Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги (Вазирлик) ҳузурида қурилиш соҳасидаги низоларни судгача кўриб чиқиш ва ҳал қилиш бўйича Идоралараро комиссия (Комиссия) ташкил этилди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 12.08.2024 йилдаги 496-сон қарори билан белгиланган.
Манфаатдор шахслар ваколатли органнинг рухсат бериш тусидаги ҳужжатлари ёки бундай ҳужжатларни беришни рад этиш тўғрисидаги қарори, шунингдек унинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) бўйича Комиссияга мурожаат қилиши мумкин. Комиссия уларни қурилиш қонунчилигига мувофиқлигини ўрганади, қонунчилик бузилган ёки унга номувофиқ келган ҳолларда ҳужжатларни бекор қилади. Бу жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шаҳарсозлик ва қурилиш тамойилларига риоя этиш мақсадида зарурдир.
Шаҳарсозлик кодекси ҳамда «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонунга мувофиқ Вазирлик бўлинмалари рухсат бериш тусидаги ҳужжатлар билан боғлиқ қурилиш субъектлари ўртасидаги келишмовчиликларни кўриб чиқади. Мамлакатда олиб борилаётган кенг кўламли қурилиш фаолиятини, шунингдек рухсат берувчи ҳужжатларда баъзан йўл қўйиладиган қонунбузилишларни ҳисобга олиб, Комиссия юзага келадиган муаммоларни судгача ҳал қилишни мақсад қилган. Бу низолашувчи томонларга вақт, суд харажатларига сарфланадиган маблағларни тежаш ва низони кўриб чиқиш жараёнини кўпроқ назорат қилиш имконини беради.
Ҳужжатда идоралараро Комиссия таркиби тасдиқланди. Мураккаб масалаларни кўриб чиқишда бошқа мутахассислар жалб қилиниши мумкин. «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимида қурилиш соҳасидаги низоларни судгача ҳал қилиш натижалари бўйича реестр ишга туширилмоқда. Низоларни кўриб чиқишнинг бу формати нимани ўз ичига олади ва ишни судгача олиб бормаслик учун нима қилиш керак?
– Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат нима?
– Рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат ваколатли орган томонидан қурилиш фаолияти соҳасида рухсатнома, келишув, хулоса шаклида, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа шаклларда берилади. У рухсат бериш талаблари ва шартларига риоя этган ҳолда муайян фаолиятни (ҳаракатларни) амалга ошириш ҳуқуқини беради.
– Комиссия қандай ҳужжатлар бўйича низоларни кўриб чиқади?
– Қурилиш соҳасидаги низолар бу фаолиятни амалга оширишга бериладиган рухсат бериш характеридаги қуйидаги ҳужжатлар бўйича кўриб чиқилади:
• бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича хулоса;
• бино ва иншоотларни лойиҳалаштириш, реконструкция қилиш, ихтисослигини ўзгартириш ва уларнинг ҳудудида қўшимча бино ва иншоотлар қуриш учун рухсатнома;
• архитектура-режалаштириш топшириғи;
• ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгашининг қарори;
• ҳудудий бошқармалар ҳузуридаги архитектура-шаҳарсозлик кенгаши ишчи органининг хулосаси;
• шаҳарсозлик ҳужжатларининг жамланма эксперт хулосаси;
• қурилиш-монтаж ишларини бошлаш учун объектни рўйхатга олишга ҳудудий инспекциянинг рухсатномаси (QR-кодли инвойс ёки кўчирма);
• қурилиш-монтаж ишлари бажарилган объектни фойдаланишга рухсат бериш.
– Комиссияга кимлар мурожаат қилиши мумкин?
– Комиссияга жисмоний ва юридик шахслар ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати ёки бундай ҳужжатни беришни рад этиш тўғрисидаги қарори, унинг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) бўйича мурожаат қилиши мумкин. Шу жумладан, қурилиш соҳасида жисмоний ва юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ифодаловчи ваколатли давлат органлари, қонун бузилиши аниқланган ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар.
– Комиссияга қандай шаклда мурожаат қилиш мумкин?
– Манфаатдор шахс Комиссияга оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда электрон почта орқали ёки Вазирликнинг расмий веб-сайти орқали мурожаат қилиши мумкин. Аризачи қуйидагиларни кўрсатиши керак:
• рухсат бериш характеридаги ҳужжатни қабул қилган ёки уни қабул қилишни рад этган ёхуд ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этган ваколатли органнинг номи;
• жисмоний шахснинг (вакилнинг) фамилияси, исми, отасининг исми ва яшаш жойи. Юридик шахс учун қўшимча равишда унинг жойлашган ери (почта манзили) кўрсатилади;
• масала моҳияти бўйича талаблар;
• илова қилинадиган ҳужжатлар рўйхати (мавжуд бўлса);
• мурожаат қилинган сана. Агар мурожаат вакил томонидан берилган бўлса, унга ишончнома ёки унинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжатнинг нусхаси илова қилиниши керак.
– Аризани кўриб чиқиш схемаси қандай?
– Котиб аризани Комиссия аъзоларига кўриб чиқиш учун топширади. У аризачи, манфаатдор ва ваколатли орган мансабдор шахслари иштирокида йиғилишда муҳокама қилинади, сўнгра қарор қабул қилинади. Комиссия қарорни «Шаффоф қурилиш» миллий ахборот тизимидаги қурилиш соҳасидаги низоларни судгача ҳал қилиш реестрига киритади. Зарурат бўлганда, аризани кўриб чиқишга бошқа ташкилотлар вакиллари жалб қилиниши мумкин.
– Аризани кўриб чиқиш учун неча кун берилган?
– Комиссия аризани келиб тушган кундан бошлаб 15 иш куни ичида кўриб чиқади.
Чуқурроқ ўрганишда (бошқа ташкилотлар вакилларини жалб қилиш, қўшимча ҳужжатлар олиш зарурати туғилганда) аризани кўриб чиқиш муддати яна 15 иш кунига узайтирилиши мумкин.
– Комиссияга мурожаат қилганга аризани қайтариб беришлари мумкинми?
– Комиссия котиби аризанинг белгиланган талабларга мувофиқлигини текширади. Номувофиқлик аниқланганда камчиликларни бартараф этиш учун аризани манфаатдор шахсга қайтаради.
– Аризачи Комиссия қарорига рози бўлмаса нима қилиши керак?
– Комиссияга мурожаат қилиш ихтиёрий ҳисобланади ва бу аризачининг тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқини чекламайди. Комиссия қарорига рози бўлмаган тақдирда низо суд тартибида кўриб чиқилади.