Отам вафот этди. Улардан мерос қолган. Меросхўрлар учта – отамнинг хотини ва иккита қизи. Улар ўртасида мулкий низолар мавжуд эмас. Қизлардан бири II гуруҳ ногирони. Ногиронлиги бўлган қиз фарзанд меросга қолган квартирани расмийлаштириб олиши мумкинми?
– Ҳа, мумкин. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, амалга оширилади (ФК 1112-м.).
Умумий биргаликдаги мулк иштирокчисининг ўлими умумий мол-мулкка бўлган ҳуқуқдаги унинг улушини аниқлаш ва умумий мол-мулкни тақсимлаш ёхуд ундан вафот этган иштирокчининг улушини ажратиш учун асос бўлади (ФК 1114-м.).
Васиятнома ёки қонун бўйича эрга (хотинга) тегишли бўлган ворислик ҳуқуқи унинг мерос қолдирувчи билан никоҳдаги ҳолатига боғлиқ бошқа мулкий ҳуқуқларига, шу жумладан никоҳда бўлиб, биргаликда орттирилган мол-мулкнинг муайян қисмига нисбатан бўлган мулк ҳуқуқига дахл қилмайди (ФК 1143-м.).
Шу тариқа, биринчи навбатда, ушбу кўчмас мулк қандай асосда вафот этганга тегишлилигини аниқлаштириб олиш керак. Агар ушбу квартира никоҳда бўлган даврда сотиб олинган бўлса, фақат унинг бир қисми мерос бўлади, иккинчи қисми эса вафот этган шахснинг турмуш ўртоғининг мулки ҳисобланади. Ушбу квартира умумий мол-мулк ҳисобланмаган тақдирда, меросхўрлар ўртасида бўлиниши лозим.
Мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкин (ФК 1118-м.).
Қонун бўйича меросхўрлар ворисликка навбат тартибида чақириладилар (ФК 1134-м.).
Мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар (ФК 1135-м.).
Шу тариқа, мазкур ҳолатда турмуш ўртоғи ва иккита қизи меросда тенг улушларга эга бўлади.
Бошқа меросхўрлар мерос очилган кундан бошлаб исталган вақтда бир меросхўрнинг фойдасига меросдан воз кечишга ҳақлилар (ФК 1148-м.). Бунинг учун мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш лозим (ФК 1147-м.).
Мерос қолдирувчига таъминлаб туриш юзасидан қонунга кўра зиммаларига юклатилган мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаган вояга етган болалар (фарзандликка олинганлар) қонун бўйича ворислик қилиш ҳуқуқига эга эмаслар (ФК 1119-м.).
Бундан ташқари, руҳий касаллиги (ақли заифлиги) оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади (ФК 30-м.).
Шу тариқа, II гуруҳ ногиронлигининг мавжудлиги бошқа меросхўрларнинг битта меросхўрнинг фойдасига ўз улушидан воз кечишига ва квартиранинг унинг номига расмийлаштирилишига тўсиқ бўла олмайди.
Бунда руҳий ҳолатининг бузилиши билан боғлиқ бўлган II гуруҳ ногиронлиги мавжуд бўлганда (бунинг оқибатида шахс меҳнатга лаёқатсиз деб топилганда) квартирани меросхўрнинг номига расмийлаштириш ва кейинчалик унинг манфаати йўлида мол-мулкни бошқариш бўйича хатти-ҳаракатлар васий томонидан амалга оширилиши лозим.
Собир Нурбердиев, «Norma» МЧЖ эксперти.