Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 37 / Божхона

Иқтисодиётимиз локомотивлари

 

Маълумки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик мамлакатимиз иқтисодиётининг устувор йўналиши этиб белгиланган. Кейинги беш йилда бу соҳани ривожлантиришга қаратилган 2 мингга яқин қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.

 

Ана шу ҳужжатларга асосан 114 та лицензия ва рухсатнома бекор қилинди, 33 та фаолият тури хабардор қилиш тартибига ўтказилди. Рухсатномаларни расмийлаштириш тартиблари соддалаштирилиб, муддатлари ўртача 2 бараварга қисқартирилди. Ортиқча текширишлар, нақд пул, валюта ва хом ашё бўйича кўплаб чекловларга барҳам берилди. Бундай қулайлик ва имкониятлар натижасида охирги 5 йилда тадбиркорлар сони қарийб 3 баравар ошди. Бу фикрлар пойтахтимизнинг «Ўзбекистон» халқаро анжуманлар саройида Президентимизнинг тадбиркорлар билан янги форматдаги очиқ мулоқотида айтиб ўтилди.

Учрашувда жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда «Янги Ўзбекистон» ибораси тилга олинаётганлиги ва кейинги йилларда тараққиётнинг мутлақо янги босқичига қадам қўйганимиз, эришаётган ютуқларимизнинг замирида эса барча йўналишларда олиб борилаётган ислоҳотлар билан бир қаторда, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган катта эътибор ётганлиги таъкидланди.

Ушбу очиқ мулоқот доирасида тадбиркорлардан келиб тушган 15 мингдан ортиқ мурожаатларда кўтарилган тизимли муаммоларнинг ечимига қаратилган таклиф ва ташаббуслардан келиб чиқиб, Президентимиз томонидан 7 та муҳим йўналиш белгилаб берилди.

Президентимиз нутқида солиқ тизимини такомиллаштириш йўналишида «Эркин иқтисодий зоналар» тўғрисидаги қонун қабул қилингунга қадар «эркин иқтисодий зоналар»дан рўйхатда ўтган тадбиркорларга берилган барча имтиёзлар сақланиб қолиниши ва бу йўналишда қонун қабул қилиниши, шунингдек қўшилган қиймат солиғининг узлуксиз занжирини яратиш бўйича кенг ислоҳотлар олиб борилаётганлиги, шу боис «махсус иқтисодий зоналар» иштирокчиларига ҚҚСнинг ортиқча қисмини 7 кун ичида қайтариб бериш тартиби жорий қилиниши, ички бозорда тенг рақобат муҳитини яратиш мақсадида экспорт учун олиб келинаётган хом ашё импорт божидан озод этилишини таъкидлади.

Бундан ташқари, четдан олиб келинган товарлар учун қўшилган қиймат солиғини 120 кун давомида бўлиб-бўлиб тўлашда тадбиркорларга фоизлар ҳисобламаслик ва гаров талаб қилмаслик тартиби жорий қилиниши эслатилди.

Мазкур ислоҳотларнинг исботи сифатида Президентнинг 2021 йил 24 августдаги «Қўшилган қиймат солиғи маъмуриятчилигини такомиллаштириш тўғрисида»ги ПҚ-5231-сон қарори қабул қилиниб, инсофли солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажариш учун янада қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида 2021 йилоктябрдан экспорт қилинадиган товарлар учун ишлатилган, ҳақиқатда олинган товарлар (хизматлар) бўйича тўланиши лозим бўлган (тўланган) ҚҚС суммасини солиқ тўловчининг Ўзбекистон Республикасидаги банк ҳисобварағига чет эл валютаси тушуми келиб тушишидан қатъи назар ҳисобга олиш тартиби ўрнатилиб, мазкур имконият охирги бир йил давомида валюта тушумларини ўз вақтида таъминлаб келаётган ва экспорт шартномалари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлиги бўлмаган интизомли солиқ тўловчиларга татбиқ этилиши белгиланди.

Шунингдек, ушбу қарор билан 2022 йилянвардан бошлаб қўшилган қиймат солиғининг салбий суммасини қоплаш (қайтариш) учун солиқ органларига ариза билан алоҳида мурожаат қилиш ҳақидаги мажбурий талаб бекор қилинади ҳамда 2021 йил йил якунига қадар товарларни импорт қилиш ва реализация қилишда тўланадиган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби ишлаб чиқилиб, тажриба тариқасида 2022 йил 31 декабргача амалиётга жорий қилинади.

Экспорт корхоналарини қўллаб-қувватлаш йўналишида тўқимачилик корхоналарига экспортдан валюта тушумини кутмасдан ҚҚСни қайтариб бериш тартиби амалда ўз самарасини берганлиги боис 2021 йил 1 октябрдан бошлаб мазкур тартиб барча тармоқларнинг ҳалол ва интизомли бошқа экспортёрларига нисбатан ҳам татбиқ этилиши таъкидланди.

Президентнинг 2021 йил 24 августдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида» Ф-5689-сон Фармойиши билан «Йўл харитаси» тасдиқланиб, унга кўра тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига бир қатор вазифалар юклатилди.

Транспорт-логистика соҳасини ривожлантириш йўналишида маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши ва янги бозорларга чиқиши ҳамда ҳудудлараро савдо ва кооперация алоқаларини боғлашда транспорт-логистика масаласи муҳим ўрин тутади. Шу боис тадбиркорлар юкларини автотранспорт воситасида ташишни енгиллаштириш ва ташиш харажатларини камайтириш мақсадида юк автотранспорт воситаларига божхона имтиёзларини 3 йилга узайтириш назарда тутилган Президентнинг 2021 йил 19 августдаги «Автомобиль транспортида юк ташувчиларни қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 5225-сон қарори имзоланди.

Ушбу қарор билан юк ташиш учун мўлжалланган, ишлаб чиқарилганига 7 йилдан ошмаган «Евро-5» ва ундан юқори экологик тоифа талабларига мос келадиган автотранспорт воситалари (ТИФ ТН кодлари 8701 20, 8704 22 (самосваллардан ташқари) ҳамда тиркамалар ва ярим тиркамаларга (ТИФ ТН кодлари 8716 31, 8716 39) 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда уларга божхона божининг, утилизация йиғимининг ва автотранспорт воситаларини сотиб олганлик учун автотранспорт йиғимларининг ноль ставкалари қўлланилиши, шунингдек юқорида кўрсатилган талабга жавоб берадиган Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган транспорт воситалари 2025 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасига импорт қилишда мажбурий сертификатлашдан озод қилиниши белгиланди.

Президентимиз, Ҳукумат ва Давлат божхона қўмитаси томонидан берилган топшириқлар ижросини жойларда тўлақонли бажариш мақсадида вилоят, туман ҳокимликлари ва мутасадди идоралар вакилларидан ташкил этилган Ишчи гуруҳи бугунги кунда Сирдарё вилоятида ҳам фаолият олиб бораётган тадбиркорларга божхона соҳасида сифатли хизмат кўрсатиш, қонунчилик асосида ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, уларнинг фаолиятида мавжуд муаммоларни жойларнинг ўзига чиққан ҳолда «мижозбай» тизимида ҳал этишга эътибор қаратиб келмоқда.

 

Шуҳрат ХАЙРУЛЛАЕВ,

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси бошлиғи.

 

Экспортчи корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш борасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимиз томонидан 2021 йил 7 сентябрдаги ПФ-6306-сон Фармон имзоланди. Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Экспортни рағбатлантириш агентлиги томонидан йиллик экспорт ҳажми 20 млн АҚШ долларидан ошган корхоналарга экспорт билан боғлиқ савдо операциялари ва экспортолди молиялаштириш кредитлари учун тижорат банклари орқали бир марталик молиявий ресурслар 5 млн АҚШ долларигача миқдорда ҳамда бир йилгача муддатга тақдим этилиши белгиланди. Бундан ташқари Европа мамлакатларига қўшилган қиймати юқори бўлган маҳсулотларни экспорт қилишда транспорт харажатларининг 50 фоизини компенсация қилиш тизимини бир йил муддатга жорий этилиши ҳам яхши имконият бўлди. 

Прочитано: 526 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика