Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 37 / Божхона

Бир хил ёндашувга эришиш учун

 

Божхона қийматини аниқлаш божхона ишидаги энг сермунозара масалалардан ҳисобланади. Уни аниқлаш усуллари божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларида тўғридан-тўғри белгилаб қўйилганига қарамай, уларни амалиётда қўллаш ташқи савдо операциялари иштирокчилари учун ҳам, божхона органлари учун ҳам кўплаб саволларни юзага келтиради. Хусусан, божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулотларининг божхона қийматини аниқлаш ана шундай мураккаб масалалардан. 

 

Олиб чиқиладиган қайта ишлаш маҳсулоти, қолдиқлар ва чиқиндилар божхона божлари ва солиқлар тўлашдан, шунингдек иқтисодий сиёсат чоралари қўллашдан озод этилади, бундан БКнинг 82-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар мустасно.

Қайта ишлаш маҳсулотларини эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштиришда божхона божлари ва солиқлар қайта ишлаш учун олиб кирилган товарларнинг божхона қийматидан ва (ёки) қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасига мувофиқ ишлатилган сонидан келиб чиққан ҳолда тўланади. Бу ўринда товар импорт божхона режимига жойлаштирилган куни амалда бўлган, уларга нисбатан қўлланиладиган божхона тўловларининг ставкалари ҳам ­эътиборга олинади (БК 81-м.).

Бошқача айтганда, божхона божлари ва солиқлар (қайта ишлаш маҳсулотларининг импортида) ишлатилган хом ашёнинг қийматидан ва унга нисбатан қўлланилган ставкалардан келиб чиқиб ҳисобланади.

Бироқ божхона расмийлаштируви учун йиғимлар қайта ишлаш маҳсулотининг божхона қийматидан келиб чиқиб ҳисобланади ҳамда статистик қиймат аниқланади.

Божхона брокерлари – ББУ аъзолари божхоначилар билан учрашувларда ана шу мунозарали жиҳатга доимо эътибор бериб келишган. Улар божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулотларининг божхона қийматини аниқлашда бир хил ёндашув зарурлиги хусусидаги масалани кўтаришган.

Яқинда Божхона брокерлари уюшмаси божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулотларини декларациялаш чоғида божхона қийматини аниқлаш усуллари бўйича ўзининг тавсия ва мисолларини Давлат божхона қўмитасига юборди.

Давлат божхона қўмитасининг жавобида хабар берилишича, ҳақиқатан ҳам норматив ҳужжатларда божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулотларининг божхона қийматини аниқлашнинг алоҳида тартиби назарда тутилмаган. Шу муносабат билан БКнинг 44-боби талабларига таянган ҳолда уни аниқлашнинг бир нечта вариантлари юзага келмоқда.

Божхона идорасининг мутахассислари ББУ томонидан божхона қийматини аниқлаш усулларига доир тақдим этилган тавсия ва мисолларни кўриб чиқишди – уларда бу борада эътироз ва таклифлар юзага келмаган. Шунинг учун ДБҚ божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулотларини декларациялаш чоғида божхона қийматини аниқлаш усулларини бир хилда қўллаш ва уни ҳисоб-китоб қилиш учун уларни эълон қилиш борасида эътирозлар билдирмади.

Давлат божхона қўмитасининг 28.08.2021 йилдаги 03-05/8-06373-сон хатига биноан ДБҚ раиси ўринбосари Муталибжон Салиевнинг имзоси остида ББУнинг тавсияларини (амалий мисоллари билан) чоп этмоқдамиз.

 

  •  Ҳужжат тили билан

Божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режими шундай режимки, бунда товар божхона ҳудудига қайта ишлаш ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари тарзида олиб чиқиш мақсадида, божхона божлари ва солиқлар тўлашдан шартли озод этилган ҳолда олиб кирилади.

Товар божхона ҳудудида қайта ишлаш мақсадида олиб кирилганда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмайди, бундан БКнинг 82-моддасида назарда тутилган тақиқлар ва чекловлар мустасно.

Чет эл товарлари билан божхона ҳудудида товарларни қайта ишлаш операциялари амалга оширилган тақдирда Ўзбекистон товарларидан, шу жумладан чет эллик шахс томонидан олинган Ўзбекистон товарларидан божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштирилмаган ҳолда фойдаланишга йўл қўйилади.

Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш божхона режимига жойлаштириш БК 21-бобининг қоидаларига мувофиқ божхона органи томонидан бериладиган товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш рухсатномаси асосида амалга оширилади.

БК 70-моддаси.

 

 

ББУ тавсиялари

Қайта ишлаш маҳсулотининг божхона қиймати БК 44-боби талабларига мувофиқ аниқланади ва қайта ишлаш божхона режими хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қуйидаги компонентларни қўшиш орқали олинган миқдордан кам бўлиши мумкин эмас:

1) қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасига мувофиқ ишлатилган қайта ишлаш учун олиб кирилган товарларнинг божхона қиймати;

2) олиб кирилган товарларнинг қайта ишлаш қиймати;

3) олиб кирилган товарнинг етказиб бериш қиймати – қайта ишлаш жойига ҳамда маҳсулотларни қайта ишлаш божхона ҳудудидан ташқарига олиб чиқишда – божхона чегарасигача, агар улар қайта ишлаш қийматига киритилмаган бўлса.

Товарлар қайта ишлаш чиқиндиларининг божхона қийматини аниқлашда – қайта ишловчининг калькуляциясига (ТИА) асосланган нарх қабул қилинади. Шунингдек, у қўлланиладиган жойларда биржа котировкаларидан фойдаланилади.

 

Божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулотининг божхона қийматини аниқлаш усулларини қўллашнинг амалий мисоллари

А. Товарни божхона ҳудудида қайта ишлаш хизматлари бўйича шартномани ижро этишда

Маълумотлар:

Қайта ишлаш учун олиб кирилган товар: буғдой.

Қайта ишлаш маҳсулоти: буғдой уни.

Товарни қайта ишлаш бўйича хизматларга шартномада келтирилган қиймат кўрсаткичлари:

● буғдой – 1 тоннаси учун 100 АҚШ доллари. Буғдойни етказиб бериш шартлари – DAP– «Сариёғоч» т/й станцияси;

● қайта ишлаш бўйича хизматлар – олиб кириладиган 1 тонна буғдой учун 50 АҚШ доллари;

● ун – 1 тоннаси учун 150 АҚШ доллари. Унни етказиб бериш шартлари – FCA–Тошкент.

Товарнинг кузатув ҳужжатларига мувофиқ олиб кириладиган товарнинг қиймат кўрсаткичлари (товарни божхона ҳудудига қайта ишлаш режимига жойлаштиришда БЮДнинг 45-графасида божхона қийматини аниқлаш ва кўрсатиш учун асос):

● буғдой – DAP– «Сариёғоч» т/й станциясидан етказиб бериш шартлариларида 1 тоннаси учун 200 АҚШ доллари.

«Ғалаба» т/й станциясигача етказиб бериш қиймати (эксп.) – 1 тонаси учун 10 АҚШ доллари.

Қайта ишлаш маҳсулотининг чиқиш нормаси 75%.

Қайта ишлаш маҳсулотининг божхона қийматини аниқлаш

 

Қайта ишлаш маҳсулоти – 0,75 тонна ун.

Қайта ишлаш маҳсулотини реэкспорт қилишда мисол ва таққослаш учун божхона қийматини аниқлаш усулларини қайишқоқлик билан қўллашнинг 2 та варианти кўриб чиқилади – товар билан битим нархига асосланган усулга нисбатан қайишқоқ ёндашув ёки қийматларни қўшиш асосидаги усулга нисбатан қайишқоқ ёндашув.

Қайта ишлаш маҳсулотини импорт қилишда мисол ва таққослаш учун божхона қийматини аниқлашнинг 2 та усули – товар билан битим нархига асосланган усулни ёки қийматларни қўшиш асосидаги усулни қўллаш кўриб чиқилади.

А.1) Қайта ишлаш маҳсулоти реэкспорт қилинганда

А.1.1) Товар билан битим нархига асосланган усулга қайишқоқ ёндашувни қўллаш:

● қайта ишлаш маҳсулотининг FCA–Тошкент шартларидаги қиймати (шартнома нархлари бўйича):

0,75 х 150 = 112,5 АҚШ доллари;

● «Ғалаба» станциясигача ташиш қиймати:

0,75 х 10 = 7,5 АҚШ доллари;

● DAP–Ғалаба шартларидаги қиймати: 120 АҚШ доллари.

А.1.2) Қийматларни қўшиш асосидаги усулга қайишқоқ ёндашувни қўллаш:

● қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасига мувофиқ ишлатилган қайта ишлаш учун олиб кирилган товарларнинг божхона қиймати – 1 тонна буғдой учун (0,75 / 75%) – 200 АҚШ доллари;

● қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати – 50 АҚШ доллари;

● «Ғалаба» станциясигача ташиш қиймати – 7,5 АҚШ доллари;

● DAP–Ғалаба шартларидаги қиймати :

200 + 50 + 7,5 = 257,5 АҚШ доллари.

А.1.1 ва А.1.2-бандларидан олинган натижаларни қиёслаш якунлари бўйича, хатда келтирилган тавсияларни ҳисобга олган ҳолда божхона қиймати сифатида қийматларни қўшиш орқали олинган қиймат қабул қилинади – 0,75 тонна қайта ишлаш маҳсулоти (ун) учун 257,5 АҚШ доллари.

 

А.2) Божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулоти импорт қилинганда

Юқорида кўрсатилган қиймат кўрсаткичларига қўшимча равишда импорт шартномаси бўйича унни сотиш қиймати сингари кўрсаткич қўшилиши мумкин, масалан1 тоннаси учун 200 АҚШ доллари нархида.

А.2.1) Олиб кирилаётган товар билан нархга асосланган усулни қўллаш:

● импорт шартномасидаги нархларга асосланган қайта ишлаш маҳсулотининг қиймати:

0,75 х 200 = 150 АҚШ доллари.

А.2.2) Қийматларни қўшиш асосидаги усулни қўллаш:

● қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасига мувофиқ ишлатилган қайта ишлаш учун олиб кирилган товарларнинг божхона қиймати – 1 тонна буғдой учун (0,75 / 75%) – 200 АҚШ доллари;

● қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати – 50 АҚШ доллари;

● қийматларни қўшиш орқали олинган қиймат – 250 АҚШ доллари.

А.2.1 ва А.2.2-бандларидан олинган натижаларни қиёслаш якунлари бўйича, хатда келтирилган тавсияларни ҳисобга олган ҳолда божхона қиймати сифатида қийматларни қўшиш орқали олинган қиймат қабул қилинади – 0,75 тонна қайта ишлаш маҳсулоти (ун) учун 250 АҚШ доллари.

 

Б. Товарни олиб кириш (харид қилиш) шартномаси ҳамда қайта ишлаш маҳсулотини олиб чиқиш (сотиш) шартномасини ижро этишда

Маълумотлар:

Қайта ишлаш учун олиб кирилган товар: буғдой.

Қайта ишлаш маҳсулоти: буғдой уни.

Шартномада келтирилган қиймат кўрсаткичлари:

● олиб кириш шартномасида – буғдой – 1 тоннаси учун 200 АҚШ доллари. Буғдойни етказиб бериш шартлари – DAP– «Сариёғоч» т/й станцияси;

● олиб чиқиш шартномасида – ун – 1 тоннаси учун 350 АҚШ доллари. Унни етказиб бериш шартлари – FCA–Тошкент.

Тақдим этилган ТИАга мувофиқ қайта ишлаш қиймати – олиб кирилган 1 тонна буғдой учун 50 АҚШ доллари;

«Ғалаба» т/й станциясигача етказиб бериш қиймати (эксп.)1 тонаси учун 10 АҚШ доллари.

Қайта ишлаш маҳсулотининг чиқиш нормаси – 75%.

Товарнинг кузатув ҳужжатларига мувофиқ олиб кириладиган товарнинг қиймат кўрсаткичлари (товарни божхона ҳудудига қайта ишлаш режимига жойлаштиришда БЮДнинг 45-графасида божхона қийматини аниқлаш ва кўрсатиш учун асос):

● буғдой – DAP– «Сариёғоч» т/й станциясидан етказиб бериш шартлариларида 1 тоннаси учун 200 АҚШ доллари.

 

Қайта ишлаш маҳсулотининг божхона қийматини аниқлаш

 

Қайта ишлаш маҳсулоти – 0,75 тонна ун.

Қайта ишлаш маҳсулотини реэкспорт қилишда мисол ва таққослаш учун 2 та вариант кўриб чиқилади – товар билан битим нархига асосланган усулни қўллаш ёки қийматларни қўшиш асосидаги усулга нисбатан қайишқоқ ёндашув.

Б.1) Қайта ишлаш маҳсулоти реэкспорт қилинганда

Б.1.1) Товар билан битим нархига асосланган усулни қўллаш:

● қайта ишлаш маҳсулотининг FCA–Тошкент шартларидаги қиймати (олиб чиқиш шартномаси нархи бўйича):

0,75 х 350 = 262,5 АҚШ доллари;

● «Ғалаба» станциясигача ташиш қиймати:

0,75 х 10 = 7,5 АҚШ доллари;

● DAP–Ғалаба шартларидаги қиймати: 270 АҚШ доллари.

Б.1.2) Қийматларни қўшиш асосидаги усулга қайишқоқ ёндашувни қўллаш:

● қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасига мувофиқ ишлатилган қайта ишлаш учун олиб кирилган товарларнинг божхона қиймати – 1 тонна буғдой учун (0,75 / 75%) – 200 АҚШ доллари;

● қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати – 50 АҚШ доллари;

● «Ғалаба» станциясигача ташиш қиймати – 7,5 АҚШ доллари;

● DAP–Ғалаба шартларидаги қиймати:

200 + 50 + 7,5 = 257,5 АҚШ доллари.

Б.1.1 ва Б.1.2-бандларидан олинган натижаларни қиёслаш якунлари бўйича, хатда келтирилган тавсияларни ҳисобга олган ҳолда божхона қиймати сифатида товар билан битим нархига асосланган усул орқали аниқланган қиймат қабул қилинади – 0,75 тонна қайта ишлаш маҳсулоти (ун) учун 270 АҚШ доллари.

 

Б.2) Божхона ҳудудида қайта ишлаш маҳсулоти импорт қилинганда

Б.2.1) Олиб кирилаётган товар билан нархга асосланган усулни қўллаб бўлмайди, сабаби қайта ишлаш маҳсулотининг импорти ташқи савдо битимини амалга ошириш билан боғлиқ эмас (беғараз шартномага кўра қайта ишлаш учун хом ашё (қайта ишлаш учун товар) олинган.

Б.2.2) Қийматларни қўшиш асосидаги усулни қўллаш:

● қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасига мувофиқ ишлатилган қайта ишлаш учун олиб кирилган товарларнинг божхона қиймати – 1 тонна буғдой учун (0,75 / 75%) – 200 АҚШ доллари;

● қайта ишлаш бўйича хизматлар қиймати – 50 АҚШ доллари;

● қийматларни қўшиш орқали олинган қиймат – 250 АҚШ доллари.

Б.2.1 ва Б.2.2-бандларидан олинган натижаларни қиёслаш якунлари бўйича, хатда келтирилган тавсияларни ҳисобга олган ҳолда божхона қиймати сифатида қийматларни қўшиш орқали олинган қиймат қабул қилинади – 0,75 тонна қайта ишлаш маҳсулоти (ун) учун 250 АҚШ доллари.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 457 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика