Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтувчи шахслар божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ ҚҚС тўловчилари деб эътироф этилади. Бунда одатий фаолият бўйича қўлланиладиган солиқ солиш тизимидан қатъи назар божхонада ҚҚСни тўлаш мажбурияти юзага келади.
Қуйидагилар божхонада ҚҚСни тўловчилар бўлиши мумкин:
● Ўзбекистон юридик шахслари, хорижий ва халқаро ташкилотлар;
● жисмоний шахслар – Ўзбекистон, хорижий мамлакатлар фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар.
Товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтишда божхона тўловлари тўланади. Улар жумласига, божхона божлари, божхона йиғимлари, акциз солиғидан ташқари, ҚҚС ҳам киради (БК 289-м.).
Ўзбекистон ҳудудига олиб кириладиган товарларга ҚҚС солинади, солиқ солишдан озод этилган товарлар бундан мустасно. Импорт қилишда солиқ солиш тартиби танланган божхона режимига боғлиқ бўлади (СК 246-м., 277-м. 1-қ.).
МИСОЛ. Айланмадан олинадиган солиқни тўловчи корхона томонидан товарлар импорт қилинди
Корхона товарларни импорт қилиш чоғида божхона тўловларини – божхона божини, ҚҚСни (олиб кирилаётган товар ҚҚСдан озод этилмаган бўлса), божхона йиғимларини ва акциз солиғини (олиб кирилаётган товарга акциз солиғи солинадиган бўлса) тўлаши лозим. Бунда корхона одатий фаолият тури бўйича ҚҚС тўловчиси ҳисобланмаслигига қарамай, божхона органларига ҚҚС тўланади.
Товарлар Ўзбекистон ҳудудидан экспорт божхона тартиб-таомилида олиб чиқилаётганда ҚҚС тўланмайди (СК 277-м. 2-қ.).
Дилшод СУЛТОНОВ, молия вазири ўринбосари,
Ирина АХМЕТОВА, «Norma» МЧЖ эксперти.