Norma.uz

Умумий йиғилиш баённомасида уй эгаларининг имзолари қалбакилаштирилган бўлса, нима қилиш керак?

 

Кўп қаватли уйларда яшовчилар кўпинча умумий йиғилишларнинг қалбаки баённомаларига дуч келишади. Бундай йиғилишлар ёки умуман ўтказилмаган ва уларда имзолар қалбакилаштирилган бўлади, ёхуд ўтказилади, лекин уйда яшовчиларнинг айримларининг имзолари ўрнига бошқаларнинг имзолари қўйилади. Бундай ҳолларда нима қилиш керак ва қандай меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга асосланиш лозим?

 

Умумий йиғилиш қарорининг баённомаси расмий ҳужжат ҳисобланади

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг (Қонун) 20-моддасига мувофиқ ККУнинг юқори бошқарув органи – умумий мол-мулкни бошқариш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ барча муҳим масалалар ҳал этиладиган ва тасдиқланадиган жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши ҳисобланади.

Умумий йиғилиш қарори баённома билан расмийлаштирилади. Баённома жойларнинг мулкдорлари орасидан сайланадиган йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланади. Баённомага йиғилишда иштирок этган шахсларнинг рўйхати ҳар бир муҳокама этилаётган масала бўйича уларнинг хоҳиш-иродаси акс эттирилган, уларнинг имзолари билан тасдиқланган ҳолда илова қилинади.

Қонуннинг 21-моддасида умумий йиғилиш қарори барча жойларнинг мулкдорлари, шу жумладан овоз беришда иштирок этмаган ёки қарши овоз берганлар томонидан ҳам бажарилиши мажбурийлиги белгиланган. Умумий йиғилиш баённомаси унинг ўтказилиши тартиби ва жараёни ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. У кўп квартирали уйдаги (ККУ) умумий мол-мулкка нисбатан мулкдорларга муайян ҳуқуқ ва мажбуриятлар юкланишига (ёки улардан озод қилинишига) олиб келадиган юридик оқибатларни келтириб чиқарувчи ҳолатларни тасдиқлайди ва расмий ҳужжат ҳисобланади.

Расмий ҳужжатни қалбакилаштирганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланган.

Умумий йиғилиш баённомасини қалбакилаштириш (иштирокчилар имзоси, санаси, йиғилиш жараёни ва қарорини бузиб кўрсатиш) ККУдаги жойлар мулкдорларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини бузади.

Расмий ҳужжатни қалбакилаштириш факти бўйича жиноий иш қўзғатилиши мумкин. Расмий ҳужжатни қалбакилаштирган, уни тақдим этган, шунингдек жойлар мулкдорларини сохта ҳужжатни ижро этишга мажбур қилган шахслар жиноий жавобгарликка тортилади.

Жиноят кодексининг 228-моддасида қуйидагилар белгиланган:

«Муайян ҳуқуқ берадиган ёки мажбуриятдан озод этадиган расмий ҳужжатни қалбакилаштириш ёки бошқа шахс томонидан фойдаланиш мақсадида тайёрлаш, қалбакилаштириш...

базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ҳужжатнинг қалбаки эканлигини била туриб, ундан фойдаланиш базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш ёки 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

 

Мулкдорларнинг имзолари қалбакилаштирилганлиги ёки йиғилиш қарори сохталаштирилганлигини қандай исботлаш мумкин

1. Агар уйда яшовчилар уларнинг фамилиялари остида бошқа имзолар қўйилган умумий йиғилиш баённомасига дуч келсалар, ариза ва умумий йиғилиш баённомасининг асл нусхаси билан ИИВ органларига мурожаат қилишлари зарур.

2. Агар бошқарув органи раҳбари қалбаки баённомани тақдим этса ва имзолар ҳақиқийлигини талаб қилса, имзоларнинг ишончлилигини аниқлайдиган хатшунослик экспертизаси ўтказилиши лозим.

3. Агар уйда яшовчилар баённомада расмийлаштирилган овоз бериш натижалари сохталаштирилган деб ҳисобласалар, улар уй-жой инспекцияси, прокуратурага овоз бериш натижаларининг ҳақиқийлигини текшириш талаби билан мурожаат қилишлари мумкин.

4. ККУдаги жойлар мулкдорлари умумий йиғилиш баённомасидаги имзоларнинг қалбакилаштирилганлигига дуч келганда, уни судда низолашишлари мумкин.

Прочитано: 25 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2025 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика