ЖШДСни бюджетга қандай тўлаш керак
Жисмоний шахсларнинг даромадларидан ЖШДСни ҳисоблаган ҳолда, солиқ суммасини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварағига (ШЖБПҲга) ҳар ойлик мажбурий бадаллар суммасига камайтиринг.
ШЖБПҲга бадаллар ЖШДС солинадиган даромадлардан 0,1% ставкада ҳисоблаб чиқарилади (26.12.2018 й. ПҚ-4086-сон, 5-б.). ШЖБПҲга бадалларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиби махсус низом билан белгиланган (АВ рўйхат рақами 1515, 06.10.2005 й.).
Ушлаб қолинган ЖШДСнинг умумий суммаси ва ШЖБПҲга ҳисобланган бадаллар ўртасидаги фарқни бюджетга ўтказинг. Буни иш ҳақи олиш учун ҳужжатларни банкка тақдим этиш билан бир вақтда, бироқ ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатидан кечиктирмасдан амалга оширинг.
Aгар сиз ойнинг биринчи ярми учун ходимларга иш ҳақи бўйича бўнак тўловини тўлайдиган бўлсангиз, ундан ЖШДСни ушлаб қолманг. Бўнак тўлови бир ой мобайнидаги ишнинг якуний натижасини ҳисобга олмаган ҳолда, ушбу ойнинг тугашига қадар тўланадиган иш ҳақининг бир қисми бўлиб ҳисобланади. ЖШДСни бюджетга иш ҳақининг бутун суммасидан, берилган бўнак тўловини чегирмаган ҳолда, фақатгина якуний ҳисоб-китоб кунида ҳисобланг ва ўтказиб беринг (СК 367-м. 2-қ., 369-м. 2-қ.).
Мисол. Бюджетга тўланадиган ЖШДС суммасининг ҳисоб-китоби
Корхона бўнак тўловини олиш учун банкка 3 200 минг сўмлик чекни, уни «Ойнинг биринчи ярми учун иш ҳақини олиш» устунида кўрсатган ҳолда тақдим этади.
Ходимларнинг ой якунидаги солиқ солинадиган даромадларнинг умумий суммаси 6 900 минг сўмни ташкил этади.
Ҳисобланган ЖШДС суммаси – 828 минг сўмни (6 900 х 12%), ШЖБПҲга бадаллар – 6,9 минг сўмни (6 900 х 0,1%) ташкил этади.
Бюджетга тўланиши лозим бўлган ЖШДС суммаси, ШЖБПҲга бадал чегирилган ҳолда 821,1 минг сўмга (828 – 6,9) тенг.
Ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақини олиш учун корхона банкка қуйидагиларни топширади:
● ЖШДС (821,1 минг сўм) ва ШЖБПҲга ажратма (6,9 минг сўм) ўтказиб берилиши учун тўлов топшириқномасини;
● ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақини олишга чекни.
Унинг суммаси ЖШДС, ШЖБПҲга бадал, шунингдек берилган бўнак тўлови чегирилган ҳолда ой учун ҳисобланган даромад суммаси сифатида аниқланади ва 2 872 минг сўмни (6 900 – 821,1 – 6,9 – 3 200) ташкил этади. Чекда 2 872 минг сўмни олиш учун у «Ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақини олиш» устунида кўрсатилади.
Ҳисобрақамда маблағ етарли бўлмаганда солиқ қандай тўланади
Aгар сизнинг ҳисобрақамингизда иш ҳақини тўлаш ва шу билан бир вақтда ЖШДСни бюджетга ўтказиб бериш учун маблағ бўлмаса ёки у етарли бўлмаса, ЖШДС ва ШЖБПҲга бадалнинг бутун суммасига тўлов топшириқномасини, шунингдек, иш ҳақи бўйича чекни банкка тақдим этинг. Банк ҳисобрақамдаги маблағларнинг қолдиғидан келиб чиқиб, мутаносиб равишда иш ҳақи берилишини ва солиқларнинг тўланишини амалга оширади.
Банк тўланмасдан қолган маблағларнинг қолдиғини кўрсатган ҳолда, ҳисоб-китоб ҳужжатларини 2-сонли картотекага кирим қилади (Йўриқнома 3-б., АВ рўйхат рақами 2342, 15.03.2012 й.).
Мисол. Банк ҳисобрақамида маблағ етарли бўлмаганда, ЖШДСни унга мутаносиб равишда ўтказиб бериш
Бухгалтерия ҳисоб-китоблари бўйича корхона ходимларига ойига 24 200 минг сўм тўлаши керак.
Бюджетга ўтказиладиган ЖШДС – 3 272,5 минг сўмга, ШЖБПҲга ажратма – 27,5 минг сўмга тенг.
Иш ҳақи тўлаш учун ҳужжатларни тақдим этиш санасига ҳисобрақамдаги пул маблағларининг қолдиғи 17 980 минг сўмни ташкил этади.
Ходимлар, бюджет билан ва ШЖБПҲга бадаллар бўйича ҳисоб-китоб қилиш учун 27 500 минг сўм (24 200 + 3 272,5 + 27,5) талаб қилинади.
Банк ҳисобрақамида барча қарздорликларни сўндириш учун пул етарли эмас, шу сабабли, корхона иш ҳақини тўлиқ ҳажмда тўлаш учун тегишли маблағларни ололмайди. ЖШДС ва ШЖБПҲга бадаллар ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақи олиш учун чекни банкка топшириш билан бир вақтда тўланиши лозимлиги сабабли, ҳисобрақамдаги маблағларнинг қолдиғига мутаносиб равишда ҳар бир тўлов бўйича тўланадиган ҳақиқатдаги сумма аниқланади.
Бюджетга ўтказиладиган ЖШДСнинг суммаси қуйидагича аниқланади:
17 980 / 27 500 х 3 272,5 = 2 139,62 минг сўм.
Иш ҳақининг суммаси ва ШЖБПҲга ажратмалар ҳам худди шундай тарзда аниқланади.
Шундай қилиб, банк корхонага иш ҳақини тўлаш учун 15 822,40 минг сўм (17 980 / 27 500 х 24 200) чиқаради, бюджетга 2 139,62 минг сўм ЖШДСни ўтказиб беради ва ЖБПҲга бадалларга – 17,98 минг сўм (17,980 / 27 500 х 27,5).
ЖШДС бўйича ҳисоботни қачон топшириш керак
ЖШДС бўйича солиқ даври бўлиб, календарь йил ҳисобланади. ЖШДС бўйича ҳисобот даври бўлиб, бир ой ҳисобланади (СК 384-м.).
ДСИга ЖШДС ва ижтимоий солиқ бўйича умумлаштирилган ҳисоботни махсус шаклда қуйидагича тақдим этинг (4-сон илова, АВ рўйхат рақами 3221, 24.02.2020 й.):
● ҳар ойда – ҳисобот давридан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмай;
● йил якунлари бўйича – йиллик молиявий ҳисоботни тақдим этиш муддатида (СК 389-м.).
Солиқ органларига йиллик молиявий ҳисоботни топширишнинг қуйидаги муддатлари белгиланган:
● ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартидан кечиктирмай – хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналар ва чет эл фирмаларининг ваколатхоналари учун;
● 15 февралдан кечиктирмай – бошқа хўжалик юритувчи субъектлар учун;
● юридик шахслар – Ўзбекистонда доимий муассасалар орқали фаолият юритаётган Ўзбекистон норезидентлари ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 25 мартига қадар йил учун ҳисобот топширадилар (СК 389-м. 1-қ. 2-б.; Низом 2, 4-б., АВ рўйхат рақами 942, 03.07.2000 й.).
Aгар сиз йил давомида жисмоний шахсларга моддий наф тарзидаги даромадларни тўлаган ҳолда, ушбу даромадларга уларнинг аризалари бўйича ЖШДС солмаган бўлсангиз, календарь йил тугаганидан кейин 30 кун ичида ДСИга ушбу шахслар ва уларнинг даромадлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этинг (СК 389-м.1-қ. 1-б.).
Ушбу маълумотноманинг шакли қонунчилик билан солиқ ҳисоботларининг таркибида тасдиқланмаган. Шу билан бирга, жисмоний шахсларнинг моддий наф кўринишидаги, жумладан уларнинг аризалари асосида солиқ солинмаган даромадлари тўғрисидаги маълумотлар ЖШДС ва ижтимоий солиқ ҳисоб-китобининг 6-сон иловасида акс эттирилади ва ДСИга ҳар ойда тақдим этилади.
Солиқ кодекси корхоналар томонидан жисмоний шахсларга, уларнинг талабига биноан, тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган солиқ суммалари тўғрисидаги маълумотноманинг берилишини уларнинг зиммасига юклайди. Маълумотнома, биринчи навбатда, йил мобайнида асосий иш (хизмат) жойини ўзгартирган ходимлар, шунингдек декларация қилиниши лозим бўлган, даромадлар оладиган жисмоний шахслар учун зарурдир. Биринчи ҳолатда, у янги асосий иш (хизмат, ўқиш) жойидаги бухгалтерияга тақдим этилади, иккинчисида – декларация билан бирга ДСИга топширилади (СК 386-м. 4-қ., 388-м., 396-м. 2-қ.). Бироқ, бундай маълумотноманинг шакли ҳам солиқ ҳисоботларининг таркибида тасдиқланмаган.
Жисмоний шахсга берилиши лозим бўлган, тўланган даромадлар ва ушлаб қолинган ЖШДС суммалари тўғрисидаги маълумотноманинг шакли солиқ ҳисоботларининг илгариги таҳририда тасдиқланган эди (2-илова, АВ рўйхат рақами 2439, 22.03.2013 й.). Унинг берилиши шартлиги тўғрисидаги талаб сақланиб қолганлиги сабабли, илгариги тасдиқланган ушбу шаклдан фойдаланишни тавсия қиламиз.
Умид ҲАМРОЕВ,
Молия вазирлиги бўлим бошлиғи,
Дилором САИДОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.