Norma.uz

Ҳуқуқ олиб қўйилди – жавобгарлик қолдирилди

 

Уйга туташ ер участкалари масаласи илгаригидек очиқлигича қолмоқда. Уларни сақлаш учун ким жавобгарлигини белгилаш устида аввалгидек муҳокама кетмоқда. Улар амалда кўп квартирали уйлар мулкдорларига тегишли эмас. Лекин Уй-жой, Ер кодексларида, «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонунда ва бошқа НҲҲларда ер участкаларини обод ҳолда сақлаш учун жавобгарлик белгиланган. Қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар турли сабабларга кўра татбиқ этилмаяпти. Ҳанузгача ККУларга ер участкаларини бериш тартиб-таомили ишлаб чиқилмаган. Кўп йиллардан буён қуйидаги савол ўринли бўлиб келмоқда: нима сабабдан мулкдорлар уларни сақлаш учун ўз маблағларини сарфлашлари керак? Ахир ўзига тегишли бўлмаган нарса учун қандай қилиб жавобгар бўлиш мумкин?  

 

Ер участкаси кадастрдан чиқариб юборилди

Кўпчилик, эҳтимол, ширкатларга ер участкалари доимий фойдаланишга берилган вақтларни эслай олмаса керак. Ўшанда ҳовлиларни ноқонуний эгаллаб олиш кампанияси эндигина бошланганди. Бу уриниб кўриш эди. УМШга бириктирилган кўп қаватли уйларга туташ ҳудудларда минимаркетлар, кафе ва бошқа объектларни қуришга уриниб кўрилган ҳолатлар бўлган. Уй аҳли бунга қаршилик кўрсатиб ноқонуний қурилишларга қарши даъволар берганлар. Ширкатлар фойдасига суд қарорлари чиқарилган ҳолатлар ҳам бўлган.

Уй-жойлар жойлашган туманлардаги ер участкаларини тасарруф этиш имкониятини олиш учун ҳокимиятлар мулкдорларни ерлардан фойдаланиши устидан назоратни камайтириши ёки йўқ қилиши керак эди. Ўша пайтда уйларнинг кадастр ҳужжатларини қайта расмийлаштириш тўғрисида эълон қилинганди. Уйга туташ ҳудудлар янги кадастрдан амалда чиқариб юборилган. Уйларнинг чегараси ёки бино деворининг пастки қисмидан ёхуд уйдан 3 метр наридан ўтказилди. Мулкдорларни ерлардан маҳрум қилишди, лекин уларни сақлаш учун жавобгарлик қонунчиликда қолдирилди. Амалдорлар бундай вазиятларда ҳийла-найранг ишлатишга ҳам муваффақ бўлдилар.

 

Бу кимга қўл келади?

Бундай дисбаланс ва мулкдорлар ҳуқуқларининг бузилиши узоқ йиллар давом этди ва кўпгина зиддиятларга сабаб бўлди. Мулкдорларда фойдаланишда ер участкалари мавжуд бўлмаган ҳолатларда уларни ободонлаштириш ва санитар ҳолатини яхшилаш бўйича мажбуриятлар мулкдорларнинг зиммасига юкланди. Булар харажат ҳисобланиб, мажбурий бадал ёки тўлов миқдорида акс эттирилади. Улар ҳисобидан ҳовлини супурувчиларнинг меҳнатига ҳақ, чиқиндини олиб чиқиб кетадиган транспорт учун тўлов, дарахтларни оқлаш, гуллар экиш ва бошқа ишлар учун тўлов тўланади. «Обод маҳалла» дастури доирасида давлат мулкдорларга ҳовлиларни ободонлаштириш ишларига кўмаклашди. Бироқ ҳудудни сақлаш учун жавобгарлик масаласи ҳал этилмади.

Ерлар уйдаги ҳар бир яшовчига фойдаланиш учун бириктирилмаганлигини ҳамда уларга ҳокимиятлар ҳузуридаги туман ободонлаштириш бошқармаси ерларга тегишли бўлиши кераклигини тушунтириш осон бўлмайди. Фуқаролар обод ва тозаланган ҳовлиларда яшашни хоҳлайдилар. Уларни ҳуқуқий жиҳатлари қизиқтирмайди. ККУдаги бошқарув органларида танлаш имконияти қолмаяпти ва улар ер участкаларини обод сақлашга мажбур бўлишмоқда. Муаммонинг тартибга солинмаганлиги ундан ўз манфаати йўлида фойдаланадиганлар учун айни муддао бўлади. Ушбу масалани назорат қилувчи ҳокимиятлар ер участкаларини обод сақлашни мулкдорларнинг зиммасига юклаб қонун ҳужжатлари нормаларини рўкач қилмоқдалар. Бироқ ушбу ҳудудда уй аҳлининг қаршилигига қарамай, шаҳарсозлик нормалари ва талаблари бузилган ҳолда қурилиш ишлари бошланганда бу ер участкаларидан фойдаланиш борасида мулкдорларнинг ҳеч қандай ҳуқуқлари йўқ эканлиги аён бўлмоқда.

 

Хизмат иштиёқини тўғри йўналтириш

Бугунги кунда турли идораларнинг бир талай вакиллари ККУга туташ ер участкаларининг обод сақланиши, санитария нормалари ва қоидалари талабларига риоя этилишини назорат қилишмоқда ва бунда кўмак кўрсатишмоқда. Улар турли ҳужжатларга асосан ҳаракат қиладилар. Уларнинг кўпчилик қисми уй-жой соҳасидан бехабар. Бундай ишларга Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, СЭС, экологлар, ҳокимиятлар, маҳаллалар, секторлар, штаблар раҳбарлари, уларнинг ўринбосарлари, ўринбосар ёрдамчилари ва шу кабилардан ташқари, прокуратура, ФВВ, ИИБ, Миллий гвардия вакиллари ҳам жалб этилган. Бунда охирида айтилганлар иштироки бироз ҳайрон қолдиради. Хусусан, яқинда ижтимоий тармоқларда айланган видеода мулкдорларга тегишли бўлмаган ҳовлиларни айланиб, қоғоз ва чиқиндилар ташлаб кетилганини кузатиб юрган ИИББ подполковниги бизни ҳайратлантирди. «Бизда куч ишлатар тизимлар кўплигидан уларни нима билан банд қилишни билмай қолишдими? – деб сўрашмоқда ККУ бошқарув органларининг раҳбарлари. – Ёрдам беришса раҳмат деймиз, лекин кўп ҳолларда бунинг акси бўлади. Ахир уларнинг хизмат шижоатини бошқа йўналишга тўғриласа ҳам бўлади-ку. Масалан, ободонлаштириш ва санитария қоидалари бузилишига қарши курашишда фаол тарзда кўмаклашиш. Бошқарув органларини эмас, балки чиқиндини хоҳлаган жойига ташлаб кетадиган кимсаларни жаримага тортиш; бундай ҳолатларнинг ҳар бирини ошкора кўрсатиш; уйда яшовчилар билан профилактик ишларни йўлга қўйиш ва, ниҳоят, турар жой мавзеларида топиб бўлмайдиган чиқинди қутиларини ўрнатиш ишларига эътибор қаратиш».

 

Тўлиқ ишга туширилиши лозим

Президентнинг 2021 йил 30 декабрдаги 76-сон қарори билан ўрнатилиши назарда тутилган тартибга мувофиқ 2022 йил 1 мартдан бошлаб давлат органлари, муассасалари ва корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кўп квартирали уй-жойлар мулкдорларига улар эгалигидаги бино ва иншоотларга туташ (чегарадош) бўлган ер участкалари ер участкаларини обод ҳолда сақлаш шарти билан уларга доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиб берилади. Бу тартиб-таомил ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Бироқ ҳужжатда белгиланган ер участкаларини ажратиш шартлари фикр-мулоҳаза юритишга ундайди. Хусусан, ПҚ-76-сон қарорга мувофиқ мулкдорлар пиёда йўлакларини таъмирлаш ва лозим даражада сақлаш; болалар майдончаларини, чиқинди қутиларини, тунги ёритиш тизимини ўрнатиш, таъмирлаш ва сақлаш ҳамда уларнинг бутлигини назорат қилишни, дарахтлар, буталар, бошқа ўсимликлар ва ниҳолларни парвариш қилиш ва суғоришни ўз зиммаларига олишлари керак бўлади. Бу эса бадал миқдорини ошириб юборади. Яна бир талай саволларни юзага келтириши мумкин: масалан, улар мулкдорлар фойдаланиши учун бириктирилмайдими; агар мулкдорнинг болалари, неваралари ва автомобили бўлмаса-чи, булар тўхташ жойлари, болалар майдончаларини сақлаш масалалари юзасидан янги тартибда қандай баён қилинади. Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, фуқаролар ер участкалари таъминоти учун ўзлари ҳаракат қиладилар ва маблағ киритадилар, давлат эса исталган вақтда уни фойдаланишдан олиб қўйиши ва давлат ёки жамоатчилик эҳтиёжлари учун тасарруф этиши мумкинку?

Прочитано: 294 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика