Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 34 / Мулоҳаза учун мавзу

Хусусий мактаблар тадбиркорлик фаолиятими?

 

Мамлакатимизда таълим хизматлари давлат таълим муассасалари билан бир қаторда, нодавлат таълим ташкилотлари томонидан ҳам кўрсатиб келинмоқда.  

 

«Таълим тўғрисида»ги Қонуннинг 9-моддасида нодавлат таълим ташкилотларида умумий ўрта ва ўрта махсус таълим тўлов-шартнома асосида амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган. Халқ таълими вазирлигининг ўтган йил ноябрь ойидаги маълумотида мамлакатимизда 140 та хусусий мактаб фаолият юритаётгани таъкидлаб ўтилган1. Президентимизнинг 2019 йил 29 апрелдаги ПФ-5712-сон Фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ­ривожлантириш концепциясида 2030 йилга қадар нодавлат умумтаълим муассасалар сонини 500 тага етказиш режалаштирилган.

Аммо, хусусий мактабларда ўқиш нархи жуда қиммат, хусусан, Тошкент шаҳрида тўлов суммаси ўртача ойига 1,5–2 млн сўмни ташкил этади. Бир йилда ота-она 15–20 млн сўм тўлашига тўғри келади. Бу олий таълим муассасаларига тўланадиган контракт суммасига тенг ва кўп ҳолларда ундан ҳам юқори суммадир.

Тўғри, ота-она фарзандининг ўқиши учун тўлаётган пул фарзандларига киритилаётган инвестициядир. Америкалик машҳур давлат арбоби Бенжамин Франклин «Билимга киритилган инвестиция энг кўп фойда келтиради» деб бежиз айтмаган.

Хусусий мактаблар таълим хизматларини кўрсатиш учун анча харажатларни амалга оширади – ўқитувчиларга ойлик, ўқувчилар учун овқатланишни ташкиллаштириш, ўқув жараёни учун зарур моддий-техник базани яратиш – бино, ўқув дастгоҳ-анжомлари ва бошқа харажатлари мавжуд. Аммо амалдаги қонунчиликда нодавлат таълим муассасаларини қўллаб-қувватлашга ҳам давлат томонидан алоҳида эътибор бериб келинмоқда.

Хусусан, Солиқ кодексига мувофиқ:

а) таълимга оид хизматларни кўрсатувчи юридик шахслар солиқларни тўлашда бир қанча имтиёзлар белгиланган ижтимоий соҳада фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар ҳисобланади (59-м.);

б) ижтимоий соҳада фаолият олиб борувчи юридик шахсларнинг 0% ставкада фойда солиғи тўлаши белгиланган (337-м.). Яъни таълим хизматига ихтисослашган юридик шахслар умуман фойда солиғи тўламайди;

в) таълим хизматлари, жумладан бошланғич, ўрта, ўрта махсус ва олий таълим соҳасидаги таълим хизматларини реализация қилиш бўйича айланма қўшилган қиймат солиғидан (ҚҚС) озод этилади (243-м.). Яъни нодавлат таълим ташкилотлари томонидан амалга ошириладиган асосий хизмат тури ҚҚСдан бутунлай озод қилинган;

г) таълим объектлари қиймати мол-мулк солиғи бўйича солиқ базасига киритилмайди (414-м.).

Ушбу солиқ имтиёзлари доимий характердаги имтиёзлар ҳисобланади. Бундан ташқари Президентнинг 2017 йил 15 сентябрдаги ПҚ-3276-сон ва 2018 йил 5 сентябрдаги ПҚ-3931-сон қарорлари билан мактабгача ва умумий ўрта таълим соҳасида нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш фаолияти билан шуғулланадиган юридик шахслар 2025 йил 1 январига қадар барча турдаги солиқ ва давлат мақсадли жамғармасига мажбурий тўловлардан (ягона ижтимоий тўловдан ташқари) озод қилинган.

Шу билан бирга қайд этиш лозимки, хусусий мактабларда фарзандлар таълими учун йўналтириладиган ота-оналар даромадларига солиқ имтиёзлари назарда тутилмаган. Фикримизча, Солиқ кодекси 378-моддасининг олий ўқув юртларида таълим олиш учун тўловга йўналтириладиган даромадларга солиқ солинмаслигини белгиловчи нормасини нодавлат ўрта таълим муассасаларида таълим олишга йўналтириладиган даромадларга ҳам татбиқ этиш мақсадга мувофиқдир.

Сўнгги йилларда нодавлат таълим ташкилотлари кўпроқ «хусусий» деб аталадиган бўлиб қолди. Бунинг негизида таълим хизматлари тадбиркорлик фаолияти шаклида кўрсатилиши мумкин деган фикр, тасаввур ётибди. Бу қанчалик тўғри?

Саволга жавоб сифатида таълимнинг мазмун-моҳияти, ижтимоий аҳамияти, ўзига хос хусусияти, жамият ва ҳар бир шахс ҳаётидаги ўрни, ривожланган давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, ушбу фаолиятга доир қуйидаги жиҳатларни қайд этиш лозим.

Биринчидан, Конституциямизнинг 41-моддасида ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга эканлиги, бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланиши, мактаб ишлари давлат назоратида эканлиги қатъий белгиланган.

Иккинчи жиҳат – бу юқорида қайд этганимиз, яъни давлат томонидан таълим фаолиятини солиқлардан озод этиш. Буни фуқароларимизнинг конституцион ҳуқуқини давлат томонидан кафолатланишига кўмаклашувчи восита сифатида баҳолаш мумкин, фикримизча.

Учинчидан, таълим ягона давлат стандартлари доирасида олиб борилади. Амалиётда бу қоидадан айрим четга чиқишлар мавжуд. Масалан, (1) иқтидорли болалар айрим фанларга (математика, кимё, чет тиллари ва ҳ.к.) чуқурлаштирилган дастур бўйича ўқитиладиган махсус мактаблар; (2) айрим мактабларда қўшимча фанлар бўйича ўқитиш; мактабларда ўқув моддий-техник базаси у ёки бу сабабларга кўра турлича бўлиши ва ҳ.к. Бундай четга чиқишларга умумий қоидани инкор этувчи омил сифатида қарамаслик керак. Зеро, олий ўқув юртларига киришда абитуриентлар ваколатли давлат идораси тасдиқлаган, барча умумтаълим мактаблари битирувчилари учун бир хил бўлган ягона стандартлар асосида синалади ва махсус дастурлар бўйича ўқитилган болаларга мутлақ устунликни бермайди.

Тўртинчидан, таълим фаолияти «тадбиркорлик» тушунчаси таърифига тўғри келмайди. Зеро, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 3-моддасига мувофиқ, «тадбиркорлик – даромад (фойда) олишга қаратилган ташаббускор фаолиятдир», яъни фойда олиш – тадбиркорликнинг мақсади. Таълим фаолиятининг мақсади – билим бериш, тарбиялаш ва, умумий ўрта таълимни оладиган бўлсак – ёш авлодни шахс сифатида шакллантириш. Бунда, албатта, таълим берувчилар даромад олади. Лекин бу даромад – меҳнат ҳақидир. Фойда, дивиденд эмас. Бу шуни англатадики, масалан, қайсидир тадбиркор – фермер, савдогар, қурувчи ва ҳ.к., таълим ташкилотини яратиши мумкин ва бундан даромад олиши ҳам мумкин, лекин бу даромад унинг фойдаси, дивиденди эмас, балки жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ижтимоий солиқ солинадиган, унинг шу таълим ташкилотида директор, бошқарув аъзоси, ўқитувчи ва ҳ.к. лавозимларда ишлагани учун меҳнат ҳақи бўлиши мумкин.

Шу ўринда қайд этиш керакки, қонунчилигимизда нодавлат нотижорат ташкилотларига қонун ҳужжатларига мувофиқ ўз устав мақсадларига мос келадиган доираларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мумкинлиги белгиланган. Улар ҳатто фойда ҳам олишлари мумкин, лекин бу фойда муассислар ўртасида дивиденд сифатида тақсимланиши мумкин эмас, балки фаолиятининг асосий мақсадида, яъни бу фаолият таълим бўлса, ўзининг таълим фаолиятини ривожлантиришга, ходимларининг даромадларини қўшимча иш ҳақи (мукофот) билан рағбатлантиришга йўналтирилиши лозим. «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида»ги Қонун 29-моддасига кўра нодавлат нотижорат ташкилотининг мол-мулкини шакллантириш манбаига тадбиркорлик фаолиятидан олинган, фақат устав мақсадлари учун ишлатиладиган даромадлар (фойда) кириши кўрсатиб ўтилган.

Бешинчидан, бозор иқтисодиёти ва тадбиркорликнинг асосий унсурларидан бири «рақобат» тушунчасини таълим фаолиятига нисбатан тўлиқ маънода қўллаб бўлмайди. Бозор иқтисодиётига асосланган жамиятда рақобат ижтимоий соҳага эмас, асосан иқтисодий соҳага оид тушунчадир. Қайсидир мактабда билим беришнинг илғор услуби қўлланилаётган бўлса, бу услуб ушбу мактабнинг «тижорат сири», рақобат устунлиги бўлиши мумкин эмас, аксинча, бундай илғор тажриба барча мактабларда қўлланилиши учун тарғиб қилиниши даркор.

Олтинчидан, агар таълим фаолияти тадбиркорлик тушунчасига тўғри келганда   бозор иқтисодиёти ривожланган давлатларда мактаблар аллақачон хусусий бизнес-тузилмаларга айланган бўлар эди. Аслида эса ривожланган давлатларда воқелик шундайки, умумий ўрта таълим тузулмаларининг иккита тури устунлик қилади – (1) public schools давлат мактаблари – давлат бюджетидан молиялаштириладиган мактаблар ва (2) non profit, яъни даромад олишни кўзламайдиган нодавлат ташкилотлари шаклидаги мактаблар. Ушбу давлатларда фойда олишни кўзлаб тузилган мактаблар ҳам фаолият юритади. Аммо солиқ ва бошқа имтиёзлар non profit таълим ташкилотларига нисбатан татбиқ этилади. АҚШ Солиқ кодекси 501(c)(3) параграфига кўра таълим бериш мақсадида тузилган компаниялар фойда солиғи тўлашдан озод қилиниши белгиланган. АҚШ Ички даромадлар хизмати (Internal Revenue Service) тушунтиришига кўра юқоридаги имтиёздан фойдаланиш учун бундай ташкилотлар фойда олиш ёки хусусий манфаатларни кўзлаб тузилмаган ва фаолият олиб бормаётган бўлиши зарур. Яъни мазкур имтиёзлардан фақатгина non profit таълим ташкилотлари фойдаланиши мумкин.

Германия Федератив Республикасидаги бепул ўрта умумий ва олий таълим тизими ҳақида кўпчилигимиз маълумотга эгамиз. Мамлакат Асосий қонуни (Конституцияси)нинг 7-моддаси 4-бандида давлат мактабларига муқобил бўлган хусусий мактаблар очилиши мумкинлиги кафолатланган. Мактаб таълим мақсади, имкониятлари ва педагоглари салоҳияти бўйича давлат мактабларидан қолишмаса ҳамда мактаб ўқувчиларини уларнинг ота-оналарининг мулкий ҳолати бўйича ажралиб туришига йўл қўйилмайдиган бўлсагина хусусий мактаб очилишига рухсат берилади.

Хитой Халқ Республикасининг «Нодавлат мактабларни рағбатлантириш тўғрисида»ги Қонуни 3-моддасида нодавлат таълим жамият фаровонлиги тизимига тегишли ва социалистик таълимнинг бир қисми ҳисобланади деб белгиланган.

Ҳиндистонда илм-фан ва технологияларни ривожлантиришга жуда катта эътибор берилаётгани ҳаммага маълум. Мамлакат таълим тизимида давлат таълим муассасалари билан биргаликда нодавлат таълим масканлари ҳам ривожланиб бормоқда. Ҳиндистонда таълим фаолиятини тартибга солувчи «Таълимга бўлган ҳуқуқ тўғрисида»ги Қонун (Right to Education Act 2009) асосида ишлаб чиқилган Намунавий қоидаларнинг 11(1) (b) параграфида хусусий мактабларнинг даромад олиш учун фаолият кўрсатиши мумкин эмаслиги қатъий белгилаб қўйилган.

Россия Федерациясининг «Таълим тўғрисида»ги Федерал қонуни 2-моддасида таълим ташкилоти лицензия асосида фаолият юритувчи нотижорат ташкилоти эканлиги белгиланган. Ушбу ҳужжатнинг 22-моддасига биноан таълим ташкилотлари фуқаролик қонунчилигида нотижорат ташкилотлари учун белгиланган шаклларда ташкил этилади.

Демак, ижтимоий хизматлар, жумладан, таълим хизматлари, қисман, айрим ҳолларда ҳатто тўлиқ тўлов асосида амалга оширилиши мумкин. Аммо, пуллик дегани ҳар доим ҳам бизнес-фаолиятни англатмайди. Пуллик ижтимоий хизматлар, шу жумладан таълим хизматлари тадбиркорлик субъектларининг эмас, балки нодавлат нотижорат ташкилотларининг хизматлари сифатида кўрсатилиши мумкин.

Якуний хулосамиз шундан иборатки, таълим тизимини Янги Ўзбекистонни яратиш йўлидаги ислоҳотлар жараёнига мос тараққий эттириш учун таълимни бизнес деб биладиган хусусий секторни кенгайтириш эмас, балки нодавлат таълим ташкилотларини нодавлат нотижорат муассасалари шаклида ривожлантириш даркор. Энг мақбул йўл эса – нотижорат таълим муассасалари фаолиятига кенг йўл очган ва қўллаб-қувватлаган ҳолда, иқтисодиётнинг реал секторларида тадбиркорликни ривожлантириш орқали давлат бюджети даромадларини кўпайтирган, таълим тизимини етарлича молиялаштирган ҳолда давлат таълим тизимини тараққий эттириш лозим.

Шундай экан, ижтимоий соҳада нодавлат секторни хусусий бизнес тузилмаси сифатида эмас, балки нодавлат нотижорат ташкилотлари шаклида ривожлантириш, қонунларимизга ва ислоҳотлар жараёнига тегишли тузатишлар киритиш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз.

 

Фарҳод Қурбонбоев,
иқтисод фанлари номзоди,

 

Ихтиёр Тўрабоев,
юридик фанлар бўйича фалсафа доктори (Ph.D).

1https://kun.uz/news/2020/11/17/ozbekistonda-140ta-xususiy-maktab-faoliyat-yuritmoqda-vazirlik.

Прочитано: 1877 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика