Бизда қизиқ бир вазият юзага келди. Тендер бўйича ЙҲХДИ учун видео қайд этувчи, бармоқ излари сканери билан жиҳозланган алкотестерлар, ЎзРда тасдиқланган шакл бўйича қоидабузарликлар протоколини чоп этувчи термопринтер олиб келинди. 4.06.2021 йилдаги 352-сон ВМҚга мувофиқ ҚҚС тўлашдан озод қилиш имтиёзини (ТИФ ТН коди – 9027 10 100 0 «Саноатда фойдаланиш учун электрон газ ёки тутун анализаторлари») қўллашга ҳаракат қилиб кўрдик. Лекин божхона хизматидагилар бизнинг газ анализаторлар маиший фойдаланиш учун мўлжалланган ҳам бўлиши мумкин деб, яъни «саноатда фойдаланиш учун» дейилиши бирор нарса ишлаб чиқарувчи ва товарни ўз эҳтиёжлари учун олиб келадиган корхонадагина фойдаланиш учун деб талқин қилинади, деб ҳисоблашади. Товар зудлик билан керак, ҳисобварақда маблағ йўқ.
Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш тартиб-таомиллари қандай бўлишини айтиб берсангиз.
– Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имкониятини бериш тўғрисидаги қарор, яъни божхона тўловларини тўлаш муддатларининг қўшимча муддатга узайтирилиши қуйидагилар тақдим этилган кундан эътиборан 5 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда божхона органи томонидан қабул қилинади:
● божхона тўловлари суммаларини тўлаш бўйича ёзма мажбуриятни ўз ичига олган ариза;
● БКнинг 47-бобига мувофиқ божхона тўловлари тўланиши таъминланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Божхона органининг қарорида божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилаётган муддат, бундай имконият бериш рад этилган тақдирда эса рад этиш сабаблари кўрсатилади. Бунда рад этиш учун БКнинг 330-моддаси талабларига риоя этилмаганлиги, божхона тўловларини илгари берилган кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти бўйича тўлаш муддатлари бузилганлиги фактларининг мавжудлиги асос бўлади (БК 329–331-моддалари).
Маълумот учун. Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти божхона тўловларининг битта ёки бир нечта турига, шунингдек тўланиши лозим бўлган бутун суммага ёки унинг бир қисмига нисбатан берилиши мумкин.
Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш усуллари
Мурожаатингизда айни вақтда ҳисобварағингизда маблағлар йўқлиги, тегишли равишда божхона тўловлари тўланишини пул маблағларини божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига киритиш йўли билан таъминлашнинг имкони мавжуд эмаслигини келтиргансиз. Тўловчи божхона тўловлари тўланишини таъминлаш учун бошқа усуллардан фойдаланиши мумкин, масалан, товарларни гаровга қўйиш, банк кафолатини тақдим этиш, божхона тўловларини тўлаш мажбуриятини суғурталаш, кафилликдан фойдаланса бўлади (БК 339-м.).
Товарлар гарови
Товарлар гарови божхона органи ва кафолат шартномаси бўйича тўловчи ёки бошқа шахс бўлиши мумкин бўлган гаровга қўювчи ўртасидаги гаров тўғрисидаги шартнома асосида қўлланилиши мумкин (БК 342-м.).
Гаров тўғрисидаги шартнома ёзма шаклда тузилган ва нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак. Бунда гаровга қўювчи гаров тўғрисидаги шартномага мувофиқ гаров нарсасини тасарруф этишга ҳақли бўлади (БК 343-м.).
Ҳар қандай товар гаров нарсаси бўлиши мумкин, бундан БК 342-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган товарлар мустасно.
Маълумот учун. Божхона чегараси орқали олиб ўтиладиган ва сертификатланиши ёки давлатнинг бошқа органлари назоратида бўлиши лозим бўлган товарлар сертификатлар, рухсатномалар ва товарлар чиқариб юборилаётганда зарур бўлган бошқа ҳужжатлар бўлган тақдирдагина гаров нарсаси бўлиши мумкин.
Гаров нарсасининг бозор қийматини аниқлаш учун унинг баҳоланиши гаровга қўювчи ҳисобидан баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ амалга оширилади.
Гаров нарсасининг бозор қиймати тўланиши гаров нарсаси билан таъминланадиган божхона тўловларига доир мажбуриятлар, шу жумладан товарларнинг уларни сақлаш ва реализация қилиш бўйича зарур харажатларнинг ўрнини қоплаш учун бозор қийматидан 15% қўшиб ҳисоблангандаги мажбуриятлар миқдоридан кам бўлмаслиги керак (БК 342-м.).
Банк кафолати
Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида ЎзРда банк операцияларини ўтказиш ҳуқуқига эга бўлган банкнинг кафолати қўлланилиши мумкин. Банк кафолатида кўрсатилган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммасининг миқдори тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва фоизларнинг суммасидан кам бўлмаслиги керак (БК 344-м.).
Маълумот учун. Тўловчи томонидан банк кафолати билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда, тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг суммаси ва фоизлар қонунчиликка мувофиқ сўзсиз тартибда кафолат берган банкдан божхона органи томонидан ундириб олинади.
Суғурта мажбурияти
Божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида тўловчининг фуқаролик жавобгарлигини суғурталаш шартномасига кўра суғурталовчининг мажбуриятлари кучга кирганлигини тасдиқловчи суғурта полиси қўлланилиши мумкин. Суғурта полиси билан тасдиқланадиган божхона тўловлари тўланишини таъминлаш суммасининг миқдори тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва фоизларнинг суммасидан кам бўлмаслиги керак (БК 345-м.).
Маълумот учун. Суғурта полиси билан таъминланган мажбурият тўловчи томонидан бажарилмаган тақдирда божхона тўловларининг суммаси ва фоизлар суғурта полисини берган суғурталовчидан божхона органи томонидан сўзсиз тартибда қонунчиликка мувофиқ ундириб олинади.
Кафиллик
Кафилнинг божхона тўловлари тўланиши учун масъул бўлган шахс ўрнига божхона тўловлари ва фоизларнинг тўланишини таъминлаш нияти тўғрисидаги ёзма мажбурияти божхона тўловлари тўланишини таъминлаш сифатида қўлланилиши мумкин. Шу ўринда ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс кафил сифатида иш юритиши мумкин.
Кафил БКнинг 340-моддасига мувофиқ божхона органининг шахсий ғазна ҳисобварағига таъминлаш суммаларини киритиш орқали божхона тўловлари тўланишини таъминлайди.
Бунда божхона тўловларини кечиктириб тўлаш қўлланилган ҳолда чиқариб юбориладиган товарларга нисбатан божхона тўловлари тўланишини таъминлашнинг миқдори эркин муомалага чиқариш (импорт) божхона режимига жойлаштириш маълум қилинганда тўланиши лозим бўлган божхона тўловларининг ва фоизларнинг суммасига мос бўлиши керак (БК 337, 346-моддалари).
Маълумот учун. Кафиллик билан таъминланадиган мажбурият бажарилмаганлиги учун кафил ва тўловчи божхона органи олдида солидар жавобгар бўлади.
Кечиктириб тўлашнинг айрим жиҳатлари
1. Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти берилган ҳар бир кун учун тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасидан Марказий банк томонидан белгиланган қайта молиялаштириш ставкасининг 50%и миқдорида, бир кун учун қайта ҳисоб-китоб қилинган ҳисоблаб чиқариладиган фоизлар ундирилади. Фоизлар кечиктириб тўлаш имконияти берилган божхона тўловларининг суммаси тўлангунига қадар ёки тўлаш билан бир вақтда, лекин кечиктириб тўлаш муддати тугайдиган кундан кейинги кундан кечиктирмай тўланади (332-м.). Фоизлар кечиктириб тўлаш суммасидан келиб чиқиб ҳисобланади, товарлар чиқарилган кундан кейин келувчи кундан бошлаб тўловларни тўлаш бўйича мажбуриятлар тугайдиган кунга қадар давр учун ундирилади.
Маълумот учун. Божхона тўловлари бўйича кечиктириб тўлаш имконияти берилганлиги учун фоизларни тўлаш, ундириш ва қайтариш БКнинг 46, 48 ва 49-бобларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.
2. Кечиктириб тўлаш имконияти берилганда тўловчи томонидан уларнинг суммалари кечиктириб тўлаш муддати тугайдиган кундан кечиктирмай тўланади.
Кечиктириб тўлаш имконияти берилган божхона тўловларининг суммалари тўловчи томонидан ўз вақтида тўланмаган тақдирда, божхона органлари божхона тўловларини тўлаш бўйича қарздорликнинг бутун суммасини депозит, товарлар гарови, банк кафолати, суғурта полиси ёки кафиллик билан таъминланган пул маблағлари ҳисобидан ундириб олиш чораларини кўради (БК 333-м.).
3. Божхона тўловларини кечиктириб тўлаш божхона декларацияси қабул қилинган кундан эътиборан 60 календарь кундан ошмаслиги лозим, бундан БК 329-моддасининг 5 ва 10-қисмларида назарда тутилган ҳоллар мустасно.
4. БЮДни тўлдираётганда 47-графа «Божхона тўловларининг ҳисоби»нинг «ТУ» устунида тўлов усулининг 2 рақамли ҳарфли коди «ОП»ни кўрсатасиз, яъни божхона тўловларини тўлаш бўйича кечиктириш тақдим этилган. 48-графа «Тўловларни кечиктириш»ни тўлдиришда эса божхона тўловларини кечиктириб тўлаш имконияти тақдим этилганда, графада бундай тўловларни тўлашнинг сўнгги муддати қуйидаги схема бўйича кўрсатилади: КК.ОО.ЙЙЙЙ, бунда: КК – кун; ОО – ой; ЙЙЙЙ – йил.