Кўп квартирали уйдаги мулкдор ўзгарганда иссиқлик таъминоти хизматларини етказиб берувчилар билан муносабатлар қандай тузилади?
– Иссиқлик энергиясини етказиб берувчилар билан ККУдаги жой мулкдорлари ўртасидаги ўзаро муносабатлар Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (15.07.2014 йилдаги 194-сон ВМҚга 1-илова) билан тартибга солинади.
Уй-жой мулкдори ўзгарганда олдинги мулкдор бу ҳақда Етказиб берувчига чиқиб кетишидан 7 кун олдин маълум қилишга мажбур, чиқиб кетгандан кейин тамғалар ва ҳисобга олиш асбобининг сақланиши учун жавобгарлик янги мулкдорга юкланади. Олдинги мулкдор хона янги мулкдорга берилгунга қадар иссиқлик таъминотининг истеъмол қилинган хизматлари учун қарзларни тўлиқ тўлаши шарт (Қоидаларнинг 106-б.).
Шахсий ҳисобрақами ва якка тартибда ҳисобга олиш асбобларининг ҳолати тўғрисидаги батафсил маълумотлар Етказиб берувчи томонидан шакллантирилади ва аниқ вақт режимида идоралараро электрон ҳамкорлик қилиш тизимига юборилади (Қоидаларнинг 107-б.).
Янги мулкдор кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимлари давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 30 кун муддатда шартнома тузиши шарт. Кўчмас мулкнинг олди-сотди, айирбошлаш ва ҳадя қилиш битимлари давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин давлат рўйхатидан ўтказувчи орган томонидан Етказиб берувчига янги мулкдорнинг фамилияси, исми, отасининг исми, янги доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган манзили, нотариал ҳаракат амалга оширилган сана ва қайд этилган рақам, кўчмас мулкнинг кадастр рақами ва умумий (турар жой) майдони, мобиль телефон рақами ва электрон почта манзили (мавжуд бўлса) ҳақидаги маълумотни юборади. Етказиб берувчи маълумот тушгандан кейин бир ой муддатда мулкдор билан иссиқлик таъминоти шартномаси тузилишини таъминлаши шарт (Қоидаларнинг 108-б.).
Нотурар жой янги мулкдорга берилганда Истеъмолчи бу ҳақда Етказиб берувчига 7 кун муддатда хабар беради, янги эгаси эса нотурар жой хонасидан фойдаланиш бошлангунга қадар иссиқлик таъминоти хизматларидан фойдаланиш юзасидан янги шартнома тузади, нотурар жой хонадан фойдаланишни қайта ихтисослаштириш юз берган тақдирда эса янги мулкдор ҳам янги техник шартларни олиши шарт. Техник шартлар ва кўрсатиб ўтилган шартнома мавжуд бўлмаган тақдирда иссиқлик таъминоти тизимларидан ўзбошимчалик билан фойдаланилган деб ҳисобланади (Қоидаларнинг 109-б.).