Norma.uz
Газета СБХ / 2021 год / № 35 / Солиқ солиш

Ваколатхона автомобиль реализация қилганда

 

Хорижий компания ваколатхонаси ЎзР ҳудудида тижорат фаолиятини амалга оширмайди. У бир неча йил олдин автосалондан сотиб олинган автомобилни сотмоқчи бўляпти. Амортизация тўлиқ ҳисобдан чиқарилмаган, автомобилдан 3 йил фойдаланилган. Реализация қилиш нархи автомобилнинг қолдиқ қийматидан юқори ёки паст бўлиши мумкин.

Автомобилни реализация қилиш қандай солиқ оқибатларига олиб келади?

 

– Хорижий компаниялар ваколатхоналари юридик шахс ҳисобланмайди ва хўжалик ёки бошқа тижорат фаолиятини амалга оширмайдилар. Доимий муассаса деб эътироф этиладиган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тижорат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлган хорижий авиакомпаниялар ваколатхоналари бундан мустасно (Низомнинг 7, 8-б., 23.10.2000 йилдаги 410-сон ВМҚга 1-илова).

Чет эл юридик шахси Ўзбекистон Республикасидаги тадбиркорлик фаолиятини тўлиқ ёки қисман қайси доимий фаолият жойида амалга ошираётган бўлса, ўша жой чет эл юридик шахсининг ЎзРдаги доимий муассасаси деб эътироф этилади (СК 36-м. 1-қ.).

Тадбиркорлик фаолияти (тадбиркорлик) тадбиркорлик фаолияти субъектлари томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошириладиган, таваккал қилиб ва ўз мулкий жавобгарлиги остида даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускор фаолият ҳисобланади («Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-м.).

Ўз мол-мулкини сотиш тадбиркорлик ҳисобланмайди (ОСПнинг 11.12.2013 йилдаги 20-сон қарори 3-б.). Шунга кўра, хорижий компания ваколатхонаси томонидан фойдаланишда бўлган автомобилларини сотишда доимий муассаса вужудга келмайди.

Фойда солиғи

Хорижий компаниялар ваколатхоналари фойда солиғи тўловчиси ҳисобланмайдилар. Чет эл юридик шахсининг Ўзбекистонда олинган даромадларидан солиқни солиқ агенти ҳисоблайди ва тўлайди. СКнинг 351-моддаси 2-қисми 5-бандида кўрсатилган мол-мулкни сотиб оладиган жисмоний шахслар солиқ агентлари ҳисобланади. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси резиденти ҳисобланган юридик шахс ҳам солиқ агенти ҳисобланади (СК 294-м., 351-м. 1-қ., 352-м. 1, 5-б.).

Бироқ чет эл юридик шахсининг кўчар мол-мулкини (автомобилни) реализация қилишдан олинган даромадлари СКнинг 351-моддаси 2-қисмининг 5-бандида ҳам, бошқа бандларида ҳамкўрсатилмаган. Демак, хорижий компания ваколатхонасининг автомобилларини реализация қилишдан олинган даромадига солиқ солинмайди.

Қўшилган қиймат солиғи

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида товарларни реализация қиладиган чет эл юридик шахслари ҚҚС тўловчилари деб эътироф этилади. Чет эл юридик шахслари товарларни реализация қилганда солиқ агентлари томонидан солиқ тўланади (СК 237-м. 1-қ. 3-б., 255-м. 1, 6-қ.).

Автомобилнинг қолдиқ қиймати ҚҚСни ҳисоблаш чоғида аҳамиятга эга эмас.

 

Харидор – юридик шахс

Автомобилни Ўзбекистон Республикасида рўйхатдан ўтказилган юридик шахс сотиб оладиган бўлса, у солиқ агенти сифатида ҚҚС суммасини ҳисоблаб чиқариши, уни хорижий компаниядан ушлаб қолиши ва бюджетга ўтказиши шарт (СК 255-м. 6-қ.).

ҚҚС бўйича солиқ базаси Ўзбекистонда тўланадиган солиқни ҳисобга олган ҳолда автомобилни реализация қилиш қиймати сифатида аниқланади. Агар шартнома ҚҚСни ҳисобга олмасдан тузилган бўлса, харидор ўз маблағлари ҳисобидан солиқ суммасини мустақил тарзда ҳисоблаб чиқариши ва бюджетга ўтказиши шарт. Мазкур ҳолатда солиқ базаси ҚҚСни ҳисобга олмаган ҳолда автомобилни реализация қилиш қиймати сифатида аниқланади (СК 255-м. 1, 7-қ.).

ҚҚС тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати харидорга тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш ҳуқуқини беради (СК 255-м. 9-қ.).

Мазкур ҳолатда ваколатхона ҚҚС тўламайди ва солиқ ҳисоботини тақдим этмайди.

 

Харидор – жисмоний шахс

Автомобилни жисмоний шахс ҳам сотиб олиши мумкин. Якка тартибдаги тадбиркор ҳисобланмайдиган жисмоний шахслар ҚҚС бўйича солиқ агентлари деб эътироф этилмайди. Шу боисдан хорижий компания ваколатхонаси ҚҚС тўловчиси сифатида махсус рўйхатдан ўтиб ҳисобга туришига тўғри келади (СК ­255-м. 2-қ; Низомнинг 4-б., АВ рўйхат рақами 3232, 2.05.2020 й.).

ҚҚС бўйича солиқ базаси солиқ суммасини ҳисобга олмаган ҳолда, шартномада кўрсатилган автомобилни реализация қилиш қиймати ҳисобланади (СК 248-м. 1-қ.).

 

Эътибор беринг! Хорижий компания ваколатхонаси яқин орада сотиб олинган мол-мулкини мунтазам равишда реализация қилган тақдирда, бу ҳолат тадбиркорлик фаолияти деб эътироф этилиши хавфи пайдо бўлади. Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш доимий муассаса вужудга келишига олиб келади. 

 

Прочитано: 447 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика