Ходим олий ўқув юртининг сиртқи бўлимида таълим олади. 2021 йил февралда олий ўқув юртидан берилган хатга кўра ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда 30 кун мобайнида ўқишда бўлган. Бироқ у МКнинг 256-моддасига мувофиқ берилган 30 кунлик таътилдан фойдаланиб бўлган. Иш берувчи ходимга ўқиш даврида йиллик меҳнат таътилидан фойдаланишни таклиф қилди.
Ходимнинг талаби ҳамда иш берувчининг таклифи қонун ҳужжатларига мувофиқ келадими?
– Иш берувчи ходимга ҳақ тўланадиган ўқув таътилини меҳнат таътилига алмаштиришга ҳақли эмас.
Ходимларга олий ўқув юртидаги ўқиш даврида йилига ва ўқиш шаклига қараб турли давомийликдаги ҳақ тўланадиган қўшимча таътиллар берилади.
Хусусан, олий ва ўрта махсус ўқув юртларида 1 ва 2-курсда сиртдан таълим олаётганларга лаборатория-имтиҳон сессиясида қатнашиш даврида ҳар йили камида 30 календарь кун қўшимча таътил берилади.
Олий ва ўрта махсус ўқув юртларида 3 ва ундан кейинги курсда сиртдан таълим олаётганларга ҳар йили камида 40 календарь кун таътил берилади.
Ўқишни битириш босқичида ҳақ тўланадиган қўшимча таътиллар берилади:
●
олий ва ўрта махсус ўқув юртларида битирув имтиҳонларини топшириш даврида – камида 30 календарь кун,
●
диплом лойиҳасини (ишини) тайёрлаш ва ёқлаш даврида – 4 ой.
Бундан ташқари, олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг охирги курсларида ўқиётган ходимларга диплом лойиҳасига материаллар тўплаш учун 30 календарь кун муддат билан иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилади (МК 256-м.).
Йиллик меҳнат таътиллари, қоидага кўра, таътиллар графиги бўйича бериладиган бўлса, ўқув ва ижодий таътиллар уларга бўлган заруратга қараб тақдим этилади. Йиллик таътил ўқув таътили даврига тўғри келадиган бўлса, ходимлар таътилларни бошқа муддатга кўчириш ёки узайтиришга ҳақли бўладилар.
Шу тариқа, ўқиш муносабати билан таътил берилишининг қонунийлиги тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда олий ўқув юртининг маълумотнома-чақирув қоғозини синчковлик билан кўриб чиқиш лозим, унда ўқув курси, таътиллар тури ва муддатлари кўрсатилиши керак.
Шунга эътиборни қаратмоқчимизки, МКнинг 256-моддасида айрим ҳолатларда таътилнинг аниқ муддати эмас, балки минимал давомийлиги кўрсатилган. Шу боисдан, таътиллар давомийлиги кўрсатилган муддатлардан кўпроқ бўлиши мумкин.
Демак, маълумотномада олий ўқув юрти қайси курсда таълим олаётган талаба учун таътил берилишини сўраётганлигига қаралиши лозим. Февраль ойида берилган таътил балки таълимнинг бир курси, май ойидагиси эса бошқа курси учун бўлиши мумкин. Ташкилотда талаба ходимга берилган барча таътиллар ҳисоби юритилиши лозим, бирор-бир тушунмовчиликлар бўлганда талабаларни сессияга ноқонуний чақирилганлигини кўриб чиқишни сўраб олий ўқув юртига сўров юбориш мумкин.
Олий ўқув юртининг расмий маълумотнома-чақирув қоғозисиз ходим ўқув таътилини олишга ҳақли бўлмайди.
Иш берувчи ходимга ҳақ тўланадиган ўқув таътилини меҳнат таътилига алмаштириб беришга ҳақли эмас. Ходимлар дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун меҳнат таътилларидан фойдаланадилар (МК 133-м.) ва фақатгина уларнинг хоҳишига қараб таътиллар бирор вақтга тўғрилаб белгиланиши мумкин.
Валерия Ляндрес, кадрлар хизмати ходими.