Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 35 / Божхона

Бошқарма – янги маъмурий бинода

 

Президентимизнинг 2017 йил 20 июлдаги «Тошкент вилоятининг маъмурий-ҳудудий тузилишини ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-3142-сон қарори пойтахт вилоятида олиб борилаётган кенг кўламли ишларни янада жадаллаштириш, вилоятнинг иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришда муҳим роль ўйнамоқда. 

 

Мазкур қарор билан Тошкент вилоятининг маъмурий маркази этиб собиқ Тўйтепа, ҳозирги Нурафшон шаҳрини белгилаш ташаббуси давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳам қизғин қарши олинди. Чунки, тан олиш керак, вилоят божхона бошқармасининг аввалги жойлашув нуқтаси ҳам, маъмурий биноси ҳам замонавий божхона стандартлари ва тадбиркорларнинг манфаатидан келиб чиқилса, туб ўзгаришларга, очиғи, муҳтож эди.

Бундан атиги икки йил аввал эзгу ниятлар билан Нурафшонда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг янги маъмурий биносига илк тамал тоши қўйилди. Ўтган қисқа фурсат давомида кўзни қувонтирадиган, замонавий божхона стандартларига тўла жавоб берадиган маъмурий бино бунёд этилиб, куни кеча – Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида мазкур бинонинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Эндиликда бу ердан туриб барча ташқи иқтисодий фаолият ва чегара-божхона постларидаги вазиятни кузатиб бориш ва ўзаро ахборотлар алмашиш янада такомиллашди. Божхона объектларидаги юзлаб, минглаб видеокузатув камералари айнан шу ерда ягона нуқтага жамланади ва тасвирларни исталган вақт ва масштабда кузатиб бориш мумкин бўлади.

Ситуацион марказ эса хорижий давлатлар божхона хизматларининг илғор тажрибаларига асосланган замонавий ахборот технологиялари ва имкониятларидан, шунингдек таҳлил усулларидан фойдаланган ҳолда реал вақт режимида божхона объектларини кенг миқёсда масофадан туриб бошқариш имконини беради. Энг муҳими, буларнинг барчаси божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларига ҳамда тадбиркорнинг ташқи иқтисодий фаолиятига аралашмаган ҳолда амалга оширилади.

Истиқболда мазкур Марказ божхона органларининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш йўналишини рақамли технологияларни қўллаган ҳолда янги замонавий босқичга олиб чиқади ва трансчегаравий жиноятларга, айниқса, наркотикларнинг контрабандасига самарали тўсиқ бўлиши кутилмоқда.

Жорий йилги Давлат дастуридан келиб чиқиб ҳамда божхона назорати тартиб-таомилларини такомиллаштиришда рақамли технологияларни кенг жорий этиш мақсадида бошқармада «Масофавий электрон декларациялаш божхона пости» синов тариқасида ишга туширилди.

Маъмурий бинонинг очилиш маросими бир гуруҳ божхона ходимлари учун қўшалоқ байрамга айланди. Эндиликда Тошкент вилояти божхона бошқармасининг шундоқ ёнгинасида божхона ходимлари учун хизмат уйи ҳам қурилиб, фойдаланишга топширилди. Бундан буён 36 нафар божхона ходими шаҳардагидан қолишмайдиган замонавий ва қулай хонадонларда истиқомат қилади.

Тантанали тадбирда хизмат уйларининг калитлари хонадон соҳибларига топширилди.

Шунингдек, янги маъмурий бинонинг мажлислар зали илк тадбирга мезбонлик қилди. Бу ерда божхона тизимида узоқ йиллар хизмат олиб борган республикамизнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган божхона фахрийлари билан «Уч авлод учрашуви» ташкил қилинди.

Тизимда ислоҳотларни изчил ва самарали амалга оширишда, ёш авлодни Ватанга ва бурчига садоқат руҳида тарбиялашда божхона фахрийларининг кўп йиллик билим ва тажрибасига таяниш лозимлиги алоҳида таъкидланди.

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ,

Давлат божхона қўмитаси Ахборот хизмати бош инспектори.

Прочитано: 269 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика