Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 35 / Ўзбекистон қонунчилигидаги янгиликлар

«Инвестиция лойиҳаларини ташқи инфратузилма билан таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

 

Тадбиркорларнинг муаммо ва таклифларини бевосита ўрганиш ҳамда тадбиркорликни келгусида ривожлантиришнинг асосий йўналишларини белгилаб олиш бўйича 2021 йил 20 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида белгиланган масалалар ижросини, шунингдек хорижий ҳамда маҳаллий инвесторлар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш мақсадида:

1. Молия вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг 2021 йил 1 октябрдан бошлаб инвесторнинг қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган, унинг ўз маблағлари улуши 25 фоиздан кам бўлмаган, инвестиция дастурларига киритилган лойиҳаларини (кейинги ўринларда – қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳалари) зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши тўғрисидаги таклифига розилик берилсин.

2. Қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳалари доирасида ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш ишлари бўйича:

а) молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар белгиланади:

кириш автомобиль йўллари, ичимлик суви ва оқава сув тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларининг 90 фоизи бўйича – Ўзбекистон Республикаси ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури маблағлари, 10 фоизи бўйича – Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари;

электр энергияси ва газ тармоғини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – республика бюджети маблағлари ҳисобидан таъминотчи корхоналарга 5 фоиз ставкада уч йил муддатда қайтариш шарти билан ажратиладиган бюджет ссудаси маблағлари;

алоқа тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – таъминотчи корхоналар ва тадбиркорларнинг ўз маблағлари;

б) қуйидагилар:

ичимлик суви ва оқава сув тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – «Сув таъминоти ва канализация объектларини қуриш бўйича инжиниринг компанияси» унитар корхонаси;

кириш автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари бўйича – Автомобиль йўллари қўмитаси ҳузуридаги «Минтақавий йўлларга буюртмачи хизмати» давлат унитар корхонаси, Тошкент шаҳрида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси;

электр энергияси билан таъминлаш ишлари бўйича – «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖнинг ҳудудий филиаллари;

табиий газ етказиб бериш ишлари бўйича – «Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖнинг ҳудудий филиаллари;

алоқа тармоқларини етказиб бериш ишлари бўйича – «Ўзбектелеком» АК ва унинг ҳудудий ташкилотлари буюртмачи этиб белгиланади.

3. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳалари доирасида:

бюджет ссудаси маблағлари электр энергияси тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ ва «Ўзбекистон миллий электр тармоқлари» АЖларга, табиий газ тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари учун ­«Ўзтрансгаз» АЖ ва «Ҳудудгазтаъминот» АЖларга ажратилади;

автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишлари Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар молия бош бошқармалари ҳузуридаги автомобиль йўлларини ривожлантириш жамғармалари ҳисобидан амалга оширилади.

4. Белгилансинки, мазкур қарор техник-иқтисодий асосларига кўра инвесторларнинг ўз маблағлари ҳисобидан муҳандислик-коммуникация тармоқларини қуриш ўзини оқламайдиган инвестиция лойиҳаларига татбиқ этилади.

5. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги (А.Б.Воитов) Энергетика вазирлиги (А.С.Султанов), Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги (Ш.С.Ҳидоятов) ва Транспорт вазирлиги (И.Р.Махкамов) билан биргаликда икки ҳафта муддатда ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун зарур бўлган қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳаларининг дастлабки манзилли рўйхатини ҳамда тегишли ҳисоб-китобларни шакллантириб, Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

6. Қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун бюджет маблағларини ўз вақтида ажратиш бўйича молия вазири Т.А.Ишметов ҳамда ажратилган маблағларни ўз вақтида ўзлаштириш ва зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун энергетика вазири А.С.Султанов, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири Ш.С.Ҳидоятов ва транспорт вазири И.Р.Махкамов шахсан масъул эканлиги белгилаб қўйилсин.

7. Вазирлар Маҳкамаси икки ҳафта муддатда қуйидагиларни назарда тутувчи хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқласин:

инвестиция лойиҳасини амалга ошираётган талабгорлар томонидан ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун мурожаат қилиш тартиби;

инвестиция лойиҳаларининг қиймати ва инфратузилма билан таъминлаш учун зарур харажатларнинг мутаносиблигини экспертиза қилиш тартиби;

инвестиция лойиҳаси жойлаштириладиган майдоннинг марказлашган тармоқларга уланиши учун оптимал ҳудудда жойлашганлиги ҳамда ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминланиши иқтисодий-молиявий самарадорлигини баҳолаш мезонлари;

инвестиция лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг хулоса бериш тартиби ва муддатлари;

ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаб берилганидан сўнг инвестиция лойиҳасининг амалга оширилишини мониторинг қилиш тартиби.

8. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги:

Молия вазирлиги билан биргаликда 2022 йилдан бошлаб, ҳар йили Давлат бюджетининг асосий параметрларини шакллантиришда қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳаларини ташқи муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси билан таъминлаш ишлари учун Давлат бюджети маблағлари Ўзбекистон Республикасининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида ажратилишини кўзда тутсин;

Молия вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига ушбу қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

9. Ҳисоб палатаси (Б.Турабов) хорижий ва маҳаллий инвесторларнинг қиймати 200 миллиард сўмдан ошадиган инвестиция лойиҳаларини зарур ташқи муҳандислик-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг мақсадли сарфланиши устидан назорат ўрнатсин.

10. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб молия вазири Т.А.Ишметов, инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари А.Б.Воитов, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.Ў.Умурзаков зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ.

Тошкент ш.,

2021 йил 25 август

ПҚ-5233-сон.

*Ушбу қарор Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 25.08.2021 йилдан кучга кирди

Прочитано: 336 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика