Norma.uz

Қўшни умумий даҳлизнинг бир қисмини эгаллаган тақдирда нима қилиш керак?

 

Уйда яшовчилардан бири кўп қаватли уй умумий даҳлизининг бир қисмини ўзбошимчалик билан тўсиб қўйди, умумий хонани ўз нарсалари билан тўлдириб олди ва қўшнилар фикри билан ҳисоблашгиси йўқ. Қўшнилар даҳлизнинг тартибсизлиги, ноқулайлиги ва бесаранжомлигидан, бошқалар учун эркин ўтиш чекланганлигидан шикоят қиладилар. Квартира эгаси ўзини тажовузкор тутади, даҳлиз умумий бўлгани сабабли унинг бир қисмини эгаллашга ўзини ҳақлиман деб ҳисоблайди. Одамларнинг, бу иши бошқаларга халақит бераётгани ҳақидаги эътирозларига пинагини ҳам бузмайди, қисқаси, у билан муроса қилиб бўлмаяпти. Умумий бир тўхтамга келиш учун қўшнига қандай таъсир ўтказиш мумкин? Қайси ҳужжатларга таяниш керак? 

 

Қонунчиликда нима дейилган?

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддасида даҳлизлар ККУда жой эгаларининг умумий мол-мулкига киритилган. Даҳлизнинг бир қисми ёки умумий мол-мулкнинг бошқа бўлаги тортиб олинган тақдирда, мулкдорнинг умумий мулкдан тўлиқ фойдаланиш ҳуқуқлари бузилади.

Умумий мол-мулк жойларнинг мулкдорларига умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлади. Умумий мол-мулкдан фойдаланиш ҳуқуқи жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улушига боғлиқ бўлмайди. Мулкдорлар умумий мол-мулкдан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга ҳамда мулкдорнинг умумий мол-мулкдаги улуши натура ҳолида ажратилиши мумкин эмас (Қонуннинг 13-м.). Шунинг учун умумий мол-мулк билан боғлиқ бўлган ҳар қандай ўзбошимча ҳаракатларга, айниқса, бу бошқа мулкдорларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган бўлса, йўл қўйилмайди. Бунга ҳеч бўлмаганда даҳлиздан фойдаланадиган мулкдорларнинг розилигини олиш керак. Агар қўшни билан келишишнинг имкони бўлмаса, умумий мол-мулкнинг айрим қисмлари умумий йиғилиш қарорида белгиланган тартибда мулкдорларга ёки бошқа шахсларга фойдааланиш учун берилиши мумкинлиги тўғрисидаги Қонун қоидаларига амал қилиш керак. Агар мулкдор умумий мулкнинг алоҳида қисмларидан фақат ўз манфаатлари йўлида фойдаланса, уни сақлаш учун тўловни умумий йиғилишда белгиланган миқдорда тўлаши шарт. Аммо бу бошқа мулкдорларнинг ҳуқуқларини чеклайдиган бўлса, умумий мол-мулк мулкдорга фойдаланиш учун берилмайди.

Умумий мол-мулк бир қисмининг мулкдорлар томонидан ўзбошимчалик билан тортиб олиниши кўп квартирали уйларда кўп учрайдиган одатий ҳолга айланган. Холлнинг бир қисми, аравача турадиган, кир қуритадиган жойлар, ертўла ва бошқаларни тортиб олиш ҳам худди шундай қонунбузарликка киради, бунинг натижасида аҳоли бинолардан тўлиқ фойдаланиш қобилиятини йўқотади ёки бу уйга хизмат кўрсатиш имкониятини чеклайди. Бошқарув органи томонидан. Бундай вазиятларда умумий ёндашув қуйидагича: мулкдорлар ККУдаги умумий мол-мулкнинг бир қисмини ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга ҳақли эмас, бундай ҳуқуқ умумий йиғилиш қарори асосида берилган ҳоллар бундан мустасно.

Қонуннинг 19-моддаси 2-қисми қоидалари ёнғинга қарши ўтиш жойларини, умумий йўлакларни, иҳоталанган (ўрама) пиллапояларни, захира чиқиш жойларини ва уйнинг бошқа умумий жойларини нарсалар ҳамда ускуналар билан тўсиб қўйишга йўл қўймайди.

 

Нима қилмоқ керак?

1. Кириш йўлакларидаги аҳоли тўпланиб, қўшнига умумий мол-мулкдан фойдаланишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтиринг. У умумий мол-мулкдан фойдаланишдаги ҳаракати билан бошқаларга келтирадиган ноқулайликни бартараф этиш масаласини муҳокама қилинг.

2. Агар қўшни билан келишувга эришишнинг иложи бўлмаса, унда қонун бузилиши далилини тегишли қарорда қайд этинг, уни йиғилишнинг бир қанча иштирокчилари имзолаши керак.

3. Умумий мол-мулкни (даҳлизни) рухсатсиз тортиб олиш фактини фотосурат ёки видеога ёзиб олинг.

4. ККУ умумий уй-жой мулкини бошқариш органига ёзма ариза билан мурожаат қилинг (БК, ХУМШ, тўғридан-тўғри бошқариладиган уй кенгаши).

5. Бошқарув органи мулкдорга унинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини, қонунбузарликни бартараф этиш зарурлигини, қўшниларнинг умумий жойига тўлиқ киришни чеклашнинг эҳтимолий оқибатларини тушунтириши мумкин.

6. Агар музокаралар натижа бермаса, мулкдор ўзини тажовузкор тутса, қонунбузарликни бартараф этишни ва қонунга риоя қилишни хоҳламаса, кейин аҳоли ёки уларнинг номидан бошқарув органи Уй-жой фонди инспекциясига ёки судга мурожаат қилиши мумкин.

Прочитано: 252 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика