Norma.uz

Чилонзордаги кўп қаватли уйлар иложсиз вазиятда қолди

 

Чилонзорнинг 4 ва «Е» мавзеларидаги кўп қаватли уйларни бошқарувчилар «қора туйнуклар» деб номлашади. 60 йил олдин қурилган бинолар иссиқлик таъминотининг охирги нуқтасида жойлашган. Уларнинг кўпчилигида иситиш схемаси юқоридан тарқатиладиган қилинган. Бунда иссиқлик ташувчининг циркуляцияси тепадан пастга кетади. Натижада уй бир хилда иситилмайди, тепа қаватлардаги ҳарорат пастки қаватлардагига нисбатан юқори бўлиши мумкин. Ушбу учта омилнинг бирикиши яхшиликка олиб келмади, уйда яшовчиларни боши берк кўчада қолдирди. Кўп йиллардан бери улар қишда ўз квартираларида совуқда қоладилар. Иситиш тизими қачон тўлиқ иситганини ҳам эслашолмайди. 4 ва «Е» мавзеларга (бошқарувда жами 25 та уй бор) хизмат кўрсатадиган «Берёза Коммунал Сервис» БК фақат улар билан овора. «Уйнинг ичидаги иситиш тармоқларини яхшилаш учун қанча маблағ сарфламайлик фойдаси бўлмаяпти, – деб айтишмоқда бошқарувчилар. – Булар «қора туйнуклар»га ўхшайди. Уларга нима тушса ҳам дом-дараксиз кетади».

Бу уйларда яшовчиларнинг кўп қисми – кекса ёшдагилар, улар узоқ йиллардан бери давом этаётган бу муаммонинг ҳал этилишига бўлган ишончларини ҳам йўқотганлар. Иситиш тизими устидан шикоятлар натижа бермаган. Бу ҳам етмаганидек, етказиб берувчи истеъмолчиларга умуман етиб бормаган ёки тўлиқ етиб бормаган иссиқлик учун йилдан йилга тўлов ҳисоблайди. Ваҳоланки, қонун ҳужжатларига мувофиқ фуқаролар сифатсиз коммунал хизматлар учун тўлиқ миқдорда ҳақ тўлашга мажбур эмаслар.

Бошқарувчиларнинг айтишича, собиқ «Тошиссиққуввати» ДУК, ҳозирги «Veolia Energy Tashkent» ХК МЧЖнинг Чилонзор бўлими бугунги кунда ушбу муаммони рад қилмаяпти. Бироқ фактни тасдиқлашдан уйда яшовчиларнинг иссиқлик муаммоси ечим топмайди. Иситиш мавсуми тугади ва ҳозир муаммони ҳал этишнинг айни пайти. Уйда яшовчилар ўзгартиришларга умид қилсалар бўладими? Бунинг учун нималар қилинди ва юзага келган вазиятдан қандай чиқиб кетиш мумкин?  

 

Тизимли муаммо. Буни ким ҳал қилади?

БК бош муҳандиси Нурали Қиличевнинг сўзларига қараганда, 4 ва «Е» мавзелардаги муаммоли уйларни ТошИЭМ иссиқлик билан таъминлайди. У иссиқликни нормативларда белгиланган босим ва ҳароратда беради. Унинг қуввати ушбу иккита мавзедаги муаммоли кўп қаватли биноларга қанчадир вақтга етиб беради. Ҳозир уйга кириш жойидаги иссиқлик энергияси параметрлари белгиланган нормативларга мувофиқ келмайди. Асосий сабаблар жумласида яна иссиқлик трассасининг охирги нуқтаси, тизимнинг юқоридан иситишни бошлаши ва кўп қаватли биноларнинг қурилганига анча йил бўлганлигини ҳам келтириш мумкин. Бу масаланинг яна бир муҳим жиҳати бор. Сўнгги йилларда пойтахтда қурилишлар бош режасиз жадал суръатда амалга оширилмоқда. Янги объектлар эски тармоқларга уланмоқда, уларда юклама ошиб бормоқда. Иситиш тармоғига улашнинг техник шартлари, юкламаларнинг муҳандислик-техник ҳисоб-китоблари борми – булар саволлигича қолмоқда. Бундан ташқари, иссиқлик энергияси параметрларида тармоқлар эскириши, ташишдаги энергия йўқотишлари ва яна бошқа бир қатор сабаблар акс этиши мумкин. Натижада иссиқ сув охирги нуқтага етганида босим ва ҳарорат пасайиши рўй беради. Иссиқ сув келиш босими ва қайтиш босими ўртасида етарли даражада фарқ бўлмай қолади, циркуляция сустлашади ёки умуман тўхтаб қолади.

Иситиш тизимининг тўлиқ ишламаслигига уй ичидаги иситиш тармоқларининг ҳолати ҳам сабаб бўлиши мумкин. Масалан, эски қувурлар, тарновлар, тармоқларнинг ноқонуний реконструкцияси, иссиқлик узелларининг ҳолати ва бошқалар. 4 ва «Е» мавзелардаги вазиятни тизимли муаммо деб ҳисоблаймиз. Бошқарувчи компания буни ўз кучи билан бартараф эта олмайди, чунки сабаблари уларга боғлиқ эмас. Бу тармоқ инфратузилмаси билан боғлиқ техник тусдаги муаммо бўлиб қолмоқда, натижада эса иккита мавзеда яшовчилар азият чекмоқдалар, деб таъкидлайди бош муҳандис.

 

БК қандай йўл тутади?

Иссиқлик энергиясини етказиб берувчилар билан турли вақтларда ўтказилган суҳбатлар бир хил бўлмаган. Бошида униси бунисини, буниси эса унисини қўлни бигиз қилиб кўрсатган. Хатлар, далолатномалар тузилган, уй ичидаги иссиқлик тармоғини яхшилашга маблағлар ажратилган, иссиқлик таъминоти ташкилоти билан биргаликда иситиш тизимидаги нуқсонли жойлар қидирилган ва яна анча ишлар қилинган. Лекин натижа бўлмаган.

БКнинг иссиқлик линияси бўйича устаси Шоҳиста Холиқулованинг сўзларига қараганда, ҳозир икки томон учун ҳам бу муаммо бўлмоқда. «Шунга қарамай, қўл қовуштириб ўтирганимиз йўқ, – дейди у. – 4-мавзедаги ҳолатни олайлик. 13 та уйда (квартираларнинг 98%ида) квартира устунлари пластикка алмаштирилган. 18-уйда эса иссиқлик тармоғи ва барча иситиш тагсинчлари ўзгартирилган. 15-уйда барча тагсинчлар янгисига алмаштирилган. 5 ва 3-уйлардаги иссиқлик тармоғини алмаштириш учун анча маблағ ажратилган. Умуман олганда ўзгариш бўлмаяпти. Жорий йилда қолган муаммоли уйлардаги барча тагсинчларни алмаштириш режалаштирилган. Кутилган натижани бермайдиган бўлса, пулни сарфлашнинг нима кераги бор? Вазият ўзгаришига ишонамиз ва бунинг учун уй ичидаги инфратузилма тўлиқ тартибда ишлаши лозим. Ҳозирча эса бунинг сабабини иссиқлик таъминоти ташкилотлари билан ва мустақил равишда ўзимиз ҳам излаяпмиз».

БК 4-мавзедаги 18 та уйларнинг ёнидан ўтган иссиқлик трассасини алмаштиришни сўраб, етказиб берувчига мурожаат қилди. Тошиссиққуввати бу ишни деярли бажарди (кичик бир участка қолди холос). Ҳозир эса иккита уй ўртасидаги қувурнинг компенсаторини алмаштиришмоқчи бўлишяпти. У ҳароратнинг тушиб кетишидан юкламани, босимнинг ўзгариши ва бошқа ички омилларни ўз зиммасига олади. Иссиқлик таъминоти ходимлари бу ишни бажаришга тайёр. Бироқ амалиётнинг кўрсатишича, буларнинг барчаси ярим-ёрти чоралар бўлиб, сезиларли даражада натижа бермайди.

 

Боши берк кўчадан чиқишнинг имкони борми?

«Эътиборли жиҳати шундаки, – деб таъкидлайди «Берёза Коммунал Сервис» БК директори Валентина Азимова. – Қишки мавсумда иссиқлик ташувчиси уйларга унча ёмон бўлмаган босим – 3,2 билан келиб тушган. Бироқ уринишларимизга қарамай иссиқ сувнинг қайтиши яхши бўлмади. Иссиқлик таъминоти ходимлари бизга бундай ҳолатларда уй ичидаги иситиш тизимига нимадир тиқилиб қолганмикин, деб айтишади. Лекин кунлар исиши билан қайсидир муаммоли уйларда иссиқлик узатилиши ва қайтиши яхши бўлиб қолди. Бизда совуқ пайтда муаммо сунъий тарзда ҳосил бўлармикин деган фикр ҳам пайдо бўлади. Балки қозонхоналар, иссиқлик трассаси юкламасини ҳаддан ташқари ошириб юбормаслик учун чиқишда тўсиб қўйилган бўлиши мумкинми? Агар уй ичидаги коммуникация тиқилиб қолган бўлса, тизим совуқ пайтда ҳам, кунлар исий бошлаган пайтда ҳам ишламаган бўларди. 4-мавзедаги 8-уйни олайлик. Уй ичидаги коммуникациялар кўламида идеал ҳолатда. Ҳамма ёқда барчаси пластикка алмаштирилган. Бироқ қишда иссиқлик тарқалмай қолади. Уйга киради-ю, лекин қайтиб чиқмайди. Кимдир бу ерда гап нимада эканлигини айтиб бера оладими? Бир нарсани айтиш мумкин – бу иссиқлик таъминоти ташкилотининг муаммосидир.

4 ва «Е» мавзеларида уйлар учун ички қозонхоналарни қуриш орқали муаммони тубдан ҳал этса бўлади, – дея давом этади директор. – Ушбу масала кўтарилганига 10 йилдан ошди, бироқ ваъдадан нарига ўтилмаяпти. 2017 йилдаёқ туман ҳокимияти муаммоли кўп қаватли уйлар учун кичик қозонхоналар ўрнатилишига қарши эмаслигини маълум қилган эди. Пойтахтда иссиқлик тизими босқичма-босқич марказлаштирилган тизимдан марказлаштирилмаган тизимга ўтказилмоқда, бунда ички қозонхоналарни, биринчи навбатда иссиқлик трассасининг охирги нуқталарида қуриш назарда тутилади. Бизнинг уйларимиз учун бундай лойиҳа қачон режалаштирилишини хабар беришни ваъда қилишди. Ҳозиргача кутиб ўтирибмиз».

«Яқинда Чилонзорнинг 7-мавзесида ИЭМ қурилиши мўлжалланмоқда, – дейди Валентина Азимова. – Бироқ иссиқлик таъминоти ташкилотлари раҳбарларидан бу қурилиш биздаги иложсиз қолаётган уйлардаги аҳволни ўзгартира олишини тасдиқлайдиган жавоб келмаган. Ҳозирги кунда Veolia Energy Tashkent пойтахтдаги иссиқлик таъминоти тизимларини реконструкция қилиш ва модернизациялаш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда. Кўп қаватли уйлардаги иситиш тармоқларининг охирги нуқталарида иссиқлик энергияси таъминотини яхшилаш бўйича лойиҳалар ҳам шулар жумласидан. Компания Чилонзордаги ушбу чорасиз ҳолатдан чиқиш йўлини топишига ишонишни хоҳлардик: кўп қаватли уйларнинг ҳолати ўрганиб чиқилади ва уларни инқироздан олиб чиқиш бўйича қарор қабул қилинади».

Прочитано: 475 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика