Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2021 год / № 34 / Паспорт масалалари

Ўзбекистон фуқаролигини олишнинг ўзига хос жиҳатлари

 

Ўзбекистон фуқаросиман, бироқ 2010 йилдан буён Италияда доимий яшаяпман. Консулликда ҳисобга турмаганман. Бундай қилиш кераклигини билмагандим. Тушунишимча Ўзбекистон фуқаролигини йўқотганман.

Ўзбекистон фуқаролигини тиклаш учун нима қилишим лозим? Бунинг учун қаерга мурожаат қилишим керак ва қанча вақт талаб этилади? 

 

– Сиз ЎзР фуқаролигини тан олиш тўғрисидаги ариза билан Ўзбекистон Республикасининг Италиядаги консуллик муассасасига ёки дипломатик ваколатхонасининг консуллик бўлимига мурожаат қилишингиз керак.

Қонуннинг 6-моддаси 1-қисмига мувофиқ фуқаролиги бўлмаган шахс қуйидаги ҳолатларда ЎзР фуқароси деб тан олинади:

● 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган, мурожаат қилгунга қадар Ўзбекистон Республикасида узлуксиз яшаган;

● чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган;

● 2020 йил 1 апрелга қадар яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган ва Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш истагини билдирган.

Юқорида келтирилган шартлардан лоақал бирининг мавжуд эмаслиги, ЎзР фуқаролигини тан олишни рад этишга асос ҳисобланади.

ЎзР фуқаролигини тан олиш илгари Ўзбекистон фуқароси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан ЎзР фуқаролиги тугатилган шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди (Низомнинг 26-б.).

Ариза (Низомга 4-илова) билан биргаликда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

● сўровнома (Низомга 5-илова);

● яшаш гувоҳномаси (фуқаролиги бўлмаган шахснинг ID-картаси);

● никоҳ тузилганлиги ёки никоҳ бекор қилинганлиги тўғрисидаги гувоҳнома (мавжуд бўлса);

● ариза берувчининг Ф.И.О. ўзгарганлиги ҳақидаги маълумотнома (ўзгаришлар мавжуд бўлса);

● давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги ҳужжат.

Масъул ходим томонидан ушбу ҳужжатларнинг қонунийлиги ўрганиб чиқилган ҳолда, аслидан нусха олиниб, муҳр билан тасдиқланади ва ҳужжатларнинг асли ариза берувчига қайтариб берилади.

Доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлик ҳолати фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан юритилган йиғма иш жилдида сақланган собиқ Иттифоқ паспорти ҳамда ҳисоб варақалари, уй дафтари ёки хўжалик китобида доимий рўйхатдан ўтганлик (пропискага қўйганлик) тўғрисидаги белгининг мавжудлиги билан тасдиқланиши мумкин.

Ҳужжатларни қабул қилган масъул ходим томонидан 10 иш куни ичида фуқаролиги бўлмаган шахсга нисбатан юритилган материалдаги фуқаролиги бўлмаган шахс мақомини белгилаш учун асос бўлган ҳамда унинг доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлардан нусха олинади, гербли муҳр ва ўз имзоси билан тасдиқланади.

Мавжуд маълумотлар бўйича шахснинг Ўзбекистон Республикасида 1995 йил 1 январга қадар доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинганлиги ҳолатини тасдиқлаш имкони бўлмаганда, шахсга ҳужжатлар қайтариб берилади ва ушбу ҳолатни суд тартибида тасдиқлаш ҳақли эканлиги тушунтирилади.

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар материалга қўшилади. Материал Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ, вилоятлар ИИБга юборилади. Бунда масъул ходим томонидан тўпланган ҳужжатлар асосида маълумотлар базасида ЎзР фуқаролигини тан олишга оид талабнома шакллантирилади.

Тақдим этилган ҳужжатлар бир ойлик муддатда ўрганиб чиқилади. Қонунда назарда тутилган ҳолатлар ўз тасдиғини топган тақдирда, хулоса тайёрланади ва Қорақалпоғистон Республикаси ички ишлар вазири, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ бошлиқлари, вилоятлар ИИБ бошлиқлари томонидан тасдиқланади.

Хулосанинг бир нусхаси тўпланган материалга илова қилиниб, ИИВга келишиш учун юборилади. Хулосада идоралараро маълумотлар базасида ЎзР фуқаролигини тан олишга оид шакллантирилган талабномага мувофиқ, қайдлар киритилиши лозим.

ИИВ келиб тушган материални бир ойдан кўп бўлмаган муддатда ўрганиб чиқиб, хулоса асослантирилганлигини текширади ва ўз муносабати билдирилган хатни Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ИИББ, вилоятлар ИИБ орқали ҳудудий ИИОга юборади. ИИО томонидан ариза берувчига бу ҳақда 3 иш куни ичида хабар берилади ва ID-картасини расмийлаштириш чоралари кўрилади (Низомнинг 27-б.).

Қонуннинг 6-моддаси 2-қисмига мувофиқ қуйидаги фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олинади:

● ота-онаси (ёлғиз отаси ёки онаси) Ўзбекистон фуқаролари деб тан олинган;

● 1995 йил 1 январга қадар ота-онаси билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва мурожаат қилгунга қадар республикада узлуксиз яшаб турган;

● чет давлат фуқаролигини қабул қилмаган;

● 2020 йил 1 апрель кунига қадар яшаш гувоҳномаси асосида яшаб турган ва ЎзР фуқароси бўлиш истагини билдирган фуқаролиги бўлмаган шахс Ўзбекистон фуқароси деб тан олинади (Низомнинг 28-б.).

Қуйидаги шахсларнинг ҳам ЎзР фуқаролигини тан олиш юзасидан аризалари Қонуннинг 6-моддаси 2-қисмига мувофиқ кўриб чиқилиши мумкин:

а) агар ота-онасидан бири Қонуннинг 5-моддаси 1-қисми «а», «б» ва «в» бандларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиб, иккинчиси эса Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган бўлса;

б) агар ота-онасидан бири 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан фуқароликка қабул қилинган бўлиб, иккинчиси эса Ўзбекистон фуқароси деб тан олинган бўлса;

в) агар ота-онаси (ёлғиз ота ёки онаси) 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиб, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан фуқароликка қабул қилинган бўлса;

г) агар ота-онасидан бири Қонуннинг 5-моддаси биринчи қисми «а», «б» ва «в» бандларига мувофиқ Ўзбекистон фуқароси бўлса, иккинчиси эса 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келиб, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва вафот этган бўлса;

д) агар ота-онасидан бири 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон ҳудудига кириб келиб, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ва вафот этган, иккинчиси эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига асосан ЎзР фуқаролигига қабул қилинган бўлиб, 1995 йил 1 январга қадар республикага кириб келган ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган бўлса;

е) агар ота-онасидан бири 1995 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кириб келган ва доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда вафот этган, иккинчиси эса Ўзбекистон фуқароси деб тан олинса;

ж) агар ота-онаси ёхуд ёлғиз ота ёки онаси 1995 йил 1 январга қадар республика ҳудудига кириб келган, доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда вафот этган бўлса.

ЎзР фуқаролигини тан олиш учун етарли асослари мавжуд бўлмаган шахслар, ўз хоҳишларига кўра ЎзР фуқаролигини умумий тартибда қабул қилиш учун мурожаат қилишлари мумкин (Низомнинг 29-б.).

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 792 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика