Norma.uz

Кўп қаватли уйларнинг бир қисми давлат ёрдамида таъмирланади

 

2022–2025 йилларда Ўзбекистонда кўп квартирали уй-жойларни давлат ёрдамида таъмирлашни молиялаштириш схемаси ишга тушади. Бу схемага таъмирланишга эҳтиёжи бор бўлган ККУлар киради. Уй-жой фондининг бир қисми тижорат банкларининг маблағларини жалб этиш ҳисобига таъмирдан чиқарилди. Лекин кредитлар бўйича қарздорлиги борлиги учун ўз уйини тўлиқ тартибга сола олмаётган кўп қаватли уйлар ҳали бисёр.  

 

Бундай ККУлар учун хусусий мулкдорларни қўллаб-қувватлаш тизими таъмирлаш ишларини давлат ва мулкдорлар томонидан қўшма молиялаштиришга асосланган. Мажбурий бадаллар ёки умумий мол-мулкни сақлаш учун тўловлар ҳамда тенг улушларда республика бюджети ва маҳаллий бюджетнинг маблағлари унинг манбалари ҳисобланади. Таъмирлаш ишлари умумий смета қийматининг 30%ини – мулкдорларнинг улуши, 70%ини давлат улуши ташкил этади. Бу меъёрлар Президентнинг «Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорида (19.06.2021 йилдаги ПҚ-5152-сон) назарда тутилган. Ҳужжатга 2-иловада 2022–2025 йилларда кўп квартирали уй-жойларни мукаммал ва жорий таъмирлаш бўйича режа кўрсаткичлари келтирилган. Ҳаммаси бўлиб бу даврда республикада 6 085 та ККУни таъмирдан чиқариш мўлжалланган. Том, кириш йўлаклари, электр тақсимлаш шчитлари, йўлаклардаги муҳандислик коммуникациялари, квартира ичидаги муҳандислик тармоқлари, фасадларни таъмирдан чиқариш, кодланган қулфларга эга металл эшикларни ўрнатиш режалаштириляпти. Сизнинг уйни давлат ёрдамида таъмирланадиган уйлар рўйхатига киритиш имконияти борми-йўқлигини билиш учун бошқарув органи туман ҳокимиятига мурожаат қилиши керак бўлади.

 

Ҳар бир уйга – банкда алоҳида субсчёт очилади

Бундай уйларни таъмирдан чиқаришни қўшма молиялаштириш схемаси қандай ишлайди? ПҚ-5152-сон қарорнинг 4-бандида ККУни таъмирлаш учун мулкдорлар маблағининг 30 фоизи УЖКХ вазирлиги ҳузуридаги Уй-жой коммунал хўжалигини ривожлантириш жамғармасида шакллантирилади. Яшовчилар «Нима учун бизнинг маблағлар ўзга ташкилотнинг махсус ҳисобварағида сақланиши керак?» дея ҳайрон. Чунки мулкдорларнинг жамғармаларига давлат маблағлари ҳам жалб этилади. Шундай қилинса, пуллар яхшироқ сақланади, деб ҳисоблашади ҳужжат муаллифлари. «Мулкдорларнинг бу маблағлардан фойдаланиш имконияти чекланганлиги сабабли мазкур жамғармаларнинг сарфини назорат қилиш етарли даражада таъминланармикин?». Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар дастурининг (ПҚ-5152-сон қарорга 5-илова) 16-бандига мувофиқ ушбу маблағларнинг мулкдорлар ва Кўп квартирали уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан кузатиб бориш имкониятини яратиш назарда тутилган. Бу тизим ҳақиқатда ишлашига гумон бор-да.

 

Яшовчилар ўз жамғармаларини ўзлари тасарруф эта оладиларми?

Уйларни 30/70 схемаси бўйича таъмирлаш учун маблағларни жамғаришнинг аниқ-тиниқ тартиботи ҳозирча мавжуд эмас. Бундай таъмирлашга тушадиган уйларнинг муайян рўйхати ҳам йўқ. Аҳоли бундай уйларни танлаб олиш мезонлари хусусида хабардор қилинмаган. Булар бўлмаса, маблағлардан самарали фойдаланиш масаласи ҳам шубҳа остида қолади.

ККУ бошқарув органларига хизмат кўрсатадиган бир қатор банклар ширкатларга ҳар бир уй учун алоҳида субсчётлар очиш ҳамда уларда мажбурий бадалларнинг (тўловларнинг) камида 30 фоизлик миқдоридаги маблағларни таъмирлаш учун шакллантирилишини ташкил этиш тўғрисидаги хатни юборди. Улар ПҚ-5152-сон қарорнинг 2021 йил 1 июлдан бошлаб уй-жой мулкдорларининг ширкати, бошқарувчи ташкилот ва бошқарувчи, бевосита бошқарувчи томонидан ҳар бир ККУ учун мажбурий бадалларнинг ёки тўловларнинг алоҳида ҳисоби юритилишини белгилайдиган 4-бандига ишора қиляптилар.

Мазкур субсчётлардан маблағлар таъмирлов учун УЖКХ вазирлигининг махсус ҳисобварағига ўтказилади. Бироқ таъмирланиши керак бўлган уйларнинг сони ПҚ-5152-сон қарор билан чекланган, жамғариладиган ҳисобварақлар эса ҳар бир уй учун очилиши керак. Бундан чиқди, республикада таъмирлаш учун маблағларнинг мажбурий жамғарма тизими амалга киритиляптими?

Шу ўринда савол туғилади: уйлари 30/70 схемаси бўйича молиялаштириладиган уйлар рўйхатига кирмаган мулкдорларнинг жамғармалари ҳам УЖКХ вазирлигининг махсус ҳисобварағига йўналтириладими? Агар шундай бўлса, яшовчилар ўз маблағларини ўзлари тасарруф эта оладиларми? Уй-жой хўжалиги соҳасининг айрим мутахассислари буни бошқарув органларининг ишига аралашув, суиистеъмолликлар учун замин яратиш имконияти сифатида баҳолашмоқда. Бизда уйларнинг бир қисми тўлиқ тартибга келтириб қўйилган. Улар маблағларни келажак учун жамғариб қўйишга тайёрлар, лекин бу маблағлардан ўзлари мустақил фойдалана олармикинлар?

 

Эски «янгилик» яна бўй кўрсатмоқда…

Мулкдорларнинг маблағларидан самарали фойдаланиш борасидаги юқорида кўрсатилган дастаклар янгилик эмас. Уларнинг баъзилари – эски «янгилик»дир. Хусусан, давлат бир вақтлар 1991 йилгача қурилган уйларнинг мулкдорларига мукаммал таъмирлаш ишларини ўтказишда ёрдам берган эди. Бу дастур ҳам таъмирлов ишларининг 70 фоизини давлат бюджети ҳисобидан қўшма молиялаштиришни ўз ичига олган эди. Лекин ўшанда таъмирлаш ишлари бажарилишининг сифатини назорат қилиш ўлда-жўлда бўлгани сабабли маблағларнинг бир қисми «қумга сингиб кетди».

Олдинги «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонунда ҳам ҳар бир уй бўйича ҳисоб юритиш назарда тутилган бўлса-да, бу иш бажарилмаган. Таъмирлаш учун мулкдорларнинг маблағларини жамғариш амалиёти ҳозир ҳам бор. Лекин депозит ҳисобварақлар ҳамма УМШларда ҳам очилган эмас. Бундай ҳисобварақлар очилган жойларда амалда деярли маблағлар мавжуд эмас – кредитларни сўндиришга сарфланган. У ҳолда ҳар бир уйнинг қайси 30 фоизлик жамғармаси ҳақида гап кетиши мумкин ҳозир? ПҚ-5152-сон қарор билан бошқарув усули фақат УМШдан бошқарувчи ташкилотларга ўтказилган уйларда кредитларни сўндиришга 3 йиллик имтиёз бериляпти. Айрим ширкатлар уйда муаммо туғилгудек бўлса, депозитдаги жамғармаларидан ўзлари фойдалана олмайдилар. Ўз маблағларини ечиб олиш учун пойтахтнинг бир қатор туманларида ҳокимнинг рухсатномаси талаб қилинади, бу эса қонунга мутлақо зид ишдир. Уйда яшовчилар пуллар ўлик юк каби бекор турмаслиги, улар ишлаши керак, сабаби инфляция оқибатида пуллар қадрсизланиб боради деб ҳисоблашади.

Яна бир масала. Ҳар бир уйнинг субсчётига 30 фоизлик маблағ ўтказиш иши билан ким шуғулланади? Шубҳасиз банкчилар эмас. Тасаввур қилайлик, ширкатда ­15–20 тадан, бошқарувчи компанияда эса – 100–150 та ва ундан ортиқ уйлар бор. Агар ҳар ойда умумий тушумнинг 30 фоизи банкдан ечиб олиниб, 20 та субсчётга (УМШга кирадиган уйлар сони бўйича) тенг равишда тақсимланса, бу тенглаштириш бўлади-ку. Ахир ҳар бир уй ўтказадиган пуллар турлича бўлади. Агар бу маблағларни виждонан ҳар бир уй учун ҳисоблаб, банкка 20 та субсчётга пул ўтказиш ҳақида топшириқнома юборилса, бошқарув органлари бошларини чангаллаб қоладилар. УЖКХ вазирлиги бу жиҳатларга изоҳ бермайди. Шунинг учун бугунги вазиятга келиб қолганмиз.

Прочитано: 314 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика