Norma.uz

«Умумий қозон» бекор қилинадими?

 

Кўп квартирали уй-жой фонди мажбурий тартибда ҳар бир уй бўйича умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадаллар ёки тўловларнинг алоҳида ҳисоб юритилишига ўтмоқда. Бу Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) назарда тутилган. Мазкур норма турлича муносабатларга сабаб бўлади. Мулкдорлар учун ҳар бир уй бўйича алоҳида ҳисоб юритиш – яхши иш. Бу бошқарув органи ишининг шаффофлигини таъминлайди, тўлов интизомини яхшилашга ёрдам беради. Бунда ўз пул маблағларининг ҳаракатини назорат қилиш осонлашади, улар нималарга сарфланаётганини кўрса бўлади, бадаллар ёки тўловларни ўз вақтида киритиб бориш билангина уйнинг ҳолатини яхшилаш мумкинлигини тушунса бўлади.

Ҳар бир уй бўйича ҳисоб юритиш кўп қаватли уйлардаги аҳолининг бадалларини ширкатда бирлаштирадиган «умумий қозон» тизимига нуқта қўйиши мумкин. Бу маблағлар барча уйлар орасида тақсимланади ёхуд навбатлилик тартибида устувор ишларни бажаришга йўналтирилади. Бу, навбат уларнинг уйига келишини кутадиган уй яшовчиларининг норозилигига сабаб бўлади, тўлов интизомининг сусайишига олиб келади. Ширкатда деярли доим қарздорлар бор. Мулкдорларнинг маблағлари умумийлаштирилар экан, демак, муайян уйларнинг яшовчилари қўшни уйда яшайдиган, йиллар давомида бадалларни тўламайдиганларнинг ўрнига пул тўлаб келаётган бўлиб чиқади. Бу пулларини виждонан тўлаб келаётган мулкдорларга нисбатан адолатсизлик белгиси ҳисобланади. 

 

Аҳоли ҳар бир уй учун алоҳида ҳисоб юритишни ёқлайди

«Умумий қозон» тизимида кимнинг маблағи қаерга сарфланаётганини кузатиш амримаҳол, бу эса турли қаллобликларга замин яратади. Алоҳида ҳисоб юритилса ва назорат олиб борилса, қўшни уйдагиларнинг пулларини мулкдорларнинг розилигисиз жалб этиб бўлмайди – бунда фақат қайтариш кафолати берилиши керак. Алоҳида ҳисоб юритиш яхшилигининг яна бир жиҳати: бунда ҳокимият ва бошқа тузулмаларнинг бошқарув органи ишига аралашувини тўхтатиш ёки ҳеч бўлмаганда қисқартириш мумкин бўлади, улар кўпинча уй учун кераксиз бўлган юмушларни юклашади. Ҳар бир уйда ҳисоб юритилса, маблағларни режадан ташқари йўлларга сарфлаш зарур таъмирлаш ишларини орқага суриши мумкинлигини яққол намойиш этади. Одамлар ўз пуллари қаерларга сарфланаётганини кўрсалар, унинг ҳисобини юритишни ва тежашни бошлашади. Шунда, эҳтимол, уларнинг маблағлари мақсаддан ташқари йўлларга сарф этилмас. Буларнинг барчаси ҳар бир уй мулкдорларининг бадаллари фақатгина ўзларининг кўп қаватли уйларининг эҳтиёжларига сарфланишига имконият яратади.

Лекин барча ишлар шаффоф бўлиши учун улар исталган вақтда ўз пулларининг ҳаракатини кузата олишлари керак бўлади: яъни қанча режалаштирилган, қанча йиғилган, қанча тушум бор, улар нималарга харж қилинган – буларни билиб турса бўлади. Ҳисоб юритиш рақамлаштирилгандагина бундай имконият юзага келади. Барча ҳисоб-китоблар, ҳисоботлар, режалар, сметалар ва бошқа-бошқалар электрон версияга ўтказилса ва уйда яшовчилар ягона электрон базада, ёхуд БК, УМШ, алоҳида уйнинг сайтида буларни кўриб тура олса, бу имконият юзага келади. Булар яқин истиқболда кутилаётган ишлардир, деб ишонтиради ислоҳотчилар.

 

Уй-жой хўжалиги соҳаси мутахассислари шубҳа билан қарашади

Аксарият уй-жой хўжалиги соҳаси мутахассислари ҳар бир уй бўйича алоҳида ҳисоб юритиш масаласига шубҳа билан қарашади. Бунга кўп вақт кетади ва биз ҳисоб-китобларга кўмилиб кетамиз, деб ўйлашади. Лекин «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда ҳам худди шу нормалар назарда тутилган эди. Эски ҳужжатда маблағлар ҳисоби, ишлар режаси, даромад ва харажатлар сметасини алоҳида юритиш, бадалларни ҳар бир уй бўйича ишлаб чиқиш белгиланган эди. Аммо бу талабларга амал қилган УМШларни бармоқ билан санаса бўлар эди. Бундай ширкатларда бадаллар тушуми юқори бўлган, яшовчилар унинг ишидан қониқиш ҳосил қилганлар.

Бошқа йўналиш тарафдорлари эса «умумий қозон» бошқарув органига маблағлар тўланмаслиги ҳолатларини «суваб кетиш»га ёрдам берган, деб ҳисоблашади. Барча уйлар мулкдорларининг маблағларини бирлаштириш ҳамма уйларни навбати билан таъмирлаш, авариявий вазиятларни тезкорлик билан бартараф этишга ёрдам берган.

Том ёки ертўлани таъмирлаш зарурати чиқиб қолса-ю, лекин уйда яшовчиларнинг бунга маблағи етарли бўлмаса, кредит олишни эса ҳеч ким истамаса, нима қилиш керак? Бу масала ечимини «Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 43-моддаси кўрсатади. Унда жойлар мулкдорларининг йиғилиши жойлар мулкдорларининг маблағларини ширкатдаги бошқа УМШнинг эҳтиёжлари учун ишлатиш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкинлиги назарда тутилади. Бунинг учун бошқарув йиғилишда тасдиқланадиган тартибни ишлаб чиқади. Яшовчилар ПҚ-5152-сон қарорнинг 7-бандига мувофиқ умумий мол-мулкни бошқаришнинг талаб ва қоидаларини тасдиқлаш учун мулкдорлар ёки улар вакилларининг 80 фоизидан кўпроғи овоз берган бўлиши лозимлигини билишлари керак.

Прочитано: 232 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика