Norma.uz

Қонун доирасидан ташқарида

 

Кўп қаватли уйларда яшовчилар бугунги кунда уй бошқарувини УМШдан БКга ўтказиш даҳмазасининг оқибатларини бошдан кечирмоқдалар. Кўпинча бу босим остида, қонунни қўпол равишда бузган ҳолда, уйда яшовчиларнинг розилигини олмасдан ва ҳатто уларни хабардор қилмасдан амалга оширилган. Натижада, ваъда қилинган профессионал бошқарув бундай ҳолатларда жиддий муаммоларга олиб келди. Фуқароларнинг мурожаатларига қараганда, уларнинг уйларига коммунал хизмат соҳасидан йироқ бўлган ва ноҳалол кишилар келгани далил-исботи талайгина. Бу уй-жой фондининг техник ҳолатига реал таҳдид бўлиб, ободонлаштирилган уйда яшаш умидини пучга чиқаради. Уйда яшовчиларга ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш осон бўлмайди. Ваколати кўпинча шубҳа остида бўладиган бошқарувчилардан ташқари, уй аҳлини БКга мажбуран киритган шахслар томонидан кўп квартирали уй-жой фондини бошқарувчи, назорат қилувчи, қўллаб-қувватловчи катта бир гуруҳга тўқнаш келишга тўғри келади. Афсуски, улар кўпинча ўзларини оддий халқдан узоқроқ олиб юрадилар. Ўзлари келтириб чиқарган муаммоларга кўз юмишади. Уй аҳли ижтимоий тармоқларга, «Норма» газетасига мурожаат қиладилар, уйларда юзага келган вазиятни ҳал этишда кўмак сўрайдилар. Биз «Норма» газетаси ўқувчиси Юрий Марченконинг ушбу мавзудаги хатини эълон қиламиз.

 

«Мирзо Улуғбек тумани Улуғбек посёлкасида жойлашган Робияхоним кўчасидаги уйимиз (2-уй, 18 хонадон) аҳлига доимий равишда «Xalqqa Xizmat Kommunal» БКдан қарздорликни тўлаш ҳақида билдиришномалар кела бошлади. Қарздорликлар қаердан пайдо бўлганини аниқлашга киришдик. БКда бизга 2020 йилда тўлов миқдорини оширишга оид умумий йиғилиш баённомасини кўрсатдилар, аммо биз буни билмаган эдик. Баённомани ўрганиб чиқдик ва аён бўлдики, кўпчилик имзолар битта одам қўли билан қўйилган, яъни сохталаштирилган. Уй аҳли уни имзоламаганликларини ва умумий йиғилишда қатнашмаганликларини тасдиқладилар. Аслида, йиғилиш ҳам ўтказилмаган, бу ҳақда уй аҳли томонидан имзоланган ва УМШдан БКга ўтказиш тўғрисида умумий йиғилиш бўлмаганлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳам мавжуд.

Шунда маълум бўлдики, бизнинг уйимиз унда яшовчиларни хабардор қилмасдан «Зиёда Коммуналчи» УМШдан «Xalqqa Xizmat Kommunal» БКга ўтказилган экан. Бу умумий йиғилиш ўтказилмасдан ва уйда яшовчиларнинг ёзма розилигини олмасдан амалга оширилган. БК биз билан хизмат кўрсатиш бўйича шартнома тузмаган. Шундай бўлса-да, сохта баённомада уйда яшовчиларнинг кўпчилиги (18 нафардан 13 нафари) гўёки, БКга ўтишга розилик берган, деб кўрсатилган. Демак, бошқарувчи компания ўз фаолиятини сохта ҳужжат асосида, яъни ноқонуний амалга оширмоқда. Бунда шуни айтиш мумкинки, уйда яшовчиларга кўрсатилган қарздорлик асоссиз, БКнинг қарзни тўлаш талаблари ноқонуний, БКнинг хатти-ҳаракатлари эса фирибгарлик ҳисобланади.

Биз уйимизда яшовчиларнинг кўпчилиги имзоси билан мурожаатни БКнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий жиҳатдан баҳо беришни ва чора кўришни сўраб тўрт идорага: Улуғбек посёлкаси маҳалла қўмитасига, Мирзо Улуғбек тумани прокуратурасига, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик вазирлигига, Мирзо Улуғбек тумани ҳокимиятига йўлладик. Фақат Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик вазирлигидан жавоб олдик. Жавобда айтилишича, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда уйни бошқариш усулини танлаш учун уй эгаларининг умумий йиғилишини ўтказиш тартиби белгиланган. Яъни, йиғилиш ўтказинглар ва уйни қандай ва ким бошқаришини ўзингиз танланглар.

Прокуратура биз берган мурожаатга жавоб бермасдан, уни ички ишлар органларига ўтказиб юборди. Милиция ходимлари эса бунга уларнинг қандай алоқалари борлигини тушунмай ҳайрон. Ҳокимият ва маҳаллага келсак, улар умуман эътибор қаратишмади. Бу – фуқаролар мурожаатларига ваколатли органлар қандай муносабат билдиришини кўрсатади.

Биз уйда яшовчилар билан маслаҳатлашиб, бошқариш усулини ўзгартириш учун умумий йиғилиш ўтказишга қарор қилдик. Икки йўлак эшигига ўзбек ва рус тилларида эълон осдик. Уларни ҳар бир хонадон эшигида ҳам қолдирдик. Қўни-қўшниларнинг айримларини йиғилишдан шахсан хабардор қилдик. Аммо йўлак эшигидаги эълонлар дарров йўқолиб қолди. Уйда яшовчиларга йиғилишга бориш керак эмас, деб ёлғон маълумот берилган. Бунда ва сохта баённомалар ва имзолар билан боғлиқ ҳолларда ҳам шу ердаги аввалги уй қўмитаси раҳбарининг иштироки бўлган, деб тахмин қилиш мумкин. Натижада, йиғилишга фақат 5 киши келди, бу қонуний қарор қабул қилиш учун етарли эмас.

Демак, БК раҳбарияти ўзининг ноқонуний ҳаракатларига уй аҳлининг қарши чиқишига тўсқинлик қилмоқда. Афсуски, уйда яшовчиларнинг айримларига фаол фуқаролик позицияси, ҳуқуқий саводхонлик етишмайди, шунинг учун улар ноинсоф бошқарувчиларга эргашадилар. Уларнинг айтишича, бундайлар билан кураш олиб боришдан кўра тинчгина тўловни тўлаб, ҳеч нарса ҳақида ўйламаслик осонроқ. Айнан шу ҳолат коммунал соҳада ноқонуний ишлар ва фирибгарликларга шароит яратади. Инсофсиз БК ходимлари бундан фойдаланадилар. Ўзларини бизнинг уйларимизга бошқарувчи қилиб тайинлайдилар, тўлов миқдорини ўзлари хоҳлаганча белгилайдилар, умумий йиғилишларда ҳисобот бермайдилар, умуман олганда, уларни ўтказмайдилар, уйда яшовчиларнинг пулларини тасарруф этадилар, уларни бизнинг розилигимизсиз сарфлайдилар, бу эса Ўзбекистон Республикаси қонунчилигини тўғридан-тўғри бузиш ҳисобланади. Бизга бу вазиятни ҳал этишда ёрдам беринглар».

 

Масъулларнинг масъулиятсизлиги

Бу воқеа кўпчиликка ўз уйларини уларнинг хоҳиш-иродасига қарамасдан, юзага келтирган барча оқибатлари билан тадбиркорлар бошқаруви остида қолган пайтини ёдга солади. Албатта, ККУда бошқарув алмашганида жой эгаларининг ёзма розилиги, агар уйлар БК бошқарувига ўтса – шартномалар тузиш зарур. Бундай қилинмаса – бошқарувчиларнинг ҳаракатлари қонунга хилоф ҳисобланади. Ҳужжатлар ва имзоларни қалбакилаштириш фирибгарлик ва лавозим сохтакорлиги бўлиб, бу жиноятга киради. Бунда қўрқитиш, яъни шантаж белгилари ҳам кузатилади. Уй эгалари қўл қовуштириб ўтиришмади. Ўзлари текширув ўтказишди, вазиятга таъсир қилиши мумкин бўлган идораларга мурожаат қилишди. Ўзлари бошқарувнинг ноқонуний тарзда алмаштирилишига ҳисса қўшганлари учун, қўлларидан келса-да, вазиятни тузатишни исташмади. Пировардида масъулларнинг ўзи масъулиятдан қочишди. Тасодиф эмаски, уй аҳли мурожаат юборган тўрт идорадан фақат Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалик вазирлигидан жавоб келди.

 

Бу ҳолатда нима қилиш мумкин?

1. Қурилиш ва уй-жой коммунал соҳасидаги назорат инспекциясига БК фаолиятини текшириш учун мурожаат қилиш.

2. Агар туман прокуратураси, назорат органи сифатида, фуқароларнинг мурожаатларига жавоб бермаса бу қонун бузилиши ҳисобланади, бунда аҳоли шаҳар прокуратурасига мурожаат қилишга ҳақлидир.

3. ККУда жой эгалари ва БК ўртасидаги муносабатлар «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонун таъсири доираси остидадир. Ўз қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун уйда яшовчилар Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига, шунингдек Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш федерациясининг туман ёки шаҳар бўлимига мурожаат қилишлари мумкин.

4. «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ жой мулкдорлари умумий мулкни бошқариш усулини ўзгартиришга ҳақлидир. Агар уйда фақат 18 та квартира бўлса, бу бевосита жой мулкдорлари томонидан бошқариш учун энг яхши вариантдир. Шундай кичик жамоада уйда яшовчиларга ўзаро келишиш, уйни сақлаш муаммоларини биргаликда ҳал қилиш осон кечади.

5. Бошқа ҳаракатлардан қатъи назар, жой мулкдорларида бошқарув компаниясига қарши фуқаролик даъвоси билан судга мурожаат қилиш ҳуқуқи сақланиб қолади, бунда уйдаги жой мулкдорларига нисбатан БКнинг ҳаракатлари ва талабларини қонунга хилоф деб тан олиш, уй эгалари ва БК ўртасида мажбуриятлар йўқлигини тан олиш талаб қилинади.

Прочитано: 26 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика