайдо бўлган бўлса, иш берувчи ходимга ижтимоий таътил беришни рад этишга ҳақли эмас. Бироқ ички ҳужжатларда мустаҳкамланадиган ижтимоий таътиллар учун қўшимча шартларни назарда тутиш мумкин. Масалан, мазкур ҳолатда тўй муносабати билан ижтимоий таътил олиш тўғрисидаги аризани исталган санадан камида 15 кун олдин бериш кераклиги тўғрисидаги талабни белгилаш. Шунда иш берувчи ишлар ҳажмини режалаштириши ва таътилга чиқаётган ходим вазифаларининг қисмини бошқа ходимларга қайта тақсимлаши мумкин.
ВАЗИЯТ. Ходимга тўйга қандай «жавоб бериш» мумкин
Ходим турмуш қурмоқчи ва шу муносабат билан у бир неча кунга ишдан жавоб беришларини сўрамоқда. Буни қандай тўғри расмийлаштириш керак? Таътил биланми ёки отгуллар биланми? Агар таътил бўлса, ҳақ тўланадиганми ёки таъминотсизми? Тўй учун аниқ неча бўш кун бериш керак?
1-вариант: ижтимоий таътил
Жамоа келишувларида, жамоа шартномасида, ташкилотнинг ички ҳужжатларида (масалан, таътиллар тўғрисидаги низомда) ходимларга қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган бошқа ижтимоий таътиллар бериш назарда тутилиши мумкин. Масалан, қуйидагилар муносабати билан:
• никоҳ тузиш;
• бола туғилиши билан – боланинг отасига;
• яқин қариндошининг вафоти;
• бошқа ҳолларда.
Бундай ҳолатларни ходим билан тузилган меҳнат шартномасида ҳам айтиб ўтиш мумкин.
Агар санаб ўтилган ҳужжатларда бундай кафолат бўлмаса, масалани ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳал қилиш мумкин. Аммо бу ерда муҳим жиҳат бор: бу ҳолатда иш берувчи ходимнинг илтимосини қондириши ёки рад этиши мумкин.
Низоли вазиятларнинг олдини олиш учун, агар компания уларни тақдим этиш имкониятига эга бўлса, қўшимча ижтимоий таътиллар бериш шартини жамоа келишувида ёки ички ҳужжатларда мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир. Бу иш берувчи шахсий хоҳиш-истаклари ёки манфаатларидан келиб чиқиб, у ёки бу ходимга рад жавобини бермаслигининг кафолати бўлади. Зеро жамоа шартнома ва ички ҳужжатларнинг қоидалари ходимлар томонидан ҳам, иш берувчи томонидан ҳам бажарилиши мажбурийдир.
Ходимларга қўшимча ижтимоий таътилларни белгилайдиган ҳужжатларда қуйидаги масалалар тартибга солиниши керак:
• ушбу таътилларнинг аниқ давомийлиги;
• уларни навбатдаги йиллик меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига киритиш.
Жамоа келишувида ёки ички ҳужжатда таътил берилишини қандай ҳисоблаш мумкин
Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан тасдиқланган 2023 йил учун Жамоа шартномаси макетининг 4.31-бандидан намуна сифатида фойдаланиш мумкин:
«... Иш берувчи қуйидаги ҳолларда ходимнинг унга иш ҳақи сақланган ҳолда ижтимоий таътиллар бериш тўғрисидаги илтимосини қаноатлантириш мажбуриятини олади:
а) яқин қариндошлари вафот этганда* – ___ кун;
б) ходимнинг ўзи ёки унинг болаларининг тўй тантаналари ўтказилганда – ___ куни;
в) табиий офат юз берган тақдирда – ___ кун (сув тошқини, кўчки ва бошқалар);
г) янги уй-жой муносабати билан – ___ куни;
д) болани биринчи синфга кузатишда – ___ куни;
е) бола туғилганлиги муносабати билан боланинг отасига – _____ кун;
ж) коронавирус инфекциясига қарши эмланган куни – 1 кун;
з) тарихий жойлар, ёдгорликлар ва муқаддас қадамжолар бўйлаб зиёратга ёки саёҳатга юборилганда – _____ кун;
и) _______________________________.
*Яқин қариндошларга қуйидагилар киради: ходимнинг ота-онаси, ака-укалари, опа-сингиллари, фарзандлари ва турмуш ўртоқлари».
Бундай таътилни қандай расмийлаштириш мумкин
1. Ходимдан ихтиёрий шаклда ёзилган аризани олинг. Бироқ, кейинчалик англашилмовчиликлар бўлмаслиги учун, ходим аризада таътил кунларининг аниқ сонини кўрсатишига эътибор беринг.
«Тўй тантаналари ўтказиладиган давр учун» ва ҳ.к. каби ноаниқ таърифлардан фойдаланмаслик керак. Ходим ички тартибда назарда тутилган ёки тарафлар келишиб олган кунлар сонини кўрсатиши керак.
2. Ариза асосида, таътилнинг аниқ давомийлигини кўрсатган ҳолда, буйруқ расмийлаштиринг. Агар таътил тугаганидан сўнг ходим узрли сабабларсиз ишга чиқмаса, бу прогул сифатида баҳоланади.
3. Ушбу таътил мақсадли бўлганлиги сабабли, аризадан ташқари, ходимдан тасдиқловчи ҳужжат – никоҳ тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхасини олиш мақсадга мувофиқдир (ходим уни никоҳни рўйхатдан ўтказгандан кейин бериши мумкин, албатта). Масалан, у таътилдан чиққандан кейин топшириши мумкин. Гувоҳнома нусхасини буйруққа ариза билан бирга илова қилинг.
4. Таътилни иш вақтини ҳисобга олиш табелида – ташкилотингизда табелни юритиш учун қабул қилинган белгиларга мувофиқ акс эттиринг.
Ижтимоий таътил ходимга, йил давомида (тўлиқ ёки қисман) унга белгиланган асосий йиллик таътиллардан, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган қўшимча таътиллардан фойдаланган-фойдаланмаганлигидан қатъи назар, берилади.
Агар таътил берилган бўлса-ю, тўй ўтказилмаган бўлса, ходимнинг ўзи хоҳламаса, уни таътилдан чақириб олиш мумкин эмас. Шарҳ:
1) фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади;
2) фақат меҳнат таътилларига нисбатан қўлланилади.
Шунингдек ушбу вазиятда ходимнинг иш ҳақидан таътил ҳақини ушлаб қолиш мумкин эмас (МК 238-м., 28.10.2022 йилдаги 798-сон ЎРҚ таҳририда). Тегишли асосга эга бўлмаган таътилни расмийлаштириб, молиявий таваккалчиликка йўл қўймаслик учун, таътил ҳақини тасдиқловчи ҳужжат олингандан кейингина тўланг.
2-вариант: иш ҳақи сақланмаган таътил
Агар муайян мақсадлар учун ижтимоий таътил ходимга ички тартибда кафолатланмаган ва меҳнат шартномасида қайд этилмаган бўлса, иш берувчи, юқорида айтиб ўтилганидек, уни беришга мажбур эмас.
Бундай ҳолда ходимга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил бериш мумкин. Яна масала томонларнинг келишуви билан ҳал қилинади. Агар ходим ўз хоҳишига кўра таътил бериладиган тоифадаги ходимлар рўйхатига кирмаса, иш берувчи бундай ишдан бош тортиши мумкин. Улар МК 228-моддасининг 4-қисмида санаб ўтилган.
Ходим МК 241-моддасида белгиланган «сақланмаган» таътилнинг чекланган муддатидан фойдаланмаганлигини албатта текширинг. У иш ҳақи сақланмаган ҳолда охирги таътил берилган кундан бошлаб календарь йил давомида узлуксиз ёки жами 3 ойдан ошиши мумкин эмас.
Масалан, ходим 2023 йил январь ойида иш ҳақи сақланмаган ҳолда 1 ой муддатга таътил олган. Кейин март ойида у яна 2 ойга «б/с»га кетди. Июнь ойида унинг тўйи бўлиб, у яна таътилга чиқишини илтимос қилди. Ушбу ҳолатда бундай таътилни бериш мумкин эмас, чунки ходим унинг барча рухсат этилган давомийлигини – 3 ойни аллақачон фойдаланган.
3-вариант: меҳнат таътили
Айтайлик, тўйга ижтимоий таътил локал тартибда ҳам, меҳнат шартномасида ҳам назарда тутилмаган. Иш ҳақи сақланмаган таътилни ходим олишни хоҳламайди. Йиллик меҳнат таътили қолади.
Агар ходимда унга иш йили учун белгиланган меҳнат таътили фойдаланилмай қолган бўлса, уни тўлиқ ёки қисман бериш мумкин. Агар ходим таътилни тўлиқ олишни хоҳламаса, уни қисмларга бўлишга МК 231-моддасига риоя қилган ҳолда йўл қўйилади: таътил қисмларининг ҳеч бўлмаганда биттаси 14 календарь иш кунидан кам бўлмаслиги керак.
Масалан, ходимнинг таътил муддати – 21 календарь кун. Тўйга 7 кун (ҳафта) ажратиш, қолган 14 кунни жорий иш йили доирасида бошқа муддатга кўчириш мумкин. Аммо улардан бир вақтнинг ўзида фойдаланиш керак бўлади. Қолган 14 кунни бўлиш энди мумкин эмас.
Иш берувчи меҳнат таътилини беришни рад этиши мумкинми?
– Йўқ, агар таътиллар жадвали бўйича таътилдан фойдаланиш вақти тўй ўтказиладиган даврга тўғри келса, мумкин эмас. Агар бир-бирига тўғри келмаса (масалан, тўй июнь ойида, жадвал бўйича таътил эса фақат ноябрда), агар ходим ёзги ёки ўзи учун қулай бўлган бошқа вақтда таътил бериладиган ходимлар тоифалари рўйхатига кирмаса, иш берувчи рад этишга ҳақли. Улар МК 228-моддасининг 4-қисмида кўрсатилган.
Агар ходим ишлаган даври учун унга берилган таътилдан фойдаланган бўлса, келгуси иш йили ҳисобига таътил бериш тавсия этилмайди.
Ходимга тўй ўтказиладиган кунларга отгулларни расмийлаштириш мумкинми?
– Йўқ, мумкин эмас, чунки «отгул» атамаси фақат МК 469-моддасида ишлатилади ва у вахта усулида ишлашда меҳнат ва дам олиш режимига тааллуқли.
Кўпчилик кадрлар ходимлари отгулларни «таътил ҳисобига» расмийлаштирадилар – бу нотўғри.
Агар ходим билан келишиб, унга тўй учун таътил кунлари берилса, буни юқорида айтиб ўтганимиздек, қисмларга бўлинган таътил сифатида расмийлаштиринг.
Ижтимоий таътилга чиқиш учун нималар керак
Ходимнинг ижтимоий таътил олиш ҳуқуқи ходимнинг меҳнат стажининг давомийлигига, у бажарадиган ишнинг жойи ва хусусиятига, иш берувчининг ташкилий-ҳуқуқий шаклига боғлиқ эмас.
Мазкур ҳолатда асосийси – у ёки бу таътил турини олиш ҳуқуқини берувчи ҳолатларнинг мавжудлиги ва уларни ҳужжатлар билан тасдиқлаш имконияти. Масалан, олий таълим муассасасининг имтиҳонлар сессияси бошланганлиги ҳақидаги маълумотномаси ёки расмий сайтдаги эълони бўлмаса, иш берувчи ўқув таътилини бермаслиги мумкин.
Айниқса бундай таътилларни ҳужжатлар билан тасдиқлаш бюджет такшилотларида муҳим. Акс ҳолда фискал органлар томонидан текширув чоғида иш берувчида муаммолар вужудга келиши мумкин.
ВАЗИЯТ. Ҳомиладорлик ва туғиш таътилини олиш ҳуқуқи
Б.Ашурова «Garant» МЧЖга сотувлар бўйича менежер лавозимига ишга қабул қилинди. 3 ойлик синов муддати ўтгач у ҳомиладорлик тўғрисидаги маълумотномани тақдим этди. Иш берувчи бундай таътил беришни ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини тўлашни рад этиши мумкинми?
Йўқ, иш берувчи ҳомиладорлик ва туғиш таътилини тақдим этишни рад қилишга ҳақли эмас, чунки ходимнинг ижтимоий таътил олиш ҳуқуқи меҳнат стажининг давомийлигига боғлиқ эмас, Нафақанинг энг кам миқдорини – ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизини ҳам тўлашга тўғри келади.
Иш берувчи аёлга ҳомиладорлик ва туғиш таътилини тақдим этишни рад қилиши мумкин эмас. Ушбу таътил асли ҳолида берилиши керак, уни бошқа муддатга кўчириш, пуллик компенсацияга алмаштириш, ҳатто аёл бунга рози бўлган тақдирда ҳам, мумкин эмас.
Ижтимоий таътилни пул билан алмаштириш, уни кўчириш ёки бошқа таътил билан жамлаш мумкинми
Иш берувчи ижтимоий таътилни пуллик компенсация тўлаш билан алмаштиришга ҳақли эмас. У фақат аслида тақдим этилади. Ижтимоий таътилни бошқа муддатга кўчириш мумкин эмас, чунки уни тақдим этиш ходимнинг ҳаётидаги муайян ҳодисалар билан боғлиқ.
Бундан ташқари, ижтимоий таътилларни жамлаб ҳисоблаш тақиқланади. Масалан, ҳомиладорлик ва туғиш таътили ва болани парваришлаш таътили, чунки бу ҳар хил таътиллар ва улар ҳар хил ҳужжатлар билан расмийлаштирилиши керак.
Бунда ижтимоий таътилни меҳнат таътили билан жамлашга қонунчиликда тўғридан-тўғри тақиқ йўқ. Агар иш берувчи ходимга кетма-кет ҳам меҳнат, ҳам ижтимоий таътил беришга рози бўлса, у ҳолда бундай қўшиш мумкин. Шу билан бирга ходим бундай жамлашни иш берувчидан талаб қилишга ҳақли эмас.
Шунингдек ходима ҳар йилги меҳнат таътилини ҳомиладорлик ва туғиш таътилидан олдин ёки бевосита ундан кейин ҳам расмийлаштириши мумкин (МК 228-м. 4-қ. 2-хатбошиси).
Меҳнат таътилини ижтимоий таътил билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.
Иш берувчи ижтимоий таътилни тақдим этишда нималар қилиши керак
Барча ижтимоий таътиллар вақтида ходимнинг иш жойи ва лавозимини сақлаб қолинг.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили, ижодий таътил ва таълим олиш муносабати билан бериладиган таътилни навбатдаги меҳнат таътили учун стажга киритинг.
Ўқув ёки ижодий таътилдаги ходимга унинг ўртача иш ҳақини тўланг.
Олий таълим муассасига кириш имтиҳонларини топшириш чоғида ходимга иш ҳақи сақланмайдиган таътил беринг.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилида аёлга тегишли нафақа тўланг.
Болани парваришлаётган шахсга – отаси, онаси, бувиси, бобоси ёки бошқа шахсга бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш таътилини тақдим этишда болани парваришлаш нафақасини тўланг.
Агар ходим шифокор бўлса ва у 3 йилдан ортиқ вақтга ижтимоий таътилга кетган бўлса, уни ишга қўйишдан олдин у малакасини тиклаши лозим. Бундай танаффус, масалан, агар шифокор аввал ҳомиладорлик ва туғиш таътилида, сўнг болани парваришлаш таътилида бўлганида бўлиши мумкин. Шифокор ўз касбий фаолиятини қайта бошлашдан олдин ихтисослашув курсларидан ўтиши шарт.
ВАЗИЯТ. Ҳомиладорлик таътилга ва болани парваришлаш бўйича таътилга ҳақ тўлаш
Ходима ҳомиладорлик таътилига чиқмоқда. Корхона бюджет ташкилотлари қаторига кирмайди. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик тўловини ва болани парваришлаш бўйича таътилни ким ва қандай тартибда молиялаштиради?
Ходима ҳомиладорлик ва туғиш бўйича таътилга чиқиш ҳамда шу давр учун нафақа олиш ҳуқуқига эга (МК 404-м.). Ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа – аёл ва унинг фарзандларини молиявий қўллаб-қувватлаш учун мўлжалланган кафолатланган қўшимча тўловдир (31.05.2024 йилдаги 314-сон ВМҚга 1-илова, кейинги ўринларда – Низом).
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг миқдори иш билан таъминланган ёки 12 ойдан ортиқ танаффусдан кейин иш тикланган пайтдан бошлаб ишлаб берилган вақтга боғлиқ бўлади (Низом 35-б.):
• 12 ойгача – ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи;
• 12 ойдан ортиқ – ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи.
Агар ходима 6 ойдан ортиқ ишлаган бўлса, нафақаларнинг 4 МИХ баравари ва ундан кам қисми давлат томонидан Ижтимоий суғурта жамғармасидан, қуйидагилар мавжуд бўлса, тўланади:
• Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот базасида тўғри расмийлаштирилган ва рўйхатдан ўтказилган меҳнатга лаёқатсизлик варақаси;
• ДСҚдаги иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар;
• ЯММТда меҳнат стажини тасдиқлаш.
Агар ҳисобланган нафақа миқдори, иш стажи ва тўланган ижтимоий суғурта суммаларини ҳисобга олган ҳолда, 4 МИХдан ортиқ бўлса, унинг қолдиғини иш берувчи тўлайди.
Болаларни парваришлаш бўйича таътиллари, 2 ёшгача бўлган болани парваришлаш бўйича нафақа тўғрисида
Болаларни парваришлаш бўйича таътиллари икки турда бўлади:
• бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш бўйича таътил – аёлга унинг хоҳишига кўра ёзма ариза асосида, ушбу давр учун асосий иш жойи бўйича нафақа тўланган ҳолда, берилади (МК 405-м., Низом, 31.05.2024 йилдаги 314-сон ВМҚга 1-илова);
• бола 3 ёшга тўлгунга қадар, иш ҳақи сақланмайдиган ҳолда, таътил бериш (МК 405-м.).
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили қандай тақдим этилади
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилининг давомийлиги – туғруққача 70 календарь кун ва туғруқдан кейин 56 календарь кун. Туғиш қийин кечган ёки 2 ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда таътилнинг иккинчи (туғуруқдан кейинги) қисмини ҳам 70 календарь кунга тақдим этинг.
Болани парваришлаш таътилидан фарқли, ҳомиладорлик ва туғиш таътилини фақат аёлларга тақдим этинг.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътилини тақдим этиш учун асос – акушер-гинеколог томонидан берилган касаллик варақаси ва аёлнинг таътил тақдим этиш тўғрисидаги аризаси.
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасининг миқдори ишга қабул қилинган кундан эътиборан ҳақиқатда ишланган вақтга боғлиқ:
• ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойгача – ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган вақт учун ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизи миқдорида;
• ишга қабул қилинган кундан бошлаб 12 ойдан ортиқ – ҳомиладорлик ва туғиш таътилида бўлган вақт учун ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизи миқдорида (27.12.2016 йилдаги ПҚ-2699-сон қарор 23-б.).
Болаларни парваришлаш таътили қандай тақдим этилади
Болаларни парваришлаш таътили 2 турга бўлинади:
• бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш таътили;
• бола 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш таътили.
Фарқи шундаки, бола 2 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш таътилида бўлган даврда болани парваришлаётган шахсга нафақа тўланади, бола 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш таътили эса иш ҳақи сақланмаган ҳолда тақдим этилади.
Болани парваришлаш таътилини боланинг онасига ёки исталган бошқа қариндоши ёхуд васийси – отасига, бувисига ва бошқаларга тақдим этинг. Ушбу таътилдан тўлиқ ёки қисман фойдаланиш мумкин.
Бунда болани ҳақиқатда парваришлаётган ва таътил олишни истаётган шахс ўз талабини ҳужжатлар билан асослаши лозим. Масалан, боланинг онасининг иш жойидан унинг меҳнат мажбуриятларини бажаришга киришганлиги тўғрисида маълумотнома.
Ишлаётган оналарга ҳар ойлик нафақа миқдори 2021 йил 1 сентябрдан меҳнат ҳақининг энг кам миқдорининг 60 фоизи миқдорида белгиланган.
Бюджет ташкилотларида ишлаётган оналар, шунингдек ишламайдиган оналар учун бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ҳамда 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилган. Нафақа миқдори болаларнинг ёши ва сонига қараб дифференцияланган ва ёши 3 ёшгача бўлган битта кичик фарзанд учун 325 000 сўмни ташкил қилади.
Болани парваришлаш таътили даврида ходимнинг иш жойини сақлаб қолинг. Ушбу таътилни меҳнат стажига киритинг, бироқ кўпи билан 6 йилдан ошмаган қисмини. Масалан, аёлнинг 3 фарзанди бор, уларнинг ҳар бири билан у бола 3 ёшга тўлгунга қадар уни парваришлаш таътилида бўлган, бироқ таътилнинг 9 йилидан унга меҳнат стажига фақат 6 йилини киритинг.
Меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига, агар жамоа шартномасида ёки бошқа ички ҳужжатда истиснолар белгиланмаган бўлса, болани парваришлаш таътиллари вақтини киритманг.
Таълим олиш муносабати билан таътил қандай берилади
Ўқув таътилини:
• таълим ташкилотларида ўқитилаётган;
• қайта тайёрлашдан ёки малака оширишдан ўтаётган;
• меҳнат шартномаси бўйича ишдан ажралмаган ҳолда ишлаб чиқариш бўйича таҳсил олаётган ходимларга тақдим этинг.
Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда ўқиётган ходимга, агар у бу ҳақида илтимос қилса, меҳнат таътилини давлат аттестацияси ва битирув малака ишини ҳимоя қилиш, магистрлик диссертациясини ҳимоя қилиш вақтига ёхуд имтиҳонлар ва лаборатория-имтиҳон сессиялари вақтига тўғрилаб беринг.
Агар ходим олий таълим ташкилотларига кириш имтиҳонларини топшираётган бўлса, унга камида 15 календарь кун муддатга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил беринг. Таълим ташкилотлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти бу муддатга киритилмайди.
Жадвал
Кечки ёки сиртқи таълим шакли бўйича таълим олаётган ходимларда
ҳар йилги ўқув таътилининг давомийлиги
Таълим тури |
Ўқув таътилининг давомийлиги |
Олий таълим муассасаларида кечки таълим шаклида ўқиётган 1 ва 2 курс талабалари |
Камида 20 календарь кун |
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида ўқиётган талабалар |
Камида 10 календарь кун |
Олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида сиртқи таълим шаклида ўқиётган |
Камида 30 календарь кун |
Олий таълим муассасаларида кечки таълим шаклида 3 ва ундан юқори курсларда ўқиётганлар |
Камида 30 календарь кун |
Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларида 3 ва ундан юқори курсларда ўқиётганлар |
Камида 20 календарь кун |
Олий ва ўрта махсус таълим, касб-ҳунар таълими муассасаларида сиртқи таълим шаклида 3 ва ундан юқори курсларда ўқиётганлар |
Камида 40 календарь кун |
Маслаҳат!
Жамоа шартномасида ёки ташкилотнинг бошқа ички ҳужжатида алоҳида хорижий олий таълим муассасаларининг талабалари бўлган ходимлар учун имтиёзларни назарда тутишингиз мумкин. Бундай ҳолатда иш вақти, таълим олиш муносабати билан таътиллар ва ўқув муассасаси жойлашган ерга бориш учун йўлкира ҳақи тўлаш бўйича имтиёзлар тақдим этиш (МК 383, 385-м.) қонунни бузиш деб ҳисобланмайди.
ВАЗИЯТ. Хорижий олий таълим муассасасида ўқиётган ходимга ўқув таътилини бериш
Бизнинг хорижий олий таълим муассасасида ўқиётган ходимамиз бор. У унга ўқув таътилини беришимизни сўраяпти. Ходима ўзининг ўқув таътили олиш ҳуқуқидан фойдалана оладими? Истиснолар мавжудми? Айни вақтда олий таълим муассасасининг мақомини – қонуний, қонуний эмаслигини аниқлаш қийин. Олий таълим муассасаларининг таътил учун бериладиган ҳужжатлари ҳам шакли бўйича бизникидан фарқ қилади, масалан, чақирув маълумотномаси.
Агар олий таълим ташкилоти ЎзР ҳудудида аккредитациядан ўтмаган бўлса, ўқув таътилини тақдим этманг.
Таълим тўғрисидаги қонун Давлат таълим стандартларига мувофиқ ҳамда ЎзР аккредитацияга эга бўлган таълим муассасаларида ўқиётганлар учун кафолатларни белгилайди («Таълим тўғрисида»ги Қонун 3, 6, 7-м.). Шунинг учун аккредитациядан ўтмаган хорижий олий таълим муассасаларида ўқиётган ходимларга қўшимча имтиёзлар (МК 385-м.) умумий қоидаларга кўра тақдим этилиши мумкин эмас. Қонунчиликда истиснолар назарда тутилмаган.
Табиийки, талаба ходим ўқиш даврида ўқиш жойига, шу жумладан имтиҳон сессияларини топшириш учун бориши керак. Ҳар бир алоҳида вазиятда, тарафларнинг келишувига кўра, ходимга меҳнат таътилини ёки иш ҳақи сақланмайдиган таътилни тақдим этишни олдиндан ҳал қилишни тавсия қиламиз.
ВАЗИЯТ. Ўқув таътилини расмийлаштириш шартми
Ходим олий таълим муассасасининг кундузги бўлимида таълим олади ва ўқишдан бўш вақтида ишлайди. У давлат имтиҳонларини топшириш ва дипломни ҳимоя қилиш учун, қўшимча ҳақ тўланадиган таътил бериш тўғрисида ариза берди. Иш берувчи ушбу аризани қондириши керакми?
Ҳа, керак.
Ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда таълим муассасаларида ўқиётган ходимларга иш берувчи ишни ўқиш билан қўшиб олиб бориш учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериши шарт. Хусусан, ходимлар – олий таълим муассасалари талабалари иш жойида қўшимча ҳақ тўланадиган таътил, қисқартирилган иш ҳафтаси ва бошқа имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга (МК 383-м.).
Олий таълим муассасаси талабаси ўзининг йиллик таътилини имтиҳонлар, синовлар топшириш, диплом, курс, лаборатория ишларини бажариш вақтига тўғрилаш ҳуқуқига эга (МК 383-м. 3-қ.). Шу билан бирга, ходим корхонада 6 ойлик иш тугагунга қадар ҳам ушбу мақсадлар учун таътил олиши мумкин (МК 227-м. 3-қ.).
Иш берувчи унга буни рад этишга ҳақли эмас.
Ходимлар – кечки ёки сиртқи таълим шакли талабалари учун мўлжалланган ўқув таътиллари мавжуд. Улар лаборатория-имтиҳон сессиясини топшириш учун берилади (МК 385-м.).
Сиртқи ёки кечки ўқитиш шакли бўйича таълим олаётган ходимларда йиллик ўқув таътилининг давомийлиги.
Ўқув таътили даврида ходимнинг ўртача иш ҳақи сақлаб қолинади (МК 237-м. 3-қ.).
Ўқув таътили бериш тўғрисидаги буйруқни иш берувчи ходимнинг аризаси ва ўқув юртининг тегишли маълумотномаси асосида чиқаради.
ВАЗИЯТ. Мутахассисликдан ташқари ўқув таътили бериш
Ҳисоб-китоб бухгалтери бу йил олий ўқув юртига «Психология» мутахассислиги бўйича ўқишга кирди. У имтиҳон топшириш ниятида ўқув таътилини расмийлаштириш учун институтдан маълумотнома-чақирув олиб келди. Лекин директор уни, ўз мутахассислиги бўйича таълим олмаётганини баҳона қилиб, қўйиб юбормайди. Агар бухгалтер мутахассислиги бўйича ўқимаса, биз унга ўқув таътилини беришимиз керакми?
Ҳа, ўқув таътили, ходима биринчи марта таълим олаётган тақдирда, берилиши шарт.
Ходим қуйидаги ҳолларда ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга:
• ушбу даражадаги таълимни биринчи марта олаётган бўлса (МК 386-м. 1-қ.);
• таълимга иш берувчининг томонидан йўналтирилса, таълим олиш тўғрисидаги шарт эса ташкилотнинг локал ҳужжати, ўқувчилик ёки ходим билан тузилган меҳнат шартномасида қайд этилган бўлса (МК 386-м. 1-қ.);
• лаборатория-имтиҳон сессиясида қатнашиш, имтиҳонларни топшириш ёки дипломни ҳимоя қилиш (МК 385-м. 1-қ.) учун.
Ходим таълим олаётган мутахассислик ўқув таътилини беришнинг мажбурий шартларига киритилмайди.
Ўқув таътили ходим ташкилотда қанча вақт ишлаганидан қатъи назар берилади (МК 237-м. 2-қ.).
Шундай қилиб, ҳисоб-китоб бухгалтери олаётган мутахассислигидан қатъи назар, биринчи марта таълим олаётган бўлса, ўқув таътилини олиш ҳуқуқига эга.
Ижодий таътил қандай тақдим этилади
Ижодий таътилни меҳнат фаолиятини ёки педагогик фаолиятини илмий иш билан бирга олиб бораётган шахсларга тақдим этинг. Ижодий таътил фақат асосий иш жойи бўйича берилади.
Ижодий таътилдаги ходимнинг лавозимини сақлаб қолинг ва унинг ўртача иш ҳақини тўланг.
Ижодий таътилларнинг давомийлиги:
• фалсафа доктори (Doctor of Philosophy (PhD) илмий даражасини олишга доир диссертацияни якунлаш учун ҳамда дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмаларининг муаллифларига – 3 ойгача;
• фан доктори (Doctor of Science (DSc) илмий даражасини олишга доир докторлик диссертацияни якунлаш учун – 6 ойгача.
Илмий даража олишга даъвогарларга, шунингдек дарсликларнинг ёки ўқув-услубий қўлланмаларининг муаллифларига навбатдаги йиллик меҳнат таътиллари, улар ижодий таътиллардан фойдаланганлигидан қатъи назар, берилади.
ВАЗИЯТ. Ходим хорижда магистратурага кирган бўлса, лавозимини қандай сақлаб қолиш мумкин
Ходим хориждаги кундузги магистратурага 2 йилга ўқишга кирди.
Иш берувчи бу мутахассисга жуда қизиқади.
Унинг иш жойи ва эгаллаб турган лавозимини сақлаб қолиш учун вариантлар борми?
Уни қайтариш бўйича аввалги иш тақдим этилишини қандай кафолатлаш мумкин?
Хорижда кундузги магистратурага ўқишга кирган ходимдан иш берувчи манфаатдор бўлган тақдирда бир неча вариантлар кўриб чиқилиши мумкин:
1. Ходимни масофадан туриб ишлашга ўтказиш (МК 461-м.), токи у мазкур ташкилотда ишлашни ўрганиш билан бир вақтда ишлаш имкониятига эга бўлиш учун.
Бунда меҳнат шартномасига, қўшимча келишувда белгиланган ишлаб чиқариш топшириғига қараб, меҳнатга ҳақ тўлаш миқдорини белгилаш зарур.
Масофадан туриб ишловчи ходим фойдаланиш тартибини мустақил равишда белгилайдиган иш вақти учун бир баравари миқдорида ҳақ тўланади ва унга иш вақтидан ташқари ишлаганлик, дам олиш ва байрам кунларида, шунингдек тунги вақтда ишлаганлик учун меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари татбиқ этилмайди (МК 461-м. 3-қ.).
2. Ходим, унга ўқиш даврида қисман ҳақ тўланадиган таътил берилган ҳолда, хизмат мажбуриятларини бажаришдан озод қилинсин (МК 240-м.).
Томонлардан қайси бири таътилдан манфаатдор бўлишидан қатъи назар, ходимдан ёзма ариза олиш керак. Ушбу аризанинг мазмуни эса таътилдан ким манфаатдорлигига – ходимга ёки иш берувчига боғлиқ бўлади.
Аризани олгач, иш ҳақини қисман сақлаб қолган ҳолда таътил бериш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг ва у билан ходимни имзо қўйдириб таништиринг.
Таътил берилганлиги ҳақида ходимнинг Т-2 шахсий варағига («Таътиллар» IV бўлими) ёзиб қўйинг. Таътилни иш вақтини ҳисобга олиш табелида қайд этишни унутманг. Бунинг учун исталган белгилар бўлиши мумкин, улар қонун ҳужжатларида белгиланмаган. Масалан, «Фавқулодда вазият».
3. Ходим билан меҳнат шартномасини унинг ташаббуси билан (МК 160-м.) ёки тарафларнинг келишуви билан (МК 157-м.) бекор қилиш.
Ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун, тегишли буйруқ чиқариш зарур.
Меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббуси билан бекор қилиш тўғрисидаги буйруққа меҳнат шартномаси бекор қилинган сана кўрсатилган ёзма ариза асос бўлиши керак. Бундай ҳолда меҳнат шартномаси аризада кўрсатилган санада, ариза берилган кундан бошлаб 14 календарь кун ишлаб бериш талабисиз, бекор қилинади (МК 160-м. 8-қ.).
Меҳнат шартномасини тарафларнинг келишувига кўра бекор қилиш тўғрисидаги буйруққа асос – меҳнат шартномасига ёзма равишда қўшимча келишув (МК 157-м. 2-қ.).
Ўқишни тугатгандан сўнг ишга жойлаштиришда меҳнат шартномаси кафолат сифатида бекор қилинганда, ходимга ишга жойлаштириш тўғрисидаги таклиф билан расмий таклифнома топшириш (бериш, юбориш) керак. Иш берувчи таклифнинг амал қилиш муддати давомида уни ишга қабул қилишни рад этишга ҳақли эмас (ушбу ҳолда таклифномада ўқишнинг тугаш санасини кўрсатиш керак). Таклиф деганда иш берувчининг мазкур ходим билан меҳнат шартнома тузишга бевосита, яққол ифодаланган розилиги тушунилади (МК 101-м.).
Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда у билан меҳнат шартномаси бекор қилинган санага қадар тўлиқ пул ҳисоб-китобини амалга ошириш ва меҳнат таътилларининг фойдаланилмаган кунлари учун, агар улар ишдан бўшатилган санагача тўпланган бўлса, пулли компенсация тўлаш зарур.
Мазкур вазиятда, агар ходим ишдан бўшатилган кунга қадар тугалланмаган иш йили учун меҳнат таътилидан фойдаланган бўлса, ундан чегирма қилиш керак эмас (МК 269-м. 3-қ.).
Kadrovik.uz.