Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 35 / Божхона

Шахсий автомобилни вақтинча олиб кириш ҳақида

 

Қозоғистон фуқаросиман, Ўзбекистонда шартнома бўйича ишлайман. Мамлакатга кириб келаётганимда шахсий автотранспорт воситамга вақтинча олиб кириш расмийлаштирилган эди. Кузда бу муддат тугайди, Ўзбекистон божхонасига мамлакатда бўлиш муддатини узайтириб бериш ҳақида мурожаат қилмоқчи эдим. Божхона тўловларини тўламаган ҳолда буни қандай қилиб тўғри расмийлаштирса бўлади? Ишончнома асосида менинг қариндошим машинамни олиб чиқиб, кейин қайта олиб кирса бўладими? 

 

– Транспорт воситаларини нотижорат мақсадларда мамлакатимизнинг божхона ҳудудига божхона тўловлари тўлашдан озод этилган ҳолда вақтинча олиб киришга фақат чет эллик жисмоний шахслар учун назарда тутилган. Бунда транспорт воситаси чет давлат ҳудудида рўйхатдан ўтказилган бўлиши керак (БК 158-м.).

Автомашинани шахсий фойдаланиш учун олиб киришда мамлакатимизнинг норезиденти уни вақтинча олиб кириш божхона режимига расмийлаштириши керак бўлади. Бу шундай режимки, унда товар божхона ҳудудига муайян муддатга олиб кирилади ва божхона тўловларидан шартли озод этилган ёки даврий божхона тўловлари тўланган ҳамда иқтисодий сиёсат чоралари қўлланилмаган ҳолда ундан вақтинча фойдаланилади (БК 61-м.).

Вақтинча олиб кириш режими товарларнинг мамлакат ҳудудида вақтинча бўлиши ва белгиланган муддатда ўзгармас ҳолатда туришини назарда тутади. Лекин бу шартни қатъий тарзда қабул қилиш тўғри эмас, сабаби вақтинча олиб кирилган автомобиль ундан фойдаланиш жараёнида эскириши турган гап. Шунинг учун уни таъмирлаш мумкин, лекин мукаммал таъмирлаб бўлмайди. Бунинг маъноси автомобилнинг бут сақланишини таъминлаш учун зарур операцияларни, шу жумладан майда таъмирлаш операцияларини (бундан уни капитал таъмирлаш ва модернизация қилиш мустасно), техник хизмат кўрсатиш ва товарни соз ҳолатда сақлаб туриш учун зарур бошқа операцияларни амалга оширишга йўл қўйилади. Асосийси, уни республикадан олиб чиқаётганда божхона органлари автомобилни бир маънода идентификациялай олиши керак (БК 62-м.).

Автомобиль шахсан олиб ўтилганда унинг олиб кирилиши Йўловчи божхона декларациясини тўлдириш ва расмийлаштириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага (АВ рақами 2606, 5.08.2014 й.) мувофиқ йўловчи божхона декларациясининг 6-бандида маълумотларни акс эттириш орқали маълум қилинади. Декларациялашда автомашинанинг давлат рақами ва маркаси кўрсатилади.

 

Маълумот учун. Вақтинча олиб кирилган товарнинг божхона назоратини унинг божхона расмийлаштирувини амалга оширган божхона органи амалга оширади.

 

Вақтинча олиб кириш муддати

Товарнинг вақтинча олиб кириш режимида бўлиш муддати БК 64-моддасида белгиланган. Бу муддат товар вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирилган санадан эътиборан 2 йилни ташкил этади. Рухсатнома амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади.

Хорижий фуқаро томонидан шахсий фойдаланиш учун мўлжалланган автотранспорт унинг эгасининг республикада бўлиши тахмин қилинган муддат тўғрисида ёзма аризаси асосида белгиланган даврга вақтинча олиб кирилиши мумкин.

 

Маълумот учун. Товарни вақтинча олиб чиқиш божхона режимига жойлаштирган шахс мазкур божхона режимининг амал қилиши муддати тугамай ушбу божхона режимини тугаллаш ҳуқуқига эга.

 

Алоҳида тоифадаги товарлар (шу жумладан автомобиль) учун кўпроқ муддатлар белгиланиши мумкин. Уларнинг рўйхати БК 64-моддасининг 4-қисмида батафсил келтирилган.

Вақтинча олиб кириш муддати ваколатли шахснинг аризаси асосида божхона органи томонидан 2 йилдан кўпроқ муддатга узайтирилиши мумкин. Ушбу ариза божхона органига вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиш муддати тугагунига қадар берилиши керак. Муддат товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш рухсатномасини бериш учун назарда тутилган тартибда узайтирилади. Вақтинча олиб кириш муддатини узайтириш тўғрисида аризанинг берилиши вақтинча олиб кириш муддатини узиб қўймайди ва тўхтатиб турмайди.

 

Маълумот учун. Вақтинча олиб кириш муддати узайтирилганда бошқа божхона декларацияси тақдим қилинмайди.

 

Муддат ўтказиб юборилгани учун божхона йиғими

Хорижий жисмоний шахс транспорт воситасини нотижорат мақсадларида 1 календарь йил давомида 90 кунгача бўлган муддатга вақтинча олиб кирган тақдирда, у шартли равишда божхона тўловларини тўлашдан озод этилади. Яъни 90 кунлик муддат узлуксиз бўлиши шарт эмас, йил давомида у бир неча маротаба чиқиб кетиши ва кириб келиши мумкин ҳамда Ўзбекистонда бўлишнинг умумий муддати 90 кунгача муддатни ташкил этса божхона тўловларини тўлаш талаб қилинмайди.

Унинг қайта олиб чиқилишини назорат қилиш учун чиқиб кетиш божхона пости ҳайдовчи тақдим этган унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжат ва автомобилнинг техник паспорти асосида транспорт воситасини қайта олиб чиқиш тўғрисидаги мажбуриятни расмийлаштиради (Рўйхатнинг 3-б., 20.06.2016 йилдаги 212-сон ВМҚ).

Агар муддат 90 кундан ортиб кетса, ўтказиб юборилган ҳар кун учун БҲМнинг 0,7% миқдорида божхона йиғими тўлаш керак бўлади (Ставкаларнинг 7-б., 9.11.2020 йилдаги 700-сон ВМҚ билан тасдиқланган). Бугунги кунда БҲМ 245 000 сўмни ташкил этади (1 сентябрдан БҲМ – 270 000 сўм), тегишли тарзда бир кун учун 0,7% – 1 715 сўм (1 сентябрдан – 1 890 сўм). Бироқ шуни қайд этиш керакки, бунда автомобиль мотори от кучи қуввати ҳисобга олинади.

Ҳозирги вақтда ҳисоб-китоб қилиш жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилган, хорижий давлат фуқароси ўз мобиль телефонидан тўловни амалга ошириши мумкин. Унинг божхона органига келиб, ариза ёзиши шарт эмас.

 

Автомобилга ишончнома ҳақида

Вақтинча олиб кирилган автомобилдан уни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштирган шахсгина фойдаланиши ва (ёки) уни тасарруф этиши мумкин. Ундан фойдаланиш ва (ёки) уни тасарруф этиш ҳуқуқини вақтинча олиб кириш божхона режимининг амал қилиши тугагунига қадар бошқа шахсга ўтказишга, башарти ушбу шахс божхона органлари олдида вақтинча олиб кириш божхона режими шартларига бундан буён ҳам риоя этилиши бўйича ёзма мажбуриятларни ўз зиммасига олса, йўл қўйилади.

Божхона режими шартларига риоя этишга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлар товарни вақтинча олиб кириш божхона режимига жойлаштириш учун бошқа шахс тақдим этган божхона декларацияси божхона органи томонидан қабул қилинган пайтдан эътиборан бошқа шахсга ўтказилган деб ҳисобланади (БК 67-м.).

 

Маълумот учун. Вақтинча олиб кирилган товарни бошқа шахсга ўтказилганлиги дастлаб белгиланган вақтинча олиб кириш муддатини тўхтатиб турмайди ва узайтирмайди.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 496 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика