Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 34 / Паспорт масалалари

Аҳолини рўйхатга олиш усуллари

 

Мамлакатимиз аҳолисини рўйхатга олиш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 710-сон қарорига асосан 2023 йилнинг ноябрь ойида ўтказилиши белгиланган бўлса-да, бугунги кунда ушбу жараёнга пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

 

Тадбирга тайёргарликнинг пухта ва кенг қамровли олиб борилаётганидан ҳам унинг аҳамияти ва долзарблигини англаш мумкин. Тадбирни ўтказишда маълум бир усулни белгилаб олиш ҳар бир мамлакатнинг ўз имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилиши жаҳон амалиётидан маълум. Бу борада муайян усулнинг тўғри танланиши муҳим аҳамиятга эга.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан аҳолини рўйхатга олишнинг анъанавий, идоравий маълумотлардан фойдаланиш ҳамда аралаш усуллари тавсия қилинади. Юқорида келтирилган қарор билан белгиланган шахсга доир маълумотларни йиғиш тартибига кўра, мамлакатимизда рўйхатга олиш ишлари икки хил усулда – қоғоз шакли ҳамда интернет тармоғи орқали амалга оширилиши назарда тутилган. Рўйхатга олишнинг анъанавий усули, асосан, респондент билан бевосита боғланиб сўровнома (электрон ёки қоғоз шаклда) тўлдириш орқали амалга оширилади. Мазкур рўйхатга олиш сўровномаси йилма-йил янгиланиб боради. Анъанавий усул иш ҳажми ҳамда харажатлар миқдорининг кўплиги, кўп ишчи кучи, юқори малакали рўйхатга олувчиларни талаб этиши билан характерланса-да, аниқ бир даврга тааллуқли бўлган аҳоли тўғрисидаги тўлиқ маълумотларни шакллантириш, ҳудудлар ва тоифалар бўйича зарур бўлган барча ахборот базасини яратиш имконини беради.

Биринчи усулда рўйхатга олувчи ходимлар уйма-уй юриб сўров ўтказади ва саволлардан иборат варақани респондентларнинг сўзлари асосида тўлдиради.

Иккинчи усулда респондентларга қулайлик яратиш мақсадида интернет ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Бунда сўровномалар аҳолининг ўзи томонидан махсус дастур орқали тўлдирилиб, белгиланган электрон манзилга жўнатилади.

 

Ойдин Аҳмедова,
Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани статистика бўлими етакчи мутахассиси.

Прочитано: 254 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика