Norma.uz

Дам олиш ва байрам кунларидаги ишлар қандай расмийлаштирилади

 

Дам олиш ва байрам кунларида жамоа шартномасида белгиланган тартибда ишга жалб этилади. Агар бундай шартнома тузилмаган бўлса, ходимларнинг вакиллик органлари (касаба уюшмаси) ёки ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.

 

Жамоа шартномасида муайян ходимларнинг Ф.И.О. кўрсатилмаган ҳолда, бундай ишларга жалб этилиши мумкин бўлган касблар ва лавозимлар рўйхатини белгиланг. Бундай тарзда ишга жалб этиш мумкин бўлган ҳолатларни қайд этинг.

Дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этиладиган ҳолатлар рўйхати ва тартиби жамоа шартномасида ёки касаба уюшмаси билан келишилган ҳолда белгиланган бўлса, бундай ишларга ходимнинг розилигини олиш талаб этилмайди.

 

ВАЗИЯТ. Директор дам олиш кунида ходимларни ишга жалб қиляпти

Ходимлар 6 кунлик иш ҳафтаси режимида ишлайди. Директор мунтазам равишда уларни дам олиш куни ишга жалб қиляпти. Оддий миқдорда ҳақ тўлайди, бироқ бошқа куни дам олиш куни беради. Айрим ходимлар бундай ишлаш тартибига норозилик билдиришяпти ва дам олиш куни ишга чиқишни рад қилишяпти. Шунда директор меҳнат шартномаларига битим тузиш орқали ўзгартиришлар киритишга қарор қилди.

Ходимларни бундай битимларни имзолашга мажбурлаш мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас. Ишлаш шартларига розилик билдириш ёки билдирмаслик – бу ходимларнинг ҳуқуқи ҳисобланади. Шартнома тусидаги ҳужжатларни имзолашга мажбурлаш тақиқланган. 

 

Дам олиш кунларида истисно тариқасида ишга жалб этиш учун қуйидаги ҳолатлар белгиланиши мумкин:

• ишлаб чиқаришдаги авариялар;

• табиий офатлар;

• бахтсиз ҳодисалар юзага келиши, мол-мулк йўқолиши ёки шикаст етиши хавфи пайдо бўлганда;

• корхонанинг барқарор ишлаши учун ишларни шошилинч тарзда бажариш керак бўлганда;

• тасодифий тусга эга бўлган бошқа ҳолатларда.

Барча ходимларни бирйўла чақирманг, фақат ихтисослик бўйича мутахассисларни жалб этишга ҳаракат қилинг. Масалан, асбоб-ускуналар бузилиб қолганда (ишлаб чиқаришдаги авария) хизмат кўрсатувчи техник ходимларни (асбоб-ускунани таъмирловчи усталарни, электриклар ва бошқаларни) жалб этинг.

Барча ходимларни, масалан, табиий офатлар оқибатида бинолар ёки бошқа объектлар бузилганда ҳудудни чиқиндилардан тозалаш учун жалб этинг.

Қуйидаги ҳолатларда байрам кунлари ишлашга йўл қўйилади:

• ишлаб чиқариш-техника шароитлари ва бошқа шароитларга кўра ишни тўхтатиб туриш мумкин бўлмаган жойларда. Масалан, узлуксиз ишлайдиган корхоналар, объектларни қўриқлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш кабиларга;

• аҳолига хизмат кўрсатиш зарурати бўлган ишларда;

• кечиктириб бўлмайдиган таъмирлаш ва юк ортиш-тушириш ишларида (МК 132-м. 2-қ.).

Бундай ҳолатларда байрам кунларида ишга жалб этиш учун ходимнинг ёки ходимларнинг вакиллик органининг розилиги талаб этилмайди.

Дам олиш ва байрам кунларидаги ишларга ходимларни ёзма равишдаги буйруқ асосида жалб қилинг. Унда ходимларнинг Ф. И. О., ишга жалб этиш сабаблари ва асосларини кўрсатинг. Ходимларни имзо чектирган ҳолда буйруқ билан таништиринг.

 

ВАЗИЯТ. Ходимлар дам олиш кунида ишга чиқишни рад қилишяпти

Корхонада 8 соатлик иш куни билан 5 кунлик иш ҳафтаси режими белгиланган. Буюртмалар ҳажмининг ошиши муносабати билан раҳбарият томонидан корпоратив ахборот порталида эълон жойлаштирилди. Унда бир ой давомида барча ходимлар дам олиш кунларида ишга чиқишлари шартлиги айтилган. Отгул ваъда қилинган эди. Ёзма равишда буйруқ чиқарилмаган.

Ходимлар бундай топшириқни бажаришлари лозимми? Иш берувчи дам олиш кунида ишга чиқишдан бош тортган ходимни жаримага тортиши ёки бошқача тарзда жазо чорасини қўллаши мумкинми?

• Йўқ, жазо чораси қўлланилмайди, сабаби ходимларни дам олиш кунида ишга жалб этиш тартиби бузилган. Компаниянинг ички ресурсларида жойлаштирилган оддий эълон буйруқ ўрнини боса олмайди. У бажарилиши мажбурий ҳисобланмайди. Ходимлар унинг шартларини бажармаган ҳолатда, меҳнат интизомини бузмаган ҳисобланади. Иш берувчи МКнинг 181-моддаси бўйича уларга интизомий тартибда жазо қўллаши мумкин эмас. 

 

Қуйидаги ходимларни ишга жалб этиш тартиби жамоа шартномасида белгиланган бўлса ҳам, ишга жалб этишда уларнинг розилиги ёзма равишда олиниши лозим:

• ҳомиладор аёлларни (МК 132-м. 2-қ., 228-м.);

• 14 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни (МК 132-м. 2-қ., 228-м.);

• 16 ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларни (МК 132-м. 2-қ., ­228-м.);

• бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланмаган бўлса, ногирон ходимни (МК 132-м. 1-қ., 220-м. 5-қ.).

Бундай ходимларни уларнинг ёзма розилигисиз дам олиш ва байрам кунларидаги ишларга жалб қилишга йўл қўйилади.

Қуйидаги ходимларни, ҳатто уларнинг розилиги ёки ташаббуси билан дам олиш ва байрам кунларидаги ишларга жалб этманг:

• 18 ёшга тўлмаган шахсларни (МК 132-м. 1-қ., 245-м.);

• ногиронларни, башарти улар учун бундай ишлар тиббий тавсияларда тақиқланган бўлса (МК 132-м. 1-қ., 220-м. 5-қ.).

Бу тақиқланган ҳамда директорнинг жавобгарликка тортилишига ва ташкилот учун қўшимча тўловларга сабаб бўлиши мумкин.

Дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки ҳисса миқдорида ҳақ тўланади. Ходимнинг аризасига кўра бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади. Ходимнинг розилигисиз отгул берилмайди.

Ходимнинг ёзма равишдаги аризасига биноан дам олиш кунлари ва байрам кунларидаги ишлар учун отгул унинг навбатдаги меҳнат таътилига қўшиб юборилиши мумкин.

Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади (МК 157-м. 1-қ.).

Дам олиш ва байрам кунлари ходимларнинг ишга келиши иш графигига мувофиқ уларнинг сменасига тўғри келса, уларни дам олиш ва байрам кунларида ишга жалб этиш ҳисобланмайди.

 

Александр Навотний,

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги бошқармаси бошлиғи,

Ленара Хикматова,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 417 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика