2023 йил якунларига кўра xalqnazorati.uz электрон порталида 24 122 нафар фойдаланувчи рўйхатдан ўтган.
Пойтахт аҳолисидан 50 972 та мурожаат келиб тушган, бу ундан аввалги йилдагига нисбатан 1,8 бараварга ошган (2021 йилда – 3 916 та, 2022 йилда – 28 542 та мурожаат). Азбаройи самарадор фаолияти натижаси ўлароқ порталнинг обрў-нуфузи ортиб бормоқда.
Фуқароларнинг мурожаатлари муайян соҳа фаолиятига берилган ҳақиқий баҳо эканлигини эътиборга олсак, шундай хулоса қилиш мумкин: УЖКХда ҳали муаммолар етарли.
Ўтган йилларда фуқаролар электрон порталга кўпроқ қандай масалалар бўйича мурожаат қилишган?
Шикоятлар сони ортмоқда
Ўтган йилда порталга келиб тушган мурожаатларнинг 40,3%и уй-жой коммунал соҳадаги қуйидаги масалаларга тааллуқли бўлган: уй-жой фондининг ҳолати, лифтларнинг ишлаши, иситиш тизими, иссиқ сув ва совуқ сув таъминоти, электр энергияси ва газ таъминоти, бошқарув органлари, ҳудудларни ободонлаштириш ва бошқалар. 2021 йилдагига нисбатан ушбу мавзудаги масалалар улуши 21,9%ни, 2022 йилда – 31,5%ни ташкил қилган. Уй-жой коммунал соҳадаги муаммолар юзасидан шикоятлар сонининг ортаётганлигини фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлайдиган бошқа сервислар ҳам қайд этмоқда.
«Халқ назорати» порталига 2023 йилда келиб тушган мурожаатларни ўрганиб чиқиш шуни кўрсатдики, улардан 6 078 таси электр энергиясининг мавжуд эмаслиги ёки қувватининг тушиб кетиши билан боғлиқ бўлган. Бунда 2 330 та шикоят (38,3%) – ёз мавсумида, 2 240 таси эса (36,9%) – қиш мавсумида тушган. Ҳудудлар кесимида бундай шикоятларнинг кўп қисми Чилонзор (886), Олмазор (801) ва Яшнобод (775) туманларидан йўлланган.
3 435 та мурожаатда иссиқ сув сифатининг пастлиги ва унинг белгиланган ҳарорат параметрларига номувофиқлиги кўрсатилган. Улардан келиб чиқилганда, нормативлар Чилонзор (624), Юнусобод (547), Мирзо Улуғбек (425) туманларида тез-тез бузилган.
1 024 та шикоят газ йўқлигига ёки босимнинг пастлигига тааллуқли бўлган. Улардан 741 таси (72,4%и) қишда келиб тушган. Мурожаатларнинг кўп қисми Чилонзор (170), Учтепа (147) ва Мирзо Улуғбек (127) туманларидаги истеъмолчилардан тушган.
1 057 та мурожаатда совуқ сув сифатининг пастлиги таъкидланган. Бундай шикоятларнинг энг кўп қисми Яшнобод (148), Юнусобод (146) ва Мирзо Улуғбек (106) туманларидан йўлланган.
Йилдан йилга иситиш тизими билан боғлиқ масала жиддийлашиб бормоқда. Фуқаролар иссиқлик таъминоти йўқлиги ёки тизимдаги узилишлардан шикоят қилишган. Иситиш мавсуми бошлангандан буён (2023 йил 6 ноябрдан 31 декабргача) порталга 2 041 та мурожаат келиб тушган. Иссиқлик таъминоти қониқарсизлиги юзасидан шикоятлар сони бўйича Чилонзор (344), Юнусобод (314) ва Учтепа (299) туманлари етакчилик қилган.
Ҳокимиятлар УЖКХ бўйича мурожаатлар билан қандай ишламоқда?
«Халқ назорати» платформасидан ҳокимиятларга берилган уй-жой коммунал хизматлар ва ободонлаштириш масалалари бўйича 20 635 та мурожаатдан 18 768 таси, ёки 94,8%и ижобий ҳал этилди. Агар аслида ҳам шундай бўлса, бу – яхши натижа.
Туманлар бўйича аниқ маълумотларни айтадиган бўлсак, УЖКХ муаммоларига эътибор қаратиш борасида, ҳисоботда келтирилганидек, Учтепа (99,0%), Бектемир (96,9%) ва Яккасарой (96,2%) туманлари ҳокимиятлари яхши натижаларни кўрсатдилар.
Порталдан ҳокимиятларга келиб тушган мурожаатларнинг катта қисми 2023 йил охирига қолдирилганлиги Яшнобод (108), Чилонзор (106), Мирзо Улуғбек (74) ва Юнусобод (61) туманларида қайд этилди. Ушбу тўрт туманга УЖКХ масалалари бўйича муддати кечиктирилган жами мурожаатларнинг 60,8%и тўғри келади.
Маълумот учун. Агар УЖКХга боғламасдан, статистикага умумий қарайдиган бўлсак, порталга келиб тушган мурожаатларнинг умумий сонидан (50 972) 48 179 таси ишлашга юборилган. Бунда 2 793 таси (5,5%и) бир-бирини такрорловчи ёки портал қоидаларига мувофиқ келмайди деган важ билан модераторлар томонидан рад қилинган. 4 234 таси (8,9%и) бўйича ижрочилар тайинланмасдан маслаҳатлар ва тушунтиришлар берилган. Мурожаатларнинг 40 493 таси (84,0%и) ижобий ҳал этилган (2021 йилда – 91,3%и, 2022 йилда – 96,0%и).
2023 йилда электрон порталга келиб тушган мурожаатларнинг катта қисми Юнусобод (умумий сонидан 7 500 таси, ёки 14,7%и), Мирзо Улуғбек (6 646, ёки 13,0%), Яшнобод (6 378, ёки 12,5%) Чилонзор (6 308, ёки 12,4%) туманларидаги муаммоларга тааллуқлидир. Умуман олганда, пойтахтдаги аҳолининг 41,7%и яшайдиган мазкур тўрт туманга порталга келган жами мурожаатларнинг 52,6%и тўғри келмоқда.
«Халқ назорати» маълумотларига кўра, Яккасарой (масалаларнинг 90,4%и ҳал этилган), Миробод (89,6%и) ва Учтепа (88,6%и) туманларида фуқароларнинг мурожаатлари юзасидан олиб борилган ишлар самарали бўлган.
2023 йил охирида 1 105 та мурожаат (2,3%и) кўриб чиқиш босқичида бўлган. 2 347 та (4,9%) мурожаатнинг ижроси кечиктирилганлиги таъкидланган. Кўриб чиқиш муддати кечиктирилган мурожаатларнинг кўп қисми Юнусобод (492), Мирзо Улуғбек (400), Яшнобод (385) ва Чилонзор (299) туманида қайд этилган.