Пешку туманида қурилган янги уй хонадон эгасига хурсандчилик ўрнига муаммо келтирди. Имтиёзли кредит асосида олинган уй ўз вақтида қурилди, аммо жуда кўп жойлари таъмирталаб…
Майда камчиликларни тузатса бўлади, аммо сифатсиз тайёрланган эшик ва деразаларни таъмирлашнинг иложи йўқ. Сифати ёмонлигидан бу эшик ва деразалар очилса ёпилмайди, ёпилса очилмайди, устига-устак, яхши қулфланмайди ҳам. Бу ҳақда «Qishloq qurilish invest» МЧЖ ИК Бухоро филиалига қилинган мурожаатлар жавобсиз қолди.
Оворагарчиликдан чарчаган истеъмолчи ўз шикоятини Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигининг Бухоро вилояти ҳудудий тузилмасига топширди. Ўрганишлар давомида ҳақиқатан ҳам мазкур уй мурожаатда келтирилган камчиликлар билан топширилгани маълум бўлди. Шундан сўнг имтиёзли кредит асосида қурилган намунали уйдаги камчиликлар қурилиш ташкилоти томонидан тўлиқ бартараф этилди.
Маълумот ўрнида: «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг 19-моддасида ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт.