Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 52 / Меҳнат муносабатлари

Бош бухгалтер бўлишни истамайман

 

Бухгалтер бўлиб ишлайман. Директор мени бош бухгалтер лавозимига ўтказишини айтди. Бошқа ишга ўтишни истамайман. Директор менинг розилигимсиз бошқа ишга ўтказиши мумкинми?

 

Газетхоннинг саволига меҳнат ҳуқуқи бўйича «Norma» эксперти Ленара Хикматова жавоб беради: 

 

– Дастлаб директор доимий ёки вақтинча бошқа ишга ўтказмоқчилигини аниқлаш лозим.

Бошқа доимий ишга ўтказишга (ходимнинг меҳнат вазифаларини ўзгартиришга) – унга бошқа мутахассислик, малака, лавозимга оид ишни топширишга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилиши мумкин (МК 92-м.).

Бу ҳолда иш берувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномасига тегишли ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қўшимча келишув тузиши керак. Ушбу ўзгартиришлар бошқа доимий ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқариш учун асос ҳисобланади (МК 96-м. 1-қ.).

 

Ходим қўшимча келишув ва буйруқни имзоламаса, ҳатто кўпроқ иш ҳақи тўланадиган юқорироқ лавозим ҳақида сўз бораётган бўлса ҳам, иш берувчи уни бошқа доимий ишга ўтказишга ҳақли эмас.

 

Бошқа ишга ўтказиш иш берувчининг мажбурияти бўлса

Муайян ҳолатларда иш берувчи ўз хоҳишидан қатъи назар, ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни (ходим бажараётган ишига ёки эгаллаб турган лавозимига номувофиқ бўлса, мутахассислиги бўйича бирмунча кам малака талаб этиладиган бошқа ишни), бундай иш бўлмаган тақдирда эса, – корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт (МК 92-м. 2-қ.).

Унга қуйидаги ҳолатлар киради:

1) технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги;

2) ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги ёки соғлиғи ҳолатига кўра бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши;

3) корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини амалга оширувчи ходим билан тузилган меҳнат шартномаси мулкдорнинг алмашиши сабабли бекор қилинганлиги;

4) шу ишни илгари бажариб келган ходим ишга тикланганлиги, шунингдек Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси депутати ва Сенатида доимий асосда ишлаган Сенат аъзоси ваколатлари муддати тугаганлиги ёки Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ҳамда Сенати тарқатиб юборилганлиги муносабати билан аввалги лавозимига (ишига) қайтганлиги (МК 100-м. 2-қ. 1, 2, 6-б., 106-м. 2-б.).

Ходим таклиф этилаётган ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин (МК 92-м. 2-қ.).

 

Қандай шартларда вақтинча бошқа ишга ўтказишлари мумкин

Умумий қоидага кўра фақат ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади.

Бошқа доимий ишга ўтказишдан фарқли равишда бунда меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида қўшимча келишув тузиш керак эмас. Ходимнинг аризаси ва буйруқнинг ўзи кифоя (МК 96-м. 3, 4, 6-қ.). Бироқ истисносиз қоидалар бўлмайди.

Меҳнат кодексида ходимни унинг розилигисиз вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйиладиган ҳолатлар кўрсатилган. МК 95-моддасига мувофиқ, уларга қуйидагилар киради:

чиқариш зарурияти – яъни ишлаб чиқариш жараёнидаги истисноли, кутилмаган ҳолат.

Вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилишига сабабчи бўлган, ишлаб чиқариш зарурияти деб ҳисобланадиган ҳолатлар жамоа шартномасида кўрсатилади, агар у тузилмаган бўлса, – иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади.

Одатда, жамоа шартномасида: ишга келмаган ходимнинг ўрнига ишлаш, ҳалокат, ишлаб чиқаришдаги авария ҳолатлари, табиий офатнинг олдини олиш ёки уларнинг оқибатларини бартараф этиш; бахтсиз ҳодисалар, бекор туриб қолиш, мол-мулк йўқ қилиниши ёки бузилишининг олдини олиш каби ҳолатлар кўрсатилади;

бекор туриб қолиш – иқтисодий, технологик, ташкилий, бошқа ишлаб чиқариш ёки табиий тусга эга бўлган сабабларга кўра вақтинча ишни тўхтатиш.

Бироқ, ҳатто юқорида кўрсатилган ҳолатларда ҳам ходим соғлиғига тўғри келмайдиган бошқа ишга ўтказилиши мумкин эмас (МК 95-м. 1-қ.).

Ходим вақтинча бошқа ишга ўтказилган даврда унга бажараётган ишига қараб, лекин аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда иш ҳақи тўланиши керак (МК 95-м. 2-қ.).

Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш далилининг мавжудлиги иш берувчининг ташаббуси билан вақтинча бошқа ишга ўтказишда буйруқ чиқариш учун асос бўлади (МК 96-м. 5-қ.).

Бошқа ишга ўтказиш муддатининг чегараси ва меҳнатга тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдорлари жамоа шартномасида белгиланади, у мавжуд бўлмаганда эса, – иш берувчи томонидан ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб белгиланади (МК 95-м. 3-қ.).

Масалан, жамоа шартномасида ишлаб чиқариш заруриятини юзага келтирган ҳолатларни бартараф этиш вақтида, бекор туриб қолиш муносабати билан эса – бутун бекор туриб қолиш вақтида ходимнинг розилигисиз уни вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилишини кўрсатиш мумкин. Бироқ иккала ҳолатда ҳам бундай бошқа ишга ўтказишнинг жами муддати йил давомида 60 кундан ошиши мумкин эмас. Касаба уюшмаси қўмиталари федерацияси 2020 йилда ишлаб чиққан жамоа шартномасининг тавсия этиладиган макетида ана шу муддат кўрсатилган.

 

Хулоса

Қуйидаги шароитлар мавжуд бўлган тақдирдагина ходимнинг розилигисиз уни вақтинча бошқа ишга ўтказиш мумкин:

• ташкилотда маъқулланган ва имзоланган жамоа шартномаси мавжуд бўлиб (МК 40-м.), унда бошқа ишга ўтказишга йўл қўйиладиган ишлаб чиқариш зарурияти деб ҳисобланадиган ҳолатлар рўйхати кўрсатилган бўлса;

• ташкилотда жамоа шартномаси мавжуд бўлмаса, масала фақат ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб ҳал этилади.

Вақтинча бошқа ишга ўтказиш буйруқ билан – вақтинча бошқа ишга ўтказиш муддатини кўрсатган ҳолда расмийлаштирилади.

Ишлаб чиқариш зарурияти ва бекор туриб қолиш муносабати билан вақтинча бошқа ишга ўтказишда ходимнинг розилиги талаб этилмайди, у ташкилот раҳбарининг буйруғига бўйсуниши шарт. Бироқ буйруқда бошқа ишга ўтказиш муддати албатта қайд этилиши керак. Усиз вақтинча эмас, балки доимий бошқа ишга ўтказилган бўлади. Бошқа доимий ишга ўтказиш учун эса ходимнинг розилиги зарур.

Буйруқда бошқа ишга ўтказиш муддати кўрсатилмаса, нима бўлади? Бу ҳолда ходим янги вақтинча ишига чиқмаса, ишлаб чиқариш заруриятига кўра бошқа ишга ўтказиш қоидалари бузилгани учун буни прогул деб ҳисоблаб бўлмайди.

Вақтинча бошқа ишга ўтказиш қонунга риоя этилган ҳолда амалга оширилган бўлса, ходимнинг ишни бажаришдан бош тортишини меҳнат интизомини бузиш, ишга чиқмаслигини эса прогул деб тан олиш мумкин бўлади.

 

Бошқа ишга ўтказиш муддати тугагандан кейин иш берувчи ходимга унинг аввалги ишини бериши шарт. Акс ҳолда бошқа ишга ўтказиш ноқонуний бўлган деб малакаланади.

Прочитано: 470 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика